muslim.uz
Рамазон охирлаб бормоқда...
Рамазон охирлаб бормоқда. Биз режалаштирган қайси эзгу амалларимизга улгурдигу қайсиларини кейинги йилга олиб қўймоқчимиз. Бироқ ҳали вақтимиз бор, ойлар султонининг ҳар дақиқаси бебаҳо ва мазмунли, улгурамиз кўп эзгуликларга иншооллоҳ.
Қуръони каримнинг Нисо сураси, 80-оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди. Кимда-ким бош тортса, Сизни улар устидан қўриқловчи қилиб юборганимиз йўқ”. Чиндан ҳам, Набий (а.с.)нинг ҳаёт йўллари биз ўрганишимиз, намуна олишимиз учун энг муносиб ҳидоят манбаидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Рамазон ойи давомида ҳар доимгидан кўпроқ ибодат ва эзгуликлар қилишга шошилар эдилар. Биз ҳам уларнинг бу қутлуғ йўлларидан юришга муяссар бўлишни дилимизга тугганмиз. Зеро, бу бизнинг олий мақсадимиз бўлиши керак.
Қуръони каримни кўпроқ тиловат қилишнинг айни палласи – Рамазон ойидир. У Қуръон ойи, маърифат ойи деб бежиз таъкидланмаган. Бу муборак шаҳр – Қуръон нозил бўлган ойдир. Ҳадисларда келтирилишича: “Жаброил (а.с.) Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига Рамазонда ҳар тунда келар, бу ҳол Рамазон тугагунча давом этар эди. Расулуллоҳ Жаброил (а.с.)дан Қуръонни ўтказиб олар эдилар”. Ушбу ҳадисдан маълумки, Рамазон ойида қанча кўп Қуръон ўқилса шунча яхши, унинг яхшилиги ва баракаси ҳам ортиб бораверар экан. Қолаверса, оятларнинг мазмунини тушунишга ҳаракат қилиш, суралар моҳиятини тафаккур қилиш алоҳида аҳамиятга эгадир. Бугунги кунда тобора чирой очиб бораётган масжидларда адо этилаётган хатми Қуръонлар ана шу гўзал анъананинг давомидир.
Рамазонда ҳар қачонгидан ҳам саховатли бўлмоқ жоиз. Бинобарин, Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам сахийлик бобида пешқадам эдилар. Айниқса қутлуғ ойнинг шарофати билан уларнинг карамлари янада ортгандан ортиб бораверар эди. Ҳадисларда таъкидланишича, “Расулуллоҳ (с.а.в.) инсонларнинг энг сахийси эдилар. айниқса Рамазонда Жаброил (а.с.) билан учрашганларида сахийликлари янада ортар эди”. Демак, ҳали вақтимиз бор. Атрофимизга бир назар ташлайлик, қийналган қариндошларимиз ёки ночор қўни-қўшнию бева-бечораларнинг ҳолидан бир бор хабар олиб, кексаларни йўқлашни унутмайлик.
Бу ойда дуоларимизни янада кўпайтиришимиз фазилатли. Айниқса, ифтор пайтида қилинган дуонинг хосияти бемисл. Расулуллоҳ (с.а.в.) оғиз очганларида шундай дер эдилар: “Ташналик кетди, томирлар намланди ва ажр савоб собит бўлди”. Ифтор пайти дуолар қабул бўладиган вақтлар қаторидадир. Бу эса нақадар буюк имконият. Рамазоннинг қадрли лаҳзаларида, ифторлик палласида чин дилдан, юрак-юракдан Яратганга илтижо қилишнинг фазли тенгсиз. Бу ғанимат онлардан фойдаланиб қолайлик.
Рамазон меҳр-оқибат, мурувват фаслидир. Айниқса, киши ўз оила аъзолари билан янада хушмуомала бўлиши, эзгулигу саховатларини аввало оиласи учун адо этмоғи муҳим ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Сизларнинг энг яхшингиз оиласига яхшиларидир”, дея марҳамат қилинади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам Рамазон ойида аҳли оиласига гўзал муомала қилганлар, аёлларига ибодат ва бошқа масалаларда таълим берганлар.
Рамазон охирлаб бораётган кунларда ҳар бир мусулмон фитр садақаси ҳақида унутмаслиги лозим. Бинобарин, ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) фитр садақасини рўзадорнинг сўкиш ва лағв ишларини поклаш ҳамда мискинлар учун таом маъносида фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, мақбул закот, ким намоздан сўнг адо қилса, садақанинг бир тури ҳисобланади”. Демак, ушбу муборак кунларда фақирларнинг хонадонига хурсандчилик улашиш, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш бир томондан зиммамиздаги масъулиятли вазифа бўлса, иккинчидан, оилаларга шодлик ва барака олиб келувчи шарафли ва савобли амаллардан экан.
Биз Рамазоннинг ғанимат имкониятларининг денгиздан томчисинигина эслатиб ўтдик. Бироқ, унинг яхшиликларини санаб охирлаш мумкин эмас. Рамазон охирлаб бормоқда. Унинг имкониятларга бой лаҳзаларини исроф қилмайлик. Қолаверса, Рамазон ойидан таълим олганларимизни йил давомида ўзимизга одат билайлик: Ҳамиша эзгуликларга шошилайлик, Қуръони карим тиловати ва маърифат эгаллашдан тўхтамайлик, дуоларимизда Аллоҳдан юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик сўрайлик, муҳтож ва касаллар ҳолидан ҳамиша хабардор бўлайлик. Ана шунда Рамазон шукуҳи қалбларимизни йил давомида тарк этмайди.
Шарифа ҒАНИЕВА,
“Зиё” студияси бош муҳаррири
Ҳайит байрами ва унда адо этиладиган амаллар
Мана яқиндагина интиқиб кутганимиз муборак Рамазон ойи ҳам тобора поёнига етиб бормоқда. Аллоҳ таоло бу ой давомида қилган барча тоат-ибодатларимизни Ўз даргоҳида қабул қилган бўлсин! Бу ой давомида туйганимиз ибодат лаззатидан келгуси Рамазонгача бизларни айирмасин! Рамазондан айрилишни ўйлаб маҳзун бўлаётган қалбимизга энг улуғ байрамларимиздан бири бўлган Ийдул фитр ҳайит байрами ташрифи таскин бағишламоқда. Аллоҳ таоло бу байрамни барча мусулмонларга муборак айласин ва уни шариатда кўрсатилганидек ўтказиш бахтига барчаларимизни муваффақ қилсин!
Биз ҳайит байрами деб атаётган байрам араб тилида “ийд” яъни “қайтиш”, “такрор келиш” маъноларини англатади. Бу байрам қайта-қайта келгани учун мазкур ном билан аталган. Баъзи уламолар: “Бу байрам инсонларга уларнинг қийинчилик ва ғам ташвишларига қарамасдан ҳар йили уларга хурсандчилик ва шодлик билан қайта-қайта келгани учун “ийд” деб номланган, деганлар.
Муқаддас динимизда учта улуғ байрам бор:
- Ийдул фитр. Бу байрам ҳар йили Шаввол ойининг биринчи куни нишонланади;
- Ийдул азҳо. Бу байрам ҳар йили Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади;
- Ҳафталик байрам. Ҳар ҳафтанинг жума куни мусулмонлар учун байрам ҳисобланади.
Икки ҳайит байрами кунлари ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ قَدِمَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم الْمَدِينَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبُونَ فِيهِمَا فَقَالَ « مَا هَذَانِ الْيَوْمَانِ ». قَالُوا كُنَّا نَلْعَبُ فِيهِمَا فِى الْجَاهِلِيَّةِ. فَقَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم « إِنَّ اللَّهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا يَوْمَ الأَضْحَى وَيَوْمَ الْفِطْرِ ». رَوَاهُ اَبُو دَاود.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар. Уларнинг (Мадиналикларнинг) ўйнаб ҳордиқ чиқарадиган икки кунлари бор эди. У зот алайҳиссалом: “Бу икки кун қандай кун”, дедилар. Мадиналиклар: “Биз жоҳилиятда бу икки кунда ўйнаб ҳордиқ чиқарар эдик”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта Аллоҳ таоло сизларни бу иккисидан яхшироқ кунларга алмаштирди, ийдул азҳо ва ийдул фитр”, дедилар”. (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Ушбу икки ҳайит байрами Исломнинг икки улуғ рукнлари ортидан келади. Улардан бири Рамазон рўзаси тугаганидан сўнг, иккинчиси ҳаждан кейин яъни ҳожилар Арафотда турганларидан сўнг нишонланади.
Ҳайит байрамлари барча мусулмонлар шодлик ва хурсандчилик изҳор қиладиган кунлар ҳисобланади. Бу кунларда мўминлар Аллоҳ таолога берган сон-саноқсиз неъматлари учун, шукрона сифатида садақаи фитрларни берадилар, қурбонлик қиладилар такбир айтадилар, ҳайит намозларини адо этадилар. Ҳайит байрами кунлари ибодат ва шукрона кунлари, хурсандчилик ва шодлик кунларидир. Шунга кўра бу кунлар дунё ва охират яхшиликлари жамланган улуғ кунлар ҳисобланади.
Уламолар жума намозини адо этиш фарз бўлган кишиларга ҳайит намозларини адо этиш вожиб бўлади, деганлар.
Ҳайит намозлари қўёш бир ё икки найза бўйи кўтарилгандан сўнг ўқилади.
Ҳайит намозига чиқишда ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَيَوْمَ الأَضْحَى. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити кунида ва Қурбон ҳайити кунида (албатта) ғусл қилар эдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).
Шунингдек ҳайит намозига чиқишда ювиниб тоза-озода бўлганидан сўнг ширин мушк ва атирлар билан хушбўйланиб чиқилади.
Ҳайит кунида имкони бор киши янги кийим кийиши мустаҳаб саналади. Чунки бу иш Аллоҳ таолонинг бандасига берган неъматларини изҳор этиш, шоду-хуррамлигини намоён қилиш бўлади. Бунга имкони йўқлар энг яхши тоза-озода кийимларини кийиб чиқадилар.
Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади. Аммо ундан олдин Рамазоннинг аввалги кунларида бериш ҳам жоиз ҳисобланади. “Садақаи фитр”ни бериш туфайли камбағалларнинг хонадонларига ҳам хурсандчилик улашилган бўлади. Бунга қуйидаги ҳадисда далил бор:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَمَرَ بِزَكَاةِ الْفِطْرِ أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلاَةِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини инсонлар намозга чиқишларидан олдин адо этилишига амр қилганлар” (Имом Муслим ривояти).
Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай хабар берилган:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар” (Имом Бухорий ривоят қилган).
Қурбон ҳайитида Рамазон ҳайитининг акси ўлароқ то ҳайит намозини адо этилгунича таомланмаслик суннат бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَا يَخْرُجُ يَوْمَ اَلْفِطْرِ حَتَّى يَطْعَمَ وَلَا يَطْعَمُ يَوْمَ اَلْأَضْحَى حَتَّى يُصَلِّيَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр кунида таомлангунларича (фитр намозига) чиқмасдилар ва қурбонлик кунида намоз ўқигунларича таомланмасдилар”. (Имом Термизий ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қурбон ҳайити кунида намозгоҳдан қайтганларидан сўнг қурбонлик қилиб, дастлаб унинг гўштидан тановул қилганлари ривоят қилинган.
Агар бирор узр бўлмаса, ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳам суннат ҳисобланади. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган:
كَانَ يَخْرُجُ إِلَى الْعِيدَيْنِ مَاشِيًا وَيُصَلِّي بِغَيْرِ أَذَانٍ وَلَا إِقَامَةٍ ثُمَّ يَرْجِعُ مَاشِيًا فِي طَرِيقٍ آخَرَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар” (Имом Ибн Можа ривоят қилган).
Шунга кўра бирор касаллик, ёки узоқлик ёки қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса, намозгоҳга пиёда бориш суннат бўлади.
Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннатдир. Ушбу такбир ва таҳлиллар билан ҳайит байрами келганидан хурсанд бўлиш ва бу куннинг бошқа кунлардан фарқли кун эканини билдириш ҳисобланади. Аммо такбир айтишда ҳамма жамланиб, ораларидан бири баланд овозда такбир айтиб қолганлар унга жўр бўлишлари суннат эмасдир. Чунки бундай такбир айтиш ривоят қилинмаган.
Ҳайит намози икки ракатлик намоздир. Ҳайит намози вақти кирганида имомга иқтидо қилган ҳолда азон ва такбирсиз икки ракат намоз ўқилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ وَعَنْ جَابِرِ بْنِ عَبْدِ اللَّهِ الأَنْصَارِىِّ قَالاَ لَمْ يَكُنْ يُؤَذَّنُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَلاَ يَوْمَ الأَضْحَى. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Ибн Аббос ва Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳумолар: “Фитр кунида ҳам, Қурбонлик кунида ҳам азон айтилмаган”, дейишди”, (Имом Бухорий ривоят қилган).
Чунки азон ва такбир фарз намозлари учун суннат бўлади.
Имом ийд намозининг қироатини жаҳрий қилади ва биринчи ракатига “Аъла” сурасини, иккинчи ракатига “Ғошия” сурасини зам қилиши мандуб бўлади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳайит намозларида “Қоф” ва “Қамар” сураларини зам қилганлари ҳам ривоят қилинган.
Ҳанафия мазҳабига кўра ҳайит намозлари қуйидаги тартибда адо этилади:
- Имомга иқтидо қилиб ҳайит намозини адо этишни қалбида ният қилинади ва мазкур ният ҳам талаффуз қилинади;
- Кейин имом ортидан такбири таҳрима айтилиб қулоқ қоқилади. Такбири таҳримадан сўнг қўллар киндик осига боғланиб “сано” дуоси ўқилади;
- Кейин имомга эргашиб уч марта такбир айтилади. Ҳар такбир айтишда қўлларини бош бармоқлари қулоқлари юмшоғига тегадиган миқдорда кўтариб сўнг ёнга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланиб киндик остига қўйилади;
- Кейин имомнинг қироатига қулоқ солинади. Қироатдан сўнг имом ортидан такбир айтиб руку ва саждаларни адо этади;
- Иккинчи ракатда имом такбирлардан олдин қироат қилади. Қироатдан сўнг имом билан биргаликда уч марта такбир айтилади ва ҳар такбирда қўлларни бошбармоқ қулоқ юмшоғига тегадиган миқдорда кўтарилиб сўнг ёнга тушурилади;
- Тўртинчи такбир айтишда қўлларни кўтармасдан имомга эргашган ҳолда рукуга борилади ҳамда имомга эргашган ҳолда саждалар қилинади;
- Саждалардан сўнг охирги қаъдада ўтирганида аттаҳиёт, салавот ва дуо ўқилиб, имом ортидан салом бериш билан ҳайит намози якунланади.
Агар биров ҳайит намозига бир ракат кеч келиб қолса, имом салом бергандан сўнг, салом бермасдан туриб қироат қилади кейин уч такбир айтади, ҳар такбир айтганда бош бармоқлари қулоғи юмшоғига тегадиган миқдорда қўлларини кўтаради тўртинчи такбирда рукуга кетади.
Ҳайит намози хутбадан олдин ўқилади. Бу ҳақида жуда ҳам кўплаб ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган:
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ شَهِدْتُ الْعِيدَ مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ وَعُثْمَانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ فَكُلُّهُمْ كَانُوا يُصَلُّونَ قَبْلَ الْخُطْبَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳам, Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳумлар билан ҳам ҳайит намози ўқиганман, барчалари ҳайит намозини хутбадан олдин ўқир эдилар” (Имом Бухорий ривоят қилган).
Имом орқасини қибла тарафга қилиб жамоатга юзланиб хутба ўқийди. Бунинг далили қуйидаги ривоятдир:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَخْرُجُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَالْأَضْحَى إِلَى الْمُصَلَّى فَأَوَّلُ شَيْءٍ يَبْدَأُ بِهِ الصَّلَاةُ ثُمَّ يَنْصَرِفُ فَيَقُومُ مُقَابِلَ النَّاسِ وَالنَّاسُ جُلُوسٌ عَلَى صُفُوفِهِمْ فَيَعِظُهُمْ وَيُوصِيهِمْ وَيَأْمُرُهُمْ فَإِنْ كَانَ يُرِيدُ أَنْ يَقْطَعَ بَعْثًا قَطَعَهُ أَوْ يَأْمُرَ بِشَيْءٍ أَمَرَ بِهِ ثُمَّ يَنْصَرِفُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр ва Қурбонлик кунлари намозгоҳга чиқар эдилар. Аввал бошлайдиган ишлари намоз ўқиш бўлар эди. Сўнгра бурилардилар ва инсонлар билан юзма-юз турар эдилар. Инсонлар саф-саф бўлиб ўтирар эдилар. Уларга ваъз-насиҳат қилиб, (тўғри йўлга) буюрар эдилар. Агар бирор жойга юбориладиган кишиларни ажратмоқчи бўлсалар ажратар эдилар, ёки бирор нарсага буюрмоқчи бўлсалар буюрар эдилар. Сўнгра ортга қайтар эдилар” (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ҳайит намозидан сўнг инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам ҳайит кунининг одобларидан ҳисобланади. Ҳайит кунида бир-бирларини табриклаш маъносида ўқиладиган муайян дуо бўлмаса ҳам, “Аллоҳ биздан ҳам сизлардан ҳам қабул қилсин” маъносидаги тилаклар билдириш яхши саналади.
Ҳайит кунида намозгоҳдан уйига қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат бўлади. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бу ҳақида бундай дейилган:
كَانَ يَخْرُجُ إِلَى الْعِيدَيْنِ مَاشِيًا وَيُصَلِّي بِغَيْرِ أَذَانٍ وَلَا إِقَامَةٍ ثُمَّ يَرْجِعُ مَاشِيًا فِي طَرِيقٍ آخَرَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар”( Ибн Можа ривоят қилган).
Ҳайит байрамида сайлгоҳларга чиқиш, қавму-қариндошларни зиёрат қилиш билан бу кундаги умумий хурсандчиликлар доираси кенгаяди, уларга совғалар ҳам улашиладиган бўлса ўзаро меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланиб шоду-хуррамликлар янада зиёда бўлади. Мусулмон киши ҳайит кунларида имкон қадар қавму-қариндошларга хусусан муҳтожларга хурсандчилик улашишга ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ бўлади.
Шунингдек уламолар ва толиби илмларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит байрамидаги фазилатли амаллардан саналади. Албатта бунда уларнинг вақтларига риоя қилиш лозим бўлади.
Умуман олганда ҳайит байрамининг жамият вакиллари орасидаги гина-адоватлар ва турли кўнгилсизликларни кетказиш ҳамда улар ўртасида меҳр оқибат ришталарини янада мустаҳкамлаш сингари ҳикматлари кўпдир.
Яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити байрами барчамизга муборак бўлсин!
Жалолиддин Ҳамроқулов
ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
“Новза” жоме масжиди имом хатиби
Тавбани кечиктирмайлик
Агар тавбанинг барча шартлари топилиб, у ўлим келмасидан ва қуёш кун ботардан чиқмасдан аввал қилинса, ҳар қандай гуноҳдан бўлса ҳам шаксиз қабул бўлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “يَوْمَ يَأْتِي بَعْضُ آَيَاتِ رَبِّكَ لَا يَنْفَعُ نَفْسًا إِيمَانُهَا لَمْ تَكُنْ آَمَنَتْ مِنْ قَبْلُ أَوْ كَسَبَتْ فِي إِيمَانِهَا خَيْرًا” , яъни: (Раббингиз белгиларидан баъзиси келган куни эса, олдин имон келтирмаган ёки имонида яхшилик орттирмаган жонга (бу) имони фойда бермайди...) (Анъом, 158).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ то қуёш мағрибдан чиққунича кундузи гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кечаси қўлини ёзади ва кечаси гуноҳ қилганлар тавба қилишлари учун кундузи қўлини ёзади», дедилар. (Муслим ривояти). Яна бошқа бир ҳадис ҳам айни мана шуни таъкидлаб келади. Имом Аҳмад ва Термизийлар ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: Росулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: Албатта, Аллоҳ банданинг тавбасини модомики у ғарғара ҳолига бориб қолмаган бўлса, қабул қилади», дедилар. Демак, банданинг жони ҳалқумига келиб қолмагунча Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилаверар экан. Ушбу ҳолат ўлим келган ҳолат бўлиб, у келиб қолгандан кейингина тавба қабул қилиниши тўхтатилар экан.
Шунинг учун ҳам тавбани кечиктириш гуноҳ амаллардан ҳисобланади. Чунки банда унинг ажали қачон етиб келишини билмайди. Олимларимиз тавбани ортга сурувчи инсонни икки хатардан бирига йўлиқиш эҳтимоли бор, дейдилар. Биринчиси, гуноҳлари кўпайиб қалбини қорайтириб юборади ва натижада маъсият қилишлик унинг одатига айланиб қолишликдан иборат бўлса, иккинчиси, тўсатдан касалликка йўлиқиб қолишлик оқибатида қалбидаги қораликни ўчиришга имкон топа олмай қолишликдир. Буларнинг ҳар бири ёмон хотимага сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Банда ҳеч қачон қайта гуноҳ содир қилиб қўйишликдан қўрқиб, тавбани кечиктирмаслиги керак. Чунки бундай фикрни инсон қалбига одатда, шайтон олиб келади. Ҳаттоки, ҳозир ёшлигимда ва куч-қувватим борида маъсиятларни қилиб оламан кейинчалик тавбага улгураман, деб ҳам ўйлаб қолиши мумкин. Касал бўлган бир солиҳ кишини зиёратига кириб кўнглингиз нима хоҳлаяпти, деб сўраганларида, ўлимимдан олдин Аллоҳ мени тавбаларимни қабул қилишини, деб жавоб берган эканлар.
Тавбани ортга суриб юрувчи инсонни уламоларимиз қуйидаги масалдаги дарахтни қўпормоқчи кишига ўхшатган эканлар. Бир киши дарахтни юлиб ташламоқчи бўлибди. Қараса уни суғуриш ўта қаттиқ машаққатни талаб қилар экан. Шунда у киши бу ишни кейинги йили қиламан, деб қолдирибди. Ҳолбуки, у киши ёш дарахт қанча кўп турса унинг ерга ўрнашиши шунчалик мустаҳкамланаверар ва ўзи эса ёши катталашган сари заифлашиб боришини яхши биларди. Дунёда бундан-да ортиқроқ аҳмоқлик бўлмаса керак, чунки кучли бўла туриб заиф дарахтни кўчира олмаган, қандай қилиб ўзи ҳолсизлашиб, заиф эса кучайиб олгандан сўнг бу ишни бажарсин.
Аллоҳ қайси бир бандага хайрни хоҳласа, унга тавба, синиқлик, ялиниб-ёлборишлик, уялиш ва надомат чекишлик эшикларини очиб қўяр экан. Ҳаттоки, инсон маъсиятни қилиб жаннатга ва аксинча, ҳасанотларни қилиб дўзахга кириши ҳам мумкин экан. Чунки гуноҳ қилган доимо қўрқувда, Аллоҳдан ҳаё қилиб, синиқ кўнгил билан бош эгиб, қилиб қўйган иши учун пушаймон бўлиб йиғлаб юрса, унинг бу маъсияти баъзи тоатлардан кўра соҳибига манфаат келтирар экан. Ҳасанот қилган эса, амаллари учун миннат қилса, кибрланса, ўзига бино қўйиб ортиқча баҳо бериб юборса ва мен фалон-фалон ишларни қилиб қўйганман деб юрса, бу амаллари инсонни ҳалокатга элтувчи сифатларга эга бўлишига олиб борганлиги учун унга фойда ўрнига зарар берди.
Демак, Аллоҳ таоло бандани қалбини синиқ қиладиган, ўзини паст тутишга сабаб бўладиган амалларга рўпара қилса, унга хайрни ирода қилгани экан. Агар унга ёмонликни хоҳласа, уни ўз ҳолига ташлаб қўяди ва натижада у, амаллари билан керилиш, фахрланиш, бировга қилган яхшиликларини миннат қилиш каби сифатлар эгасига айланар экан. Шунинг учун ҳам ориф зотлар якдиллик билан, тавфиқ бу Аллоҳ бандасини ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги, хорлик эса Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўйиши, деб билган эканлар.
Саййид Жамол
Олий мақомларга етаклайдиган хислат
“Саховат” сўзи асли арабча сўз бўлиб, бизнинг тилимизда бир нарсанинг ғоятда кенглигини билдиради. Ахлоқ илми уламолари саховатни «ҳожат тушганда керакли нарсани, бировнинг сўровисиз, кераклигича бериш» деганлар.
Саховат инсоннинг зийнати бўлган гўзал ахлоқлардан ҳисобланади.
Анас разияллоҳу анҳудан ривоят кплинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийи ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда ҳеч ҳам “йўқ” демаганлар”. (Икки шайх ривоят қилишган)
Гўзал хулқларни батамом қилиш учун юборилган зот Муҳаммад алайҳиссаломнинг ахлоқи ҳамийдалари ичида сахийлик ҳам алоҳида ўрин олган эди. У зотнинг саховатлари олдида дунёнинг барча сахийларининг саховати ип эша олмас эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Рамазон келганида янада саховатли бўлиб кетишлари ривоят қилинган. У зотнинг умматиман деган ҳар бир киши бу сифатларидан ўрнак олиб, сахий ва карамли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сахий Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, одамларга яқиндир ва дўзахдан узоқдир. Бахил Аллоҳдан узоқдир, жаннатдан узоқдир, одамлардан узоқдир ва дўзахга яқиндир. Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир”, дедилар”. (Термизий, Байҳақий ва Табароний ривоятқилишган)
Ушбу ҳадиси шарифни ўрганиб кўрадиган бўлсак, Исломда сахийликка қанчалар тарғиб қилинганини англаймиз. Аксинча, бахилликдан қайтарилганини кўрамиз.
Сахий мусулмонга тўртта юксак мақом берилмоқда:
- Аллоҳга яқинлик.
- Жаннатга яқинлик.
- Одамларга яқинлик.
- Дўзахдан узоқлик.
Бахил одамга тўрт буюк жазо ваъда қилинмоқда:
- Аллоҳдан узоқлик.
- Жаннатдан узоқлик.
- Одамлардан узоқлик.
- Дўзахга яқинлик.
Албатта, сахий жоҳил, бахил обиддан кўра, Аллоҳ азза ва жаллага маҳбубдир. Сахийлик учун ҳеч бир динда бунчалар саховатли ваъдалар қилинмаган бўлса керак.
Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қирқта хислат бор, энг олийи эчкини (соғиб ичишга) бериб туриш, қай бир одам ўшалардан бир хислатга савоб умидида ва қилган ваъдасининг тасдиғи учун амал қилса, Аллоҳ, албатта, уни ўша туфайли жаннатга киритур”, дедилар”. (Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган)
Ушбу ҳадисда зикр қилинган қирқта хислатнинг энг олийи бировга эчкини соғиб ичиб туриш учун бериш бўлса, қолганлари ундан кичик ишлар бўлади. Лекин нима бўлса ҳам, кишиларга фойда келтирадиган иш бўлгани учун Аллоҳнинг наздида улуғ иш ҳисобланади. Ўз соҳибини жаннатга киришига сабаб бўладиган иш бўлади.
Фақат яхши ният билан, савоб умидида ва Аллоҳ таоло томонидан ўша ишни қилган киши учун берилган ваъда ҳақ эканини тасдиқлаган ҳолда амал қилинса, бўлди.
Саховатнинг катта-кичиги бўлмайди. Ҳар ким имкони борича, қўлидан келганича саховат кўрсатаверса, Аллоҳ таолонинг кенг даргоҳидан кўп савобга етишаверади.
Ризқнинг асосий манбаи Аллоҳнинг Ўзидир ва У Зот одамларга Ўзи хоҳлаганича ризқ бериб қўйган ва уни нафақа, хайр-эҳсон қилиб туришга буюрган. Албатта, бу иш ўлим келишидан аввал бўлиши шарт. Соғсаломатликда, ҳамма нарсага қодирлик пайтда хайр-эҳсон қилса, ўрнига тушади. Ўлим келганда ҳамма ҳам ёлбориб, Аллоҳдан яна озгина умр беришини сўрайди, садақа қилиб, яхши кишилар қаторида бўлишни истаб қолади. Лекин унда кеч қолган бўлади. Бахиллик қилиб, нафақа қилмай юрганлар ҳасратда қоладилар.
Аллоҳ таоло:
«Ва бирингизга ўлим келиб: «Эй Роббим, агар менинг ўлимимни яқин муддатга орқага сурсанг, бас, садақа қилиб солиҳлардан бўлсам», демасдан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан нафақа қилинг», деган (Мунофиқун, 10).
Аллоҳ таоло яна:
“Эй иймон келтирганлар! Сизга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан, на олди-сотди, на ошна-оғайничилик ва на шафоатчилик йўқ кун келмасдан олдин нафақа қилинг. Ва кофирлар - ўшалар золимлардир”, деган (Бақара, 254-оят).
Ислом дини таълимоти бўйича инсоннинг қўлидаги мол унга Аллоҳ Ўз фазлидан берган омонатдир. Шунинг учун у мазкур молни унинг ҳақиқий эгаси Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлаши керак. Аммо бахиллик қилиб, молни сарфламай тўпласа, ўзининг кўзига яхши бўлиб кўрингани билан, аслида яхшилик бўлмайди. Ким бахиллик билан тўплаган молини яхшилик деб ҳисобласа, нотўғри ўйлаган бўлади.
Сиртдан қараганда, бахиллик гўё молни муҳофаза қилади. Тарқалиб, йўқ бўлиб кетишидан асрайди. Лекин бу мол беш кунлик дунёда тўпланади, Ўлиб кетса, қолади. Қолганда ҳам, бахиллик ила тўплаганга бало-офат бўлиб қолади.
Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир киши ўз қариндошига келиб, Аллоҳ унга берган фазлдан беришни сўраса, у бахиллик қилиб бермаса, албатта, жаҳаннамдан катта илон чиқиб тили билан ялаб-ялаб бўйнига ўралур”, деганлар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ким хайр-эҳсон қилса, саховатли бўлса, Аллоҳнинг йўлида сарф-харажат килса, ўзига захира тўплаган бўлади. Бу дунёда қилинган нафақа қиёмат куни учун тўплаб қўйилган эҳтиёт жамғарма ҳисобланади. Охиратда қачон хохласа, ундан олаверадилар. Кимки бу дунёда Аллоҳнинг йўлида, дин йўлида сарф қилишдан қочса, бахиллик қилса, Демак, ўзининг охиратдаги жамғармасининг кўпайишига қарши ҳаракат қилган бўлади. Сиртдан мол-пулни тежаб қолиб, ўзига, оиласига, бола-чақасига ишлатганга ўхшайди-ю, лекин аслини олганда, барчани охират савобидан маҳрум қилган бўлади. Чунки нафақа қилса, ўзига қилган бўлади. Аллоҳ эса, ҳеч кимнинг нафақасига муҳтож эмас.
Хожа Бухорий ўрта махсус
ислом билим юрти
ўқитувчиси: Аббос Қосимов