www.muslimuz

www.muslimuz

Бугун, 27 август куни пойтахтимиздаги «Сузук ота» мажмуасида ЎМИнинг Тошкент шаҳридаги вакиллиги фаолият бошлади. Ушбу мажмуа Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилиб, рамазон ойида фойдаланишга топширилган эди. Маълумки, «Сузук ота» масжиди тарихий масканлардан бири бўлиб, ўтмиши бевосита Амир Темурга бориб тақалади. Вакиллик биносининг айни шу мажмуадан ўрин олиши қувонарли ва, иншааллоҳ, хайрлидир.

«Сузук ота» мажмуаси шаҳар марказида жойлашган бўлиб, вакиллик биносининг ушбу ерда бўлиши айнан мақсадга мувофиқдир. Вакиллик ўзига муносиб маскандан жой олди, десак хато қилмаган бўламиз.

Тошкент шаҳрига янги тайинланган бош имом-хатиб Нуриддин домла Холиқназаров бугундан ўз вазифасини бажаришга айни шу масканда киришдилар.

Тадбирда ЎМИ раиси ўринбосари, бўлим бошлиқлари ҳамда вакиллик ходимлари, нуроний отахонлар ва бошқа меҳмонлар иштирок этдилар. Анъаналаримизга мувофиқ қурбонлик маросими амалга оширилди, Қуръони Карим оятлари тиловат қилинди.

Тошкент шаҳрида масъул вазифага киришаётган Нуриддин домла Холиқназаровга ушбу машаққатли хизматда Аллоҳ таолодан куч-қувват, ҳиммат ва саломатлик сўраймиз.

Домланинг Андижон вилояти бош имом-хатиблик вазифасида қилган узоқ йиллик хизматларини, вилоятда маънавий-маърифий салоҳият ошишида қўшган улкан ҳиссаларини Ҳақ таоло қабул этсин.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакиллигининг янги биноси қуйидаги манзилда жойлашган:

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани Сузук ота кўчаси 50-уй.

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги матбуот хизмати

26 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида янги 2019-2020 ўқув йилига тайёргарлик, талабалар ва педагог-ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида ушбу олий таълим муассасасига ташриф буюрдилар.
Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 11 январь куни янги мактаб билан танишиб, бу ерда талабаларга Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа буюк алломаларимиз асарларини пухта ўргатиш борасида алоҳида тўхталган эдилар.
Шу муносабат билан ташриф чоғида муфтий ҳазратлари Олий мактаб кафедралари фаолияти, ўқув хоналари, кутубхона ва таълим-тарбия жараёнларини олиб боришнинг энг замонавий услублари билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, электрон портал, хорижий профессор ўқитувчилар ва юртимиздаги Ислом уламолари ўтадиган дарс машғулотларини ёзиб бориш, онлайн дарслар ўтказиш мақсадида ташкил этилаётган мультимедия бўлимининг ташкилий ишлари ҳам кўздан кечирилди. Бундан ташқари, кутубхонани зарурий адабиёт ва дарсликлар билан таъминланиши, хорижий мамлакатлардан келтирилган китоблар ҳамда ўқув режа ва дастурлар, шунингдек хорижий давлатлардаги Ислом олий таълим институтлари, профессор-ўқитувчилар ва уламолардан олинган тақризлар, таклиф ва тавсиялар кўриб чиқилди.
Ташриф чоғида мактабда таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, хорижий ва маҳаллий ўқитувчиларга ҳамда талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича муфтий ҳазратлари муҳим тавсиялар бердилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Вівторок, 27 августь 2019 00:00

Чивиннинг устидаги нарса нима?

Маълумки, чивинларнинг юраги учта бўлиб, бу юраклар жуда мураккаб тарзда ишлайди. Уларда марказий юрак, ҳар бир аъзо учун юрак бор бўлиб, юрак аввал қонни мияга етказиб берса, кейин қонни қарама-қарши тарафга – миядан бутун танага ҳайдайди.

Олимлар ҳайратда: “Қандай қилиб чивиннинг юраги қонни беш марта тескари тарафга ҳайдайди? Унинг юраги қандай қилиб бу даражада ўта аниқ интизом билан ишлайди?”

Ҳа, чивиннинг юраги ажойиб тарзда ишлайди. Чивин юрак уришларининг тезлигини атроф-муҳитга муносиб тарзда бошқара олади.

Чивин ҳақидаги оят нозил бўлганда, ўша пайтдаги мушриклар, мулҳидлар “Муҳаммад ўзи келтирган китобида чивин, асалари, ўргимчак кабиларни зикр қилибди” деб масхара қилишган.

Хўш, Аллоҳ таоло уларга қандай рад жавоби берди?

Роббимиз уларга жуда ажойиб мисолни келтириб қўйди. Бу мисол чивин ва унинг устидаги нарса ҳақида эди.

У Зот Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

  إِنَّ اللَّهَ لاَ يَسْتَحْيِي أَن يَضْرِبَ مَثَلاً مَّا بَعُوضَةً فَمَا فَوْقَهَا فَأَمَّا الَّذِينَ آمَنُواْ فَيَعْلَمُونَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِن رَّبِّهِمْ وَأَمَّا الَّذِينَ كَفَرُواْ فَيَقُولُونَ مَاذَا أَرَادَ اللَّهُ بِهَـذَا مَثَلاً يُضِلُّ بِهِ كَثِيراً وَيَهْدِي بِهِ كَثِيراً وَمَا يُضِلُّ بِهِ إِلاَّ الْفَاسِقِينَ

“Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас. Иймон келтирганлар, албатта, у Роббиларидан келган ҳақлигини биладилар. Аммо куфр келтирганлар. Аллоҳ бу мисолдан нимани ирода қилади, дейишади. У билан кўпчиликни залолатга кеткизади ва кўпчиликни ҳидоятга солади. У билан фақат фосиқларнигина залолатга кеткизади” (Бақара сураси, 26-оят).

Агар Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ёзган китоб бўлганида, ўша даврнинг ўзидаёқ Қурайшнинг моҳир шоирлари, сўз усталари танқид қилиб, бу масалани ёпган бўларди.

Чунки, бир одамнинг ўзи ёзган китоби бошқалар тарафидан танқидга учраса, муаллиф ўқувчиларнинг эътиборини жалб этиш, уларнинг ишончига кириш учун улар танқид қилган масалани тузатади, услубини ўзгартиради ва мавзуни улар истагандек баён қилишга уринади.

Лекин Қуръони Карим барча яширин ва ошкора нарсаларни билувчи Аллоҳ таолонинг Каломидир. Чивинни ҳам, асаларини ҳам ва бошқа ҳашаротларни ҳам Аллоҳ Ўзи яратгани учун уларни Ўз Каломида зикр қилишдан уялмайди.

Дарҳақиқат, чивин эслашга арзигулик ҳашаротдир! Унинг яшаш тарзи, ташқи-ички тузилиши ва бошқа жиҳатлари жуда мураккаб тарзда бўлиб, кишини ҳайратда қолдириб, Буюк Холиқнинг қудратига далолат қилади!

Келинг, чивиннинг баъзи расмларини ўрганиб, Роббимизга бўлган иймонимиз нури зиёда бўлишига эришайлик!

Ушбу расмда қон сўраётган чивинни кўриб турибсиз. Чивин қонни турли синовлардан ўтказиш билан бирга уни таҳлил ҳам қилади. Унда айнан ўзи сўраётган қонни таҳлил қилиш аъзоси бор. Агар бир инсоннинг қонини сўришга муносиб деб топса, сўради, бўлмаса, бошқа инсонни излаб кетади.

Хўш, ким чивинни бундай техника билан яратди? Албатта, Қодир Зулжалол бўлган Аллоҳ яратди!

Ушбу расмда чивиннинг устида яшайдиган қизғиш рангдаги кичик ҳашаротни кўриб турибсиз. Субҳаналлоҳ!  

Бу расмда ҳам чивин устидаги қизғиш рангли ҳашаротларни кўриб турибсиз. Булар кана деб аталиб, айнан чивин қони билан озиқланади. Бу каналарни фақат кучли микроскоп орқалигина кўриш мумкин.

Мана бу суратда эса чивиннинг устида яшайдиган кана ўз оғзида ўзидан ҳам кичикроқ ҳашаротни тишлаб турганини кўриб турибсиз. Субҳаналлоҳ!

Чивин устидаги қизғиш рангдаги бу кичик ҳашаротларни кўрганимиздан сўнг Аллоҳ таолонинг “Албатта, Аллоҳ чивин ёки ундан устунроқ нарсани мисол келтиришдан уялмас” оятидаги “ундан устунроқ нарса” нима эканлигини янада теранроқ англаймиз.

Хўш, бундан ўн тўрт аср муқаддам ушбу ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ким билдирган эди?

Ёки у пайтларда митти ҳашаротлар устида тадқиқот олиб борадиган лабораториялар мавжудмиди?!

Ўзи 7-асрда микроскоп деган нарса бормиди?! Йўқ, микроскоп деган нарса у пайтда ҳатто одамларнинг хаёлида ҳам бўлмаган.

Бу ҳақиқатни у кишига Аллоҳ таолонинг Ўзи билдиргандир!

Чунки, тарихдан маълумки, микроскоп илк бор 16 аср охирида кашф этилиб, қўлланила бошланган. Бироқ илк микроскоплар чивиннинг устида яшовчи каналарни кўриш имконини бермасди. Бу кичик ҳашаротларни яқинда, электрон микроскоплар ишлаб чиқарила бошлангандан кейингина  кўришга имкон бўлди.

Электрон микроскоплар орқалигина кўриш мумкин бўлган, унгача инсоният билмаган, кўрмаган чивин устидаги ҳашаротлар ҳақида бундан бир минг тўрт юз йил олдин Қуръонда хабар бериб қўйилгани – Қуръон Аллоҳ таолонинг Каломи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Унинг ҳақ элчиси эканликларига ёрқин далилдир!

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Малайзиянинг Сабаҳ штатида 2020 йилнинг февраль ойида йирик халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилиши маълум қилинди. Daily Express маълумотига кўра, ушбу нуфузли мусобақанинг очилиш маросимида Малайзия Бош вазири Маҳатхир Муҳаммад ҳам иштирок этади.

2020 йилда ўтадиган мусобақада жами 112 нафар Қуръони карим ҳофизлари иштирок этадилар. Мусобақа 14-21 февраль кунлари ташкил этилади.

Маълумот учун, ушбу мусобақа 1960 йилдан буён Малайзияда ўтказиб келинмоқда. унда Малайзия, Индонезия ва Брунейнинг машҳур Қуръон ҳофизлари қатнашадилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Саудия Арабистонида 2019 йилги Ҳаж мавсуми якунлари сарҳисоб қилинмоқда.
«Ислам и семья» хабарига кўра, бу йил Исломнинг бешинчи рукнини адо қилиш пайтида 70га яқин ҳожилар «омонат»ини топширишган.

Туркиянинг Диний ишлар бўйича бошқармаси раҳбари Али Эрбош сўзларига кўра, Ҳажда 28 нафар ватандоши оламдан кўз юмган. «Туркиянинг 28 фуқароси Ҳаж мавсуми давомида вафот этди. Уларнинг кўпчилиги табаррук жойларда дафн қилинди», - деди Эрбош.

Озарбойжонлик Бахман Шукуров Макка шаҳрида Ҳаж амалини адо қилиш пайтида боқий дунёга рихлат қилганлардан биридир. 69 ёшли ҳожи Каъба атрофини айланиш маросимидан сўнг, намоз ўқиётганида юрак хуружидан вафот этган. У Маккада Ислом дини урф-одатлари бўйича дафн қилинди.

Шунингдек, бу йилги Ҳаж мавсумидан сўнг 9 нафар нигериялик, 5 нафар филиппинлик, 30 нафар бангладешлик мусулмонлар ҳам уйларига қайтишмади.

Қайд қилиш жоизки, ҳар йили Ҳажда 100га яқин мусулмонлар вафот этади. Бу кўпроқ уларнинг ёши улуғ экани билан боғлиқ. Марҳумларнинг кўпчилиги Саудия Арабистонида дафн қилинади.

Эслатиб ўтамиз, бу йил 2,5 миллионга яқин мусулмонлар Ҳаж амалини адо қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top