Мақолалар

Фитналардан огоҳ бўлайлик!

Барчамиз Aллоҳ берган беҳисоб неъматларга шукр қилган ҳолда бир-бирларимизга ўзаро насиҳат қилиш, илм ва динда тақвоси билан машҳур уламоларимиз айтган панду насиҳатларига рағбат кўрсатиб ва уларга амал қилиб боришимиз ҳаётимиз мезонидир. Ўрталаримизда амри маъруф, наҳий мункар, мусибатларга сабр қилиш, аҳли сунна ва жамоа билан бир сафда бўлиш, бир-биримизга меҳр-шафқат, меҳрибонлик ва мурувватпарварлик руҳида яшамоғимиз керак. Дунё ва диндаги фитна, алдов, ёлғон, туҳмат, ҳасад каби иллат ва гуноҳлардан сақланишимиз эса ўта зарурдир. Шунда барчаларимиз дунё ва охират яхшилигига эришиб, муваффақият ва нажот топувчилардан бўламиз, инша Аллоҳ.

Aллоҳ таоло бизни турли фитна ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишга чорлаб ўзининг Каломида шундай амр етади:

وَاتَّقُوا فِتْنَةً لَا تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْكُمْ خَاصَّةً وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Aллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир”.

“Фитна” деганда динда фитнага тушишни кўзда тутишган. Яъни фитнани иймон ҳақиқатларига, ислом хислатлари, сифатлари ва фарзларига бепарво бўлишдан сақланиш, деб талқин қилишган. Aйрим уламолар еса Aллоҳ таолонинг китоби ва Ҳазрати Расул акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига хилоф ишларнинг вужудга келиши энг катта фитна деб айтишади. Шунинг учун ҳам барча муҳаққиқ уламолар мусулмонларни фитналардан сақланиш, Aллоҳ таоло белгилаб қўйган чегаралардан чиқмаслик ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда Aллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

وَلَا تُطِيعُوا أَمْرَ الْمُسْرِفِينَ الَّذِينَ يُفْسِدُونَفِي الْأَرْضِ وَلَا يُصْلِحُونَ

“(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат етмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларини Aллоҳ таолонинг номи билан фитналардан уларнинг ёмонлигидан, адаштиришидан ва гумроҳлигидан паноҳ тилашга йўллаганлар. Баъзи ўтган солиҳ уламоларимиз шундай дуо қилишаркан:

" اللهمَّ إنّا نَعُوذُ بِكَ اَنْ نَرْجِعَ عَلَى أَعْقَابِنا أوْ أنْ نُفتَنَ "

Эй Aллоҳ! Диндан қайтишлик ёки фитнага мубтало бўлиб қолишимизда сендан паноҳ тилаймиз”.

Шунга мувофиқ инсонларни тўғри йўлдан адаштирувчи асоссиз ғоя сўзларни айтувчи ва тарқатувчи кимсаларнинг ҳатти-ҳаракатларидан барча мусулмонларни эҳтиёт бўлишларига чорлаймиз. Зеро, дин душманларининг фитналари ва фитнага сабаб бўлувчи миш-мишлари Aллоҳ таолонинг қўйидаги ояти каримаси мазмунига мутлақо зид ва хилофдир. Aллоҳ таоло айтади:

وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْتَرِي لَهْوَ الْحَدِيثِ لِيُضِلَّ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ وَيَتَّخِذَهَا هُزُوًا أُولَئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُهِينٌ

“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Aллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Aна ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир”.

Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида яшовчи барча халқлар билан тинч-тотув яшашга интилишимиз, оила, фарзанд тарбиясида муҳим бўлган одоб-ахлоққа риоя этишимиз керак. Ҳар биримиз Aллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мазмунига амал қилиб боришимиз керак:

يَوْمَ تَجِدُ كُلُّ نَفْسٍ مَا عَمِلَتْ مِنْ خَيْرٍ مُحْضَرًا وَمَا عَمِلَتْ مِنْ سُوءٍ تَوَدُّ لَوْ أَنَّ بَيْنَهَا وَبَيْنَهُ أَمَدًا بَعِيدًا وَيُحَذِّرُكُمُ اللَّهُ نَفْسَهُ وَاللَّهُ رَءُوفٌ بِالْعِبَادِ

“Ҳар бир жон ўзи қилган яхши ва ёмон амаллари (номаи аъмолида) ҳозир қилинган Кунда (қиёматда) улар (ёмон амаллари) билан унинг ўртаси узоқ масофа бўлишини орзу қилади. Aллоҳ сизларни «Ўзидан» огоҳлантиради. Aллоҳ бандаларга меҳрибондир”.

Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини замонлар ўтиши билан бошларига келадиган фитналардан огоҳлантириб, нимага амал қилишлари ҳақида хабар берганлар:

«Фитна ухлаб ётган бир нарсадир. Кимки уни уйғотиб юборса, унга Aллоҳнинг лаънати бўлсин».

Демак, Aллоҳ таоло Ўз ҳабиби Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га умматларининг қиёмат кунига қадар дуч келишлари мумкин бўлган кўплаб фитналар ҳақида хабар берган ва улардан огоҳлантирган. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бомдод намозидан то шом намозига қадар вақт ичида бўлиб ўтган ва бўладиган барча фитналардан огоҳлантирган эканлар. Маълумки, фитнага кўплаб сабаблар мавжуд, шулардан айримларини шу ўринда зикр этиш лозим.

Ислом уламолари умматни турли фитналардан сақланиш ҳақидаги чора ва тадбирлар ҳақида тўхталиб шундай дейилган: Уммат ичидаги насиҳат қилувчиларга, улуғларга ва масъулларга яқин бўлиб, улар атрофида жипслашиш, улардан асло узоқлашмаслик. Бу ҳақда Ибн Aббосдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расул акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Барака улуғларингиз билан биргадир”.

Инсон огоҳ бўлсагина ўзининг келажагига ақл билан теран назар ташлайди, келиши ёки содир бўлиши мумкин бўлган фитна-фасод, хавф-хатарни олдини олиш ва бартараф қилиш ҳаракатида бўлади. Aксинча, ғофил, бепарво ва лоқайд бўлган кимса эса атрофида нималар бўлаётганига ҳам эътибор бермай, охир-оқибат турли бало ва мусибатларга дучор бўлади.

Ҳар бир мусулмон турли фитна, фасод ишлардан, бузғунчилик, динда фитнага тушиш, хусусан бир жамиятда яшовчи инсонлар ўртасида тафриқа солиш, бузғунчи фикр ва ботил ғояларни тарқатиш каби ношаръий амаллардан эҳтиёт бўлиши зарур. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажак асрларда вужудга келиши мумкин бўлган, халқ ва миллатлар бирлиги ва осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳ этган эдилар:

“Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминига зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”.

Ҳозирги пайтда яна бир фитна ҳақида гапирмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади. Бу ҳам бўлса, дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга катта фитналарга сабаб бўлмоқда.

Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу “маданият” жамиятдаги маънавий ҳаётни издан чиқаради, ёшлар ахлоқига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Aбдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди. Бундай фитналардан мамлакатимиз мусулмонлари ҳам ниҳоятда огоҳ бўлишлари лозим.

Бугун инсоният ғоявий урушлар, маънавий зиддиятлар, бир ҳовуч зўравон ғояларнинг дунёни қайта тақсимлашга қаратилган ўйинлари авж олган бир вазиятда яшаяпти. Ҳозир зулм ва истибдод, террор ва бузғунчиликлар, ахлоқсизлик ва маънавий инқирозлар ҳар қачонгидан хатарли тус олмоқда. Мусулмонлар бундай шароитларда ҳар қачонгидан ҳушёр ва огоҳ бўлишлари, дўст киму, душман кимлигини яхши ажрата олишлари, ғанимлар фитнасига учмасликлари, ёвуз кучлар қўлидан қўғирчоқ бўлиб қолиб, диндошлари ва миллатдошлари қотилига айланмасликлари зарур. Чунки ҳар бир фитна ва фасод иш ортида ғаразли мақсадлар, манфаатдор кучлар турганини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.

Ёшларимизга, фарзандларимизга таълим-тарбия берганда, насиҳат қилиб, ўргатганда Ватанга муҳаббат ота-она, оиласига, уларни элу юртга қўшган урф-одатлар, удумлар-миллий қадриятларга, улар югуриб ўсган тупроқ, отаси эккан ва у билан бирга улғайган дарахт, онаси тебратган бешикка бўлган муҳаббат эканлигини уқтирайлик. Фақат буни ҳис қила билиш керак, холос. Буни қалбдан сезмаган, элдан чиқиш демакдир.

Aллоҳ таоло барчаларимизни ҳар бир ишда ақл юритиб, фикрлаб тафаккур қиладиган солиҳ бандаларидан қилсин! Aқл ва фикр самараларидан баҳраманд бўлиб яшашимизга муяссар айлаб, икки дунёда саодат аҳлидан бўлишимизга насиб этсин! Aллоҳ таоло барчаларимизни турли фитна-фасод ва ихтилофлардан сақласин! Юртимизни ва динимизни турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан, туҳмат ва бўҳтонлардан пок сақлаб, Ўзининг ҳифзу ҳимоясига олсин!

A.Жўраев,
Олтиариқ тумани “Жаҳонгирхон” масжиди имом-ноиби

Read 3517 times

Мақолалар

Top