muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 09 март 2017 00:00

Яхшиликларга шошилайлик

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Албатта Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар инсон вафот этса, амаллари тўхтайди. Фақатгина учта ишдан, садақаи жориядан ёки фойдали илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан унга савоб бориб туради”(Имом Муслим ривояти). Ушбу муборак ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам инсон вафот этганидан кейин ҳам унинг ортидан бориб турадиган савобли ишларни сизу-биз умматларига баён қилиб бермоқдалар. Бу эзгу амалларнинг дастлабкиси эса садақаи жориядир. Уламоларимиз садақаи жорияга бошқа инсонларга фойда келтирадиган, уларга мафаати тегиб турадиган ҳар қандай савобли иш дея таъриф берадилар. Яъни инсон ҳаётлик чоғида масжид, мадраса, мактаб ёки шифохоналар бунёд этса, кўпригу-йўллар очиб инсонларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилса, у инсон дунёдан ўтганидан сўнг ҳам қилган бу ишларининг савоби унга етиб туради.
Истиқлол йилларида марҳум Биринчи Президентимиз ташаббуслари билан юртимиз ободлиги йўлида мисли кўринмаган мувафаққиятларга эришилди. Шаҳару-қишлоқларимиз чирой очиб, янги йўллар, кўприклар бунёд қилинди. Мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида Фарғона водийсини юртимизнинг бошқа ҳудудлари билан боғлайдиган темир йўлни қурилиши тарихий воқеа бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Аллоҳ таоло марҳум Юртбошимизни қилган бу садақаи жорияларини ажрини ўзи кўпайтириб берсин. Охиратларини обод қилсин!

 У кишининг вафотларидан кейин ҳам шогирдлари муҳтарам Президентимизнинг Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида ободончилик ишлари жадал олиб борилмоқда. Ушбу савобли ишларнинг давоми сифатида “Новза” жоме масжидининг ёнида, Бунёдкор ва Муқимий шоҳ кўчалари кесишадиган чорраҳада кўприк қурилиш ишлари ниҳоясига етай деб қолди. Мазкур улкан ишга арзимас ҳисса қўшиш мақсадида “Новза” масжиди имом хатиби, масжид қавми, ҳайъат аъзолари, намозхонлар ташаббуслари билан  ҳомийларни жалб қилган холда куни кеча 8-март куни хайрия эҳсони ташкиллаштирилди. Унда масжид фаоллари, отахонлар иштирок этиб, Қуръони карим тиловат қилиниб, Юртимиз Раҳбарияти бу ишга бош-қош бўлиб турган азизларимиз ва қурувчиларнинг ҳаққига дуойи хайрлар қилинди. Тадбир сўнгида ош тарқатилиб, уларнинг юртимиз ободлиги йўлида қилаётган ишларига мувафаққият тиланди.

 А.Собиров,
Чилонзор тумани “Новза” жомеъ масжиди ноиби имоми 

         Насиба Яратганга шукроналар айтиб, ўғли, келини, набираси билан янги ҳовлига кўчиб ўтишди. Кўчиб келишганига уч ой деганда, газ ҳисоблагичларини текшириш учун мутахассислар келишди. Газ ҳисоблагични кўздан кечириб,  анча қарз бўлганлигини айтиб, қарзни тўлаш кераклигини тушунтиришди. Насиба  ҳозир шунча пули йўқлигини айтиб, ойма-ой тўлаб боришини айтди. Газни текширгани келганлар: “Тезроқ тўласангиз ўзингизга яхши, ҳохласангиз шу пулингизни учга бўламиз, бир қисми ҳисоб рақамига, бир қисми сизга, бир қисми бизга. Сизга ҳам тўлашингиз осонроқ бўлади” деб, тушунтиришди.

         Насибани кўзи деразадан қараб турган набирасига тушди. Шунда Насиба “Ҳар қанча қарзим бўлса ҳам, албатта тўлайман. Кўпчиликнинг ҳаққи етимнинг ҳаққидан ёмон деб эшитганман. Оиламиз эҳтиёжига ишлатиб, энди ҳаққидан қочаманми?  Аллоҳни олдига борганда нима деб жавоб бераман? Бир-икки кундан кейин келинг, албатта пулни тайёрлаб қўяман”, деб  газни текширишга келганларга жавоб бериб юборди.

         Насибани олдига икки уй нарида турадиган  қўшниси чиқиб, анча вақт гапга солиб турди. Гап орасида “Электр ҳисоблагични текширгани келиб, 1 миллиондан ортиқ  жарима ёзиб кетишганлигини айтди. Келишайлик десам ҳам кўнишмади”, деб, норози ҳам бўлганлигини таъкидлаб ўтди. Насиба қўшнисидан  нима учун жарима  ёзиб кетишганлигини сўраганида,  қўшнисидан жавобни эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлади. “Сизга тўғрисини айтсам, электр тармоғини “левый” қилиб қўйган эдик. Анчадан бери электрдан текинга фойдаланиб келаётгандик. Шуни сезиб қолиб, текшириш ўтказишди. Энди шунча пулни қандай тўлаймиз?”.

         Юқорида келтирилган ҳодисаларга ўхшаш воқеалар кам бўлсада, ҳаётимизда учраб туради. Бошқанинг ҳаққи бошқа бировда қолиб кетмайди. Озгина фойда қиламиз деймизу, оқибатда бошқа томондан ювиб кетишини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

 “(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман”.

Аллоҳ таоло пайғамбарлар орқали биз умматларга солиҳ амал, эзгу ишларни қилишдан олдин, ҳалол нарсаларни истеъмол қилишга буюрмоқда.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги видолашув ҳажида кўп нарсаларни васият қилдилар. Мана шулар қаторида бошқа кишиларнинг молини ноҳақлик билан ейиш ҳаромлигини ҳам уқтириб, жумладан шундай дедилар:

“Огоҳ бўлинглар-ки, албатта, Аллоҳ таоло сизларга қонларингиз ва молларингизни (бир-бирингизга) ҳаром қилди”.

Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:

 “Эй одамлар, ҳеч бирингиз ризқингизни мукаммал олмагунингизча вафот топмайсиз. Ризқда шошилманглар, Аллоҳдан қўрқинглар, чиройли талаб этинглар. Сизларга нима ҳалол қилинган бўлса уни олинглар ва Аллоҳ ҳаром этган нарсани ташланглар”.

         Ҳаром бўлган нарсаларга бировнинг ҳаққи ҳам киради. Ҳазрати Умар  (розияллоҳу анҳу) тўғрисидаги қуйидаги ривоят барчамизга ибратлидир.

         Бир куни Абдураҳмон бин Авф, мўминларнинг Халифаси Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг зиёратига келди. Салом берди-ю, кутиб турди.

Халифа Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) ёниб турган шамни ўчириб, кейин бошқасини ёқди.

         Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди, у Ҳазрати Умарга: “Эй Амирал мўъминин! Олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз. Яна унга ўҳшаш шамни ёқдингиз. Бунинг нима ҳикмати бор?”, деди.

         Ҳазрати Умар табассум билан:

         “Эй, Абдураҳмон! Ўчирганим давлатнинг шами (молидир). Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим, ўз пулимга олганман. Давлат ишларини қилганимда, давлатнинг шамини ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда, давлат шамини ёқишлик ҳалол бўлмайди, шунинг учун уни ўчирдим, ўз шамимни ёқдим. Шундай қилмасам, Аллоҳга қандай ҳисоб бераман”, деди.

Абдураҳмон бин Авф:

         “Ё Раббий! Ҳаттоб ўғли Умарни бошимиздан нари қилмагин” , деб дуо қилди.

         Ҳалоллик ҳар вақт, ҳар бир инсон учун зарурий фазилат бўлиб келган. Ўз вақтида тўланган тўловлар  эса асосан меҳрибонлик уйларига, шифохоналарда беморларни даволаш учун, қариялар уйига, мактаб ва бошқа  жойларга ишлатилишини  билишимиз зарур. Шунинг учун ҳам, ҳар бир инсон ўзи ва оиласи учун фойдаланган газ, электр энергия, сув ва бошқа маиший хизматларга тўловларни ўз вақтида холис адо қилиши ўзининг жамият олдидаги катта бурчи ва вазифаси эканлигини асло унутмаслиги лозим.

 

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

 

Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Қорадоғий Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиш муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати ва аҳлига табрик йўллади

Бутунжаҳон мусулмон уламолар кенгаши бош котиби Али Муҳйиддин Қорадоғий Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази барпо этилиши муносабати билан Ўзбекистон раҳбарияти ҳамда халқига табрик йўллади.
Ушбу табрик видео кўринишида бўлиб, мазмуни қуйидагичадир:

 “Аллоҳ таолога ҳамдлар, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), У зотнинг оила аъзолари, саҳобалари ҳамда ҳидоятга эргашганларга Аллоҳнинг салот ва саломлари бўлсин!

Баракотли, азиз, гўзал, биз учун севикли бўлган Ўзбекистон ҳукуматидаги ҳурматли ака-укалар, опа-сингиллар! Сизларни барчангизни Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза табрик ила муборакбод этаман!

Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу режалаштирган муборак иши – буюк имомлардан бўлмиш Имом Термизий номидаги илмий-тадқиқот маркази ташкил қилиниши мени жуда ҳам хурсанд қилди. Ўзбекистон юрти жуда ҳам кўплаб муҳаддислар, фақиҳлар ва бошқа қатор соҳаларда етук олимларни етиштириб чиқарган. Улар сабабли ислом маданияти, балки бутун инсоният маданияти бойиди. Мана шундай юрт учун бундай марказларнинг очилиши ажабланарли иш эмас. Шунинг учун мен Ўзбекистон ҳукуматини, шунингдек у ердаги мусулмон халқни ушбу қилинаётган муборак иш муносабати билан табриклайман. Аллоҳ таолонинг изни ила ушбу маскан нафақат Ўзбекистон ҳамда унинг қўшни давлатлари, балки бутун дунё миқёсида ўзининг ижобий самарасини беради, инша Аллоҳ.

Биз Ислом дининиг ўзлиги, тарихи билан шон-шарафга сазовор бўлдик. Шунингдек, ғарб дунёси ҳам ушбу тарих ила зафарларга эришди. Шунинг учун биз ўз тарихимизни ўрганишимиз, аввалги уламоларимиз сингари унга эргашишимиз лозим.

Ислом дини мўътадил дин бўлиб, у фақат бунёдкорликни хоҳлайди, вайрон қилишни эмас, жамиятни бирлаштиради, фирқаларга бўлмайди, инсонларни севади, уларни ёмон кўрмайди. Бу дин ўзбек халқи ва бошқа халқлар учун Аллоҳнинг раҳматидир. Бу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг сийратлари, ва У зотнинг рисолатларидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё, 107), деган.
Аллоҳ таоло Ўзбекистон диёри – унинг Президенти, ҳукумати, халқи, олимлари, толиби илмлари барчасига баракалар ёғдирсин, уларни бундан-да кўпроқ муваффақиятларга эриштирсин!

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳ!”

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигида Сурхондарё вилоятида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 14 февральдаги қарорида ўз аксини топган.

Қарор ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома Абу Исо Термизий (Имом Термизий) ва термизий алломаларнинг меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий-диний қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялаш, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини янада кучайтириш мақсадида қабул қилинди.

Али Муҳйиддин Қорадоғий 1949 йилда Ироқнинг Қорадоғ шаҳрида туғилган. 1975 йилда Бағдод Ислом институтини, 1980 йилда Қоҳирадаги Азҳар университетини тамомлаган. 1985 йилда Азҳар университетида Шариат ва қонун йўналиши бўйича фан доктори илмий даражасини, 1995 йилда профессор унвонини олган. У молиявий муаммолар, банк иши ва иқтисод каби мавзуларга оид ўттиздан ортиқ китоб ва юздан зиёд илмий мақолалар муаллифидир. Ҳозирда Жаҳон мусулмон уламолар кенгашининг Бош котиби лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Манба: markaz.tiu.uz

Вівторок, 21 февраль 2017 00:00

24.02.2017 й. Умр заволи

(1-март – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни )

Мухтарам жамоат! Аллоҳ таоло барча махлуқотлари ичида инсонни энг азиз, мукаррам, мукаммал ва афзал суратда яратган. Ҳақ таоло Қуръони каримда инсонга жуда кўп неъматларни ато этганини, унга покиза нарсалардан ризқ-рўз қилиб берганини эслатиб айтади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا  سورة ﺍﻹﺳﺮﺍﺀ/70

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”.

Барчаларимизга яхши маълумки, муборак динимизнинг барҳаёт таълимоти Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади.

Ҳурматли намозхонлар! Гиёҳвандликнинг ёмон оқибатлари Ислом таълимотида ҳам ҳаромдир.  Бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг каломида ва Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида батафсил баён қилиб берганлар. Гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлган инсон, гўё ўзига омонат қилиб берилган жон ва ақл неъматига хиёнат қилган ва ўзини ҳалокат домига ташлаган бўлади. Бу нарса Аллоҳ таолонинг иродасига зид амал бўлиб, у қатъий қоралангандир. Аллоҳ таоло бу ҳақда барчаларимизни огоҳлантириб, айтади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ... سورة البقرة/195

яъни: “...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!...”

Тарихий маълумотларга кўра, милодий ўн биринчи асрда яшаган мовароуннаҳрлик улуғ аллома Абу Бакр Сарахсий: “Банг (афюн) ўнинчи асрдан бошлаб бизнинг диёримизда пайдо бўлди ва кўп кишилар унга мабтало бўлишди”, деб ёзган. Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади. Яна фатволарда келишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.

Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар беришини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиши, ҳаётдан эрта кетиши, улардан мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланди. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиши  билан баробардир.  Гиёҳвандлик ва уни кишилар, айниқса, ёшлар ўртасида тарқалишининг олдини олиш мақсадида БМТ ҳузурида гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши халқаро ҳайъат ташкил этилган. Мазкур ҳайъат томонидан ҳар йили эълон қилинаётган маълумотларга қараганда жаҳонда гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган жиноятлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунинг учун ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳамда гиёҳвандликка мубтало бўлганларни даволаш борасида ягона дастур ишлаб чиқилди ва ҳаётга тадбиқ этилмоқда. БМТ Қарорига биноан 1 мартни Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни деб эълон қилинган.

Муҳтарам жамоат! Гиёҳвандлик – бу бангиликдир. Бу оғир хасталикдир, яъни у ёки бу наркотик моддаларга ёки кайф берувчи моддаларга ишқибозлик ва мойиллик ҳосил қилишдир, яъни инсон ўз ихтиёри билан миясини заҳарлайди. Натижада ушбу ўта гуноҳ ва нотўғри йўлга қадам қўйган шахс ўзининг одамийлик қиёфасини йўқотади, ўзининг олийжаноб инсонийлик кўринишидан жудо бўлади. Руҳан носоғлом ҳолга келади, касб-ҳунаридан маҳрум бўлиб қолади, оқибатда жиноий ишларга қўл уради, ўғирлик қилади, ўзига ҳам бошқаларга ҳам бахтсизлик келтириб чиқаради. Парвардигорга осий бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳидоятларидан маҳрум бўлади. Энг оғири, ҳам руҳан, ҳам жисмонан инсонийлик қиёфасини йўқотади. Шуни асло унутмаслигимиз лозимки, гиёҳванд моддани тажриба учун, унинг кайфини синаб кўриш мақсадида, бир-икки марта истемол қилиш, “ҳеч нарса бўлмайди”, - деб ҳавас қилиш, ўта хавфли ва ўта ақлсизлик, деб баралла айта оламиз. Зеро, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси муборакларида: “Ҳар бир кайф қилдирувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр ҳаромдир”, - деб огоҳлантирганлар. Хамрдан мурод ақл фаолиятини тўсувчи нарса.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан  бу ҳақда яна бошқа шундай ҳадис бор:

" نَهَى النبى صلَّي عليه وسلم عَنْ كُلِّ مُسْكِرٍ وَ مُفَتِّرٍ " رواه أحمد و ابو داود

яъни: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

Муҳтарам жамоат! Гиёҳвандлик – ҳозирги кунда бутун жаҳонда ўта мураккаб муаммолардан бўлиб қолмоқда. Чунки, у барча мамлакатларда қўпорувчилик, террорчилик ва бошқа оғир жиноий ишларнинг ҳам келиб чиқиши ва кўпайишига ҳамда уларни молиялаштиришга сабаб бўлмоқда. Инсоният ва жамият учун балою-офат бўлган бангиликни таг-туги ва илдизи билан йўқ қилиш учун илмий асосланган, самарали усуллардан фойдаланишимиз керак.

Доно халқимиз: “Касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ!”, - дейди. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир киши соғлом миллатни вояга етказади, соғлом миллат эса, иншоаллоҳ улкан ишларга қодир бўлади. Инсоннинг эътиқоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга тани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу ҳақда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:

"اَلمْؤمِنُ الْقَوِىُّ خَيْرٌ وَأَحَبُّ إلَي الله مِنَ المْؤمنِ الضَّعِيفِ" رواه مسلم

яъни: “Кучли, бақувват мўмин киши Аллоҳ наздида кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва севимлироқдир”.

Шу сабаб, азиз биродарлар, келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллалардаги ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Чиройли одоб-ахлоқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Зеро, ҳусни хулқ соҳибидан доим эзгулик, яхшилик кутилади. Ўзига, оиласига, жамиятига ва Ватанига манфаат етади. Шунинг учун ҳам улуғларимиз: “Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тамойилларини қарор топтириш, уларни гиёҳвандлик, ахлоқсизликдан асраш масалалари бир зум ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги даркор”, - деб уқтирадилар.

Бир болага етти маҳалла ота-она, деган гап бор халқимизда, шундай экан азизлар, бола ўзимизни фарзандимизми ёки бегонаникими уларга эътиборлироқ бўлайлик. Халқимиз келажаги бўлган бу ёшларга, уларнинг тарбияларига, илм олишларига эътибор бериб, келажакда уларни халқ учун, миллат учун, Ватан учун, дини учун хизмат қиладиган бўлишларига харакат қилайлик.

Ҳозирги вазиятда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши бутун чоралар билан кураш олиб бориш инсониятнинг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлиб турибди. Бу ишдан мусулмонларимиз ҳам четда турмасликлари, ёшларга бу одатларнинг зарари ва келтиражак кулфатлари ҳақида мунтазам тушунтириш ишлари олиб боришлари, уларни пок турмуш тарзи, гўзал одоб-ахлоққа тинмай тарғиб қилишлари зарур бўлади. Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом турмуш тарзига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни, Парвардигор ҳаром қилган зарарли иллат ва қусурлардан четда бўлишимизни насиб айласин! Омин!

Четвер, 16 февраль 2017 00:00

Бу сўзни айтишдан эҳтиёт бўлинг!

Ҳозирги вақтда оилаларда ажримларнинг кўпаётгани  жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан биридир. Синовли дунёда оилавий келишмовчиликларни сабр ва бағрикенглик билан бартараф этиш мумкин бўлгани ҳолда кўп ёшларимиз шошқалоқлик, ғазаб, сабрсизлик каби иллатларга тез енгилишмоқда. Йигитларимизнинг аёлига “Уч талоқсан”, “Қум талоқ”, “Минг талоқсан”, “Онангникига борсанг, талоқсан!” дейишлари кўпайиб кетган.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол нарса талоқдир”, дедилар» (Абу Довуд, Имом Ҳоким. Имом Ҳоким саҳиҳ деган).

Айрим эркаклар бу сўзнинг ҳукмини билмасдан хотинини қўрқитиш учун “талоқ” сўзини қайта-қайта тилга олаверади,  жаҳл билан айтилган биргина сўздан оила таназзулга юз тутишини ҳис қилишмайди. “Бир марта жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақолнинг моҳиятини тушунмай жанжаллашаверишади. Бундай тортишувларда эр ҳам, аёл ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилади. Фарзандларнинг аҳволи, атрофдагиларнинг фикри, ҳаёти уларни умуман қизиқтирмайди. Кўпинча аёл эрини қаттиқ рашк қилганидан ёки  бошқаларга ўхшаб яхши яшашни талаб этиши, эрининг қариндошлари билан муносабатлари турли келишмовчиликларга сабаб бўлади.

Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади”, дедилар» (Сунан соҳиблари).

Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб қизига бундай насиҳат қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.

Оилавий ажримлар сабаблари ўрганилганда “талоқ” сўзининг кўп ишлатилиши эр ғазабланганида хотини сабр қилмасдан тилига эрк беришидан юзага келар экан.  Эрининг кайфиятига қараб муомала қилиш маданияти ҳамма аёлга ҳам берилмаган. Шунинг учун хотинлар дарров тилга эрк беришади. “Сенга тегиб нима кўрдим?” “Қўлингдан нима келарди?” каби сўзлар  эркакларнинг қуюшқондан чиқишига сабаб бўлади. Ваҳоланки, турмуш чорраҳаларида кўзланган эзгу орзуларга чиройли сабр билан эришиш мумкин. Афсуски, буларнинг баъзи аёлларга қизиғи йўқ. Аслида, овозни кўтариб эмас, балки бир оз паст келиш билан катта-катта ишларни ҳал қилиш мумкин. Сабр, бир сўздан қолиш билан қанчадан қанча ажримларнинг олдини олиш мумкин эди.

Аллоҳ таоло дунё ҳаётида эрларнинг аёллардан устунлигини таъкидлаб, бундай марҳамат қилади: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир...” (Нисо, 34).

Аллоҳ таоло эркак кишини табиатан ҳиссиётга берилмайдиган, оғир, вазмин, ақлли қилиб яратган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам эркак киши ўзини оғир тутиши керак бўлади. Бироқ айрим жоҳил йигитлар аёлининг ақл билан тузатиш мумкин бўлган камчилиги ёки хатосини тўғрилашга чора қидиришдан кўра бегоналардан таскин қидиришни маъқул кўришади. Аёл эрининг феълидаги ҳар қандай нуқсонга чидаши мумкин, аммо хиёнатини кечиролмаслигини эсдан чиқаришади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Улар билан тотув турмуш кечиринг. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19).

“Кейинги пушмон, ўзингга душман” деб, бекорга айтилмаган. Ўйламай айтилган сўзнинг  асорати оилаларнинг бузилишига,  бегуноҳ гўдакларнинг кўз ёшига сабаб бўлиб  қолмасин.

 

 Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top