muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 23 март 2017 00:00

Тўрт саволга бир жавоб

Кунлардан бирида Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига тўрт киши шикоят қилиб келди. Улардан бири қурғоқчиликдан, бошқаси қашшоқликдан, учинчиси бефарзандликдан, сўнггиси эса ҳосилнинг йўқлигидан қандай қутилиш мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўради.

Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ уларга юзланиб:

  • Тавба қилинг, – деди.

Ҳалиги одамлар ҳайрон бўлиб:

  • Эй солиҳ, бизнинг муаммоларимиз турлича бўлса, сен бизга бир хил маслаҳат бердинг”, – дейишди.

Сўнгра Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳнинг каломи Қуръони каримнинг ушбу оятини тиловат қилди: Бас, дедимки: «Роббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли Зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизларга боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур (Нуҳ, 10-12).

Дарҳақиқат, холис тавба бандага кўплаб фойда келтиради. Тавба қилувчи учун Аллоҳ таоло бу дунё ва охиратда ажрини тайёрлаб қўйган. Албатта, Аллоҳ бандаларига нима яхши эканини яхши билади.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

 

 

 

 

Ўз нафсига ёки ўзгаларнинг жон-мулкига тажовуз қилиш, зарар келтириш динимизда қатъийян ман этилади. Чунки инсонга берилган ҳаёт неъмати, муборак жисми-жони Аллоҳнинг омонатидир. Зеро, Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг мукаррам ва азизи инсондир. Бу ҳақда Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (Исро, 70) деб, хабар берди. Омонатга хиёнат қилувчи Яратганга исён қилувчидир. У хоҳ ақлига, жисмига, руҳига, азиз жонига ёҳуд қайсидир аъзосига зарар етказишидан қатъи назар, гуноҳи азим ҳисобланади. Ким бу гуноҳи азимни қилса, гуноҳи кабира қилувчиларнинг қаторида саналди.

Эътибор қилсангиз, Қуръони карим бандаларни ўзи ва бировларни яшаш ҳуқуқларига тажовуз қилмаслик тўғрисида:

“...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара, 195).  Бошқа бир оятда:        “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир”  (Нисо, 29), деб ҳаётга тажовуз қилиш мутлақо мумкин эмаслигини уқтириб, бундай ғайриинсоний тажовузга қўл уришларидан қайтаради. Такрор-такрор ҳаёт неъматига тажовуз қилишликдан сақланиш лозимлигини таъкидлайди. Негаки, бу дунёда инсон учун ҳаёт неъмати мукофот қилиб берилган. Тирик жон учун ҳар бир олган ва чиқарган нафаси қанчалик бахт-саодат эканлиги баён қилинган.

Ўз жонига қасд қилганларга нисбатан ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”, деб марҳамат қилган (Имом Бухорий ривояти).

Қаранг! Ҳакимларнинг ҳакими, доноларнинг доноси ҳазрати Луқмон алайҳиссаломга одамлар савол билан мурожаат қилди. “Сиз ҳаётни нима деб биласиз?” У киши жавоб қилди: “Агар фаразан курраи заминнинг айлантираётган ер ўқини менинг бошимга ўрнатса, етти қават ер бошимда айланса, мен ҳаёт турсам шу яхшироқдир вафот топганимдан”, деб ҳаёт туришлик қадр-қиммати ва неъматини тавсифлашлари ҳар бир жонзот учун беқиёс ибратдир.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳажжатул вадоъдаги муборак хутбаларида мўмин-мусулмонлар, мўмина-муслималарга қарата қиёматгача лозим бўлган таълим-тарбияларда таъкидлаб:

- “Эй одамлар, ҳоҳ ўзингизни ва ҳоҳ бир-бирингизнинг қонингизни тўкишингизни Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.

- Эй одамлар, бир-бирингизнинг мол-мулкингизга тажовуз қилишни ҳам Аллоҳ таоло сизларга ҳаром қилди.

- Эй одамлар, ушбу арафа кунида одам ўлдириш ва бошқалар жонига қасд қилиш қанчалик ҳаром бўлса, мол ва жонингизга тажовуз қилиш ҳам  шунчалик ҳаромдир”, деб огоҳлантирдилар (Имом Бухорий ривояти).

Шунингдек, яна бир ҳадиси муборакда: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар захар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у шахс темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу муборак ҳадислар орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир инсоннинг ҳаёт ва яшашга бўлган ҳуқуқнинг муқаддаслигини кенг ёритиб бердилар. Хусусан, бу насиҳат билан инсон ўз жонига қасд қилиши ҳаром ва қаттиқ гуноҳ эканлигини  яна бир бор таъкидладилар.

Мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифларга амал қилган ҳолда юртимизда яшаётган барча мўмин-мусулмонларга тавсия қиламизки, Аллоҳ таолонинг тақдирига имон келтирганмиз, турмушда учрайдиган яхши-ёмон синовларга сабр-тоқат қилишликка буюрилганмиз. Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик фарз эканига ишонганмиз. Унутмаслик керак-ки, ҳар бир етган азият ва мусибат учун сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этилади.   

Хусусан, ҳозирда адашган фирқалар томонидан ўзларининг нопок мақсадларига етиш учун мутлақо ўринсиз пуч даъво қилиб, муқаддас динимизни ниқоб этиб, ўзларининг манфур мақсадларини бажариш учун ўз жонига қасд қилган кимсани “шаҳид” деб эълон қилишлари ҳам фитна-фасод, нонкўрликдан бошқа нарса эмасдир. Ўз жонига қасд қилиш, бузғунчилик ва фисқу фужур, айнан муқаддас динига, она юртига, яшаб турган жамиятига кўр-кўрона душманликдир.

Аллоҳ таоло барчамизни берган ҳаёти билан яшашлик, ҳаёт неъматига иқрор бўлиб шукрона келтиришни насиб этсин. Имон-эътиқоддан жудо қилиб қўювчи барча тажовуз ва бало-қазолардан Ўзи асрасин!

 

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

2017 йилнинг 21 март куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра XI босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 70 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари в.б. И.Иномов, Марказ директори Ш.Зиёдов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зухриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши ҳамда қадимий ва миллий байрам “Наврўз” билан қутлаб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.

Шунингдек, юртимиздаги диний соҳда эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида биринчи Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан жойларда катта-катта масжидлар, азиз-авлиёларимизнинг абадий қўним топган табаррук қадамжолари таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилгани таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ва бу йилда мазкур дастурга асосан юртимизнинг барча вилоятларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари бўйича ҳам атрофлича  маълумотлар берилди.

Бугунги кунда диёримиз масжидлари дунёдаги энг нуфузли масжидлар қаторида замон талабларига тўла мос жавоб бераётгани фахр билан эсга олинди. Айниқса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти томонидан имом хатиблар фаолиятини, уларнинг турмуш даражаларини янада яхшилаш мақсадида, турли хайрли тадбирлар олиб борилаётгани айтиб ўтилди.

Суҳбат якунида ҳозирдаги фитна-фасод тарқатиб юрган айрим экстремистик гуруҳлар фитнасидан доимо огоҳ бўлиш ва шу билан бирга жойларда ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари, тадбирларда бу манфур оқимларнинг бузғунчи ғояларини очиб ташлаш лозимлиги таъкидланди.

22 март куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди. Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти”, “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзуидаги маърузани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари в.б. Иброҳим Иномов олиб борди.

Марказда тингловчиларнинг самарали таҳсил олишлари, ётоқхонада мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар мавжуд. Марказ ошхонасида тингловчилар учун уч маҳал иссиқ овқат, ётоқхона буфетида енгил тамадди қилишлари учун етарли шароитлар ташкил этилган.

 II давра XI босқич тингловчиларининг дастлабки машғулотлари кўтаринки кайфиятда бошланди.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Ёшларимиз тарбиясида илмнинг аҳамиятини янада кенгроқ тушунтириш, фарзандларимизни дунёдаги ягона нажот – илму-маърифатга, касб-ҳунарга тарғиб этиш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Умар ибн Хаттоб” жоме масжиди имом-хатиби Мансурхон Даминов 2017 йилнинг 19 март куни Юнусобод туманида жойлашган “Мирзо Улуғбек”, “Адолат”, “Ғайратий” маҳаллаларидаги хонадонларда бўлиб,  ота-оналар, ўқувчи-фарзандлар билан суҳбат ўтказди.

Инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли, бўлишининг муҳим омили – илмга эътибор эканини таъкидлади. Шунингдек, Мансурхон Даминов баъзи ёшларнинг таълимга эътиборсиз муносабатда бўлиб, ўқишга бормаслиги ачинарли ҳолат эканини урғулади. Ота-оналар ўз фарзандининг одоб-ахлоқи, таълим-тарбиясига масъул эканини, дарс вақтида беҳуда ишларга чалғимай бор диққат-эътиборини ўқишга жалб этишга қаратиб ўтди.

Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз бошлиқсиз, ҳар бирингиз қўл остидагига масъулдир. Имом ҳам бошлиқдир. У қавмига масъулдир. Эр киши ўз аҳлига бошлиқдир. У аҳлига масъулдир. Аёл киши эрининг уйида бошлиқдир. У болаларига масъулдир», дея марҳамат қилганлар (Муттафақун алайҳ).

Суҳбат асносида имом-хатиб янги чоп этилган маърифий ва бадиий адабиётлардан совға қилди.

Бундай хайрли ташрифдан мамнун бўлганлар, кўрсатилаётган маънавий эътибордан диллар шод бўлгани, ёшларимиз келажаги китобга ошно тутиниш билан нурафшон бўлишини билдириб қолдилар.

Улкан сўз санъаткори, шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганларидек: “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаидир”.

 

Миср пойтахти Қоҳира ислом музейида Каъбатуллоҳ калити ва куфий хатида ёзилган Қуръони карим сақланмоқда. Музей директори Аҳмад ал-Шавқий: “Бу музейда ўнлаб бадиий, тарихий экспонатлар мавжуд. Уларнинг ичидаги энг қадимийси ва қимматбаҳоси Каъбатуллоҳ калити ва Умавийлар даврига тегишли бўлган куфий ёзувидаги Қуръони каримдир”, деди.

Ҳижрий II асрга тегишли Қуръони карим

“Ушбу Қуръон ҳижрий II аср, милодий VIII асрга оид бўлиб, қизил юлдузча қўйилган шартли белгили билан ёзилган энг қадимги Қуръони каримдир. Қуръон кийик терисига, қора сиёҳда, куфий хатида ёзилган”, деди Аҳмад аш-Шавқий. 

Қоҳира ислом музейи раҳбарининг айтишича, ушбу Қуръон 2014 йилда бўлиб ўтган қўпорувчиликда омон қолган.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил музей яқинида жойлашган полиция идорасида портлаш содир этилган. Портлаш айнан куфий ёзувидаги Қуръон сақланадиган бўлим эшиги яқинида юз берган эди.

Ҳижрий 8 асрга оид Каъбатуллоҳ калити

Ушбу калит энг қадимги калит бўлиб, у вақтда мамлуклар ҳукмронлик қилган. Ўша замонларда калитлар мис ва кумушдан ясалган. Калитда насх ёзувида ўйиб ёзилган оятлар ҳамда султон Ашраф Шаабоннинг исми ва тахаллуси бор.


М.ЗУФАРОВА,

Халқаро алоқалар бўлими

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top