Мақолалар

Киши вафотидан сўнг, аза тутувчи бир парча ер қаер?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким бир қуш уясичалик бўлсада, Аллоҳ учун масжид қурса, Аллоҳ ҳам унинг учун жаннатда бир қаср қурдиради”.

  “Қай бирингиз масжидга кирсангиз, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқинг”.

“Масжидга яқин жойда турган киши намозини доим масжидда ўқисин”.

“Қай бирингиз масжидга кетаётган бўлсангиз, бутун йўл давомида фаришталар салоту салом айтиб: “Ё Аллоҳ, унга омонлик бер, Ё Аллоҳ унга марҳамат қил. Ё Аллоҳ, таҳорати бузилмасин (ёҳуд масжиддан чиқмасидан) уни авф эт!” дейдилар.

“Охир замонда умматимдан бир қисм инсонлар пайдо бўлади. Масжидларга келадилар. У ерларда давра-давра, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтирадилар. Бутун фикр-зикрлари дунё ва унинг севгиси бўлади. Улар билан ўтирманг. Аллоҳнинг уларга эҳтиёжи йўқ”,

 “Бир кимсанинг доим масжидларга келиб турганини кўрсангиз, унинг имонли эканига гувоҳлик беринг”.

Саид ибн Мусайяб деди: “Масжидда ўтириш Робби билан ўтириш демакдир. Шундай бўлгач, у ерга кирган одам, фақат яхши нарсалардан сўзламоғи керак”.

Яна ривоятларда келадики: “Масжидда айтилган дунёвий сўзлар, ҳайвонлар ям-яшил ўтларни егани каби, ҳасанот (гўзалликлар, яхши амаллар)ни ейди”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Ким масжидга бир қандил ёқса, бу қандилнинг ёруғи масжидни қанча вақт ёритиб турса, фаришталар ва аршга юксалганлар унинг учун шунча вақт истиғфор айтишади”, дедилар.

Ато Хуросоний: “Ер юзининг бир парчасида Аллоҳ учун сажда қилган ҳеч бир киши йўқки, ўша ер парчаси унинг учун қиёматда гувоҳлик бермаса ва ўлган куни аза тутмаса”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Намоз ва зикр билан Аллоҳ эсга олинаётган пайтда босиб турилган ҳар тупроқ парчаси атрофидаги бошқа парчаларига бу билан ифтихор қилади. Буни етти иқлим тупроқ парчаларига эшиттиради”.

 

Абдуллоҳ ПАРПИЕВ

Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

Read 7064 times

Мақолалар

Top