Фиқҳ

Бир фиқҳий қоида шарҳи

Уламолар, «الأمور بمقاصدها» – «Ишлар мақсадларига боғлиқдир» деган фиқҳий қоиданинг шарҳида қуйидагиларни келтирадилар. الأمور  нинг бирлиги أمر бўлиб, у феъллар ва сўзларни умумлаштирувчи лафздир. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.

وإليه يرجع الأمر كله

 Барча иш Унгагина қайтарилур (Ҳуд сураси 123-оят).

Мазкур қоиданинг умумий маъноси: Мукаллафларнинг айтадиган сўзлари ва қиладиган иш-ҳаракатлари уларнинг ниятлари ва мақсадларига боғлиқдир.

Ушбу қоида фиқҳий қоидалар ичида энг муҳим қоидалардан бири ҳисобланади. Уламолар бу қоидага катта эътибор қаратганлар. Зеро, шаръий ҳукмларнинг катта қисми ушбу қоида атрофида айланади.

قال السيوطي في الأشباه: واتقن الإمام الشافعي وأحمد ابن حنبل وابن المهدي وابن المديني وأبو داود والدار قطني وغيرهم على أن حديث: «إنما الأعمال بالنيات». ثلث العلم. ووجه البيهقي كونه ثلث العلم: «بأن كسب العبد بقلبه ولسانه وجوارحه فالنية والقصد أحد أقسامها الثلاثة؛ لأنها قد تكون عبادة مستقلة وغيرها يحتاج إليها». ومن هنا فقد ورد: «نية المؤمن خير من عمله

Имоми Суютий “Ал ашбоҳ ван назоир” да айтадилар: “Имом Шофеий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Маҳдий, Ибн Мадиний, Абу Довуд ва Доруқутний роҳимаҳумуллоҳлар “Албатта амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадисини мукаммал даражада ўрганиб, бу ҳадисни “илмнинг учдан бири” деганлар. Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисни илмнинг учдан бири эканлигини шундай асослаганлар: “Банданинг касби (амали) унинг қалби, тили ва аъзолари билан содир бўлади. Ният ва қасд қилиши ушбу уч қисимнинг биридир. Зотан ният мустақил ибодат бўлиб, бошқа амаллар унга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳадиси шарифда:

نية المؤمن خير من عمله

“Мўминни нияти унинг амалидан яхшидир” дейилган.

Ушбу фиқҳий қоиданинг асли икки шайх ва бошқа муҳаддислар Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ хадисдир.

عن عمر بن الخطاب – رضي الله عنه – قال: سمعت رسول الله – صلى الله عليه وسلم – يقول: «إنما الأعمال بالنيات وإنما لكل امرئ ما نوى …

 Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…””

Ушбу фиқҳий қоидадан қуйидаги масалалар чиқариб олинади.

1) Бир кимса тарнов тагига сув тўплаш учун челак қўйган. Агар уни бошқа жойга олиб бориб тўкиш ёки ҳеч қандай сабабсиз қўйган бўлса, челакдаги сув уники ҳисобланмайди. Агар уни тўплаб, ўзи ёки ҳайвонларига ичириш мақсадида қўйган бўлса, челакдаги сув унинг мулки ҳисобланади.

2) Бир кимса тўрни сувга ҳеч мақсадсиз ташлаб қўйган бўлса, унга илинган балиқ уники бўлмайди, агар уни балиқ овлаш учун ташлаб қўйган бўлса, илинган балиқ унинг мулки ҳисобланади.

3) Йўқолган нарсани биров топиб олса-ю эгасига қайтаришни ният қилса, унинг қўлида у омонат ҳисобланади, агар уни ўзи ишлатиш мақсадида олса, у ғасб бўлади.

Авазхўжа БАҲРОМОВ

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота”

жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6750 times
Top