www.muslimuz

www.muslimuz

22 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодировнинг таклифига биноан Шали шаҳрида бунёд этилган муҳташам масжиднинг очилиш тадбирида иштирок этиш учун ушбу давлатга жўнаб кетди. Ўзбекистон делегацияси таркибига ҳукумат вакиллари, уламолар, мударрислар ва оммавий ахборот вoситaлари вакиллари киритилган.

Ушбу нуфузли маросимда давлат ва дин арбоблари, муфтийлар, таниқли ислом уламолари, соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирок этади. Шунингдек, масжиднинг очилиш маросими доирасида турли диний-маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумки, мазкур улуғвор масжид меъморчилик анъаналарини безавол сақлаб келаётган маҳоратли ўзбек меъморлари томонидан лойиҳалаштирилган ва Марказий Осиёга хос услубда қурилган.
Мазкур халқаро тадбир жараёнлари сайтимиз орқали ёритиб борилади.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 16 октябрь куни Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров мамлакатимизга қилган сафари мобайнида Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

*****

Роббим Меҳрибонроқдир!

 

Бир йигитнинг ўлим онлари яқинлашди. Шунда онаси йиғлайди. Йигит онасидан: «Эй онажоним, агар менинг ҳисоб-китобим сизнинг қўлингизда ва ҳузурингизда бўлганда, менга қандай муомала қилган бўлардингиз?» деб сўради. Онаси: «Сенга раҳмим келган бўларди» деди. Буни эшитган йигит: «Аллоҳ таоло менга сиздан кўра Меҳрибонроқдир» деди.

Унинг Аллоҳ ҳақидаги гумони бунча ҳам гўзал бўлмаса!

«Дурдона фикрлар»

*****

Агар Роббинг сени истиғфор айтишга илҳомлантириб қўйган бўлса, билгинки, У сени мағфират қилишни истаяпти.

Али розияллоҳу анҳу

*****

Ҳа, кўп муаммоларнинг илдизи илмсизликка ва эркакларнинг ҳамиятсизлигига бориб тақалади. Агар эркак аёли, қизи, опа-синглисига "Шариатга мувофиқ кийининглар! Мен сизларни деб охиратда азобга қолишни, сизларнинг ҳам азобланишингизни истамайман" деб қаттиқ турса, аёллар муслималардек кийинадилар, бемалол очиқ-сочиқ юролмайдилар.

*****

Оқил одам уч нафар кишини паст санамайди:

  1. Уламоларни.
  2. Султонни.
  3. Биродарларни.
  • Ким уламоларни менсимаса, охирати кетади.
  • Ким султонни менсимаса, дунёси кетади.
  • Ким биродарларни менсимаса, муруввати, одамгарчилиги кетади.

Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ

*****

Бу ҳаётда ҳеч қачон бандага суянма. Одамлар у ёқда турсин, ҳатто ўз соянг қоронғу жойларда сени ташлаб кетадию.

Маҳмуд Алвон

*****

Зулматда яшайдиган киши нурга душманга муомала қилгандек муносабатда бўлади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Биз инсонлар қабрдаги қуртларнинг емишидан бошқа нарса эмасмиз. Шундай экан, нега кибрланиб, ўзимизни катта оламиз?!!

*****

Одамларни йўқотишдан қўрқма. Лекин сен ўша одамларни хурсанд қиламан деб ўзингини йўқотиб қўйишдан қўрқишинг керак.

Нажиб Маҳфуз

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Середа, 21 августь 2019 00:00

Одамларга нима бўляпти ўзи?!

“Доллар нархи ошдими?” сарлавҳали мақолани ўқиган айримлар «Латифа» деб кулишди. Оятлар ва ҳадислар асосида ёзилган мақола латифа бўлдими? Одамларга нима бўляпти ўзи? Наҳотки руҳий тарбиямиз шу аҳволга келиб қолган, муаммоларни барча гуноҳларимизга боғлаш қоидасидан узоқлашиб кетган бўлсак?!

Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда шундай деган-ку:

وَمَا أَصَابَكُمْ مِنْ مُصِيبَةٍ فَبِمَا كَسَبَتْ أَيْدِيكُمْ وَيَعْفُو عَنْ كَثِيرٍ وَمَا أَنْتُمْ بِمُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا لَكُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ وَلِيٍّ وَلَا نَصِيرٍ

“(Эй, инсонлар!) Сизларга не мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса (гуноҳ) сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳлар)ни афв этиб турур. (Акс ҳолда мусибат бундан ҳам кўп бўлур эди.) Сизлар ерда (ҳеч кимни) ожиз қолдирувчи эмассизлар. Сизлар учун Аллоҳдан ўзга бирор (ҳақиқий) дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқдир” (Шўро сураси, 30-31-оятлар).

Доллар ошгани муаммоми ўзи? Ҳа, муаммо дейишяпти. Чунки, олиб-сотадиган маҳсулотлари долларга боғлиқ бўлган, иқтисодий муносабатларини доллар асосида олиб борадиган кишилар учун доллар нархининг ошиши каттагина муаммодир. Демак, халқ бошига ўша муаммо нима сабабдан келади? Ўша халқнинг гуноҳлари сабабидан. Ким айта олади «Гуноҳлар сабабидан эмас» деб?!! Халқ ўзини ислоҳ қилиб ўзгартирса, улардаги муаммо ҳам бартараф бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّ اللّهَ لاَ يُغَيِّرُ مَا بِقَوْمٍ حَتَّى يُغَيِّرُواْ مَا بِأَنْفُسِهِمْ

“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси, 11-оят).

Мен ўзимни тузатсам, сиз ўзингизни тузатсангиз, у ўзини тузатса, муаммолар барҳам топиб боради.

Муаммо ва ташвишга сабаб бўлаётган ўша гуноҳлар нима ўзи?

Монополия, коррупция, иқтисоддаги алдовлар, рибога асосланган муносабатлар, охиратда нима деб жавоб бераман деган туйғунинг камайиб бораётгани, айримларнинг «пул топсам бўлди» дея қандай йўл билан топишга эътибор қилмаётгани, силаи раҳмга жудаям суст қаралаётгани, мана булар биз назарда тутган гуноҳлардир.

Шулар муаммоларга сабаб эмасми?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Инсонга, хоҳ жонига, хоҳ молига, хоҳ бошқа нарсасига бирор мусибат етса, албатта, ўзи қилган гуноҳи сабабли етади. Инсоннинг ўзидан ўтмаса, унга бирор мусибат етмайди. Лекин ўта меҳрибон бўлган Аллоҳ бандасини ҳар бир гуноҳи учун мусибатга дучор қилавермайди, фақат баъзиси учунгина мусибатга дучор қилади, кўпини кечириб юборади. Агар Аллоҳ таоло инсонни ҳар бир айби учун мусибатга учратадиган бўлса, инсон дарҳол ҳалокатга юз тутар эди».

Порахўрлик, судхўрлик, ҳийла-найранг, адлов, макр, нафсга қул бўлиш, одамларнинг ҳаққидан қўрқмаслик ва бошқа шу каби гуноҳлар комплекси доллар ошиши ва бунинг натижасида долларга алоқадор маҳсулотларнинг нарх-навоси кўтарилиб кетишига ва ҳоказо муаммоларга сабаб бўлмаяптими?!!

Аллоҳ таоло барчамизнинг тилларимизни истиғфорга машғул қилиб қўйсин ва гуноҳларимизни кечирсин! Халқимизнинг турмушини фаровон, ризқини баракотли қилсин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Агар сийрат китобларини ёш болаларга ўқиб берсангиз Расуллуллоҳ ҳақларида уларда қандай тасаввур ҳосил бўлади? Гўёки ул зотнинг ҳаётлари фақат уруш, ғазотлардан иборатдай туюлади. Бадр, Уҳуд, Худайбия, Макка фатҳи ва шу кабилар ул зотнинг харбий юришларидаги кечирган вақтлари холос. Сийрат китобларида бу ғазотлар орасидаги оддий ҳаётларига кам эътибор берилгандай кўринади. Аслида мана шу оралиқда Мадинада ислом давлатини қуриш билан бир қаторда оддий ҳаёт ҳам ўз йўлида давом этган. Аллоҳнинг расули аёллари, фарзандлари, дўстлари билан доимо бирга мулоқотда бўлганлар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада истиқомат қилган вақтларида 50, 60 ёш бўлишларига қарамасдан, кўринишлари жуда чиройли бўлиб, улар болалар учун қари бир мўйсафид кўринишида эмасдилар. Уларнинг олдиларига ёш бола қўрқмасдан бора оладиган суратда эдилар. Яъни улар билан бирга ўйнаса бўладиган, ҳазил қилса кўтарадиган, шу билан бирга уларга нисбатан ҳурмат қилинадиган салобатлари бўлган. Худди бола отасини яхши кўриб, унга эркалик қила олганидек, бир вақтни ўзида унинг ҳайбат, салобатидан ўзининг ҳаддини билиб турган каби эди. Чунки ёш болага пайғамбар ким эканлиги, уларга осмон эшиклари очиқлиги, хоҳлаган вақтда уларга ваҳий келиши мумкинлигини тушунтириб бўлмайди. Бу ҳолатларни бола фақат катта бўлгандагина тушуна олиши мумкин. Шунга қарамасдан ёш болалар уларни ким деб тасаввур қилганликлари муҳим. Одатда, хоҳ ёш бола бўлсин, ёки катта инсон бўлсин биринчи кўрган инсон ҳақидаги тасаввур нотаниш инсоннинг кўзига қараб пайдо бўлади. Ул зотнинг кўзлари ҳар доим тиниқ, қон томирчалари ҳеч қачон қизариб бўртиб турмаган, кўзларининг оқ қисми тим оппоқ бўлиб, ёқимли табассум ва ёруғ юз билан мужассам бўлганида бу ҳолатни ифодалаб беришга сўз ожизлик қилади.                                                                                                                  

Уларнинг юзлари жуда ёқимли эди.  Бу гўзал юзнинг ўзи ҳаммани ўзига жалб қилар, уни кўрган инсонлар уларни ҳали ислом динига даъват қилмасларидан олдин ўз хоҳишлари билан исломни қабул қилишга тайёр бўлиб қолар эдилар. Нима учун? Чунки бу гўзал юз, меҳрга тўла кўзлар билан боқилган нигоҳнинг ўзи ҳар бир инсонда ул зотни дунёдаги энг яхши инсон эканлигини, улардан ҳеч ҳам ёмонлик чиқмаслигини, зинҳор ёлғон гапирмасликларини аниқ, тиниқ намоён қиларди. Биргина яҳудий олими бўлган Абдуллоҳ ибн Саломни эсланг: “Мен уларнинг юзларига қараб бу ёлғончи инсон эмас, балки ҳақиқий ростгўй инсоннинг сиймоси эканини бир кўришдаёқ билдим. Асло ёлғончи ё безори инсон эмас, балки унга чин дилдан ишонса бўладиган, хоҳласа ҳам алдай олмайдиган самимий бир инсон эди. Мен унга ишондим ва шу сабаб иймон келтирдим”, деган экан. Демак ул зотнинг муборак юзларига қарашнинг ўзи бошқа дин вакилларида ҳам гўзал бир таассурот қолдирган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг у зотнинг муборак юзлари ҳақидаги таасурротлари қандай бўлган?

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлаб беринг», деб сўраганларида у киши шундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ (тиниқ) рангли, гўзал юзли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойдек чақнаб кетар ва гўёки у зотнинг юзларида тўлин ой кўриниб тургандек бўлар эди». (Имом Муслим ривояти.)

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ул зотнинг юзлари қуёш билан ойга ўхшарди». (Имом Муслим ривояти.)

Яна бу ҳақда уларнинг асҳобларидан бири: “Биз Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни доимо юзларида табассум балқиган ҳолатдагина кўрганмиз. Бирон марта уларни бақирган, жаҳл қилган ҳолатда кўрмаганмиз”, дея таъкидлаганлар. Демак бундай ҳолат уларнинг оддий, кунлик кўринишлари бўлган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида, ғазотларда иштирок этганларида, ваҳий келган вақтларидагина жиддийлашганлар холос. Бу албатта табиий эди. Гувоҳи бўлганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифларини келтирган саҳобалар бир овоздан муборак юзларининг нурли, ёрқин ҳамда порлаб турганини ва ўзгача тиниқлик касб этганини таъкидламокдалар.

Тасаввур қилинг, Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга табассум қилмоқдалар... Яна қўлингиздан тутиб, сизнинг кўзингизга майин нигоҳларини йўналтирдилар... Сизга ёқимли сўзлар билан мурожаат қилмоқдалар... Шу билан бирга яна сизга раҳм-шафқатлидирлар... Сизни бирон нарсада айбламайдилар, сизга бақирмайдилар, тана қилмайдилар, асло сизга қўл кўтармайдилар ёки саҳобаларга “бориб, уни уриб келинг” демайдилар... У зотнинг шахсий қўриқловчилари бўлмаган, у зотнинг нигоҳларида таҳдидни кўрмайсиз, у зот ўзларини миршабдек тутмаганлар, у зотни кўриш биланоқ ҳамма ўзини бехавотир, хотиржам тутган. Уларнинг ҳузурларида катта инсон ўзини бехавотир тутган бўлса, энди у зотнинг ёқимли, тўлин ойга ўхшаган  меҳр, мурувват таралиб турган юзларини кўрган ёш болани тасаввур қилинг...

Саодат асрининг болаларига Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига боқишнинг ўзи уларда ҳис-ҳаяжон туғдирарди.

Абдуллоҳ ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Қачон мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратсам ҳар доим уларнинг юзлари табассумли бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган инсонни кўрмадим”, дея таъкидлаганлар. (Термизий ривояти.)

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ул зотнинг ҳузурларида ўн йил хизмат қилган бахтли бола эди. Сахобалардан энг охирги 103 ёшга кириб вафот этган бу саҳоба ул зотни эслаб шундай деган эди: “Умримнинг охиригача тушимда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган бирон тун йўқ эди. Ҳар сафар тушимда ул зотнинг юзларини кўрганимда, йиғламаган бирон тун йўқ эди.”

Ҳа, азизлар, бу Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари васфларидан бир шингил холос... Иншааллоҳ, охиратда ул зотнинг муборак юзларига тўйиб-тўйиб боқиш бахти ҳаммамизга насиб этсин!

Хадичаи Кубро аёл- қизлар билим юрти мударрисаси Г.Қурбонова

- Ислом номидан ҳаракат қилиб, фитна ва бузғунчиликка тарғиб қилаётган гуруҳлар бугунга келиб барҳам топди, енгилди, деб айтиш хато бўлади, деб айтиб ўтди Навоий вилояти бош имом-хатиби Тоҳир домла Рўзиев Кармана тумани ҳокимлигида ўтказилган "Маърифий ислом ақидапарастликни қоралайди” мавзусидаги йиғилишда.

- Яқинда Афғонистонда ИШИД жангарилари томонидан тўй маросимига йиғилган мусулмонлар портлатиб юборилди. Натижада 63 киши ҳалок бўлди. Баъзи манбаларда Ироқ ва Суриянинг айрим туманларида жойлашиб олган ИШИД жангарилари ҳамон кучга эга эканлиги айтилмоқда.

Қолаверса, интернет орқали турли оқим вакилларининг тарғиботлари, аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид мазмундаги “таъсирчан” мавъизалар оммалашиб бормоқда” дея таъкидлаб, халқимизни, айниқса ёшларни огоҳ бўлишга чақирди.

“Ислом пайдо бўлибдики, унинг номи билан боғлиқ фитналар ёнма-ён давом этиб келган. Уммат бирдамлигига раҳна солишга, жамоатни бўлишга, турли мақсадларга эришишга афсуски ислом омилидан фойдаланилган. Лекин қодир Аллоҳ таоло бу каби фирқаларнинг аянчли тақдирини бу дунёнинг ўзида кўрсатиб қўймоқда. Соф Ислом фақат илм, яхшилик, юксак хулқ ва одобга таянади.

Ал Азҳар шайхи Аҳмад Тоййиб ҳазратлари: “Бу фирқалар Қуръони карим ва Суннатни бир чеккага суриб ваҳшийликни ўзларига дастур, мазҳаб ва эътиқод қилиб олдилар”, деб айтган гаплари ўринлидир”, дея сўзларини якунлади имом-хатиб.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

Top