www.muslimuz

www.muslimuz

Вівторок, 13 августь 2019 00:00

Кўз ёши неъматдир!

Агар инсоннинг кўзларида ёш бўлмаса нима бўларди? Бу кўз ёшининг фойдаси нима?

Аллоҳ таоло бизнинг кўзларимиз ҳимояси учун қош, қовоқ, киприк ва кўз ёшини ато этган. Кўз ёши кўз соққасини намлаб, уни қуриб қолишдан ҳимоя қилади. Киприк эса бир неча сония давомида юмилиб-очилиб туради ва бу орқали кўз ёшининг кўзнинг ҳамма жойларига етиб боришини таъминлайди. Агар кўздан суюқлик чиқмаганда кўз қуриб қолган ва тез орада ўз фаолиятини бажара олмай қолган бўларди.

Ҳа, кўз ёши кўзни намлаш ва унга ёпишган турли бактерияларни ювиш вазифасини бажаради. Унда яна биз билмаган кўплаб фойдалар, вазифалар бор. Инсон йиғлаганда, унинг кўзида жойлашган безлар ёш ишлаб чиқаради. Маълумки, инсон турли сабабларга кўра йиғлайди. Баъзилар сиқилиб, баъзилар оғриқдан, айримлар дунё учун йиғлайди. Аммо йиғиларнинг ичида энг афзали ва улуғи Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлашдир. Ҳа, инсон Роббисидан қўрқиб йиғласа, унинг кўзлари энг яхши кўз ёшини ишлаб чиқаради. Бу шундай кўз ёшики, у охиратда дўзах оловини ўчира олиши ҳақида ҳадиси шарифларда айтилган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَيَخِرُّونَ لِلأَذْقَانِ يَبْكُونَ وَيَزِيدُهُمْ خُشُوعاً

“Ва юзлари ила йиқилиб йиғларлар ва у хокисорликларни зиёда қилур” (Исро сураси, 109-оят).

Аллоҳ таолодан қўрқиб, гуноҳларини эслаб йиғлаган кишининг кўзёшлари нафақат унинг кўзларини намлаб, уни микроблардан тозалайди, балки, Аллоҳдан қўрқиб тўкилгани учун охиратда дўзах оловидан ҳимояланишига сабаб бўлади.

 

Абдуддоим Каҳелнинг мақоласи асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Вівторок, 13 августь 2019 00:00

Динимизни таълим берган фаришта

3- حديث أبي هُرَيْرَةَ قال كان النبيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بارزًا يومًا للناسِ فأَتاه رجلٌ فقال: ما الإيمان قال: الإيمان أن تؤمنَ بالله وملائكتِهِ وبلقائِهِ وبرسلِهِ وتؤمَن بالبعثِ قال: ما الإسلامُ قال: الإسلامُ أن تعبدَ اللهَ ولا تشركَ به وتقيمَ الصلاةَ وتؤدِّيَ الزكاةَ المفروضةَ وتصومَ رمضانَ قال: ما الإحسان قال: أن تعبدَ الله كأنك تراهُ، فإِن لم تكن تراه فإِنه يراك قال: متى الساعةُ قال: ما المسئولُ عنها بأَعْلَم مِنَ السائل، وسأُخبرُكَ عن أشراطِها؛ إِذا وَلَدَتِ الأَمَةُ رَبَّهَا، وَإِذا تطاولَ رُعاةُ الإبِلِ البهْم في البنيان، في خمسٍ لا يعلمهنَّ إِلاَّ الله ثم تلا النبيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ (إِنَّ الله عنده علم الساعة) الآية: ثم أدبر فقال: رُدُّوه فلم يَرَوْا شيئاً فقال: هذا جبريل جاءَ يُعَلِّمُ الناسَ دينَهم

3- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: Бир куни Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам одамлар олдига чиқиб турган эдилар, бир киши келиб: “Иймон нимадир?” деди. У зот: “Иймон – Оллоҳга, фаришталарига, У Зотга рўбарў бўлишга, элчиларига ишонмоғинг ва қайта тирилишга иймон келтирмоғингдир”, дедилар. “Ислом нимадир?” деди. “Ислом – Оллоҳга ибодат қилмоғинг, У Зотга ширк келтирмаслигинг, намозни барпо қилишинг, фарз қилинган закотни адо этиб, Рамазон рўзасини тутмоғингдир”, дедилар. (Ҳалиги киши саволида давом этиб): “Эҳсон нимадир?” деди. (Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам): “(Эҳсон) – Оллоҳ таолога У Зотни кўриб тургандек ибодат қилмоғингдир. Чунки сен кўра олмасанг-да У Зот сени кўриб туради”, дедилар. “(Қиёмат) Соати қачон?” деди. “Бу ҳақда сўралгувчи (яъни, камина) сўрагувчидан билгувчироқ эмас. Унинг (айрим) шартлари – аломатлари ҳақида сенга хабар берурман: чўри ўз хожасини туғса, қора туя боқувчилар бино қуришда бир-бирлари билан “мусобақа” қилишса ва яна фақат Оллоҳ биладиган беш нарса (топилгани)да (Қиёмат Соати қоим бўлади)”, дедилар. Сўнгра Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридагина (Қиёмат) Соати (қачон бўлиши тўғрисидаги) билим бордир...(Луқмон сураси, 34-оят) оятини тиловат қилдилар. Шундан кейин ҳалиги киши орқасига ўгирилиб кетди. У зот: “Уни орқага қайтаринглар”, дедилар. (Лекин саҳобалар) ҳеч нарсани кўрмадилар (яъни, у киши кўздан ғойиб бўлган эди). Шунда (Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам): “У киши Жаброил эди, одамларга Динни ўргатиш учун келди”, дедилар.

Айрим жумлалар шарҳи:

“Чўри ўз хожасини туғса” – бу иборани уламолар турлича шарҳлаганлар. Имом Хитобий: “Бунинг маъноси, Ислом дунёга кенг тарқалиб, мусулмонлар мушрикларнинг диёрларини фатҳ қиладилар, натижада кўп асирлар ва чўриларга эга бўладилар. Киши ўзи эга бўлган чўрисидан фарзанд кўрса, туғилган бола ўша чўрига (ўз онасига) хожа мартабасида бўлади. Чунки бола – хожанинг боласидир”, деб шарҳласа, айрим уламолар бу жумлани мажозан ўгириб: “Болалар орасида “оқ” бўлиш кўпайиб кетади – бола ўз онасига ҳақоратлаш, уриш, хизматга солиш каби хожа чўрисига қиладиган муомалани қилади”, деб маъно берадилар.

“Қора туя боқувчилар бино қуришда бир-бирлари билан “мусобақа” қилишса”. Ҳадиснинг арабча матнидаги “البهْم” калимаси икки хил – “қора” ҳамда “ҳеч вақоси йўқ” деган мазмунларни билдиради. Уни агар туя боқувчиларга сифат қиладиган бўлсак иккинчи маънони, агар туянинг ўзига сифат қиладиган бўлсак биринчи маънони англаймиз. Қора туядан мақсад арзон, баҳосиз туядир. Баҳоли туялар қизил бўлади. Ҳеч вақоси йўқ туя боқувчилардан мурод эса, Қиёмат Соати яқинлашганда бировларнинг чорвасини боқиб юрувчи чўпонлар ҳам бой-бадавлат бўлиб ким ўзарга бино қуришга гирифтор бўладилар, деганидир. Валлоҳу аълам...  

 

 

Арабчадан Зиёуддин МАНСУР таржимаси

2019 йил 12-август куни Қироллик саройида Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ҳурматли кишилар, Икки муқаддас масжид меҳмонлари, ҳукумат амалдорлари, делегация раҳбарлари ва зиёратчиларга хизмат кўрсатадиган идора раҳбарлари учун қабул маросимини ўтказди.
Мазкур тадбирда Дин ишлари бўйича қўмита раиси, «Ҳаж-2019» ишчи гуруҳи раҳбари Ж.Акрамов, Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчиси У.Мақсудов ҳамда қирол меҳмони сифатида Н.Нодиров иштирок этди.
Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Тадбирда Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд нутқ сўзлаб шундай деди:
- Худо Саудия Арабистони Подшоҳлигини Икки муқаддас масжидга ва Раҳмон меҳмонларига(ҳожилар) хизмат қилиш билан шарафлади, бу биз учун ғурурдир. Қирол Абдулазиз давридан бошлаб, то бугунгача дунё мусулмонлари Ҳаж ибодатини қулай шароитларда, мукаммал адо этишлари учун барча куч ғайратимизни сарфлаяпмиз.
Аллоҳдан амалларингизни қабул бўлишини, эсон-омон ўз юртингизга етиб олишингизни сўрайман.
Шунингдек, тадбирда Ҳаж ва Умра вазири доктор Муҳаммад Солиҳ бин Таҳер Бинтин сўзга чиқиб, зиёратчилар ва бутун дунё мусулмонларини Қурбон ҳайити билан табриклади.
У ўз нутқида дунёнинг 130 дан ортиқ мамлакатидан келган, тили, ирқи, ранги ҳар хил бўлган 170 дан ортиқ миллат ва элат вакилларидан иборат 3 миллионга яқин инсон Арафотда ҳозир бўлганини, уларнинг учдан бир қисми 70 ёшдан ошган қариялар эканини айтиб ўтди.
Тадбирда шаҳзода Муҳаммад бин Салмон назорати остида ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажариш ва хавфсизлигини таъминлаш масаласи Қиролликнинг доимий эътиборида экани таъкидланди.

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

Қурбон ҳайити байрами барчаларимизга муборак бўлсин. Шундай шукуҳли кунларда халқимиз орасида меҳр-оқибат, ўзаро самимият ришталари янада кенг ўзининг нури ва тароватини сочади.

Жамиятимизда шундай инсонлар борки улар ўзгалар ёрдамига мухтождир. Бу инсонларга ёрдам қўлини чўзиш эса, инсонийлик қадриятларимиздан бири ҳисобланади.

Зеро Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримнинг Моида сураси, 2-оятида “Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларингизга ёрдам берингиз!” деб марҳамат қилган.

Шундай экан ҳар бир инсон яхшилик йўлида ўзга бир инсонга намуна бўлиши керак. Ана шундай яхшилик қиламан деган инсонга эса, бизнинг мамлакатимизда барча қулай шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти филиали ва вилоятда фаолият кўрсатаётган имом-хатиблар томонидан эса шу кунларда меҳр-мурувват тадбирлари вилоятимиз бўйлаб жуда кенг миқёсида ўтказилмоқда.

Анашундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 12 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Андижон вилояти вакиллигида “Вақф” хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти филиали томонидан “Қурбонлик – 2019” тадбири ўтказилди. Унда вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 80 дан ортиқ кам таъминланган, боқувчисини йўқотган фуқаролар иштирок этди.

Филиал томонидан “Қурбонлик – 2019” хайрия тадбири доирасида битта қора мол қурбонлик қилиниб, тадбир иштирокчиларига беминнат тарқатилди. Шунингдек, гўшт билан бирга бир қатор озиқ овқат махсулотлари ҳам хадя қилинди.

Албатта, мана шундай саховат тадбирида иштирок этган ҳар бир юртдошимизнинг кўзидан самимий мамнуният нигоҳини кўришимиз мумкин бўлди. Бу эса жуда катта бахт десак асло муболаға бўлмайди.

Шунингдек, мана шундай хайрли кунларда вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатиб келаётган имом-хатибларимиз ва “Вақф” фондининг жойлардаги вакиллари томонидан ҳам кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кекса юртдошларимиз ҳолларидан хабар олиниб, уларнинг ҳам кўнгиллари кўтарилмоқда.

Ушбу хайрли ишлардан кўзланган мақсад эса аҳолига “Вақф” тушунчасини кенг тарғиб қилиш ва шу асносидан кам таъминланган, ёрдамга муҳтож аҳоли қатламига ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган саховатпеша инсонларга тўғри йўл ва кўрсатмалар кўрсатишдан иборатдир.

Аллоҳ таоло барча эҳсон қилган юртдошларимизнинг эҳсонларини Ўзи даргоҳида қабул айласин.

“Вақф” хайрия жамоат фондининг Андижон вилояти филиали матбуот хизмати

Вівторок, 13 августь 2019 00:00

Ўлим ҳақиқатдир, хаёл эмас!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

أَيْنَمَا تَكُونُواْ يُدْرِككُّمُ الْمَوْتُ وَلَوْ كُنتُمْ فِي بُرُوجٍ مُّشَيَّدَةٍ

“Қаерда бўлсангиз ҳам, ҳаттоки мустаҳкам қалъаларда бўлсангиз ҳам, ўлим сизни топадир” (Нисо сураси, 78-оят).

Ҳа, ўлим келиши ҳақ бўлган нарсадир. Банда бу ҳақиқатни доим эсида сақлаб, бир кун келадиган ўлимга гўзал амаллар билан ҳозирлик кўриб юриши керак.

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига ўлимни кўп эслаб туришимизни тавсия этганлар. Зеро, ўлимни кўп эслаш солиҳ амалларни кўпроқ қилишга сабаб бўлади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Лаззатларни вайрон қилувчи ўлимни кўп эсланглар!” деб марҳамат қилганлар. Имом Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Нега баъзи кимсалар ўлим ҳақида гаплашишни ёқтиришмайди? Ўлим мавзусини очсангиз, «Ўлимдан гапирманг. Бошқа мавзуда гаплашайлик» дейишади. Чунки, улар дунёни обод қилишга қаттиқ берилиб, қабрни обод қилишни унутиб қўйишган. Шунинг учун обод уйдан хароба уйга боришни ёқтиришмайди. Агар дунёга эътибор берганчалик қабр ҳаётига ҳам эътибор қаратганларида, ўлим деган ҳақиқатга гўзал тайёргарлик кўрганларида, ўлимни ва у ҳақидаги суҳбатни ёмон кўришмаган бўларди.

Ўлимга тайёргарлик деганда кафанлик, атир, совун олиб қўйиш, қабр кавлатиб қўйиш, ғассолни гаплашиш кабиларни эмас, балки, солиҳ амалларни кўпроқ қилиб, маънавий таёргарликни тушунамиз. Чунки, моддий нарсаларни бошқалар олиб, барибир, бизни кафанлашади, дафн этишади.

Бизга қабримизда ас қотадиган нарса кафан эмас, балки, солиҳ амалларимиздир. Мана шу солиҳ амалларни қилиб, қабримизни обод қилишга уриниб, ўлимни доим ёдимизда тутсак, обод уйдан обод уйга кўчиб ўтишимизни англаймиз ва ўлим ҳақида гаплашишдан қочмайдиган, аксинча, ўлим ҳақида кўпроқ гаплашишни хоҳлайдиган ва шунга яраша чиройли амалларни қиладиган бўламиз.

Аллоҳ таоло барчамизнинг хотимамизни гўзал айлаб, иймон билан вафот этишимизни насиб этсин, омин!

 

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Top