muslim.uz

muslim.uz

Четвер, 01 декабрь 2016 00:00

Қомусимиз бахтимиз гаровидир

Конституциямиз қабул қилинганига 24 йил тўлди. Шуни айтиш керакки, ҳуқуқий давлат бунёд этиш учун Конституция ва қонунларнинг устуворлиги катта аҳамиятга эгадир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси олий юридик кучга эга ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг қабул қилиниши ҳуқуқий тикланиш ва тараққиёт сари қўйилган қадам бўлди. Конституция давлатимиз мустақиллигининг улкан рамзи бўлиб, унда ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз акс этган. Ўзбек халқи ана шундай улуғвор Конституцияга муносиб буюк халқдир. Конституциямизда инсон ҳаёти, унинг шаъни, қадр-қиммати, ҳақ-ҳуқуқлари  манфаатлари олий қадрият сифатида мустаҳкамлаб қўйилган.“Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган”.

Яна шуни алоҳида таъкидлаб ўтиз жоизки,   Конституциямизда бирон фуқарони бирон динга мажбурлаб киритиш ҳам тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги кафолатлангани хусусида шундай дейилган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» дейилган. Диний бағрикенглик тамойили Конституциямизнинг барча моддаларида ўз аксини топган десак, хато бўлмайди. Ўзбекистон ҳудудида яшовчи ҳар бир фуқаронинг манфаатлари, ҳақ-ҳуқуқ ва бурчлари қонунимиз доирасида аниқланиб, белгилаб қўйилган. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини эътироф этмоқ лозим.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қадр-қимматини ҳеч нарса билан ўлчаб ва тенглаштириб бўлмайди. Чунки унда мустаҳкамланган қоидаларда ва ифодаланган ғоялар замирида  халқнинг, миллатнинг, қолаверса, бизнинг ҳуқуқ ва эркинликларимиз мужассам. Уни азиз деб билиб, Конституциядаги қоидалар асосида яшаш бизнинг келгуси ҳаётимиз фаровон бўлишининг асосидир. Ҳуқуқий давлат яратиш сари ривожланиб бораётган давлатимизда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаб бориш муҳим вазифалардан саналади. Конституциянинг устуворлиги эса ҳар биримиздан улкан ҳуқуқий масъулиятни талаб этади.

Ўзбекистон Конституциясини ўрганиш зарурлигини инобатга олиб,  2001 йил 4 январда муҳтарам биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Бундан мақсад эса, Ўзбекистон Конституциясининг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, маъно-мазмунини ва моҳиятини ўрганиш, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва маданиятини тарбиялаш ва юксалтиришга қаратилгандир. Конституцияни билган киши ўз хатти-ҳаракатини қонун доирасида амалга оширади. Бошқа кишиларнинг ҳамда жамият ва давлатнинг ҳуқуқ ва эркини ҳурмат қилади. Конституцияни билиш асосида бизда шаклланган ҳуқуқий онг жамият тараққиётининг қудратли кучига айланади. Қонунларнинг муҳимлиги оқибат натижада ана шундай мақсадни амалга оширишга хизмат қилади.

Юқоридаги фикрлар таҳлили шуни кўрсатадики, Конституция ва унинг асосида қабул қилинган қонунларни билган киши ўз ҳуқуқи ва эркини жамият манфаатларини билган ҳолда амалга оширади.    

З. АБДУСАЛОМОВ,

Сурхондарё вилояти Олтинсой туман

“Раҳмонберди ҳожи”

жоме масжиди имом-хатиби

АҚШнинг Дисней шаҳридаги мусулмонлар барчани бағрикенглик ва тинчликка чақириб, кўчадан ўтаётган йўловчиларга атиргул ҳадя этдилар. 

Улар ҳар бир атиргулга яхшиликка ва меҳрли бўлишга чорловчи кичкинагина мактуб боғлаб чиқишган, унга: “Дам олиш кунингиз хайрли ўтсин”, мусулмон қўшнингиздан”, деб ёзилган.

Бошқа дин вакили бўлган йўловчилардан бири гулни олиб кетаётиб яна қайтиб келди, шунда мусулмонлар унга яна гул бермоқчи бўлишди, шунда у: “Раҳмат, гул олдим ва ундаги мактубни ўқиб, Сизларга ҳайрон қолаётганимни айтгани қайтдим. Қандай қилиб нафратга шунча меҳр билан жавоб қайтариш мумкин. Бу ерда кўрганларим кўнглимни жунбушга келтирди”,  деди.

Шундан сўнг йўловчи кўзлари ёшланган ҳолда мусулмон йигитни қучди. У шундай флэшмоб уюштирган мусулмонларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Шу куни мусулмонлар тақдим этишган атиргулларни олган кўпгина йўловчилар Ислом динининг  олижаноб ва гўзал аҳлоқ дини эканини эътироф этдилар.

  

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

 М. Зуфарова тайёрлади.

Середа, 30 ноябрь 2016 00:00

Англияда семинар ўтказилади

    Лондон

Буюк Британия пойтахти Лондон шаҳридаги “Квин Мэри” университети 3 декабрь куни “Иброҳим сурасининг тафсири” тўғрисидаги семинарни ўтказишга мезбонлик қилади.

Мазкур семинар “Зулматдан нурга чиқиш” мавзусида бўлиб, унда инсониятнинг Қуръони карим кўрсатмаларига амал қилган ҳолда зулматдан нурга чиқиб, ҳидоятга эришгани ҳолатига доир маърузалар тингланади.     

Шунингдек, семинарда Қуръони каримнинг  “Иброҳим” сурасида келтирилган Иброҳим (алайҳиссалом) ва у кишидан бошқа бир қанча пайғамбарлар қиссаси тўғрисидаги мутахассис олимларнинг маърузалари  тақдим қилинади. Маълум қилинишича, Лондон шаҳрида ўтказиладиган мазкур семинар Лондон шаҳридаги “Квин Мэри”  университетида Қуръони карим суралари маъноларининг изоҳли таржималарини ўрганиш доирасида ўтказилаётган семинарлардан бири саналиб, Буюк Британиядаги Қуръони карим илмларини ўрганиш Академияси (BAQS) раҳбарлигида Лондондаги исломий тадқиқотлар ва тараққиёт муассасаси (IIDR) билан ҳамкорликда  ташкиллаштирилади.

 

  Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси 

                                                                        И. Аҳмедов тайёрлади.

Середа, 30 ноябрь 2016 00:00

Саволларга жавоб топилди

Кўпчилик инсонлар хаттотларнинг маҳоратига, уларнинг ижодий ишларига қойил қолишади.

Чунки, улар айрим сўз ва калималарни шунчалик нафислик ва тартиб билан бир шаклга солишадики, бунга лол қолмасдан иложи йўқ. Шунинг учун ҳам, уларнинг ижод маҳсулларини кўрган инсон ўзига-ўзи: бу ерда нима тасвирланган, бу қандай ёзув, қандай маънони англатади ва ҳоказо саволларни беради.

Шу каби саволлар меъморий обидалар ва масжид пештоқларида кўп учрайдиган юқоридаги квадрат(тўртбурчак)ли тасвирга ҳам тааллуқли бўлиши табиий. Лекин ундаги ёзув қандай қилиб шундай гўзал ва тартиб билан квадрат ичига жойлаштирилгани қизиқ, албатта. Қуйидаги тасвирда саволларимизга жавоб топамиз:

Гувоҳи бўлганингиздек, ушбу тўртбурчакли тасвирда “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” ва “Ихлос” сураси ёзилган.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади.

Середа, 30 ноябрь 2016 00:00

Дўстона учрашув

2016 йил 28 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси аъзолари билан Свердловск вилоятининг Верхняя Салда шаҳар ҳокимияти раҳбар-ходимлари ўртасида дўстона учрашув бўлиб ўтди. Унда Верхняя Салда шаҳар ҳокимининг ўринбосари Евгения Сергеевна Вербах, Свердловск вилояти муфтийси Абдул-Қуддусс Ашарин, вакилларимиз Иброҳим Иномов, Одилхон Исмоилов, Зайниддин Эшонқулов ва Баҳром Атаджонов қатнашди.

Тадбир иштирокчилари маънавий-маърифий масалаларда ўзаро фикр-мулоҳаза алмашишди. Шунингдек, Яқин Шарқ мамлакатларида вужудга келган қонли уруш, низо ва можаролар, уларнинг салбий оқибатлари ҳамда ёшларни турли хил бузғунчи оқимлар кирдикорларидан эҳтиёт қилиш, уларга ислом маърифатини тўғри етказиш, ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш каби долзарб мавзуларда ҳам якдил фикрлар билдириб ўтилди.

Шу куннинг ўзида Верхняя Салда шаҳар масжидида ҳам намозхонлар билан суҳбат ўтказилди. Имом-хатибларимизнинг самарали суҳбатлари учун масжид имоми Фавил ҳазрат ва намозхонлар ўзларининг самимий миннатдорчиликларини билдиришди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Ушу бўлимдаги асосий материаллар Жалолиддин Нуриддиновнинг "Ҳаж ва умра қўлланмаси"дан олинди

Top