muslim.uz

muslim.uz

2016 20-21-июл кунлари Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида «Исломнинг мўътадил тафаккури экстремизмга қарши» мавзуида  халқаро симпозиум бўлиб ўтди. Мазкур симпозиумда 150 дан зиёд делегатлар иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон, Россия Федерацияси,  Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон делегациясилари ҳамда  Хитой Халқ Республикаси Ислом ассоцацияси  раиси, Хитой Халқ Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Шинжон-Уйғур автоном  ҳукумат аъзолари, Хитой Халқ Республикасининг профессор олимлари, Хитой Халқ Республикаси уламолари ва вилоят бош имом-хатиблари иштирок этишди.

Симпозиумни Шиншон – Уйғур автоном тумани партияси раиси Шуҳрат Закир очиб, мазкур симпозиумдан мақсад бугунги кунда Исломда мўътадиллик масаласи, терроризм ва экстремизмга қарши курашда яқиндан ҳамкорлик қилиш масаласини ўртага ташлади.  Бу борада яқинда Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари Давлат раҳбарларининг 15 йиллик юбилей йиғилишида ҳам алоҳида келишув ва қарорлар имзоланганини ҳам таъкидлаб ўтди.

Хитой Ислом уюшмаси раиси Чянъ Гуан Юанъ, ХХР Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ван Су Анлар сўзга чиқиб, маърузаларида Исломда мўътадиллик, ҳанафия мазҳабининг афзалликлари, динда ўртаҳол бўлиш ва тафриқалардан сақланиш, экстремизмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш кераклиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, ХХРнинг «Марказий Осий ва Европа халқлари маданияти ва ҳаётини тадқиқ қилиш институти» профессори Су Чанг хоним сўзга чиқиб, диний экстремизмга қарши курашда Тошкент ислом университети ўқув программасини ўзлаштиришни, Ўзбекистонннинг маҳалла институти тажрибаларини жорий қилиш кераклигини билдирди ва марказий Осиё халқларининг дини ва урф-одатлари ўзаро уйғунлашиб кетгани, миллий қадриятларга бўлган юқори даражадаги эътибори ва энг асосийси ҳаёт турмуш тарзи уйғунлашиб кетганлиги ҳақида сўзлар экан, жумладан бундай деди: «Мен қадим Самарқанд, Бухоро ва Хивадаги мусулмонлар урф-одатини юксак қадрлайман. Уларнинг ҳаёти, турмуш тарзи қалбимдан мустаҳкам жой олди”.

       Шундан сўнг Урумчи шаҳар бош имом-хатиби Мухтарам Сирипжонов «Ақидада Мотурудия мазҳабининг мўътадиллиги» мавзуида маъруза қилди. Шунингдек, йиғилишда Россия Федерацияси мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Равил Гайнуддин, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси Мақсатбек Тўхтамешов, Ўзбекистон делегатларидан Муҳаммадбобур Юлдошев каби вакиллар сўз олди. Йиғилишда, Имом Мотурудий ҳазратлари қадим Самарқанднинг Мотуруд қишлоғида таваллуд топгани, гўзал Самарқандда таҳсил олиб, ижод қилгани ва ҳозирда Имом Мотурудий ҳазратларининг мақбараси гўзал ҳолатда  обод этилгани тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон вакилларидан А. Қаюмов сўз олиб «Ўзбекистондаги диний бағрикенглик» мавзуида атрофлича гапирар экан, Ўзбекистонда дин ва виждон эркинлиги, динлараро ва миллатлараро ўзаро тотувлик, ҳамжиҳатлик ва барча жабҳалардаги сингари диний соҳада ҳам катта-катта ютуқлар қўлга киритилаётганини баён қилди. Россия муфтийлар Кенгаши, Россия мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Рушан ҳазрат Аббосов: "Дарҳақиқат, маърузада энг долзарб, актуал масалалар аниқ баён қилинди, ҳақиқатан Ўзбекистонда дин ва этиқод эркинлиги борасидаги олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовордир. Ўзбекистоннинг қадим Бухоро шаҳридаги «Мир Араб» мадрасаси нафақат ҳозир, балки собиқ иттифоқ пайтида ҳам диний кадрлар асосан шу даргоҳда, яъни Россия ва СНГ давлатларининг бир нечта муфтийлари, дин арбоблари шу мадрасада таҳсил олган. Имом Бухорий, Имом Термизийлар ҳам шу юртда етишиб чиқди. Бугун Ўзбекистонда янги-янги масжид ва мадрасалар очилмоқда, маънавий-маърифий соҳада ҳам олиб борилаётган ишлар ўсиб келаётган ёшлар онгини турли зарарли иллат ва ёт ғоялардан ҳимояланишида ёрдам бермоқда. Шу боис бу юртда миллатлараро ва динлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда ва бу борада Ўзбекистон ҳукумати энг юқори баҳога лойиқ ишларни амалга оширмоқда”, дея эътироф этди.

Симпозиум якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан нашр этилган «Смута ИГИЛ» китобидан делегация раҳбарларига бир донадан совға қилинди. Россия Федерацияси муфтийси Равил Гайнуддин ушбу китоб жуда қимматли манба экани ва Россия мусулмонлари идораси веб-сайтида ушбу асардан парчалар мунтазам бериб борилаётганини билдириб: “Бу китоб мен учун энг қимматли совға бўлди” дея ўз ташаккурини изҳор этди.

Маълумот учун: Ҳозирда Хитой Халқ Республикасининг аҳолиси 1миллиард 400 млнга яқин. ХХРдаги 30 миллионга яқин мусулмонларни асосан хуэй, уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек, татар, тожик, дунсян, салар ва боан каби миллатлар ташкил этади. Мусулмонларнинг деярли ярми Шинжон-Уйғур автоном туманида яшайди. Шинжон Автоном туманининг умумий майдони 1660 минг кв км бўлиб, аҳолиси 23 миллиондир. Шундан 50 % Ислом дини (мусулмонларни) вакилларини ташкил этади. СУАР (Синъзян-Уйгурский Автономний район) Монголия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистон билан чегарадош ҳудуддир.

Бугунги кунда Хитойда 30 000 дан зиёд масжид, 10 та Ислом ўқув билим юртлари мавжуд бўлиб, шундан биттаси Урумчи шаҳрида жойлашган. Мазкур Ислом институтида ҳозирда 300 га яқин талаба таҳсил олмоқда.

Хитойда диний ташкилотлар тўғрисида илк қонун 1949 йилда қабул қилинган. Барча дин вакиллари Дин ишлари бўйича қўмита томонидан мувофиқлаштириб борилади. Ислом дини фаолиятидаги ташкилотлар эса Хитой Ислом Ассоцацияси томонидан бошқарилади. Мазкур бошқармада 70 нафарга яқин ишчи ходимлар фаолият олиб боради. Тузилманинг амалдаги раиси Чянъ Гуан Юанъ бўлади. Фатво ишларида ҳанафия мазҳабига, ақидада эса мотурудия йўналишига амал қилинади. Шундан бўлса керак, Хитой Халқ Республикасидаги  мусулмонларнинг 99 % ни ҳанафия мазҳабигилар ташкил этади.

Хитой Халқ Республикасида турмуш қуриш ёши ўғил болаларга 20, қизларга 18 ёш қилиб белгилаб қўйилган...  

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ, 

                                          Ўзбекистон мусулмонлари идораси

                                         масъул ходими

П'ятниця, 29 июль 2016 00:00

Арафот

Арофатга чиқишдан олдин ғусл қилиш суннатдир. Арофатда туриш ҳажнинг асосий рукни бўлиб, бу рукнсиз ҳаж бўлмайди. Арафа куни заволдан бошлаб, Арофатда туриш вақти киради. Макони, Арофат деб номланган машҳур жой. Арофат чегарасидан бошқа жойда турса, ҳажи ҳаж бўлмайди. Арофатда Арафа куни заволдан ҳайит куни тонгигача қай ҳолда турса ҳам, бир соат турса соқит бўлади. Бу ерда ҳам талбия айтиб туради. Арофатда ҳам дуога зўр бериш керак, айниқса Жабали раҳмат устиларига чиқиб дуо қилиш тавсия қилинган. Арофатда пешин ва аср намозлари бир азон ва икки иқомат билан қўшиб, қаср қилиб ўқилади, пешин вақтида. Ҳаж амири хутба ўқийди. Арофатда қуёш ботгунча туриш вожиб ҳисобланади.

П'ятниця, 29 июль 2016 00:00

Мино

Минода Тарвия кунининг пешин, аср, шом, хуфтон ҳамда Арафа кунининг бомдод намозлари ўқилади. Уерда дуолар қилинади. Расулуллоҳ (с.а.в) шундай қилганлар.арафа куни бомдоддан сўнг Арофатга жўнайди.

П'ятниця, 29 июль 2016 00:00

Муздалифа

Арафа куни қуёш ботгач, шом намозини ўқимасдан, Муздалифага жўналади. Етиб келиб, бу ерда шом ва хуфтон намози бир азон ва бир иқомат билан жам қилиб ўқилади. Ким шомни йўлда ўқиган бўлса, қайтариб ўқийди. Муздалифада ийд куни бомдодддан то қуёш чиққунча туриш вожиб. Муздалифада унинг ўз чегарасида туришга эътибор бериш керак. Бу ерда дуо тасбеҳ, такбир айтиб туришга эътибор бериш керак. Аёллар, ёш болалар, қарилар қийналишдан қўрқсалар Муздалифада тўхтамай Минога ўтиб кетиши керак. Бошқалар қуёш чиққандан сўнг Минодан жўнашади.

П'ятниця, 29 июль 2016 00:00

Жамарот

Минога келгач тош отиш бошланади. Ҳайитнинг 1 – куни етти дона тош отилади. Тошни Муздалифадан ё хоҳлаган бошқа жойдан териб олса бўлади. Тош ҳажми нўхатдек бўлади. Тош олдин отилган бўлмаслиги керак. Тош отиш Иброҳим (а.с) дан қолган бўлиб, у зот ўғлини қурбонликка сўйишга олиб кетаётганларида шайтон иғво қилмоқчи бўлганда, Иброҳим а.с. уни тош отиб қувган.

Ҳайитнинг 1 – куни Жамратул ақобада тош отилади. У жамратул кубро, жамратул ухро деб ҳам аталади. Тош ақобадан беш газ узоқликдан туриб, бармоқларнинг учи билан отилади. Ҳар бир тош “Аллоҳу акбар” деб отилади. Тош агар махсус жойга тушмаса, қайта отиш вожиб бўлади. Биринчи тошни отган заҳоти “талбия”ни тўхтатади. Тош отиш вақти субҳи содиқдан, кейинги куннинг субҳигачадир. Тош отган заҳоти у ердан кетиш керак бўлади. Кейинги кун субҳигача отилмаса, жонлиқ сўйиш вожиб бўлади. Кечаси отиш макруҳ. Аммо аёллар, қарилар, касаллар кечаси отгани афзал. Тош отаётган жой 2 қаватли бўлиб, қайсидан отса ҳам бўлаверади.

Узрли кишиларни тошини бошқа отса ҳам бўлади, фақат аввал ўзиникини отиши шарт. Тош отилгач, ифрод ҳажни ният қилган киши соч олдиради. Лекин у агар қурбонлик қилмоқчи бўлса, аввал қурбонлик қилиб кейин сочини олдиради. Қирон, Таматтуъдагилар шундай қилиши шарт. Энди эҳромда ман қилинган ишларнинг аёллардан бошқаси ҳалол бўлади.

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top