muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 06 июнь 2016 00:00

Уламоларимиз дуолари

Неділя, 05 июнь 2016 05:00

03.06.2016. Рамазон муборак!

Муҳтарам жамоат! Барчаларингизни ушбу орзиқиб, интизор кутилган муборак айёмга эсон-омон етишганимиз муносабати билан самимий муборакбод этамиз. Яхшиликлар, савоблар кўпайтирилиб бериладиган ушбу ойда барча ибодатларни, солиҳ амалларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатларига мувофиқ адо этишимизга муяссар айлашини сўраб, Аллоҳ таолога илтижолар қиламиз.

Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини Қуръони каримнинг Бақара сурасида қуйидаги оят билан фарз қилди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ  

(سورة البقرة/183)

яъни, “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Рўзадорларга бериладиган ажр-мукофотлар нақадар улуғ бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

("إِنَّ  فِي  الْجَنَّةِ  بَابًا  يُقَالُ لَهُ  الرَّيَّانُ  يَدْخُلُ  مِنْهُ  الصَّائِمُونَ  يَوْمَ  الْقِيَامَةِ  لا يَدْخُلُ  مِنْهُ أَحَدٌ  غَيْرُهُمْ  يُقَالُ  أَيْنَ الصَّائِمُونَ فَيَقُومُونَ لا يَدْخُلُ  مِنْهُ أَحَدٌ  غَيْرُهُمْ مِنْهُ  فَإِذَا  دَخَلُوا  أُغْلِقَ  فَلَمْ  يَدْخُلْ مِنْهُ أَحَدٌ." (رواه البخارى

яъни: “Жаннатнинг бир эшиги бўлиб, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киришади, улардан бошқа бирор одам кирмайди. Шунда “Рўзадорлар қани?” дейилади. Шунда рўзадорлар турадилар. Уларнинг охиргиси кириб бўлиши билан эшик беркитилади. Сўнг у эшикдан  бошқа ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).

Рўзадор кишининг сифатлари қандай бўлиши ҳақида ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

("الصِّيَامُ جُنَّةٌ  فَلا يَرْفُثْ وَلا يَجْهَلْ وَإِنِ امْرُؤٌ قاتَلَهُ أوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي صَائِمٌ مَرَّتَيْنِ وَالَّذِي نَفْسِي  بِيَدِهِ لَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللهِ تَعَالَي مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ يَتْرُكُ طَعَامَهُ وَ شَرَابَهُ وَشَهْوَتَهُ مِنْ أَجْلِي الصِّياِمُ لي  وَأَنَا أَجْزِي بِهِ وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا" (رواه البخارى

яъни: «Рўза (дўзах ўтидан асровчи) қалқондир. Рўза тутган киши ёмон сўзларни сўзламасин, қўполлик қилмасин. Агар бирор киши уни уришса ёки ҳақорат қилса, икки марта «мен рўзадорман», десин. Аллоҳга қасамки, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ наздида мушк-анбар ҳидидан ҳам хушбўйроқдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Рўзадор Менинг учун емайди, ичмайди ва шаҳватини тарк қилади. Рўза холис Менга ибодатдир, Ўзим унинг мукофотини бераман. Ваҳоланки, ҳар бир яхшиликка ўн баробар яхшилик бордир», деган (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло розилиги учун рўза тутиш қалқондир: дунёда гуноҳлар хорлигидан, охиратда дўзах ўтидан ҳимоя қилади; рўза лаънати шайтон устидан ғалаба гаровидир, жисмимиз закотидир, жаннатга элтувчи кўприкдир. Энди ким Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса мискинга фидя беради. Зеро, "Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди". Аллоҳ таоло сизларни рўза баракотларидан бенасиб қолдирмаслиги учун сизни икки дунё саодатига эриштирувчи ҳидоят йўлига йўллагани, ибодатларга бошлагани учун У Зотни улуғлаш, берган неъматларига шукр айтиш лозим. Бу ҳақда Салмон Форсий розияллоҳу анҳу жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган:

" يَا اَيُّهاَ النَّاسُ. قَدْ اَظَلَّكُمْ شَهْرٌ عَظِيمٌ شَهْرٌ مُبَارَكٌ شَهْرٌ فِيهِ لَيْلَةٌ خَيْرٌ مِنْ اَلْفُ شَهْرٍ جَعَلَ اللهُ صِيَامَهُ فَرِيضَةً وَقِيَامَ لَيْلِهِ تَطَوُّعًا مَنْ تَقَرَّبَ فِيهِ بِخَصْلَةٍ مِنَ الْخَيْرِ كَانَ كَمَنْ اَدًّى فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَ هُوَ شَهْرُ الصَّبْرُ وَالصَّبْرُ ثَوَابُهُ الْجَنَّةُ وَمَنْ اَدَّى فَرِيضَةً فِيهِ كَانَ كَمَنْ اَدَّى سَبْعِينَ فَرِيضَةً فِيمَا سِوَاهُ وَهُوَ شَهْرُ الصَّبْرِ وَشَهْرُ الْمُوَاسَاةِ وَشَهْرٌ يَزْدَادُ فِيهِ رِزْقُ الْمُؤْمِنِ مَنْ فَطَّرَ فِيهِ صَائِمًا كَانَ لَهُ مَغْفِرَةٌ لِذُنُوبِهِ وَعِتْقُ رَقَبَةٍ مِنَ النَّارِ وَكَانَ لَهُ مِثْلُ اَجْرِهِ مِنْ غَيْرِ اَنْ يُنْتَقَصَ مِنْ اَجْرِهِ شَيْءٌ "

(رواه ابن خزيمة في صحيحه بطرق مختلفة)

яъни: “Эй инсонлар, буюк ва муборак ой сизларга яқин келди. Бу ойда минг ойдан яхши бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ой  рўзасини фарз, тунлардаги ибодатларни суннат қилди. Бу ойда ким Аллоҳга яқинлаштирадиган эзгулик қилса, ундан бошқа ойда адо этган бир фарз даражасини топади ва бу ойда бир фарзни адо этган киши бошқа ойда етмиш фарзни адо этган каби бўлади. Бу ойда сабр ойидир. Сабрнинг жавоби жаннатдир. Бу кўмак ва ёрдам ойидир. Бу ойда мўминниг ризқи кўпайтирилади. Бу ойда ким бир рўзадорга ифторлик берса, гуноҳларига мағфират бўлади, дўзах ўтидан ўзини қутқаради ва рўзадорнинг ажридек ажрга эга бўлади. Рўзадорнинг ажридан эса ҳеч нарса камаймайди".

Муҳтарам жамоат! Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

.(مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إِيمَاناً وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ (متفق عليه

яъни: “Кимки рамазон рўзасини имон эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади”.  

Зеро, мусулмонларимиз бу ойда эҳсон-саховатларини ҳар қачонгидан кўпайтиришлари, оилаларга, бемор-ногиронларга ёрдам қўлини чўзишлари, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари фазилатли ва савобли ишлардан саналади. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом одамларнинг энг сахийси  бўлганлар, Рамазон ойида эса бошқа ойларга қараганда саҳийликлари янада зиёда бўлиши ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуданривоят қилинади:

"كَانَ النَبِيُّ صَلَّي الله عَلَيه وَسلم أَجْوَدَ النَّاسِ بالخَيرِ وَكَانَ أَجْوَدَ ما يَكُونُفي رَمَضَانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ  وَكَانَ جِبْرِيلُ عَلَيهِ السَّلاَمُ  يَلْقَاهُ كُلَّ لَيْلَةٍفي رَمَضَانَ حَتَّي يَنْسَلِخَ يَعْرِضُ عَلَيْه النَبِيُّ صَلَّي الله عَلَيه وَسلم القُرْانَ فَإذا لَقِيَهُ جِبْرِيلُ عَلَيهِ السَّلاَمُ كَانَ أَجْوَدَ بالخَيْرِ مِنَ الرِّيحِ المُرْسَلَة"

(رواه البخارى)

яъни: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлар ичида яхшилик қилишда энг сахийси эдилар. У зотнинг Рамазон ойида янада сахийликлари ортиб кетарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгунларига қадар Рамазон ойининг ҳар кечасида у зотга Жаброил алайҳиссалом келиб учрашар эдилар. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва саллам ул зотдан Қуръонни ўтказиб олар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Жаброил алайҳиссалом келган пайтда сахийликлари майин эсган шамолдек бўлиб кетар эди» (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам жамоат! Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни бекаму-кўст Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаётирмиз.

 Олдинги йиллардагидек, бу йилги Рамазон ойида ҳам деярли барча масжидларимизда Қуръон карим  хатмларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилади, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилинади.

Айниқса, бу сафарги Рамазон ойи яна шу билан шарафлики, ушбу йил, “Соғлом она ва бола йили” деб ном олган йилда юртимиз мўмин-мусулмонлари ҳар бир оиладаги она ва болалар жисмонан соғлом, ақлан етук бўлишлари йўлида ва барча оилалар ўртасида ўзаро аҳиллик, муҳаббат, тарбия ва руҳий фароғат қарор топиши учун тинмай ҳаракат қилишга бел боғлаганлар. Оилаларимизнинг намунали бўлиши, оила аъзолари ўртасида меҳр-оқибат, тотувлик, ўзаро ҳурматнинг барқарорлиги, болаларга чиройли тарбия бериш, ёш оилаларга турмуш сабоқларини эринмай ўргатиш каби омилларнинг рўёбга чиқиши эса ҳаммамизга боғлиқ. Чунки динимиз ҳар бир киши ўз қўл остидаги кишилар учун масъулдир, деб таълим беради. Бу ҳақда жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда:

(" كُلُّكُمْ رَاعٍ وَ كُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ " (رواه البخارى

яъни: “Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулсиз”, - деб алоҳида таъкидланади.

Ҳурматли жамоат! Кейинги йилларда Рамазон ойи арафасида ушбу муборак ойни муносиб ўтказиш тўғрисида алоҳида қарорлар эълон қилиниши эзгу ва гўзал анъанага айланди. Унда халқимиз томонидан асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саховат ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонланиб келаётган муборак Рамазон ойининг маънавий-руҳий ҳаётимиздаги алоҳида ўрни ва аҳамиятига эътибор қаратилмоқда. Жумладан, жамиятимизда қатор қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадирятларимизни асраб авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъна ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялашга тарғиб ва ташвиқ этилмоқда.

Айни пайтда, жамоат ташкилотлари, хусусан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг вилоятлардаги вакилликлари, сиз муҳтарам жамоат билан биргаликда ушбу муборак ойда амалга ошириб келинадиган хайрия ишлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллалардаги меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларнинг таълим тарбияси бўйича олиб бориладиган ишларни янада кучайтиришга алоҳида  этибор қаратиб, муборак Рамазон ойини миллий-диний қадриятларимизга мос ва монанд равишда ўтказишимизга асло шубҳа йўқ.

Аллоҳ таоло муборак Рамазон ойини барчаларимизга қутлуғ ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин! Кириб келаётган Рамазон ойи барчаларингизга муборак бўлсин, омин!

Неділя, 05 июнь 2016 05:00

“Муҳаммадия” боғи

Болажонлар, “Муҳаммадия” боғига хуш келибсизлар! 
Устоз! Устоз! Нимага менинг исмим билан номланган?! – деди бирваракайига бир қанча ёш Муҳаммадлар кўзчаларини пирпиратиб... 
Ёқимли табассум устоз чеҳрасини ёритиб юборди: “Биз бу боғда Ер юзидаги энг буюк инсон Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Мустафоси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан танишамиз. “Муҳаммадия” боғимиздаги бу бежирим эшик ортида бир олам борки, у ерга “соллаллоҳу алайҳи васаллам” лафзини айтиш билан ўтилади. Қани марҳамат, “Муҳаммадия” оламига кирингларчи... “СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ”! 
Қойил, зўрлигинии... бу! Бу юлдузми... Йўқ Қуёш... Йўқ комета ёруғлиги! Болачалар бир-бирини сўзларига қарама-қарши чуғуллашарди... 
Болажонлар бу “НУР”дир! Бу шундай нурки Рабиъул аввал ойининг шу 12-кунида Ер юзида Муҳаммад исмли инсон дунёга келиши сабабли дунё зулматини беқиёс ёруғлиги билан буркаган муборак зиёдир. 

Кейинги эшик ортидан калит сўзини айтиб кирган Аҳмад: “Мана бу ажойиб қўйлар подасини қаранглар”, – деди шошиб. Водий узра ёйилган бу жониворлар ҳар қандай кўзни ҳайратда қолдирар эди. 
Устоз: “Ҳа, шу жониворларни боққан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам меҳнатда чиниққан, ўктам ўғлон бўлганлар!” 

Буҳайронинг манзили… “Устоз бу қария нима сабабдан йиғламоқда?” 
– Бу ишқ томчилари... Муҳаммадни илк кўрган онидаги қувонч ёшлари... Келажакда бўладиган БУЮК БАШОРАТни мурғак қалб эгасида кўргандаги илк муҳаббат сарчашмаларидир. 
– Ҳой буёққа мана бу туялар карвонини қаранглар! Ажабо! Бизлар ҳам улар каби савдогарлар бўламиз, ажойиб! Майсара исмли мана бу одамнинг туяси оқсоқланяпти!? Ёрдамга! Ҳозир кавондан қолиб кетади. Ия, бу туяни ўрнидан турғизган нарса нима бўлди! 
Устоз: “Муборак қўллардан ҳосил бўлган мўжизаларнинг бошланишидир”, деди оҳиста. 

Тўй... Хадичанинг тўйи, Хадичанинг тўйи... болачалар қий-чув қилиб югиришди. 
– Устоз менинг тўйимми, – деди қўнғироқ сочларини ўйнатганча митти Хадича кейинги олам аро ўтар экан ийманиб... 
Ширинликлардан, ҳолвалардан олинглар. Бугун тарихда бўлган энг ёрқин зиёфат узра меҳмон бўламиз. Уммул мўминин онамиз Хадичанинг тўйига хуш келибсиз! 
– Мен шу оламда қолишни хоҳлайман, – дерди дўмбоққина Маҳмуд ширинликларни паққос тушира туриб. Юр тезроқ Маҳмуд анави қурилишни қара... Бу ану, ану қора бино бор эди-ку, нима эди, – деб ўйланиб турган Билолнинг хаёлини “Каъба, Каъба” деган Зайнабнинг топағонлиги чалғитиб юборди. 
– Тўғри бу Аллоҳнинг байти – Каъбадир. Биз ҳозир Каъбанинг таъмирланиш манзарасини кўриб турибмиз. 
– Бу инсонлар нимага тўпалон қилишяпти устоз, - деди Абдуллоҳ ҳовлиқиб. 
Ҳажарул-асвад деган жаннатдан чиққан тошни Каъбанинг бурчагига ким қўйиши ҳақида баҳс кетмоқда. Бу шарафли ишдир. Бу вазифани ҳамма қилгиси келиб, шеригига бергиси келмаяпти, тушунтирилди. 
Бирдан Ал-Амин! Ал-Амин! деган садо ҳамма жойдан жаранглаб кетти... 
Ҳажарул-асвад бир матога қўйилди... 
Ҳар бир қабиладан бир вакил чиқиб матони тўрт томонидан кўтаришди... 
Ўрнига қўйилишига омил бўлган ечим... 
Кўрдиларингизми, болажонлар. қандай ажойиб ҳал бўлган масала. Адолат, зийраклик, барчани бирдан рози бўлишига, баҳснинг ниҳоя топишига сабаб бўлган мисли йўқ ечим. Ҳа бу фақат Муҳаммаднинг қўлидан келар эди холос – деди устоз фахр тўла кўзларини ортда қолган оламга тикиб... 

Ҳиро ғори... “Бу жойнинг баландлигини!” – қўрқиб ўзини четга олган Усмон устознинг қўлидан маҳкам ушлаб олди. 
Болажонлар бизлар ҳозир илк бор пайғамбар бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тарихий онларида турибмиз... Айнан шу ғорда у зотга пайғамбарлик рутбаси берилган. 
Яратган Роббинг номи билан ўқи. 
У инсонни алақдан яратди. 
Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир! 
У қалам билан илм ўргатгандир. 
У инсонга у билмаган нарсани ўргатди... 

“Муҳаммадия” боғининг АСРИ САОДАТ масканига ўтиш учун “АШҲАДУ АНЛА ИЛАҲА ИЛЛАЛЛОҲ ВА АШҲАДУ АННА МУҲАММАДАР РАСУЛУЛЛОҲ” калит сўзини ишлатинг... 
– Намоз, намоз... биз ҳам улар билан намоз ўқийлик – деди Юсуф хурсанд ҳолда сакраб. 
Устоз маъмнун ҳолда тушунтира бошлади: Илк даъват махфий равишда 3 йил давомида олиб борилган. Муҳаммад Расулуллоҳ ва уларга иймон келтирган инсонлар (улар саҳобалар деб юритилган) қуёш чиқиши ва ботишидан олдин икки маҳал намоз ўқишга буюрилган эдилар. Сўнгра ошкора даъват бошланган. 

Бу тошни олиб ташлайлик, бу тошни анави одамни устидан олиб ташлайлик... қийналиб кетти, олиб ташлайлик... 
бу ерда эса бу опаларни калтаклашмоқда “нимага урасизлар”... 
ҳой анави боғлаб қўйилган отахонга “сув-сув” беринглар... 
Булар эса иссиқда қолиб кетишибди... 
Устоз болажонларнинг куйинишларига жавобан – “Тарихда шундай азиятларни кўпини кўрган ушбу саҳобаи киромларга Муҳаммад Расулуллоҳнинг садоқатли халили Абу Бакр (р.а.) ёрдам берган”, - деб масалани юмшатди. 

Калит сўзларини айтиб кейинги оламга ўтар-ўтмас, Амр ўртоқларига ҳовлиқиб бақирди: Кемалар... Анави улкан кемаларни... Одамлар кемаларга югуришмоқда... Биз ҳам қолиб кетмайлик... Бўлинглар тезроқ. 
Устоз бу ҳолни кўриб, кулиб Амрни тинчлантирди: “Биз бу кемаларга чиқмаймиз – эй Амр! У одамлар бояги азиятлардан холи бўлишлари учун Ҳабашистон деган жойга кетишмоқда... 
Заҳро: “Устоз уларни ёмон одамлар тутиб, қайтаришмайдими?” – дерди хавотирланиб. 
“Йўқ! Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳабашистонда Нажоший деган одил подшоҳ борлигини ва унинг юртида бировга зулм қилинмаслигини билардилар. Шу боис асҳобларига динларини фитнадан сақлаш учун Ҳабашистонга боришларини хабар қилган эдилар”, – деб жавоб берилди. 

Байрам, бу ерда байрам бўляпти... Маҳмуд югур хурмолар тарқатиляпти... 
Мениниг байрамим экан! Мениниг байрамим экан! – дерди Умар хурсанд бўлиб хурмолардан чўнтагига тўлдириб. Нега сенинг байраминг бўлади деди Умарнинг синглиси Фотима ҳайрон бўлиб. 
Эшитмаяпсанми, Фотима – “Умар! Буюк Умар мусулмон бўлди! Бу Умарнинг байрамидир”, – дейишяптику, деди. 

Вой бу ер мунча қўрқинчли... 
Чақалоқлар йиғлаяптими... 
Анави одамлар нега дарахт барглари ва пўстлоғини ейишяпти... 
Устоз! Устоз улар нега бундай ғариб ҳолда... 

Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида рўй берган энг даҳшатли иқтисодий қамалдир бу. Мусулмонлар учун бу давр жуда оғир бўлган. Дарадагилар уч йил ана шундай аҳволда яшадилар. 
Нимага? 
Мақсад – мушриклар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзларига таслим эттиргунга қадар мусулмонларни оч қолдириш ва у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўлдиришга қулай фурсат топиш эди. 
Кейин нима бўлди!?... 
Бани Ҳошим билан бирлашган бутун мусулмонлар Пайғамбарларининг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр эдилар. Уларнинг бу жасоратлари сабаб Қурайш қабиласи тузган зулм битими бузилди, қамал бекор қилинди. 

“Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ” калит сўзи айтилиб “Муҳаммадия” боғининг кейинги оламига ўтилди. 
Тарихдаги буюк ходиса Ой бўлиниши... 
Қойил! Ойнинг катталигини! Юлдузларинг кўплигини! Бу ерда ҳам байрам-ми? – деди дўмбоққина Маҳмуд одамларнинг йиғилиб туришганини кўриб, ширинликларни қидиришни бошлади. 
Йўқ. Бу ерда ҳозир буюк мўжизани кўрасизлар! Ана ойга қаранглар! 
Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлиб юборилганларининг 9-йили ушбу ҳодиса – Ойнинг иккига бўлиниши мўъжизаси рўй берган. Макка аҳли мушриклари томонидан талаб қилинган ишнинг “бетакрор ниҳояси” бўлган бу мўжиза – деб устоз воқеага шарҳ берди. 
Тоиф. 
Тош отманглар, ҳой уларга тош отманглар, нақадар ёмонсизлар... Холид йиғламсираганича тош отаётган жамоага қараб бақирди. 
Устоз, устоз бу ердан кетайлик, деди Руқайя пиқиллаб. 
Кетамиз! Бу олам тарихнинг энг қабиҳ нуқтасидир. 
Болажонларим, Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайш қабиласидан умидларини узиб, Сақиф қабиласини Исломга даъват қилишга, ҳеч бўлмаса, бошпана бериб қўллаб-қувватлашларини умид қилиб Тоифга бордилар, бироқ ҳимоячи ҳам, кўмакчи ҳам топмасдан, озору азиятлар кўриб қайтганлар”, – деб устоз ғамгин ҳолда ўша мудҳиш ҳодисани эслаб, кўзидан қатра ёш тўкилди. 

Осмонга кўтариляпмиз-ми, – деб кейинги олам узра ўтган Али ортда қолаётган булутларни кўриб. Ажиб! Бу осмон эшиклари гўзаллигини... Бизлар қаердамиз?! 
Исро ва Меърож ҳодисасидир бу – деб тушунтирилди. 
Анави ялтироқ ўрамли катта ҳадяларга қаранглар! Устоз, Устоз бизга ҳам берилсин?! – деб, бир қанча овоз жўрлиги жаранглади. 
Албатта, қадрдонларим! Ушбу буюк Меърож ҳодисаси сабаб барчага беш маҳалдан мислсиз ҳадялар берилади! – деб болажонларга совғалар улашилди. 
Бу ҳадялар нубувватнинг 13 йили Исро ва Меърож ҳодисасида фарз қилинган беш маҳал намознинг мукофоти ибтидосидир, деб кейинги боғ олами аро ўтилди. 

Бу ер тор, қоронғу, совуқ экан... Савр ғори дейиляптими... 
Ха, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг содиқ дўстлари Абу Бакр (р.а.) билан бирга Мадинаи мунаввара деган гўзал масканга кетишларидан олдин уч кун турган ўша ғордамиз. 
Ўша гўзал шаҳарга биз ҳам борайлик, – деди кичик Асмо. 
Анааа! Анави ерда “Мадинаи мунавварага” деб чақирилмоқда... Кеттик тезроқ... Биз ҳам мана бу туяларга миниб ўтар эканмиз, – деб болажонлар хурсанчиликдан сакраб югуришди... 
Гўзал Мадина! 
Ия мен бу салавотни ёддан биламан, онам ёдлатган деб Аҳмад оҳангга жўр бўлди: 

طلع البدر علينا .. من ثنيات الوداع 
Толаъа-Бадру аълайна... Мин саниятил-Вадаъа 
وجب الشكر علينا .. مادعي لله داع 
Важабаш-шукру аълайна.. мадаа лиллаҳи даъа 

Масжиди набавийнинг қурилиши... 
Ҳар бир ғиштга мукофот! Ҳар бир ишга ажр! 
Биз ҳам қурилишда иштирок этамиз деб, – Ҳасан ва Ҳусайнлар енгларини шимариб, ишга тушиб кетишди. Масжид дарахтларига сув қуйиш вазифасини Сафия ва Амира “биз қиламиз” деб, кўзачаларни сувга тўлдиришга киришдилар. Усмон эса усти-боши чанг бўлишига қарамасдан масжид ҳовлисини супура кетти. Шерикларига ширин ичимликни тарқатишни Маҳмуд ўз зиммасига олди. 
“Муҳаммадия” боғидаги кейинги оламга калит сўзини айтиб ўтган болажонлар қўнғироқлар чалиниши, дўмбираларнинг чертилиши, оловнинг ёқилиши, сурнинг овозини эшитиб ҳайрон бўлишди. Зайнаб ҳамманинг номидан: “Устоз, устоз, бу нарсалар нима учун қилинмоқда? – деб сўради. 
Бу ерда мусулмонларни намозга қандай чақирамиз деб ўйланишяпти, – деди устоз болажонларни қизиқтириб. 
Азон, намозга азон айтилиб чақирилади-ку, устоз, – деди Билол ҳайрон бўлиб. 
Ҳа, балли Билолим! Ана сенинг гапларингни тасдиғи! Азон айтиляпти... 
Болажонлар тарихнинг гўзал кашфиётларидан бирини мароқ билан эшитишди: 
«Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, 
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, 
Ашҳаду алаа илаҳа иллаллоҳ, 
Ашҳаду алаа илаҳа иллаллоҳ, 
Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ, 
Ашҳаду анна Муҳаммадан расулуллоҳ, 
Ҳайя алас сола, ҳайя алас Сола, 
Ҳайя алал фалаҳ, ҳайя алал Фалаҳ, 
Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, 
Лаа илаҳа иллаллоҳ». 

– Биз ҳозир Бадр деган жойдамиз. Бу ер Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг илк зафарлари бўлган маскандир, - деб устоз воқеаларни болажонларга қисқача тушунтириб берди. 
– Анави эшик ортидан ширин хидлар келяпти, қувноқ овозларга қараганда қандайдир байрам бўляпти. Юринглар, – деди кейинги оламга ўтишни шошилтириб Маҳмуд. 
Эшикдан ўтишар экан жуда ҳам ғаройиб тантананинг гувоҳи бўлишди. 
Ҳайит, ҳайит байрамингиз бўлсин муборак.. деган акс-садолар, ширин таомлар, ширинлигу ҳолвалар, кўзни қувонтирадиган совғалар, ранго-ранг ўйинчоқлар, гўзал гуллар ифори... болажонларни ҳайратда қолдирди. 

Устоз болажонларининг қувончларига шерик бўлиб: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сабабли бу умматга берилган байрамдир”, – дея фахрланиб ширинликлардан олди. 

– Бу жой Ухуд дейилади. Анави тоғни кўрияпсизларми? Шу тоғнинг номига қўйилган бу маскан. Шу ерда бўлган жангга ҳам Уҳуд номи берилган. Бу жойда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Хамза вафот этган. Макка мушриклари билан мадиналик мусулмонлар орасида бўлган ушбу жанг жуда оғир кечган. 
– Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига ҳеч нарса қилмаганми, – деди Абдуллоҳ болаларга хос жиддийлик билан. 
“Уҳуд куни Макка мушрикларининг ҳужумлари асосан у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламни йўқ қилишга қаратилган эди. Ушбу нодон одамлардан бири отган тош у зотнинг юзларига тегиб, пастки ўнг курак тишлари синиб, пастки лаблари ёрилган. Пешоналарига жароҳат етказилган. Елкаларига зарб берилган”, - деб маҳзун ҳолда жавоб берилди. 

– Бу ерни чуқурлигини. Эҳтиёт бўлинглар, йиқилиб тушманглар, – дея Аҳмад ўртоқларини огоҳлантирди. “Бу ер нимага ковланяпти?” – пастликдаги одамларниниг берилиб ишлашаётганини кўриб, қизиқиб сўрадилар. 
– Биз ҳозир Хандақ (Аҳзоб) узра турибмиз. Ҳижрий 5 йил, шаввол ойида бўлиб ўтган Хандақ ғазотига тайёрланиш онларидир. 
– Мен бу ҳодисани биламан, деди Салмон ўртага чиқиб. Менинг исмим мана шу хандақни ковлаш фикрини берган инсон хурматига қўйилган, отам айтиб берганлар, – деди ғурур билан. 
– Албатта! Сенинг исминг соҳиби айтган масала сабаб, ғалабага эришилган, – деб устоз, оҳиста Салмоннинг пешонасидан ўпиб қўйди. 

– Анави одамлар нима сабабдан дарахт атрофида айланишяпти? – сўради Али. 
– Бу Ризвон байъатидир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умра қилиш нияти билан Макка сари саҳобалари ҳамроҳлигида йўлга чиқадилар. Лекин Қурайш мушриклари уларни киргизишмайди. Шунда икки томон ўртасида тўрт банддан иборат сулҳ битими имзоланди. Ушбу битим Ислом тарихида “Ҳудайбия сулҳи” номи билан машҳурдир. Шундан кейинги йил бу умрани қазосини адо қилишади. 
Барчамизга маълумки, бирон бир давлатнинг равнақи ва тараққий топиши учун, албатта, биринчи навбатда тинчлик ва осойишталик жуда ҳам зарур. Давлатнинг ички тинчлик ва фаровонлигини таъминлаш, кучли ички сиёсатдан келиб чиқади. Ана шу воқеалардан бири ҳисобланмиш Ҳудайбия сулҳи Ислом ва мусулмонлар ҳаётида янги даврнинг бошланиши бўлди, – деб устоз масалани атрофлича тушунтирди. 

– Подшоҳликларига саёҳат... Эшитяпсизларми, – деди Маҳмуд шерикларини туртиб. Подшоҳликларига саёҳат... 
– Қойил, бу хайбатли қасрларга қаранглар... Бу қандай жой устоз?! 
– Бизлар ҳозир турли подшоҳларнинг масканларидамиз. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбиядан қайтиб келганларидан сўнг, 6-йилнинг охирларида подшоҳларни Исломга даъват қилиб, мактублар йўлладилар. 
Анави узукни кўряпсизларми?- деди устоз болажонларнинг диққатини марказдаги бежирим идиш ичидаги узукка ишора қилиб. 
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам подшоҳларга мактуб йўллашлари олдидан у зотга: «Подшоҳлар фақат муҳр қўйилган хатларни ўқишади», дейилгач, кумушдан узук ясаттириб, унга «Муҳаммад Расулуллоҳ», деб нақш урдирдилар. Ушбу нақш уч сатрга жойлашган бўлиб, бир сатрда محمد - «Муҳаммад», яна бир сатрда رسول - «Расул», яна бир сатрда الله - «Аллоҳ» калималари битилганди. 
Бу улкан, қаср-у биноларнинг эгалари: Миср подшоси Муқавқис, Форс ҳукмдори Кисро, Рум подшоси Қайсар, Баҳрайн ҳокими Мунзир, Ямома ҳокими Ҳавза, Дамашқ ҳокими Ҳорис, Ҳабашистон подшоҳи Нажошийлардир. 

– Анави биноларчи, деди қизиқиб Зайнаб нариги олам эшиги ортидаги кетма-кет қалъаларга ишора қилиб. 
– Ҳа! Бу Хайбар ғазотида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари қўлга киритган зафар иморатларидир, – деб саволга жавоб берилди. 

Кейинги олам аро ўтган болажонлар тарихнинг Буюк фатҳи узра чиқдилар... 
Макка фатҳи... 
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минг саҳобадан ташкил топган қўшин билан Маккаи мукаррамани фатҳ қилганлар. 
Фатҳ қутлуғ бўлсин, ғалаба муборак бўлсин... 
Устоз кичик саёҳатчиларига бу кун хурсадчилиги сабаб Зам-зам суви тарқатди. 

Сўнги манзил... Ашҳаду анлаа илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ калит сўзлари билан кирилган кейинги оламда жуда кўп инсонларнинг оппоқ кийиниб олишганини кўриб болажонлар ҳайрон қолишди. 
– Бу “Ҳажжатул вадоъ”дир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрий 10 йил 100 мингдан ортиқ саҳобалари билан Маккага Ҳаж қилгани келганлар, – деб изохланди. 
Сўнгра устоз болажонларга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни қилган “муборак хутбаларини” мухтасар қилиб айтиб берди: 
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дарҳақиқат, мен сизларга маҳкам ушласангиз ҳеч қачон адашмайдиган нарсани – Аллоҳнинг Китобини қолдирдим” ва “Эй одамлар, мендан кейин пайғамбар йўқ, сизлардан сўнг бошқа уммат йўқ. Огоҳ бўлинглар! Парвардигорингизга ибодат қилинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, бир ой рамазон рўзангизни тутинглар, бойликларингизнинг закотини кўнгилдан чиқариб беринглар, Парвардигорингизнинг Байти (Каъба)ни ҳаж қиласизлар ва бошлиқларингизга итоат қилинглар, Парвардигорингизнинг жаннатига кирасизлар” , - деб марҳамат қилганлар. 
Сўнг у зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга Моида сураси 3-ояти нозил бўлган. 
“Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим ...” 
Ушбу оятлар “Муҳаммадия” боғининг сўнгги манзилида жаранглаб тиловат қилинди... 

Қадрли кўз қувончларим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни беқиёс муҳаббат билан севинг... Шунда Аллоҳ сизни севади... 

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ!


“Хадичаи кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом 
билим юрти мударрисаси Н. Ғофурова

 

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top