muslim.uz
Қуръони каримдан дуолар
«Иккиси айтдилар: «Эй Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз» (Аъроф, 23).
*****
«Кўзлари дўзах аҳли тарафига бурилиб қолса, айтадилар: «Эй Раббимиз! Бизни бу золимлар қавми билан бирга қилиб қўймагин!» (Аъроф, 47).
*****
«Динингиздан Аллоҳ бизни қутқаргандан кейин яна унга қайтсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз-ку? Унга қайтишимиз мумкин эмас, илло, Раббимиз – Аллоҳ хоҳлагани бўлур. Раббимиз ҳамма нарса бўйича илми кенг зотдир. Таваккулни Аллоҳга қилдик. Эй Раббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳаққоний ҳукм қил! Сен ҳукм қилувчиларнинг яхшисидирсан» (Аъроф, 89).
*****
«Сен фақатгина Раббимиз оятлари келганда, уларга имон келтирганимиз учунгина биздан ўч олмоқчисан. Эй Раббимиз! Устимизга сабр (ёмғирини) ёғдир ва бизни мусулмонлик ҳолимизда вафот эттир!» (Аъроф, 126).
*****
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир фиқҳий қоида шарҳи
Уламолар, «الأمور بمقاصدها» – «Ишлар мақсадларига боғлиқдир» деган фиқҳий қоиданинг шарҳида қуйидагиларни келтирадилар. الأمور нинг бирлиги أمر бўлиб, у феъллар ва сўзларни умумлаштирувчи лафздир. Қуръони Каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади.
وإليه يرجع الأمر كله
Барча иш Унгагина қайтарилур (Ҳуд сураси 123-оят).
Мазкур қоиданинг умумий маъноси: Мукаллафларнинг айтадиган сўзлари ва қиладиган иш-ҳаракатлари уларнинг ниятлари ва мақсадларига боғлиқдир.
Ушбу қоида фиқҳий қоидалар ичида энг муҳим қоидалардан бири ҳисобланади. Уламолар бу қоидага катта эътибор қаратганлар. Зеро, шаръий ҳукмларнинг катта қисми ушбу қоида атрофида айланади.
قال السيوطي في الأشباه: واتقن الإمام الشافعي وأحمد ابن حنبل وابن المهدي وابن المديني وأبو داود والدار قطني وغيرهم على أن حديث: «إنما الأعمال بالنيات». ثلث العلم. ووجه البيهقي كونه ثلث العلم: «بأن كسب العبد بقلبه ولسانه وجوارحه فالنية والقصد أحد أقسامها الثلاثة؛ لأنها قد تكون عبادة مستقلة وغيرها يحتاج إليها». ومن هنا فقد ورد: «نية المؤمن خير من عمله
Имоми Суютий “Ал ашбоҳ ван назоир” да айтадилар: “Имом Шофеий, Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Маҳдий, Ибн Мадиний, Абу Довуд ва Доруқутний роҳимаҳумуллоҳлар “Албатта амаллар ниятга боғлиқдир” ҳадисини мукаммал даражада ўрганиб, бу ҳадисни “илмнинг учдан бири” деганлар. Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисни илмнинг учдан бири эканлигини шундай асослаганлар: “Банданинг касби (амали) унинг қалби, тили ва аъзолари билан содир бўлади. Ният ва қасд қилиши ушбу уч қисимнинг биридир. Зотан ният мустақил ибодат бўлиб, бошқа амаллар унга муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳадиси шарифда:
نية المؤمن خير من عمله
“Мўминни нияти унинг амалидан яхшидир” дейилган.
Ушбу фиқҳий қоиданинг асли икки шайх ва бошқа муҳаддислар Умар ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ хадисдир.
عن عمر بن الخطاب – رضي الله عنه – قال: سمعت رسول الله – صلى الله عليه وسلم – يقول: «إنما الأعمال بالنيات وإنما لكل امرئ ما نوى …
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…””
Ушбу фиқҳий қоидадан қуйидаги масалалар чиқариб олинади.
1) Бир кимса тарнов тагига сув тўплаш учун челак қўйган. Агар уни бошқа жойга олиб бориб тўкиш ёки ҳеч қандай сабабсиз қўйган бўлса, челакдаги сув уники ҳисобланмайди. Агар уни тўплаб, ўзи ёки ҳайвонларига ичириш мақсадида қўйган бўлса, челакдаги сув унинг мулки ҳисобланади.
2) Бир кимса тўрни сувга ҳеч мақсадсиз ташлаб қўйган бўлса, унга илинган балиқ уники бўлмайди, агар уни балиқ овлаш учун ташлаб қўйган бўлса, илинган балиқ унинг мулки ҳисобланади.
3) Йўқолган нарсани биров топиб олса-ю эгасига қайтаришни ният қилса, унинг қўлида у омонат ҳисобланади, агар уни ўзи ишлатиш мақсадида олса, у ғасб бўлади.
Авазхўжа БАҲРОМОВ
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота”
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Индонезиянинг бош имом хатиби – Ўзбекистоннинг туризм элчиси
Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан юртимизнинг туризм салоҳияатини юксалтириш, ҳусусан, зиёрат туризмини янада ривожлантириш, бу борада ҳалқаро тажриба билан яқиндан танишиш мақсадида бир қатор туристик компания вакиллари, Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари, “Dunyo bo‘ylab” телеканали ижодкорлари билан биргаликда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида қатор соҳа мутахассислари билан учрашувлар ўтказишди.
Делегация аъзолари дастлаб Жакарта шаҳридаги “Истиқлол” жоме масжиди имом хатиби Носируддин Умар билан учрашишган. Учрашувда Кўмита вакиллари томонидан мамлакатимизда сўнгги ойларда зиёрат туризми йўналишида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумотлар айтиб ўтилган.
Учрашув “Истиқлол” жоме масжиди имом хатиби Носируддин Умар ҳамда Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовлар онлайн мулоқоти билан бошланган.
Ислом цивилизацияси маркази мутахассислари ислом тамаддунида юртимизнинг тутган ўрни, улуғ муҳаддис Имом ал-Бухорий, ат-Термизийларнинг шу заминдан етишиб чиққани, нақшбандия тариқати асосчиси Баҳоуддин Нақшбанднинг ўрни ҳақида гапириб ўтганлар.
Масжид имом хатиби мамлакат президенти томонидан тайинланади ва у Индонезиядаги барча масидлар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Маълумотларга қараганда, ҳар йили Индонезиядан 900 минг киши Умра зиёратига, 250 минг фуқаро Ҳаж зиёратига боради. Мамлакатда зиёрат туризмига қизиқиш жуда катта.
“Истиқлол” жоме масжиди имом хатиби Носируддин Умар Ўзбекистонга қилган ташрифидан олган улкан таассуротлари ҳақида гапириб, индонезияликлар зиёрат қилиш учун Туркия каби давлатларга ҳадеб боравермасдан, Ўзбекистонга, ислом оламининг тенги йўқ олиму уламолари юртига боришлари кераклигини такидлади. Бунга дават қилиш унинг вазифаси эканлиги, бу езгу ишда у Ўзбекистоннинг вакилига айланишга тайёрлигини қайта ва қайта такрорлаган. Бунинг учун эса икки томонлама ана шундай алоқаларни янада мустаҳкамлаш, олий ўқув юртлари орасида талаба алмашиш тажрибасини қўллаш таклифини билдирган.
Учрашув сўнггида “Истиқлол” масжидининг тарихи, унинг мамлакат мустақиллигидан кейин бунёд этилганлиги учун шундай номланганлиги, у бугунги кунда диний бағрикенглик рамзи бўлиб келаётганлиги, иншоотнинг ёнгинасида католик ва протестантлик черковлари борлиги ҳақида сўзлаб берилди.
Масжид ҳудуди 20 гектарга яқин бўлиб, мажмуа европалик бош меъмор Фредерик томонидан бунёд этилгани учун ҳам унда Шарқу Ғарб уйғунлигини кўриш мумкин. Мамлакатнинг улкан масжидларидан бири бўлган бу муқаддас иншоот бир вақтнинг ўзида 200 мингдан зиёд намозхонни қабул қила олади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Намозхонлар дуода: Хонқада масжид қайтадан қурилмоқда
Куни кеча Хоразм вилояти Хонқа туманидаги “Муҳаммад ибн Мусо ал Хоразмий” масжидининг янгидан қурилаётган биносига биринчи ғишт қўйилди. Эски масжид биноси бугунги кунда сейсмик талабларга жавоб бермайдиган ва авария холатига келиб қолган эди.
Биринчи ғишт қўйиш тадбирида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакили, Хоразм вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, нуроний отахонлар, масжид қавми иштирок этди.
Масжидда қурилиш ишлари ҳомийлар ва масжид қавми томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган. Қурилиши бошланганига унча кўп вақт бўлмаган бўлса-да, кўнгиллилар, ҳомийлар ҳашарга бел боғлашган. Аллоҳ таоло Ўзини байти учун қилинаётган саъй-ҳаракатларга барака ва ажрларни кўпайтириб берсин.
Янги жоме туман аҳолисига муборак бўлсин!
ЎМИ Матбуот хизмати
Muslim Traveler кўрсатуви хорижликларни жалб қилишда кўмаклашади
Шу йилнинг 10 февралидан бошлаб Индонезия фуқоролари учун виза тизимининг бекор қилингани муносабати билан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ушбу мамлакат телеканаллари билан ҳамкорликда тарғибот ишларини янада жадаллаштирмоқда.
Қўмитанинг зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳининг Жакарта шаҳрига ташрифи натижасида Индонезиянинг “Net TV” телеканали ижодий гуруҳи юртимизга таклиф қилинди.
Жорий йилнинг 24 мартида меҳмонлар Ўзбекистонда тасвирга олиш ишларини бошлади. Сафар давомида улар “Muslim traveler” коʻрсатувини тасвирга олишни режалаштиришган.
Ушбу юқори рейтингга эга кўрсатув Рамазон ойларида миллионлаб мусулмонларга тақдим этилади. Дастлабки кун Тошкентнинг кўзга кўринган қадамжоларидан бири бўлган Ҳасти Имом мажмуасида Жоме масжиди, Бароқхон мадрасасида тасвирга олиш ишлари амалга оширилди. Ижодий гуруҳ Ўзбекистонда мусулмон сайёҳларга яратилган шароитлар ҳақида кўрсатув тайёрлаш ниятида.
Шу боис улар сафарнинг биринчи куни пойтахтимиздаги зиёратлар оҳанрабоси саналган Ҳазрати Имом мажмуаси ва у ердаги Мўйи муборак мадрасасида жойлашган Ҳазрати Усмон мусҳафини тасвирга олдилар. Уларнинг фикрича, Қуръони каримнинг ушбу нусхаси Индонезиялик мусулмонларни қизиқтириб келган ва у энг диққатга сазовор муқаддас экспонатлардан биридир.
Якшанба куни мажмуада турли мамлакатлардан келган маҳаллий ва қўшни давлатлардан келган минглаб сайёҳлар Индонезиялик ижодий гуруҳни ҳайратга солди. Кўрсатув ижодкорлари мажмуадаги тасвирга олиш жараёнида Бароқхон мадрасасидаги ўзбек халқ амалий санъати (ёғоч ўймакорлиги, ўймакорлиги, минятура санъати, кулолчилик, каштачилик, кулолчилик каби) ҳунармандчилик наъмуналаридаги ислом анъаналари ҳақида томошабинларни яқиндан танишитиришди. Индонезиялик ижодкорларнинг ушбу ташрифи ҳақида “Dunyo boʻylab” телеканали томонидан махсус кўрсатув тайёрланмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати