muslim.uz
«Улар» эшонми?
Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган кунини, хоҳлаган нарсасини, хоҳлаган кишисини улуғ қилади. Ақлли бандалар Аллоҳ улуғ деб тайинлаган кимса ва нарсаларини улуғ деб билишлари лозим.
Инсонлар ичидан пайғамбарларни улуғ қилди. Шу ўринда нима учун Аллоҳ пайғамбарларни «Саййид»лар, яьни улуғ зотлар қилиб танлаганини ҳам билиб қўйишимиз керак.
Аллоҳ таоло лутфи карами билан барча пайғамбарларни гуноҳлардан сақлаган. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, охири Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча пайғамбарлар Аллоҳнинг динига тўла-тўкис амал килиб, бутун инсониятга намуна ва ўрнак бўлганлари, қалблари мусаффо ғиллу ғишлардан, гина-ю кудуратлардан холи бўлиб, катта-ю кичик, бою-камбағал, яхши-ю ёмон демасдан ҳаммага бир хил муносабатда бўлиб, Аллоҳнинг ҳақ динини инсонларга мукаммал равишда етказганлари сабабидан улуғланганлар. Шу пайғамбарлар ичида янада улуғроғи Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат кунида одам боласини саййиди менман. Барча инсонлар тириладиган қиёмат кунида биринчи бўлиб қабрдан бош кўтариб чиқувчи, биринчи бўлиб шафоат қилувчи, биринчи бўлиб шафоати қабул қилинувчи ҳам менман. Бу билан фахрланиш йўқдир”, деганлар.
Изоҳ: “Фахрланиш йўқ” дейилгани. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни мартабаларини дунёю охиратда юқори қилишига қарамай, кибрланмасдан ва гердаймасдан ўзларини камтар тутиб фахрланиш йўқ, деганлари барча инсонларга ўрнак ва намунадир. Бу сўзлашув услубида айтиладиган “мақтаниш эмаску…, мақтанмоқчи эмасман…”, деган иборага тўғри келади.
Имом Муслим ривоят қилган «Риёзус солиҳийн» китобининг 345-рақамли ҳадисида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, мусулмонлар! Хонадоним ҳақида Худони ёдларингизга солурман”, дедилар. Зайд ибн Арқамдан: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари ким?” деб сўралганда, “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин садақадан маҳрум этилганлар, яъни садақа ейиши мумкин бўлмаган зотлар”. “Улар кимлар?” дейишганда: “Али, Ақил, Жаъфар ва Аббосни авлодлари” дейилди.
Ушбу китобдаги Имом Бухорийдан ривоят қилинган 346-рақамли ҳадисда: Абу Бакр Сиддиқ: “Эй, мусулмонлар! Аҳли байт ҳақида Расулуллоҳни ҳурмат қилинглар”, деганлар. Яъни аҳли байт билан муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам риоясини қилиб, уларни улуғлаб, ҳурматларини жойига қўйинглар. Аллоҳ таолонинг Китоби – Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси 33-оятида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам хонадонлари ҳақида:
إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا
“Эй, (Пайғамбарнинг) хонадон аҳли! Аллоҳ сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни обдон поклашни истайди, холос”, деб марҳамат қилган, яъни Пайғамбар хонадони Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Уни кўп зикр қилишлари натижасида гуноҳлардан покланиб, улуғлик даражасига эришганлар.
Пайғамбар авлодлари “саййид” дейилади. Саййид – ўзбек тилида хўжа, улуғ, мустақил, ҳукмдор, жаноб маъноларида келади (“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” 3-жуз). Айрим ўзбеклар орасида саййидларни тўралар ҳам дейилади. Саййидларга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари айтганларидек, ўзларига садақани ҳаром қилган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос авлодлари киради. Айрим манбаларда Ҳазрати Али разияллоҳу анҳунинг хотинлари Фотима разияллоҳу анҳодан туғилган фарзандлари “саййид”, бошқа хотинларидан туғилганлари “Хўжа” дейилади, деб ёзилган. Бу тўғри эмас. Ҳазрати Алининг бошқа хотинларидан туғилган фарзандлари ҳам саййидлар дейилади. Саййидлар фақат Ҳазрати Али зурриёдлари эмас, юқорида номлари зикр қилиган Али, Ақил, Жаъфар ва Аббос зурриёдлари ҳам саййидлар ҳисобланади. Ушбу сўз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳадис билан тасдиқланган.
Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан Пайғамбаримиз авлодларини яъни “саййид”ларни ҳурмат килишимиз лозим бўлади. Аммо ўзлигини унутиб, Яратганни амрларига бўйсунмасдан “айниган”, “диндан узоқлашган” бўлсачи? Унда уларни асло ҳурмат қилинмайди. Зероки, “саййид”лик даражаси уларга дин туфайли берилгандир. Динини унутиб, ибодат қилмаса, у кунига юз мартабалаб “Мен саййидларданман!” деб жар солса ҳам “саййид”лик даражасидан тушиб қолади. Нега дейилганда, Пайғамбар авлоди бўлган киши амалий жиҳатдан Пайғамбар меросхўри бўлиб, у зотнинг ишларини давомчиси, дин кўрсатмаларини мукаммал бажариб, одоб-ахлоқ жиҳатидан инсонларга пешво бўлиши керак. Қуруқ “саййид”лик даъвоси билан уни насаби унга заррача ҳам наф бермайди. Бу каби сохта “саййид”ларни ҳурмат қилганлар эса гуноҳкор бўладилар.
Имом Табороний Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки фосиқни ҳурмат қилиб “Саййидим” деса, шак-шубҳасиз Роббисини ғазаблантирибди”, деганлар. Бинобарин “Фосиқ хоҳ бой, хоҳ амалдор, хоҳ саййид бўлсин баробардир”. Унга қиз ҳам берилмайди, қизини ҳам олинмайди!
Отамни Саййид Бурҳон исмли танишлари бўлиб, улар билан дўстлик алоқамиз яхши эди.
Саййид Бурҳон отани қизларидан бири балоғатга етиб, толиби илмлардан бири қизларига совчи юборди. Саййид Бурҳон ота жоҳиллик қилиб қизлари бошига қўнган бахт қушини учириб, қизларини фақат саййид авлодидан бўлганларга беришларини айтдилар. Орадан бир қанча вақт ўтиб, қизларини ўзларига ўхшаган саййид авлодига узатдилар. Рамазон ойида Сайид Бурҳон ота қуда чақириқ қилиб, ифторга – биз толиби илмларни ҳам чақирдилар. Ифтор пайтида оғиз очилиб, шом намозини ўқиганимизда, “Куёв бола” бизни рўза тутиб, намоз ўқиганимиз учун масхара қилди. Биз, толиби илмлар бечора Саййид Бурҳон ота жоҳиллиги туфайли қизини икки қўллаб жаҳаннамга итарганига ачиниб қолдик.
Дарҳақиқат, инсон қуруқ савлати, бойлиги, молу дунёси, насаби-ю мансаби, оқу қоралигига қараб эмас, тоат-ибодати, тақвоси, парҳезкорлиги билан эъзозланиб, қилган яхши амалларига яраша мукофотланади.
Зероки, Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасининг 13-оятида:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“…Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир…» деб адолат мезонини қўйган.
Ўз мақомида турган, ўзлигини унутмаган аслзода “саййид”ларни ҳурмат қилинганидек, аҳли илмларни ҳам эҳтиром қилмоқлик вожибдир. Аллоҳ таоло Зумар сурасининг 9-оятида:
قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ
“Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”, деб марҳамат қилган.
Аҳли байт, яъни саййидлар ва уламоларни ҳурмат қилинишининг сабаби, улар Аллоҳни таниб, Унинг қил деганларига амал қилиб, қилма деганларидан четланганлари учундир. Агар улар Аллоҳ берган қадру қийматига, улуғлигига яраша амал қилмасдан куфрони неъмат қилсалар, ўзларининг кимлигини унутиб, айниган, фосиқ бўлишса, уларнинг биронтасини ҳам ҳурмат қилиб бўлмайди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам суюкли қизлари Фотимага: “Эй, қизим! Отам пайғамбар, деб насабингга суянма, амалиигни билиб қил, зеро, ҳар бир жон қилган амалига қараб мукофотланади”, деганлар.
Тарихга назар солсак, туркий қавмларда подшоҳни “хон” дейишган. хонни ака-укалари бўлса, ҳеч ким уларни хон демаган. Хон ака-укаларини бирон шаҳарга, қўрғонга ёки овулга бек қилиб тайинлаган. Бек бўлган киши вафот этиб, орқасида ўғли қолган бўлса, отасининг ўрнига бек, бўларди. Бекни ака-укалари эса оддий халқ қаторида бўларди.
Уйғур ва унинг атрофидаги элларда подшоҳни “тўра” дейишган. Тўранинг ака-укалари бўлса, уларни ўз қаромоғидаги жойларга тўра эмас, “бек” ёки “ҳоким” қилиб тайинлаган. Ҳеч ким уларни тўра авлоди дейишмаган.
Хоразм ва Эронда подшоҳни “шоҳ” дейилган. Шаҳзодаларни “султон” дейилган. Хон, Ҳоқон, Тўра, Бек, Султон, Шоҳ, Подшоҳ, Амирлар насаб эмас.
Одамларда табиатан ўзларини бошқалардан юқори олиб мақтаниш одати бор. Шу сабабдан олдинги замонда ўтган боболаридан бири хон бўлган бўлса, биз хонларданмиз, деб исмларига хон қўшиб айтиши, тўра ўтган бўлса, биз тўраларданмиз, деб тўра қўшиб айтиши, бек ўтган бўлса, бек қўшиб айтиши, шоҳ ўтган бўлса, биз шоҳларданмиз, деб шоҳ қўшиб айтиши, амир ўтган бўлса, биз мирларданмиз, деб мир қўшиб айтиши одат бўлган. Аслида эса бошқалардан ҳеч қандай ортиқлиги йўқ. Бир ота – Одам алайҳиссалом ва бир она – Момо Ҳавводан таралган оддий инсондир. Аслида инсоннинг бошқалардан ортиқлиги фақат парҳезкорлиги ва тақвоси билан бўлади.
Бу борада ҳақикат куйчиси, оташнафас Бобораҳим Машраб ҳазратлари:
Саййидсан, Ҳожасан зинҳор,
Мағрури насаб бўлма!
– деб ҳақиқатни баён қилганлар.
Насабига қараб сийланадиган бўлса, Нуҳ ва Лут алайҳиссаломларнинг аёллари сийланарди. Аммо бу иккала аёл улуғ зотларнинг жуфтлари бўлишларига қарамай, кофир бўлганликлари учун жаҳаннамга лозим топилди. Шунингдек, Нуҳ алайҳиссалом пайғамбар бўлишларига қарамай, Ём исмли ўғиллари кофир бўлиб, Тўфонда ғарқ бўлиб ўлди. Иброҳим алайҳиссалом жами пайғамбарларнинг отаси бўлишига қарамай, оталари Озар кофир бўлди. Бунинг акси, худолик даъвосини қилган ашаддий кофир Фиръавннинг хотини Осиё мусулмон бўлди. Демак, инсон кимни ўғил-қизи, кимни ота-онаси, кимни яқини ва дунёдаги мартабасига қараб эмас, қилган ишига, амали солиҳига қараб мукофот олади.
Шунинг учун илгарилари ўтган улуғларимиз насаблари саййид авлодидан бўлсалар ҳам ўзларини паст олиб, камтарлик билан исмларига қул қўшиб айтишган. Масалан, Қул Хожа Аҳмад, Асрорқул, яъни Аллоҳнинг қули, бандаси эканликларига иқрор бўлишган. Дарҳақиқат, ҳаммамиз Аллоҳнинг бандаси, яъни қулимиз. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримизнинг номлари зикр қилинган жойда Муҳаммад абдуҳу деб, у зотнинг банда эканлигини қўшиб айтилади. Биронта китобда Пайғамбаримизни Муҳаммадхон дейилган эмас.
Халқимиз орасида эшонлармиз, деб ўзини юқори оладиганлар ҳам бор. Хўш эшон ким? Бизнинг диёримизда тариқат илми ривожланган бўлиб, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Али Ромитаний, Бобои Саммосий, Нажмиддин Кубро, Аҳмад Яссавий, Хўжа Аҳрор Валий, Шайх Хованди Таҳур, Занги ота ва бошқа бир қанча авлиёлар етишиб чиққан. Булар халқимизни комиллик сари етаклаб, комил инсон бўлиш йўл-йўриқларини ўргатишган. Буларни араб тилида шайх, форс ва ўзбек тилларида пир дейишган. Шайх ёки пирнинг луғатдаги маъноси чол, қариядир. Истилоҳда эса, устоз маъносида ишлатилади. Яъни тариқат илмининг устози. Бу йўлни хоҳловчиларни мурид, яъни шу йўлни хоҳловчилар дейилгани бўлади. Тариқат пирлари хоҳ катта, хоҳ кичик бўлишига қарамай, халқимиз уларни зъзозлаб, ҳурматларини жойига қўйиш учун беодоблик бўлмасин деб, исмларини айтмасдан эшон дейишган. Эшон форс, тожик тилларидан олинган бўлиб, “улар” маъносида келади.
Бу насаб эмас, фақат ҳурмат учун айтиладиган сўз. Демак, бир киши кўп ибодат-у зикрлар қилиб, ҳурматга сазовор бўлиб, эшон бўлган бўлса, унинг ўғил-қизи ҳам эшон бўла олмайди, уларни эшон авлодлари дейилмайди. Эшон бўлиш учун отасидек динга, шариату тариқатга хизмат қилган бўлиши керак.
Содда халқимиз тушунмаган ҳолда, ундай даъвогарларни ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, чўчқа гўшти еса ҳам, ҳаром ичкиликларни истеъмол қилса ҳам, намоз ўқимаса хам, турли-туман гуноҳлардан қайтмаса ҳам эшон деб юришади. Улар асло эшон эмас.
Аҳмаджон БОБОМУРОД,
Тошкент ислом институти
“Таҳфизул Қуръон” кафедраси
катта ўқитувчиси.
Киши вафотидан сўнг, аза тутувчи бир парча ер қаер?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бир қуш уясичалик бўлсада, Аллоҳ учун масжид қурса, Аллоҳ ҳам унинг учун жаннатда бир қаср қурдиради”.
“Қай бирингиз масжидга кирсангиз, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқинг”.
“Масжидга яқин жойда турган киши намозини доим масжидда ўқисин”.
“Қай бирингиз масжидга кетаётган бўлсангиз, бутун йўл давомида фаришталар салоту салом айтиб: “Ё Аллоҳ, унга омонлик бер, Ё Аллоҳ унга марҳамат қил. Ё Аллоҳ, таҳорати бузилмасин (ёҳуд масжиддан чиқмасидан) уни авф эт!” дейдилар.
“Охир замонда умматимдан бир қисм инсонлар пайдо бўлади. Масжидларга келадилар. У ерларда давра-давра, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтирадилар. Бутун фикр-зикрлари дунё ва унинг севгиси бўлади. Улар билан ўтирманг. Аллоҳнинг уларга эҳтиёжи йўқ”,
“Бир кимсанинг доим масжидларга келиб турганини кўрсангиз, унинг имонли эканига гувоҳлик беринг”.
Саид ибн Мусайяб деди: “Масжидда ўтириш Робби билан ўтириш демакдир. Шундай бўлгач, у ерга кирган одам, фақат яхши нарсалардан сўзламоғи керак”.
Яна ривоятларда келадики: “Масжидда айтилган дунёвий сўзлар, ҳайвонлар ям-яшил ўтларни егани каби, ҳасанот (гўзалликлар, яхши амаллар)ни ейди”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Ким масжидга бир қандил ёқса, бу қандилнинг ёруғи масжидни қанча вақт ёритиб турса, фаришталар ва аршга юксалганлар унинг учун шунча вақт истиғфор айтишади”, дедилар.
Ато Хуросоний: “Ер юзининг бир парчасида Аллоҳ учун сажда қилган ҳеч бир киши йўқки, ўша ер парчаси унинг учун қиёматда гувоҳлик бермаса ва ўлган куни аза тутмаса”.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Намоз ва зикр билан Аллоҳ эсга олинаётган пайтда босиб турилган ҳар тупроқ парчаси атрофидаги бошқа парчаларига бу билан ифтихор қилади. Буни етти иқлим тупроқ парчаларига эшиттиради”.
Абдуллоҳ ПАРПИЕВ
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Ўраб-чирмаш билан муаммони ҳал этиб бўлмайди
Диннинг яратувчилик, бунёдкорлик, уюштирувчилик ва йўналтирувчилик салоҳияти ҳамиша жамият ривожи, инсон камолотига хизмат қилган. Биринчи президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида: “Бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидения, матбуот, интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма деб бир томонлама тарбия бериш уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Нега деганда, биз юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифасини ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз”, деб таъкидлаган эди.
Ёшларнинг интернетдан унумли фойдаланиши таъминлаш ҳар бир ота-она. устоз ёки тарбиячининг бурчидир. Бу ҳақда марҳум Биринчи президентимиз шундай деган эди: “Тўғрисини айтадиган бўлсак, ёшлар бугун ахборот ва маълумотларни асосан интернет орқали олаяпти, дунёни телевидение ва компютер орқали танияпти. Ота-онаси, ўқитувчилари минг тарғиб-ташвиқ қилмасин, бугунги ёшлар “Ўткан кунлар”, “Уруш ва тинчлик” каби мумтоз романларни ёппасига ўқияпти, деб айта оламизми? Модомики, шундай экан, энди одамлар, ёшлар китоб ўқимай қўйди, деб фақат нолиб ўтирмасдан, ана шу таъсирчан замонавий ахборот воситалари орқали адабиётимизни кенг тарғиб этиш, хусусан, интернет имкониятларидан фойдаланиб, етук бадиий асарларни ёшларга етказиш устида ҳам жиддий бош қотириш зарур, деб ўйлайман”.
Хулоса қилиб айтганда, ёшларни ёт таъсирларга берилиб кетишдан асраш учун уларда соф исломий кўникма ҳосил қилишга ҳаракат қилиш, Қуръони карим хулқи билан хулқлантириш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини чуқур ўрганиб, ҳаётга татбиқ қила билиш, аждодларимизнинг бизгача қолдириб кетган асарларидан, уларнинг ҳаётларидан ибрат олиш зарур омиллар ҳисобланади.
Саҳобахон МУҲАММАДОДИЛОВА,
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом билим юрти талабаси
Эркакларга нима бўляпти?
Яқинда ижтимоий тармоқларнинг бирида “Ўзбек аёлларига нима бўляпти?” сарлавҳали бир видео ролик эътиборимни тортди. Қизиқиб очиб кўрдим. Экранда бир-бирини куракда турмайдиган, хақоратли сўзлар билан сўкаётган, уст-бошини йиртган, шарму-ҳаё деган инсоний хислатларни унутганча уришаётган уч нафар ўзбек аёлини кўриб, ёқамни ушладим. Кейин билсам, бу сарлавҳа остидаги бир-биридан жирканчли, бир-биридан вахший видеолавҳалар жуда кўп экан. Минг афсус, надоматлар бўлсинким, бу аёлларнинг урушини тамоша қилиб турганларнинг аксарияти эркаклар эди. Негадир уларни ажратиш, тарбияга чақириш ўрнига беҳаёларча ярим-ялонғоч аёлларни тамоша қилаётган, “текин тамоша” жангини тасвирга олаётган эркаклардан нафратландим. Эссиз, эркак деган ном, эр деган шараф... Наҳот, бу одамлар ўзларининг ким эканини унутган?
Ахир, Аллоҳ таоло уларни аёллардан динда ҳам, фаҳм-фаросатда ҳам, куч-қувватда ҳам бир пағона устун қилиб яратганини англамайдиларми?
Ҳакимлардан бири айтади: “Тўрт нарсада шукр қилдим:
- Аллоҳ таоло махлуқлардан минг хилини яратди, сўнг, уларнинг ичида одамни улуғ этди ва мени ҳам одам фарзандидан яратди.
- Эркакларни хотинлардан фазилатли қилди ва мени эркак қилиб яратди.
- Исломни динларнинг афзали этди ва мени муслмонлардан қилди.
- Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларини умматлар ичида энг афзал уммат қилди ва мени ҳам у зотнинг умматларидан қилди”.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло эркакларни Пайғамбар, авлиё, солих кишилар чиқариш билан фазилатли этди. Эркак кишига юксак ишонч билдириб, уларнинг зиммасига маъсулиятни юклади. Фарзандини ва аҳли аёлини нафақаси, ота-онасининг хизмати, гувоҳликдаги устунлик, талоқ лафзи ва бунга ўхшаган шаърий масалаларда аёллардан устун қилиб қўйди ва аёлларга раҳбар қилди. Аллоҳ таоло айтади: “Эркаклар хотинлари устида раҳбардирлар. Бунга сабаб Аллоҳ таоло уларнинг бировларини бировларидан (яъни, эркакларни аёллардан) ортиқ қилгани ва эркаклар (хотинлари ва оилалари учун) ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилганларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Энди бугунги кунимизда эрлик маъсулиятини хис қилмасдан, оиласи ва фарзандлари нафақасини таъминламасдан, аёлини турли-туман, аёлларга хос бўлмаган юришига рози бўлиб, мардикорчилик учун турли жойларга юбораётганларни ким деб атаймиз? Аёлларга хос бўлган ғийбат, миш-миш, уруш-жанжал каби қабих хислатларга тўғаноқ бўлиш ўрнига гўёки бу воқеаларни ким биринчи тарқатишда мусобақа ўйнаётгандек, уялмай тасвирга олиб, бутун дунёга тарқатаётганларини эркак дея оламизми? Ота-боболаримиз азал-азалдан эркак кишини “номус қўриқчиси” деб аташган. Чунки ҳар бир эркак ўз оиласи, маҳалла куйи, эл юрти ва миллатининг номусини, шанини, обрўсини ҳимоя қилган. Айниқса аёл-қизларни ниҳоятда авайлаган. Бирор-бир ёмон отлиқ аёлни унинг маҳалласига, қишлоғига нисбат берилишини ўзлари учун ор деб билган. Бугун эса айрим “эркаклар” бундай хунук воқеаларни яшириш ўрнига, ўзгалар кўриб қолса хижолат бўлиш ўрнига, “Ўзбек аёлларига нима бўляпти?” деган ёзув остида бутун дунёга овоза қилиши ниҳоятда аянчли воқеадир. Қолаверса, муқаддас динимизда ўзгаларни айбини яшириш, хато-камчиликларини беркитишга катта аҳамият қаратилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир мусулмонни айбини беркитса, Аллоҳ таоло унинг айбини бу дунё-ю охиратда беркитади” (Имом Муслим) деганлар.
Қолаверса, бировнинг обрўсини, шаънини тўкиши мутлақо ҳаром. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир бандасига бирор неъматни берса, ўша бандасида берган неъматини асари кўриниб туришини яхши кўради”, деганлар.
Шундай экан, Аллоҳ таоло бизга берган бу эркаклик неъматининг асари ҳар қандай холатимизда ҳам кўриниб турсин.
Ёрбек ИСЛОМОВ Учкўприк тумани
“Шоҳ муқаддам” жоме масжиди имом ноиби
Мирзиёев: “Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида фильм ишлашимиз керак”
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда President.uz сайтида хабар берилди.
Йиғилишда Бош вазир, тегишли вазирлик ва идоралар, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва унинг тизимидаги ижодий ташкилотлар раҳбарлари, киноижодкорлар вакиллари иштирок этди.
Дунё миқёсида турли ғоя ва мафкуралар кураши, одамлар, айниқса, ёшларнинг қалби ва онгини эгаллаш учун турли кучлар ўртасида рақобат кескин тус олган бугунги кунда энг оммавий санъат бўлган кинонинг беқиёс имкониятларидан самарали фойдаланишимиз керак, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз соҳа мутахассисларига мурожаат қилар экан, буюк боболаримиз ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини билдирди.
“Нега Имом Бухорий ҳақида фильм йўқ? Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳақида нега фильм ишланмаяпти? Биз Ислом цивилизация марказини қуряпмиз. Исломни тараннум этиш жуда катта тарбия воситаси. Фильмлар ишланса, уни масжидларда ҳам кўрсатса бўлади. Биз шу орқали Бухорий, Термизий, Мотуридий ва Насафий боболаримизнинг қилган ишларини одамларга етказамиз. Биринчидан, онгимиз ўзгаради. Иккинчидан, биз ўз устимизда ишлаш орқали атрофимизда муҳит яратамиз ва одамларни ёмон иллатлардан сақлаб, ижодга йўналтирамиз. Энг асосийси, биз ўзлигимизни англамас эканмиз, айтилган гапларни меъёрига етказа олмаймиз”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Манба: azon.uz