muslim.uz

muslim.uz

Эй муштипар оналар, эй муҳтарам оталар, Яратган Эгамиз сизларни шундай номлар билан аталишга насиб этган. Шу билан бирга сизнинг зиммангизга юксак масъулият юклатилди. У бўлса фарзанд тарбияси масъулиятидир. Одатда кўп инсонлар онгида фарзанд тарбияси – бола туғилиб, оёққа туриб улғайганидан, 5-6 ёшларга кирганидан кейин бошланади. Унгача ўз ҳолига қўйиш керак, уни тарбиялаб ўтиришнинг фойдаси йўқ, барибир ҳали кўп нарсани тушунмайди, деб ўйлайди. Яна баъзилар эса, то болалари қайсарлик қилаверганини, ножўя, одоб-ахлоқ чегарасидан чиқувчи ҳатти-ҳаракат, тўс-тўполон ва шўхлик қилаверганини кўргандагина “Ана энди тарбия қилиш вақти келди” ёки “Фалон домланинг олдига олиб бориш керак, бир оғзига тупуриб қўйсин” ёки “Ия, бу болага бир адабини бермаса бўлмайдиган бўлипти-ку” ёки “Фалончи ука ё фалончи опа, фарзандимни бир тарбияламасангиз бўлмайди, ҳайронмиз кимдан бундай ёмон тарбияни ўрганмоқда, жуда бетарбия бўлиб кетибди” каби турли ҳайротомуз гапларни гапиришади.  Аслидачи, тарбияни қачондан бошлаш керак?

Қадимдан ота-боболаримиз бундай масъулиятли вазифани юқори савияда бажарганлар. Улар фарзанд тарбиясини ҳали фарзанд туғилишидан олдин бошлаганлар. Улар фарзанд тарбиясини аввало ўзларини тарбия қилишдан бошлаганлар. Авваламбор, Аллоҳ таоло буюрган ишларни адо қилиб, қайтарган ишлардан тийилганлар. Луқмаларига қаттиқ эътибор қаратганлар. Керак бўлса, шубҳали таомларни ейишдан ўзларини сақлаганлар. Оғизларини ҳар қандай ножўя сўзлардан, ғийбату бўҳтон, дунёга ҳам охиратга ҳам фойдаси бўлмайдиган оддий гап-сўзлардан ҳам эҳтиёт қилганлар. Бировларни алдамаганлар. Бошқаларнинг мулкига тажовуз қилмаганлар. Инсонларнинг кўнглига озор етказмасдилар. Кўзларини нопок жойлар, беъмани манзаралар, бегона аёлларга хиёнаткорона қарашлардан сақлаганлар. Уйларида озгина егулик бўлса ҳам унга қаноат қилиб фақат ҳалолдан топишга, фақат ҳалол касб қилишга интилганлар. Демак биринчи навбатда ўзларига эътибор бериб, сўнг покиза хонадондан ўзларига муносиб келин қидирганлар. Албатта, аждодларимиз Аллоҳ таоло пок зотларга фақат пок жуфтларни ато қилишини жуда яхши билганлар.

Она-момоларимиз ҳам худди юқорида айтилган сифатлар билан сифатланган, иболи ҳаёли бўлганлар. Эркакларнинг ишларига аралашмасдилар. Ўз ўринларини жуда яхши билганлар. Кўчаларда йиғилиб олиб бировларни ғийбат қилиш, орқасидан бўхтонлар тўқиш, ёлғон гапларни ёйиш, бировларнинг сирларини ошкор қилиш, бировларнинг айбу нуқсонларини гапириб баҳс қилиш, вақтини бекорчи нарсалар билан зое қилиш, дунё ва охиратга фойдаси бўлмаган нарсаларга қизиқиш каби пасткашликлардан ҳазар қилардилар. Унинг ўрнига ота-оналарининг юмушларига қарашиш, уйни саранжом тутиш, бўш вақтларида китоб мутолаа қилиш билан ўтказардилар. Мана шундай покиза аёлларга юқоридагидек пок эркакларни Аллоҳ таоло жуфт қилган эди. Мана шундоқ  покиза оилалардан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Наср Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Алишер Новоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимиз дунёга келдилар ва бутун дунёни ҳайратга солдилар.

Бу буюк зотларнинг бу даражада комил инсон бўлиб етишишларига биринчи навбатда ота-оналари сабабчи бўлганлар. Юқорида айтганимиздек, ота-оналар тарбияни ҳали жуфт бўлишларидан олдин ўзларини тарбиялашдан бошлаганлар. Фарзанд кўрганларидан кейин ҳам янада ўзларига кўпроқ эътибор берганлар. Ҳар қандай гуноҳ ишлардан йироқда бўлишга ҳаракат қилганлар. Келажакда фарзандлари буюк инсон бўлиши, бутун инсониятга манфаат етказадиган бўлишини истаганлари учун ҳам фарзандларига ўзларининг юриш-туришлари, гўзал одоб-ахлоқлари, чиройли муомалалари билан ўрнак бўлганлар. Бунинг ўзи ўсиб бораётган фарзандлар учун катта тарбия ҳисобланган. Бир ҳикматли сўзда: “Болаларингни тарбияси биланг шуғулланма, барибир улар сенга ўхшайдиган бўлади. Сен ўзингни тарбияла!”, деб айтилгани ҳам бежиз эмас. Мабодо фарзандлари дунёга келганларидан кўп вақт ўтмай, бундай солиҳ ота ёки оналари вафот топиб қолган тақдирда, ўша оталарининг ҳурматидан Аллоҳ таоло фарзандларига чиройли тарбия топадиган ва келажакда солиҳ инсон бўлиб вояга етадиган муҳитни яратиб берган. Натижада солиҳ ота-онадан етим қолган бола ота-онаси орзу қилгандек, буюк инсон бўлиб етишарди. Тарих китобларини ўқиган инсонларга бу айтилган гаплар тўлин ойдек маълумдир. Бу гапларни айтишимиздан мақсад биз ана шундай зотларнинг авлодларимиз. Биз улардек бўлишга интилишимиз керак. Доимо ҳар бир анжуманларда улар ҳақида гап кетганда оғзимиздан бол томиб ана шундай ота-боболаримиз билан фахрланамиз. Лекин қачонгача фақат уларнинг ютуқлари билан фахрланишда давом этамиз. Нима учун ана шундай зотларга муносиб бўлишга интилмаймиз. Нима учун у зотларнинг ҳаёт йўлларини ўзимизнинг кун тартибимиз, ҳаёт йўлимиз ва оиламизда татбиқ қилмаймиз. Мен бу гапларим билан, ана шу зотларга муносиб авлодлар бўлишга биргаликда интилайлик, деб айтмоқчиман. Келажак ёшларимиз қўлида экан, ана шундай ёшларни тарбиялашда авваламбор ўзимиз ўрнак бўлайлик. Муҳтарам биринчи Президентимиз: “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, худди улар каби, мана шу бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб такрорлайман”, деб айтганлар. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқларида худди шу маънодаги гапни айтганлар: “Эришилган ютуқлар ўзимизники, унга маҳлиё бўлиб ўтириш бизга ярашмайди”.

Хулоса қилиб айтганда, фарзанларимиз бизнинг келажагимиз ва эртанги кунимиз экан, келажагимиз ўз қўлимизда. Уни чиройли ва мустаҳкам барпо қилиш муҳим вазифа саналади. Бу йўлда ҳар-бир ота-она фарзанд тарбиясига аҳамият қаратиб, айтиб ўтилган камчиликлардан тегишли хулоса чиқариши ва уларни тарбиялашда аждодларимиз тутган йўлини ўзига намуна қилиб олиши керак.

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти тарбиячи-мударриси Ахунджанов Рустам

Понеділок, 27 март 2017 00:00

Ражаб ойи – фазилатли ой

Ражаб ойи қамарий ойларнинг еттинчиси бўлиб, уруш ҳаром қилинган улуғ ойлардан бири ҳисобланади. Зеро, “ражаб” сўзи луғатда “улуғлаш”, “ҳурмат бажо келтириш” маъноларини англатади. Жоҳилият даври араблари ушбу ойни улуғлагани ва ҳурматлагани боис у “ражаб” деб аталган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг дини аломатларини, ҳаром ойни, аталган қурбонликни, осилган белгиларни ва Роббиларидан фазл ва розилик тилаб Байтул-Ҳаромни қасд қилиб чиққанларни ўзингизга ҳалол ҳисобламанг” (Моида сураси, 2-оят).

Уламолар ушбу оятдаги “ҳаром ой”дан мурод: ражаб, зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ойларидир, деганлар.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга муборак ойларнинг ҳурмати тўғрисида сўзлаб берганлар.

Ражаб ойи кирганда қандай дуо қилиш тўғрисида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қуйидаги саҳиҳ ҳадис ривоят қилинган: “Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона”, (Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва бизни рамазон ойига етказгин), дер эдилар” (Имом Байҳақий ривояти).

Демак, ражаб ойи кирганда ушбу дуони қилиш суннат ҳисобланади.

Ражаб ойида муҳим тарихий воқеалар юз берган. Жумладан:

-  Нуҳ алайҳиссалом тўфон бошланганда ражаб ойининг биринчи куни кемага минганлар;

- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга илк ваҳий ражаб ойида нозил бўлган;

- Исро ва Меърож воқеаси ҳам машҳур қавлга кўра ражаб ойида содир бўлган.

Ражаб ойи динимизда улуғланган ойлардан бўлгани учун унда кўпроқ нафл рўза тутишга ҳаракат қилинади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: “Саид ибн Жубайрдан ражаб ойида шу ойнинг рўзаси ҳақида сўрадим. У: “Ибн Аббоснинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик”, деяётганини эшитганман”, деди”.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ражаб ойида гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, мунтазам оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишарди.

Мужийба Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: “Унинг (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?”, дебди. “Сени нима ўзгартирди, олдин чиройли кўринишда эдинг?”, дебдилар. “Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим”, дебди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нима учун ўзингни азобга солдинг?”, дебдилар-да, сўнгра: “Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут”, дебдилар. Бир оз қўшинг, менинг етарли қувватим бор, дебди. У зот: Икки кундан рўза тут, дебдилар. Бир оз зиёда қилинг, дебди. У зот: Уч кундан рўза тут, дебдилар. Бир оз зиёда қилинг, дебди. У зот: Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатибдилар” (Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривояти).

Ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.

Саҳиҳ ҳадисларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Меърожга чиққан кунлари аниқ айтилмаган. Бу борада турли ривоятлар мавжуд. Шунга кўра, Ражаб ойининг 27-куни тутиладиган рўзанинг фазилати ҳам бошқа кунларда тутиладиган нафл рўзанинг фазилати билан бир хил, деган эътиқод билан нафл рўза тутиш мумкин. Аммо ушбу кунни хослаб рўза тутиш бидъат ҳисобланади. Бу ҳақида уламолар: “Кимки Ражаб ойининг 27-кечасини алоҳида эътибор билан нишонласа, бидъат ишга қўл урган бўлади”, деганлар.

Айрим жойларда вафот этган яқинларини хотирлаб ражаб ойида жонлиқ сўйиб эҳсон қилишга, ҳеч бўлмаганда кичикроқ дастурхон тузаб “ис” чиқаришга ҳаракат қиладилар. Бу ишга худди динимизда адо этиш буюрилган муҳим амалдек алоҳида эътибор қаратадилар. Бироқ бу каби маросимларни ўтказишнинг ҳеч қандай диний асоси йўқ. Зеро, ўтганларнинг руҳини шод этиш маъносида эҳсон қилиш бирор бир ойга хослаб қўйилган амал эмасдир.

 

   А.ДЎСТМАТОВ,

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири в.б.

Понеділок, 27 март 2017 00:00

Юсуф Ҳамадоний (қуддуса сирруҳу)

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи Ҳамадон шаҳрида 440 ҳижрий санада туғилганлар.

У зотнинг тўлиқ исмлари Абу Яъқуб Юсуф ибн Ҳусайн ибн Айюб Ҳамадонийдир.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи тасаввуфнинг йирик намояндаси, буюк олим эди. Боғдодда Абу Исҳоқ Шерозийдан таҳсил олган. Исфаҳон, Самарқанд, Бухорода илмларини оширганлар. Тасаввуфни Абу Али Формадий, Абдуллоҳ Жувайний ва Ҳасан Симнонийлардан оладилар. Замонасининг буюк алломалари Абдул Қодир Гилоний, Ғаззолий, Ҳамидуддин Мултонийлар билан мулоқатда бўлганлар. 30 маротаба Ҳаж зиёратига борганлар.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи Бухорода узоқ муддат яшаб, Аҳмад Яссавий ва Абдул Қодир Ғиждувоний ва бошқа машойихларга устозлик қилганлар ва кейинчалик Хожагон Нақшбандийя тариқатининг айрим қоидаларини ишлаб чиққанлар. Хожа Абдуллоҳ Барроқий Хоразмий, Хожа Ҳасан Андоқий Бухорий, Аҳмад Яссавий, Абдул Холиқ Ғиждувоний Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳидан сўнг унинг халифалари сифатида муридларнинг тарбияси билан шуғулланганлар.

“Рутбатул ҳаёт” (“Ҳаёт мезони”), “Кашф”, “Рисола дар одоби тариқат”, “Рисола дар ахлоқ ва муножот” каби асарлар ёзганлар. “Ҳаёт мезони” рисоласи ўзбек тилида нашр қилинган (Тошкент, 2003).

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи 18 ёшларида Ҳамадондан Бағдодга келадилар. У ерда Абу Жаъфар ибн Маслама, Абдус Сомад ибн Маьмун, Ибнул Муҳтадий биллаҳ, Хатиб Абу Бакр, Ибн Ҳизормард, Ибн Нуқуд, Абу Ҳаттоб Муҳаммад ибн Иброҳим Тобарий, Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Фазл Форсий ва бошқа бир неча уламолардан илм олганлар. Юсуф Ҳамадоний раҳматиллоҳи алайҳи силсила омонатини Абу Али Фармоний раҳматуллоҳи алайҳдан олганлар.

Абу Саъд Самъоний айтадилар: “У зот тақводор, парҳезкор, ибодатгўй, илмига амал қилувчи, ҳол ва мақомлар соҳиби эди. Унинг карвонсаройида Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун дунё ишларидан узилган муридлар яшаганлар”.

506 йили боғдодга келадилар. Кейинчалик Марвда яшаганлар. Сўнг Ҳиротга  сафар қилганлар. У ерда бир неча йил яшаганлар. Шундан сўнг Марвга қайтадилар. Сўнг яна Ҳиротга иккинчи бор сафар қиладилар. Йўлда кетаётиб “Бағшур” яқинига етганларида вафот этадилар.

Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳ ўз суҳбатларида машойиҳларнинг ҳикматли сўларини ҳам кўп ишлатар эдилар. У кишининг ҳимматлари олий эди. Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳ Ҳирот билан Марвнинг орасида бориб келиб турар ва ваъзу насиҳатда давом этар эдилар.

У кишидан истифода этганлардан беш одам буюк шайҳ ва тариқат намояндалари бўлиб етишдилар. Улар: Хожи Убайдуллоҳ Баркий, Хожа Ҳасан Антокий, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Ҳаким Санўийлардир.

Ҳазрати Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг бош халифалари Муҳаммад Порсо ҳазратлари ўзларининг “Фаслул Хитоб” номли китобларида Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳар бири бир китобга тенг келадиган ҳикматли сўзларидан бир қисмини тўплаганлар.

Ҳижрий 535 санада Марвда вафот этганлар. Хоки Бомиёндан Марв шаҳрига олиб келиниб, қайта дафн этилганлар. Абдул Холиқ Ғиждувоний, Фаридуддин Атттор, Абдур Раҳмон Жомий, Алишер Навоий асарларида Юсуф Ҳамадоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳақида маълумотлар учратиш мумкин.

Тошкент ислом институти 4 курс талабаси

Абдус Сомад Абдул Босит

Понеділок, 27 март 2017 00:00

Жума маърузалари сурдо тилида

Татаристонда “Ярдэм” хайрия фонди ҳамкорлигида эшитиш имконияти чекланганлар учун жума мавъизаларининг сурдо таржимаси интернет саҳифалари орқали тақдим этиладиган бўлди. Энди интернет саҳифаларига саккиз дақиқалик оилавий, ота-она ва фарзанд муносабатлари, шунингдек, ёшларни турли бузғунчи бузғунчи оқимлардан асрашга оид маърузалар жойлаштирилади. Ҳозиргача шу мавзуларда юздан ортиқ маърузалар эълон қилинди.

Татаристон Республикаси муфтийси Илдарь хазрат Баязитовнинг айтишича, масжидларга имконияти чекланган мусулмонларнинг ҳам келиши туфайли, ушбу лойиҳа намозхонлар томонидан илиқ кутиб олинган.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

П'ятниця, 24 март 2017 00:00

Алқама ибн Қайс

Алқама раҳматуллоҳи алайҳининг тўлиқ исми: Абу Шибл Алқама ибн Қайс Ибн Абдуллоҳ ибн Молик Нахаий Куфийдир. У зот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида еттинчи асрда туғилган. Шу билан бирга у зотга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришлик насиб қилмаган.

Алқама раҳматуллоҳи алайҳи муҳаддис, муфассир, Кўфанинг фақиҳи, олими ва қориси эди. У зот Ироқнинг Кўфа шаҳрида истиқомат қилар эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга шогирд бўлиб, у зотни маҳкам устоз тутади. Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолардан кейин имоматчиликка ва фатво беришликка энг муносиб номзод эдилар. Ҳатто баъзи саҳобалар У зотдан фатво сўрашар эди.

Алқама раҳматуллоҳи алайҳи қуйдаги саҳобалардан ҳадис ривоят қилганлар:

  • Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу
  • Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу
  • Али ибн Толиб розияллоҳу анҳу
  • Салмон Форсий розияллоҳу анҳу
  • Абу Дардо розияллоҳу анҳу
  • Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу
  • Ҳузайфа ибн Яамон розияллоҳу анҳу
  • Хаббоб ибн Арт розияллоҳу анҳу
  • Оиша бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳу
  • Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу
  • Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу
  • Абу Масъуд Бадрий розияллоҳу анҳу
  • Абу Мусо розияллоҳу анҳу
  • Маъқал ибн Синон розияллоҳу анҳу
  • Салама ибн Язид Жўъфий розияллоҳу анҳу
  • Шурайҳ ибн Артот розияллоҳу анҳу
  • Қайс ибн Марвон розияллоҳу анҳу ва бошқа бир қанча саҳобалар.

Алқама раҳматуллоҳи алайҳидан қуйдаги тобиъинлар ҳадис ривоят қилганлар:

  • Абу Воил роҳимаҳуллоҳ
  • Шаъбий роҳимаҳуллоҳ
  • Убайд ибн Нузайла роҳимаҳуллоҳ
  • Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Муҳаммад ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Зуҳо Муслим ибн Субайҳ роҳимаҳуллоҳ
  • Иброҳим ибн Сувайд Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Зибён Ҳусайн ибн Жундуб Жанбий роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Маъмар Абдуллоҳ ибн Сахбароҳ роҳимаҳуллоҳ
  • Салама ибн Куҳайл роҳимаҳуллоҳ
  • Абдур Раҳмон ибн Язид роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Исҳоқ Субайъий роҳимаҳуллоҳ
  • Аммора ибн Умайр роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Қайс абдур Раҳмон ибн Сарвон Авдий роҳимаҳуллоҳ
  • Абдур Раҳмон ибн Авсажа роҳимаҳуллоҳ
  • Қосим ибн Мухаймара роҳимаҳуллоҳ
  • Қайс ибн Румий роҳимаҳуллоҳ
  • Мурратут тийб роҳимаҳуллоҳ
  • Ҳунай ибн Нувайра роҳимаҳуллоҳ
  • Яҳё ибн Васааб роҳимаҳуллоҳ
  • Язид ибн Авс роҳимаҳуллоҳ
  • Язид ибн Муъовия Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Абу Риқод Нахаъий роҳимаҳуллоҳ
  • Мусайяб ибн Рофиъ роҳимаҳуллоҳ ва бошқалар.

Имом Заҳабий у зотни: “Имом, Ҳофиз ва Улуғ мужтаҳид” эди деб сифатлайди.

Устозлари:

  • Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу
  • Муҳаммад ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ
  • Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ ва бошқа бир қанча саҳоба ва тобиъинлар.

Усмон ибн Саид роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен ибн Маъундан “Сенга Алқама  яхшироқми, ёки Убайда?”-деб сўрадим. У икковидан бирини ҳам  афзал демади. Мен: Иккови ҳам энг ишончли ровий, бироқ Алқама Абдуллоҳнинг шогирдлари орасида олимроқ” дедим.

Абул–Мусанно роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар сен Алқамани кўрган бўлсанг, Абдуллоҳни кўрмаганинг зарар қилмайди, чунки, Алқама қиёфада ҳам, илмда ҳам  Ибн Масъуднинг ўзгинасидир”.

Абдураҳмон ибн Язид роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен нимани  ўқисам ва нимани билсам, Алқама ҳам шуни ўқиган ва шуни билган бўларди”.

Алқама ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ “олти саҳиҳ” муаллифлари ҳузурларида тан олинган, ишончли ровийлардан эдилар.

Алқама ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ Язид ибн Муъовия роҳимаҳуллоҳнинг халифалик замонида ҳижрий 62 санада, туқсон ёшларида вафот этганлар.

Манбалар асосида

Абдус Сомад Абдул Босит тайёрлади

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top