www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номига хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларидан Қурбон ҳайити байрами муносабати билан табриклар келмоқда.

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, ушбу табрикларда Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва гуллаб-яшнаш истаклари билдирилган.

Хусусан, ўз табрикларини йўллаганлар:

- Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбоши Нурсултан Назарбоев;

- Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев;

- Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков;

- Тожикистон президенти Имомали Раҳмон;

- Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов;

- Озарбойжон президенти Илҳом Алиев;

- Афғонистон президенти Ашраф Ғани;

- БАА президенти Шайҳ Ҳалифа бин Зоид Ол Наҳаён;

- Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий;

- Баҳрайн подшоҳи Ҳамад бин Исо Ал Ҳалифа;

- Кувайт амири Сабоҳ ал-Аҳмад ал-Жабир ас-Сабоҳ;

- Фаластин президенти Маҳмуд Аббос;

- Жазоирнинг вақтинчалик президенти Абдулқодир Бинсалоҳ;

- БАА вице-президенти, бош вазири, Дубай амири Шайҳ Муҳаммад бин Рашид Ол Мақтум;

- БАА қуролли кучлари бош қўмондони ўринбосари, Абу Даби амирлиги валиаҳд шаҳзодаси Шайҳ Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён.

Президент матбуот хизматида таъкидланишича, табриклар келишда давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Макка шаҳрида (Саудия Арабистони) қирғизистонлик уч нафар зиёратчи вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни Қирғизистон мусулмонлари идораси матбуот котиби берди.

Қирғизистонликлар қариндошларининг розилиги билан Маккада дафн этилган. Ўлим сабаби ҳозирча номаълум. Диний идора маълумотларига кўра, ҳаётдан кўз юмганларнинг уч нафари ҳам 60 ёшдан ошган.

Бундан олдин, Ҳаж-2019 мавсумида хавфсизлик учун 400 мингга яқин ҳарбий жалб этилгани, ҳожилар сони эса рекорд даражага етиши кутилаётгани хабар қилинганди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ўзбекистон мусулмонлари номидан қардош қирғизистонлик зиёратчиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдиради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1540- قَالَ عُمَرُ بْنَ عَبْدِ الْعَزِيزِ لِلسَّائِبِ بْنِ يَزِيدَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: هَلْ سَمِعْتَ فِي الْإِقَامَةِ بِمَكَّةَ شَيْئًا؟ فَقَالَ: سَمِعْتُ الْعَلَاءَ بْنَ الْحَضْرَمِيَّ t يَقُولُ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: يُقِيمُ الْمُهَاجِرُ بِمَكَّةَ بَعْدَ قَضَاءِ نُسُكِهِ ثَلَاثًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Умар ибн Абдулазиз Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳумга:

«Маккада туриш ҳақида бирор нарса эшитганмисан?» деди.

«Аъло ибн Ҳазрамий розияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Муҳожир (Макка аҳлидан бўлмаганлар) ҳаж ибодатларини тугатганидан кейин Маккада уч кун туради», дедилар», деганини эшитганман», деди».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу уч кунни белгилаш ҳамма Маккада туришга ташна бўлганлиги учун кўпчиликка имкон яратиш мақсадида бўлган. Ҳаж ибодатлари тамом бўлганидан кейин уч кунда қолган ишларни битириб, муқаддас шаҳарда тиқилинчга сабаб бўлмаслик учун тезроқ чиқиб кетиш тавсия қилинган.

1541- عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّاسُ يَنْصَرِفُونَ فِي كُلِّ وَجْهٍ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: لَا يَنْفِرَنَّ أَحَدٌ حَتَّى يَكُونَ آخِرُ عَهْدِهِ بِالْبَيْتِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Одамлар ҳар тарафга қараб кетаверар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирор киши охирги аҳди Байт бўлмасдан зинҳор қайтмасин», дедилар».

Бешовларидан фақат  Бухорий ривоят қилмаган.

1542- وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: مَنْ حَجَّ هَذَا الْبَيْتَ أَوِ اعْتَمَرَ فَلْيَكُنْ آخِرُ عَهْدِهِ بِالْبَيْتِ، فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: خَرِرْتَ مِنْ يَدَيْكَ، سَمِعْتَ هَذَا مِنْ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم وَلَمْ تُخْبِرْنَا بِهِ.

Термизийнинг лафзида:

«Ким бу Байтни ҳаж ёки умра қилса, охирги аҳди Байт билан бўлсин.

Шунда Умар унга:

«Икки қўлинг ила йиқилгур, буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бўлсанг ҳам бизга айтмай юрибсанми?!» деди».

1543- وَعَنْهُ قَالَ: أُمِرَ النَّاسُ أَنْ يَكُونَ آخِرُ عَهْدِهِمْ بِالْبَيْتِ إِلَّا أَنَّهُ خُفِّفَ عَنِ الْمَرْأَةِ الْحَائِضِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Одамлар охирги аҳдлари Байт билан бўлишига амр қилиндилар. Аммо ҳайз кўрган аёлдан енгиллаштирилди».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Мана шу ривоятлар асосида видо тавофи вожиблигига ҳукм олинган.

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлга видо тавофи қилиш вожиб бўлмайди. Улар узрли бўлганлари учун видо тавофини қилмай, юртларига қайтаверадилар.

Видо тавофи ташқаридан келган ва нифосу ҳайздан пок бўлган ҳар бир ҳожига вожибдир.

Видо тавофи ҳажнинг барча амалларини бажариб бўлиб, Маккаи мукаррамадан чиқишдан олдин бошқа тавофлар каби адо этилади.

Видо тавофини тамом қилган киши икки ракъат намоз ўқийди, Мултазамда дуо қилади, ҳотиймга – тарнов тагига ўтади, замзамдан ичади ва Ҳажарул асвадни ўпиб ёки истилом қила туриб, ҳожатларини сўраб, дуолар қилади.

Видо тавофи ва унга оид амалларни қилиб бўлган одам яна Байтуллоҳнинг зиёрати насиб бўлишини сўраб, ўгирилиб, чиқиб кетади. Уламоларимиз «Орқаси билан юриб чиқиш макруҳ», деганлар.

Бир киши видо тавофини қилмасдан, жўнаб кетган бўлса, модомики мийқотдан чиқмаган экан, қайтиб келиб, мазкур тавофни адо этиши вожиб бўлади. Агар мийқотдан чиққан бўлса, қайтмайди, лекин жонлиқ сўйиши лозим бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

манба: islom.uz

Сир эмаски, ҳайит куни инсонлар шоду хуррам бўлиб, бир-бирларига ҳадя, табрик улашадилар. Каттаю кичик кўнглига хурсандчилик киритишга уринадилар. Ҳа, ҳайит кунлари шодлик кунларидир. Лекин кўпчилик ҳайит кунини хурсандчиликда, зикру тоатда ўтказади-да, кейинги кунларни ғафлатда ўтказиб юборади. Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун ибодат, зикр кўпайтириладиган, еб-ичиш кунлари ҳисобланади. Бу кунлар ташриқ кунлари деб юритилади.

Савол: “Ташриқ”, “Наҳр” нима дегани ва у кунлар қайси?

Жавоб: “Ташриқ” сўзи арабча бўлиб, “офтобда гўштни қуритиш” маъносини билдиради. Қурбонлик қилингандан сўнг гўштлар офтобда қуритилгани учун шундай аталган. Илгари ўша кунлари ҳожилар Минода туриб, қурбонликлари сўйилганидан кейин гўштини қуёшга қўйиб қуритиш билан машғул бўлишган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ташриқ кунлари рўза тутишдан қайтарганлар. Бу кунлар Зулҳижжанинг 11, 12, 13-кунларидир. “Наҳр” кунлари эса “қурбонлик қилиш” кунлари бўлиб, бу Зулҳижжанинг 10, 11, 12-кунларидир. Қурбоникни шу кунлар давомида қилиш мумкин. 

Савол: Ташриқ кунларининг фазилати ҳақида оят ва ҳадислар ворид бўлганми?

Жавоб: Ташриқ кунларининг фазилати ҳақида бир қанча оят ва ҳадислар ворид бўлган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг. Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга ҳам гуноҳ йўқ. Бу – тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, албатта сиз Унга тўпланурсиз» (Бақара сураси, 203-оят).

Ушбу оятдаги “саноқли кунлар” ташриқ кунларидир. Аллоҳ таоло «ташриқ кунлари»да Ўзини кўп зикр қилишга амр қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ташриқ кунларининг фазилати ҳақида шундай деганлар: “Ушбу (ташриқ) кунларда рўза тутманглар! Чунки бу кунлар еб-ичиш ва Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш кунларидир”.Имом Аҳмад  ривоят қилганлар.

Савол: Бу кунларда қандай зикрлар қилинади?

Жавоб: Бу кунларда Аллоҳ таолони зикр қилиш қуйидагича кўринишларда бўлади:

Ташриқ кунларида фарз намоздан кейин ташриқ такбирини айтиш вожибдир. Ташриқ такбирининг лафзлари қуйидагилардир:

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар валиллаҳил ҳамд».

Ушбу такбирларни муқим, мусофир, эркак, аёл, ёлғиз намоз ўқувчи, жамоат билан намоз ўқувчи, шаҳарлик, қишлоқлик, хуллас, ҳамма баробар айтади. Эркаклар баланд овозда, аёллар эса паст овозда айтади. Агар имом айтишни унутса, қавм имомнинг эсига солади. Ташриқ кунларида бу такбирларни фарз намоз ортидан айтиш вожибдир. Агар шу кунларда намозини қазо қилса, кейин қазони ўқиётганда ташриқ такбирларини ҳам айтади.

Шунингдек, қурбонлик қилиш асносида Аллоҳ таолони зикр қилинади. Қypбoнлик қиблaгa қapaтилиб: «Биcмиллaҳи, вaллoҳy aкбap. Aллoҳyммa ҳазa минкa вa лaкa» дeб сўйилади. Қурбонлик кунлари ўнинчи зул-ҳижжадан ўн иккинчи зул-ҳижжагача, яъни уч кундир.

Шунингдек, Аллоҳ азза ва жаллани таомланиш ва ичимлик ичиш пайтида зикр қилинади. Юқоридаги ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Бу кунлар еб-ичиш... кунларидир” деганларини келтирдик. Демак, бу кунларда рўза тутиб бўлмайди, ҳамманинг оғзи очиқ бўлади, таомланади. Таомланишнинг аввалида Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм деб, охирида Алҳамдулиллаҳ деб Аллоҳни зикр қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ азза ва жалла таом еб, унинг учун У Зотга ҳамд айтган, ичимлик ичиб, унинг учун У Зотга ҳамд айтган бандасидан рози бўлади”. Имом Муслим ривояти.

Савол: Ҳожиларимиз бу кунларда қандай амаллар бажарадилар?

Жавоб: Ташриқ кунларида ҳожиларимиз Минода шатонга тош отаётганда такбир айтиб, Аллоҳни зикр қиладилар.

Умар розияллоҳу анҳу Минода чодирда ўтирганларида баланд овозда такбир айтар, буни атрофдаги одамлар эшитиб, улар ҳам баланд овозда такбир айтишар эди. Натижада Мино такбир садоларига тўлиб кетарди.

Ташриқ кунларида ҳожиларимиз ҳаж амалларини охирига етказадилар. Улар ана шу пайтда Аллоҳ таолони кўп зикр қиладилар.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

“Ибодатларингизни тугатганингизда Аллоҳни оталарингизни эслагандек, балки ундан ҳам кучлироқ зикр қилинг. Одамлардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда бергин», – дейдир ва охиратда унга насиба йўқдир” (Бақара сураси, 200-оят).

Ҳожиларимиз Зулҳижжанинг 10-куни “Жамратул ақаба” (катта шайтон)га тош отадилар. Шунингдек, соч олдириш, қурбонлик қилиш ва тавофи зиёратни ушбу уч кун (Зулҳижжанинг 10, 11, 12-кунлари)нинг охирги кунигача кечиктириш мумкин. Агар охирги кун ўтиб кетса, ушбу уч ишдан бирортаси боқий қолмайди ва жаримаси учун қурбонлик қилиш лозим бўлади. 

Минода турган ҳожининг агар жуда шошилинч ва узрли сабаби бўлмаса, Минода уч кеча тунайди, агар ўта зарур сабаби бўлса, икки кеча – Зулҳижжанинг ўн биринчи ва ўн иккинчи кечалари тунайди.

Агар ўн иккинчи кеча ҳам тунаб, ўн учинчи куни заволдан кейин учала жамра (тош)ни отиб, кейин кетса, афзалроқдир. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга ҳам гуноҳ йўқ. Бу – тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, албатта сиз Унга тўпланурсиз» (Бақара сураси, 203-оят).

Ҳожилар намозларни жамламасдан, ҳар бир намозни ўз вақтида қаср қилиб ўқийдилар.

Ташриқ кунлари ҳар куни заволдан кейин ҳожилар уччала жамарот (тошлари)ни отадилар. Чунки, Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қурбонлик куни чошгоҳ вақтида тош отдилар, қолган кунлари эса, қуёш тиккадан оғганидан сўнг отдилар» (Муслим (1299), Бухорий (3/731) «Китобул-ҳаж»да таълиқ қилган, Абу Довуд (1971), Термизий (894), Насоий (3063), Ибн Можа (3053) ривоятлари).

Шунингдек, бу кунларда барча инсонлар такбирни кўп айтишлари ҳамда дуога ҳарис бўлишлари ҳам мустаҳабдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ушбу (ташриқ) кунларда рўза тутманглар! Чунки бу кунлар еб-ичиш ва Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш кунларидир” деган гапларида ҳайит ва ундан кейинги уч кун давомида рўза тутмай, таомланиб, Аллоҳни зикр қилиш, Унга кўп дуо ва ибодат қилиш учун куч тўплашга ишора бордир. 

Аллоҳ таоло биз мусулмонларга байрам қилиб берган Қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кун (Зулҳижжанинг 11, 12, 13-кунлари)ни шодлик ва қувонч ила, ибодат, зикр ва дуо билан ўтказишимизни насиб этсин!

 

Интернет манбалари асосида

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 8 июндаги 115-сонли “Усмон Мусҳафини талаб даражасида сақлашни таъминлаш тўғрисида”ги Қарорига ва 2019 йил 25 июндаги 01-07/44-7-сонли “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлиси”нинг Баённомасида кўрсатилган 1-2-бандларининг ижроси юзасидан “Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофагнинг ҳавони тозалаб, намликни бир меъёрда таъминлаб турувчи ускунасининг хизмат қилиш муддати тугагани туфайли 2019 йилнинг 5-6 август кунлари ушбу ускуна янгисига алмаштирилди.
Алмаштириш жараёнида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Толибов Маъмур, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Микробиология институти биология фанлари номзоди Махсумхонов Аҳмаджон, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими етакчи мутахассиси Масаитов Саиджамол, Германия Федератив Республикасидан келган мутахассис Маер Себастиан (Maier Sebastian), Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кутубхона мудири Маҳкамов Камолиддин ва етакчи мутахассиси Икрамов Саидраҳматлар иштирок этдилар.

Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари “Мўйи Муборак” музейида сақланаётган “Усмон Мусҳафи” ва унинг ватанимиз тарихи ва келажагида тутган муҳим аҳамияти ҳақида гапириб ўтдилар.
“Усмон Мусҳафи” сақланаётган cаркофагга ўрнатиш учун олинган RK-2/5 русумли ускунани Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Германиянинг GLASBAU HAHN фирмаси ўртасида тузилган шартномага мувофиқ, германиялик мутахассис Майер Себастиан ўзи билан олиб келиб, жорий йилнинг 5 август куни юқорида номлари зикр қилинганлар иштирокида ўрнатди.

Мутахассис Майер Себастиан 6 август куни янги ўрнатилган RK-2/5 русумли ускунани ишлаш жараёнини назорат қилди. Ускуна талаб даражасида ишлаётганига амин бўлганидан сўнг, Мусҳафнинг сақланишида масъул бўлган кишиларга ускуна ишлаш жараёнидаги талабларни тушунтириб, уларга ускунани ишлатиш йўриқномасини топширди.
Германиялик мутахассис GLASBAU HAHN фирмаси талабига мувофиқ саркофагнинг хизмат қилиш муддати тугаган эски RK-2 русумли ускунасини ўзи билан олиб кетди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top