muslim.uz

muslim.uz

Жавоб: Араб тилида “хурафо” деган сўз бор. Ўзбекчада “тўғри эмас, уйдирма, асоссиз” деган маъноларни ифода этади. Ана шундай ёлғон ва асоссиз мулоҳазалар сирасига, масалан, тасодифан ойна синиши киради. Хўп, ойна қўққисдан тушиб синиб қолди. Энди нима қилиш керак – уйга қачон бахтсизлик ёғилар экан деб кутиб ўтириш керакми? Албатта, йўқ! Уйингиздаги кўзгу синиб қолган бўлса, унинг парчаси бирор жойингизни кесиб олмаслиги учун, супургини ҳўллаб супуриб олишингиз керак бўлади. Чунки ярқироқ парчалар сувнинг ёрдамида кўзга яхши ташланади ва уларни йиғиштириб олишингиз осон бўлади.

Тўсатдан тузни тўкиб қўйсангиз, уйда кўнгилсизлик ва жанжал бўлади, деб ўйлаб ғамга ботманг.  Жанжал-сурон, одатда, оиладагилардан бири овозини баланд кўтариши, бошқаси унга ён бермаслигидан бошланади. Наҳотки, кимнингдир тўкилган тузни йиғиб олиб чап елкаси оша отиб юбориш керак деган бемаъни сафсатасига ишониш керак бўлса!

Тунда оғзи яхши ёпиб қўйилмаган челакда қолган сув покиза эмас, унга ювиниб бўлмас эмиш. Кунимизнинг ҳар дамида шунга ўхшаш нарсаларга дуч келамиз, уларнинг оқибатидан қутулиш учун, айтайлик, чап елкамиз оша туфлаймиз, дарахтни тақиллатамиз, олдимиздан қора мушук кесиб ўтса, йўлда давом этиш учун бош кийимимизни тескари қилиб киямиз. 

Кўплаб уйдирмалар “магик рақамлар” деб аталувчи саноқ сонлар билан ҳам боғлиқ. Уларнинг ичида энг омадсизи “13” рақами ҳисобланади. Ҳатто айрим давлатлардаги кўп қаватли уйларнинг 13-қавати йўқ, меҳмонхоналарнинг ана шу қаватдаги хоналари одатдагилардан хийла арзон нархларда. Нега бошқа рақамлар “бахт” келтиради-ю, 13 “бахтсизлик” келтиради...

Қўрқинчли рақамларнинг яна бири  “666” рақами саналади. Қадимдан у шайтоннинг севган рақами деб ҳисобланиб келинади.  666 рақами қаерда учраса шайтон ўша ерда бўлармиш. Шунақа миш-мишлар ҳам чиққанки, ким 666 рақамини машинасига таққан бўлса, ўша заҳоти автоҳалокатга учраган эмиш. Яна шундай фикрловчилар ҳам бор: агар Москвадан Ростов на-Донгача бўлган йўлга 666 рақами боис ҳалокатга учраган машиналар йиғилса, Урал тоғларидан баланд тоғ пайдо бўлар эмиш... Яна айтадиларки, ўзини рангсиз ва маъносиз ҳаётга маҳрум этмаслик учун стол устига бўш идиш қўймаслик керак. Агар куйлагингизни тескари кийиб қўйган бўлсангиз, уни дарҳол ўнгига ағдариб “бахт тилаб” кийинг.  Бахтингиз очилишини истасангиз, бурчакка ўтирманг...

Ҳосили калом, бунақа уйдирмаларга асло ишонманг. Чунки уларнинг бирортасининг шаръий асоси йўқ.

Абдумалик Жўрақул тайёрлади

Четвер, 30 март 2017 00:00

Оилавий саодат мезони...

Бутун оламлар Холиқи бўлмиш Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ичидан ўз рисолатига танлаб олди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб шундай деди:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيمٍ

“Сиз буюк хулқ узрадирсиз”. (Қалам сураси, 4 оят). 

Бундан ташқари, Аҳзоб сурасининг 21-оятида эса;

لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا

(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир.  дея бизларни ҳам У зотга эргашишга буюрди.

“Буюк хулқ”нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар бор. Аввало хулқ бу ерда ўзининг асл маъносида ишлатилгани маъқул. Ҳадисда Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари: “Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ. Бошқача тафсир қилувчилар бу оятдаги “буюк хулқ”дан мурод – Қуръон ёки улуғ дин, яъни ислом дини деб изоҳлашга ҳаракат қилганлар[1].

Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман” (Имом Термизий ривояти), бошқа ҳадиси шарифда “Огоҳ бўлингиз! Аёлларга яхши муносабатда бўлишга тавсия қиламан” ва яна бир ривоятда эса, “Комил мўмин хулқи гўзал бўлганидир. Сизларнинг энг яхшингиз - аёлига гўзал муомала қилувчингиздир”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Термизий ривояти).

Келинг, эй Расулни севгучилар, У Зот алайҳиссаломнинг оилалари билан боғлиқ сийрат ва ахлоқлари ҳақида билиш, хабардор бўлиш, яқиндан танишиш мақсадида  табаррук ибратли хонадонга маънавий мехмон бўлиб, бир назар солайлик. Шунда, хонадонларидаги ҳаётлари, аҳли оилалари билан бўлган муомалалари борасида тасаввур ҳосил қиламиз. Чунки, биз У зот алайҳиссаломнинг умматимиз. Биз ўзимиз ва жамият кишилари орасида мана шундай соф булоқдан, мукаммал хулқдан баҳраманд бўлишга муҳтожмиз. Хусусан, ҳозирги замонда жамиятдаги оилаларда талоқ масалаларида мўътадиллик кўтарилган, оилавий жанжаллар ҳамда оилалар бирлиги йўқолаётгани ҳақидаги доимий хабарлар кўпайган. Шундай вақтда набавий ахлоқ ва кўрсатмаларга янада кўпроқ эҳтиёж сезамиз. Хусусан, оила ва унинг мустаҳкамлигида У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ибрат ва намуна мактабини ўтаганлар.

Жамиятдаги кўплаб эркакларга, яъни бизга уйимизда ўзимиз бирор рўзғор юмушларидан бирини қилиш гўё оғирдек туюлади. Баъзилар эса эркак киши эканини исботлаб қўйиш учун ҳам уйларида ана шундай иш қилмасликни ўзларига вазифа қилиб оладилар. Ваҳоланки, росулимиз Набий алайҳиссалом олий мақомда эканликларига қарамай, уй ишларида ўз оилаларига, аёлларига ёрдам берар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам давлат бошқаруви, одамларнинг муаммолари ҳамда рисолатни етказишдек масъулиятли вазифалари бўлса-да, гувоҳи бўлиб турганимиздек, уйларида ҳамиша ёрдамчи эдилар.

Оналаримиздан бирлари Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадилар: “Аллоҳнинг росули соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?”. Онамиз бундай жавоб бердилар: “У зот алайҳиссалом инсонларнинг энг мулойими, энг олийҳиммат ва олийжаноби, шу билан бирга сизлардек бир инсон эдилар. Лекин У зот сертабассум, аҳли аёлининг ишларида ёрдам берувчи, кавушларини, либосларини ўзлари ямар эдилар, ўз-ўзларига хизмат қилар, эчки соғар эдилар. Агар намоз вақти яқинлашса, гўё у зот бизни, биз у зотни танимас эдик (намоз ўқишга буюриб, ўзлари дарҳол адо этишга киришар эдилар)” (Имом Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифни бир оз тахлил қилиб, фикр юритиб кўрайлик;

“Сизлардек бир инсон эдилар, лекин У зот сертабассум эдилар...”.

Ажабо! Замонамизда мана шундай гўзал хулқни аҳли оилаларимизга нисбатан амалга оширишга қанчалар муҳтожмиз!

Баъзиларнинг ҳолатларини кўриб таажжуб ортади. Уйидан ташқарида чиройли сўзлар ва табассумли юзлар ила ўзгалар билан муомала қиладилар. Ўз уйларига кирганларида ва оиласи билан ёлғиз қолганда эса кўчадаги ҳолатлари ўзгаради. Унинг юзида зулмат, ғазаб ва жирканишдан ўзга нарсани кўрмайсиз. Ваҳоланки, аҳли оиласи ва уларнинг ўртасига Аллоҳ таоло муҳаббат ва меҳрибонликни солиб қўйган бўлса, гўзал муомалага айнан улар ҳақли эмасмилар?! 

“...Аҳли аёлининг ишларида ёрдам берардилар...”.

Ўз-ўзимизга савол бериб кўрайлик; Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларининг катталиги қанча эди-ю, оилаларининг хизматида бўлсалар? Пайғамбаримиз алайҳиссалом камтарона, ўта содда ҳаётни ўзларига раво кўрган инсон эдилар. Уйлари эса кичкина бўлиб, алоҳида ҳовлиси ҳам йўқ эди. Дабдабали ва кенг ҳам эмас эди. Уйлари кичик-кичик хоналардан иборат бўлиб, ҳар бир хонада аёлларидан бирлари яшар эдилар. Яна бир ўйлаб кўрайлик! Оналаримиздан бирорталари уй ишларининг кўплигидан, унинг машаққатларидан У зот алайҳиссаломга шикоят қилганмиларки, Набий алайҳиссалом уларнинг хизмати ва ёрдамида бўлсалар?! Йўқ, асло бундай бўлмаган. Бу У зотнинг гўзал ахлоқларидан эди!

Ҳақиқий мусулмон эр аҳли аёлига очиқ чеҳра билан қараб ишларида ёрдамлашиши керакки, аёли ўзини меҳрибон, кучли инсоннинг ҳимоясида эканлигини ҳис қилиши ва дарду хасратларини унга айта олишига ишониши керак. Бу борада пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳар биримиз учун гўзал намуна бор. Зотан, У зот  суюкли эр, самимий маслаҳатчи, ҳақиқий улфат бўлиб, кенгчиликда аёлларини хурсанд қилишга уринар, қийинчиликда сабрга чақирар, қайғуларини аритар эдилар, қўпол муомала қилмас, тиллари билан озор бермас, хато қилармикин деб пойлаб юрмас, кўп танбеҳ бермас, аксинча кечириб юборар, улар билан маслаҳатлашар, фикрларини эшитиб кўрар эдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли аёлларига муносабатлари қандай бўлганлигини айтиб адо қила олмаймиз. Негаки, “Нисо” сураси 19-оятида келган Аллоҳ таолонинг “Улар ила яхшиликла яшангиз” деган буйруғига ҳақиқий амал қилгувчи зот Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Бунга тарих ҳам гувоҳдир. Ишларининг кўплиги мазкур илоҳий кўрсатмага амал қилишдан тўсмаган. Бу эса аёлларга тоқатларидан ортиқ ишларни буюрадиган ва ўзларининг мажбурияти қолиб, фақатгина ҳуқуқларини кўрадиганларга тарбиядир. Ҳатто баъзилар Аллоҳнинг калимаси билан ўз зиммасига омонат қилиб олган ожизасига нисбатан бехурматсизлик, эътиборсизлик ила муомала қилади. Бундай касалликларга даво Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишдир. У зот: “Аёлларингизга яхши муомала қилинглар”, деб марҳамат қилганлар.

Кимки оилавий ҳаётида бахтга эришишни хоҳласа, шубҳасиз Аллоҳ таолога тақво қилсин ва пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашсин. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, сизлардан Аллоҳдан ва охират кунидан умиди бор ва Аллоҳни кўп зикр қилган кимсалар учун Расулуллоҳда гўзал намуна бордир”.

Шундай экан ким ўз аёлини Хадича, Оиша ва София оналаримиздек бўлишини истаса, аҳли оиласи билан бўлган муҳитни худди пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  оналаримизга қўллаган  муомаласи каби  қилмоғи лозим. Қолаверса, аёллар ҳам бахтиёр оила барпо қилиш учун мўминларнинг оналарига сидқидилдан эргашмоғи керак. 

Яратган ўз ҳикмати ила инсонларни эркак ва аёл қилиб қўйган. Уларни ўз жинсларига мос ва хос хислат ҳамда фазилатларга мужассам қилиб яратган. Улар бир-бирлари билан тинч-осойишта, аҳил-иноқ бўлиб ҳаёт кечиришлари учун керакли кўрсатма ва таълимотларини ҳам баён қилиб берган. Шундай экан, манашу илоҳий таълимотларга оғишмай амал қилинса, эркак рисоладагидек эр, аёл эса рисоладагидек хотин бўлса, шубҳасиз ҳаёт гўзал ва саодатли бўлади.

Жалолиддин Ҳамроқулов

 ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

“Новза” жоме масжиди имом хатиби 

 

[1] Шайх Абдулазиз Мансур, Қуръони карим маънолари таржимаси, “Қалам” сурасининг 4-ояти тафсири.

Собиржон Рустамов 13 йилдан буён Пойтахтимизнинг “Илғор” маҳалласида жойлашган “Мунаввар қори ” жоме масжидида имом-хатиблик вазифасида фаолият юритиб келади. Файзли маҳалла аҳли орасида қарор топган тотувлик, меҳр-оқибат ришталарининг ҳавасли эканлигида имом-хатибнинг алоҳида ўрни бор. Айниқса, ёш авлоднинг маънан баркамол бўлиб, соғлом эътиқод асосида вояга етишида ўзини масъул деб билади. Бу борада улкан ҳаётий тажрибага эга зиёлилар билан биргаликда маърифий тадбирлар ва хонадонларда бўлиб, динимиз таълимотлари, аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўлларидан намуналар келтириб, кишиларни эзгуликка, бугунги фаровон ҳаёт шукронасига чақиради.

Ана шундай хайрли ташрифлардан бири 2017 йилнинг 27 март куни Шайхонтоҳур туманидаги “Кўкча” маҳалласида истиқомат қилувчи, турли сабаларга кўра хорижда бўлган фуқаролар хонадонида бўлди. С. Рустамов маслаҳатчилар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадон аҳли, фарзандлар била суҳбат ўтказар экан, уларга аввало юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ўзгаришларнинг туб моҳиятини, барча- саъй ҳаракатлар фақат инсон манфаатлари ва ватандошларимизнинг фаровон ҳаётлари учун эканлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, ёшларга илм-маърифат, касб-ҳунар эгаллашнинг ҳаётий зарурати, бу билан бахтли келажак ва жамият тараққиётида ўз ўринларига эга бўлишлари мумкинлигини уқтирди.

Самимий ташрифдан мамнун бўлган хонадон соҳибаларидан бири яқиндагина хорижда бўлиб қайтганини, ватан соғинчи, юртдошлар меҳрига ҳеч нарса тенг келмаслигини, набиралари ота-оналари бағрида яшаётганини кўриб хурсандлигини, хар бир фарзанд ота-она бағрида яшаши кераклиги, ота-онанинг тарбиясини олиши кераклигини, юртимиздаги хайрли ташаббусларни қўллаб –қувватлашимиз, бу борада барчамиз фаол иштирокчи бўлишимиз лозимлигини билдириб ўтди.

Суҳбат асносида хонадон фарзандларига янги чоп этилган диний-маърифий ва бадиий адабиётлар ҳадя қилинди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати

 

Середа, 29 март 2017 00:00

Айюб алайҳис саломнинг сабри

Ҳазрати Айюб алайҳиссалом мубтало бўлган хасталигининг азобини тортаркан, ҳар саҳар вақтида Аллоҳ таоло ундан ҳеч қандай воситасиз ҳол-аҳвол сўраб (беморнинг зиёрати учун) лутфу карами билан: “Ҳабибим Айюб, аҳволинг қандай?” (яъни, баломизнинг келиши билан қандайсан), дер экан. Ҳазрати Айюб алайҳиссалом ўша чоқда ҳаловат хитоби иззати ила беморлигининг оғриғини унутар экан. Ўзига келиб олгандан сўнг жаноби Ҳақнинг хитобидаги лаззатнинг ғойиб бўлишидан чўчигани боис қўрқув ва қайғу ичида ҳасрат билан дардидан шикоят қила бошлар экан.

Уламолар унинг бу шикояти дарднинг оғирлигига тоб бера олмасликдан эмас, балки хитоб иззатининг калимасини яна қайта тингламоқ, ундан файз олмоқ орзуси сабабидандир, деганлар.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top