muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 17 ноябрь 2017 00:00

Юртимиз масжидлари

Юртимиз кундан-кун чирой очмоқда. Амир Темур бобомиз Шаҳрисабздаги машҳур Оқсаройнинг пештоқидаги нақшлар орасига «Бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилсангиз, қурган иморатларимизга боқинг!», деган хитобнома ёздирган.

Бинобарин, ҳар бир юрт ўзини тараққий топган мамлакат сифатида намоён этиш учун, албатта, йўлга ва иморатларга эътибор беради. Чунки равон йўллар ва ўзига хос меъморий услубда барпо этилган осмонўпар бинолар ўша юртнинг иқтисоди бақувватлигини билдиради. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизнинг жонажон юртимизда ҳам бу борада мақтанса арзигулик ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, юртимиздаги ҳар бир шаҳар ва қишлоқларнинг энг гўзал ва ҳар тарафлама инсонни ўзига ром қиладиган бинолари масжидлардир, десак муболаға бўлмайди. Бу борада, айниқса, охирги вақтларда мисли кўрилмаган ислоҳотлар ва қайта қуришлар амалга ошириляпти.

Албатта, бундай хайрли ишларнинг бошида юртбошимиз Шавкат Мирзиёев турган бўлса, дин йўлидаги ислоҳотларда у кишига камарбаста бўлиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жаноблари турибдилар. Имом-хатиблар бошчилигидаги ҳайъат аъзолари эса ҳашарчилар билан енг шимариб астойдил меҳнат қилмоқда. Ушбу ислоҳотларнинг самараси ўлароқ бундан кейин юртимиздаги масжидлар тўғрисида имконият даражасида тўлароқ маълумот бериб ўтмоқчимиз. Мақсадимиз – Аллоҳ таолониг розилиги, қолаверса, барча соҳаларда бўлгани каби диний соҳада, хоссатан, юртимиздаги масжидларда қандай янгиликлар бор. Уларнинг сони, сифати, қурилиши, таъмирланиши... тўғрисида янги ва бир-биридан қизиқ ҳамда муҳим бўлган маълумотлар бериб борамиз. Токи юртимиздаги масжидлар тўғрисидаги маълумотларга қизиққан кишилар бошқа жойлардан тарқатилаётган ҳар хил мазмундаги хабарларга ишониб қолмасин.

Биринчи бўлиб жонажон юртимиз пойтахти бўлмиш Тошкент шаҳридаги масжидлар тўғрисида умумий маълумот берамиз.

Умумий сони 117 та.

Туманлар бўйича:

Учтепа туманида 16 та;

Бектемир туманида 3 та;

Олмазор туманида 21 та;

Яккасарой туманида 4 та;

Миробод туманида 12 та;

Сирғали туманида 4 та;

Шайхонтоҳур туманида 24 та;

Яшнобод туманида 8 та;

Чилонзор туманида 14 та;

Юнусобод туманида 11 та.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

Юртимизда қадимдан этник ва диний хилма-хилликка  ҳурмат билан ёндашилган.

Ҳақиқатан,  асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогалар фаолият кўрсатиб, турли миллат ва динга мансуб қавмлар ўз диний амалларини эркин адо этиб келган. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний можаролар бўлмагани, халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради.

Ўзга халқлар тили, урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат, уларнинг ўзлигини сақлаб қолиш, маданий-маърифий эҳтиёжларини рўёбга чиқаришга имконият яратиш ва ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бағрикенгликнинг ёрқин хусусиятларидандир. Айнан ана шундай бағрикенглик, сабр-бардошлилик маданиятимизнинг беназир намуналарини сақлаб қолиш, асрлар синовидан олиб ўтиш, камол топтириш ҳамда ўзга маданиятларнинг аҳамиятли натижалари билан бойитишга шароит яратди.

IX асрдан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида ислом дини сунний йўналишининг ҳанафий  мазҳаби қарор топди. Албатта, бу бежиз эмасди. Зеро, Имом Аъзам мазҳаби ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан эркинлик бериши билан ажралиб туради. Ҳанафийлик таълимотини такомилга етказган ватандошларимиз – Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий ва Марғиноний каби алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликликка барҳам бериш, ислом динининг “аҳли сунна вал-жамоа” йўли барқарор бўлиб қолишига катта ҳисса қўшдилар.

Диёримиздан етишиб чиққан алломаларнинг асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритиб берилган. Буюк аллома, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади. Жумладан, Мотуридий  Қуръони карим оятларининг тафсирига бағишланган, “Таъвилот аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40‑оят тафсирида: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш манъ этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада аҳли илм орасида ихтилоф йўқдир”,  деб таъкидлайди.

Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс Самарқандий  эса ўзининг “Баҳр ал‑улум” деган тафсир китобида Мумтаҳана сурасининг 8-, 9‑оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди‑келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади.

Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан‑Насафий  ўзининг  “Мадорик ат‑танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”, деб шарҳлайди.

Маълумки, мусулмон мамлакатларида яшовчи бошқа динга эътиқод қилувчилар  “зиммий”лар деб аталиб, шариат ҳукми бўйича уларнинг барча моддий ва маънавий ҳуқуқлари, яъни мол-мулки, ҳаёти, диний эътиқоди, урф-одатлари, тили, маданий мероси дахлсизлиги  мусулмонлар зиммасида бўлган. Шу туфайли ўрта асрлардаёқ мусулмон халқлари, жумладан, диёримизда яшовчи халқлар ҳам диний мурасасозлик ва бағрикенгликнинг ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқиб, ҳаётга татбиқ этганлар.

Бунинг исботи сифатида ислом қонунчилиги бўйича мўътабар манба ҳисобланувчи “Ҳидоя” асаридан айрим фикрларни келтирамиз: “Чунончи исломнинг бешта фарзидан бири бўлган “Закот” ни олишга ислом динига эътиқод қилувчилар ҳақли деб ҳукм чиқарилган бўлса, бошқа динга эътиқод қилувчилар ичида  ҳам моддий ёрдамга муҳтож кишиларга хайр-эҳсон, садақанинг бошқа ҳамма турлари берилиши мумкин, деб ҳукм чиқарилади. Бунинг далили Расулуллоҳ (с.а.в)нинг: “Барча динларнинг аҳлларига садақа бераверинглар”, -деган ҳадисларидир ”.

Юқорида баён қилинган  фикр-мулоҳазаларни ҳамда юртимиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг асарларидан келтирилган маълумотларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги хулосага келиш мумкин:

Мамлакатимиз диний бағрикенгликнинг тарихий меросхўри сифатида жаҳон ҳамжамиятида эътироф этилмоқда. Зеро,  юртимизда доимо диний бағрикенглик ғояси илгари сурилган. Хусусан, диёримиздан етишиб чиққан  Замахшарий, Марғиноний, Мотуридийдек буюк алломаларимизнинг асарларида диний бағрикенглик ғояси, шу заминда яшовчи турли эътиқодга мансуб халқларни  юрт фаровонлиги йўлидаги интилишларини таъминловчи муҳим омил бўлиб келганлиги таъкидланади.

Шу сабабдан ҳам, биз башариятнинг турли-туман маданиятлардан иборат эканини англашимиз ва ҳурмат қилишимиз зарур. Зеро, бағрикенгликсиз тинчлик, тинчликсиз тараққиёт бўлмайди. 

 

Муҳаммади ҚОРАЕВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакиллиги етакчи мутахассиси

П'ятниця, 17 ноябрь 2017 00:00

Дил изҳори

Диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараларидан бири Тошкент ислом институтида очилган махсус сиртқи бўлим бўлиб, у ўз фаолиятини бошлаганидан хабарингиз бор. Айни пайтда таҳсил жараёни қизғин паллада. Қуйида сиз бу борада баъзи талабаларнинг таасуротлари билан танишасиз...

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти махсус сиртқи бўлимининг илк талабалари айни дамдаги кечинмаларини эътиборингизга ҳавола этишларига ижозат бергайсиз...

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш даркорки, ушбу илм даргоҳининг талабаси бўлиш нафақат бизнинг, балки мазкур олий даргоҳдан озиқ олмоқ истагида бўлган биз каби барча ҳамкасбларимизнинг кўп йиллик орзуси бўлиб келгани айни ҳақиқат! Бироқ бу соғинчли орзулар биз томонга ушалмас орзудек  кўринар эди.

Мана, таълим олишни бошлаганимизга ҳам ярим ой тўлди.

14 та аҳамиятли ўқув фани, ушбу фанларга доир асарлар, энг муҳими, етук ва тажрибали устозларнинг дарсларга жалб этилгани бизга ажойиб туҳфа бўлди. Очиғи, сиртқи бўлимда бу даражада пухта таълим ва сифатли хизмат бўлишини кутмаган эдик. Ҳар куни эмас, балки ҳар дарс соатларида янгидан янги илм ва маълумотларни ўрганмоқдамиз.

Яна бир қувонарли жиҳати, ўқиш муддатимиз уч йил давомида жами олти ой, деб белгилаб қўйилганига қарамасдан институт маъмурияти бизга ушбу даргоҳдаги устозлар, мавжуд адабиёт ва имкониятлардан йил давомида бошқа талабалардек тўлиқ фойдаланиш имконияти яратиб берди.

Хизмат жараёнида ўзимиз сезмаган ҳолда хийла жиддийлашиб, улғайиб қолган эканмиз. Очилиш маросимида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим ака айтганидек, бу даргоҳга келиб, талаба бўлишимиз билан ўзимизни ёшаргандек қувноқ ҳолда ҳис этмоқдамиз! Буларнинг барчаси таълимнинг таъсири ва самараси бўлса, не ажаб...

Бу дил изҳорларимиз тасдиғини таълим жараёни ва ўз хизматимиз давомида ифода этишга бор кучимизни сарфлашга тайёрмиз!

Ҳамма-ҳаммаси учун Яратганга ҳамд-у санолар айтган ҳолда муҳтарам раҳбариятга, Сиз орқали муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз! 

Ҳурмат ва самимият ила

“Имом Бухорий” ислом институти

сиртқи бўлимининг биринчи курс талабаси

МАВЛАНОВ Нурали Райимович.

 

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Юртимизда 2000 дан ортиқ масжид фаолият кўрсатмоқда. Демак, ҳар бир масжидда биттадан имом-хатиб ва биттадан имом ноиби хизмат қиляпти. Шу ҳисобда 5000га яқин масжид ходими бор дейиш мумкин.

Ўринли савол туғилади: шунча имом ва ноиблар нима иш билан шуғулланади? Имом- хатиблар фаолияти билан таниш бўлмаган кишиларга гўёки имомлар жамиятда аҳён-аҳёнда бўладиган маросимлар ва яна қандайдир урф-одатларни амалга оширишда асқатадиган жамиятнинг энг охирги аъзоси сифатида гавдаланиши мумкин. Бу қарашда жон бор. Тўғриси, имом-хатибларимиз ўша одамлар ўйлагандек кунларни ҳам бошидан кечирди. Шундай даврлар бўлдики диндорларга хоссатан имом-хатибларга ёвга қарагандай қарашди. Ҳаттоки «диндорлар текинхўр ва боқиманда, жамиятга ҳеч қандай фойда келтирмайдиган кимсалар» дея қораланди. Алҳамду лиллаҳ у даврлар ўтди. Ҳозир эса яна ўзлигимизга миллий ва диний қадирятларимизга қайтяпмиз. Барча соҳаларда  тубдан ислоҳотлар амалга ошириляпти. Албатта, бу жараёнда диний соҳа ҳам етакчи ўрин тутади. Чунки ҳеч қайси жамият дин ва диндорларга беэтиборлик қилиб равнақ топмаган. Бунинг ёрқин исботини яқин тарихимиз мисолида келтириб ўтишимиз мумкин. Бир асрга яқин вақт ичида дин ва унга тааллуқли соҳага салбий муносабатда бўлгани оқибатида ҳаётнинг барча соҳалари қолоқликка юз тутди. Аксинча, дин ва диндорларга эътибор берилганда нафақат масжид, мадрасалар, балки жамиятдаги барча соҳалар мисли кўрилмаган даражада ривожланган. Бунинг ёрқин исботини Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳукмдорлик қилган даврлар мисолида кўришимиз мумкин. Ҳаттоки ҳали ҳанузгача буюк бобомиз давридаги ҳар томонлама ривожланиш самараси бўлган буюк кашфиётлар, илм-маърифат, кўпгина фанларга асос солиниши, меъморчилик самараси бўлган қалъалар, масжид ва мадрасалар, сарой ва арклар, кўприк ва йўллар, бир неча юзлаб уламолар ва мутафаккирларимиз билан фахрланиб келмоқдамиз. Юртбошимиз президентликка сайланган кунданоқ барча соҳалар каби диний соҳага ҳам алоҳида эътибор берди. Хоссатан, яқин тарихимизда биринчи марта имом хатиблар билан алоҳида учрашув уюштирилди ва давлат раҳбари улар билан дилдан самимий суҳбатлашди. Унда диний ходимларга  катта имконият бериш билан бирга ўта масъулиятли вазифаларни ҳам юклади. Шунга биноан диний ходимлар масжид ва мадрасалар фаолияти билангина шуғулланиб қолмасдан, балки жамиятнинг барча соҳаларига кириб бориб у ердаги муаммоларни ҳал қилишда яқиндан ёрдам беришга астойдил киришмоқда. Мазкур ислоҳотлар бошланганига унча кўп бўлгани йўқ. Лекин натижалар кўзга ташланиб қолди. Қанчадан-қанча адашган гуруҳлар аъзоси сифатида қора рўйхатга тушиб қолганлар билан яқиндан суҳбатлар ўтказиш натижасида ажойиб ўзгаришлар бўлди. Уларнинг аксарияти ўз хатоларидан пушаймон бўлиб тўғри ва соф исломий йўлга ўтди. Бунинг учун эса имомлар кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, уйма-уй юриб тушунтириш ишларини олиб борди, натижа эса жуда ҳам яхши. Айниқса, неча йиллардан бери қора  рўйхатда турганлар тамғадан халос бўлганидан севинчи ичига сиғмайди. Ундан ташқари, жамиятда илдиз отган жиноятларга қарши курашишда ҳам диний соҳа мутахасислари жонбозлик кўрсатмоқда. Улар сирасига гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, ўғрилик, талончилик, бировнинг молини қинғир йўллар билан ўзлаштириб олиш, порахўрлик, ахлоқий бузуқлик, ёшлар тарбиясига лоқайд бўлиш, оилавий можаролар, ажримлар, кексайиб қолган ота-оналарни қариялар уйига олиб бориб қўйиш кабилар киради. Айниқса, ҳозирги куннинг энг долзарб бўлиб турган муаммоларидан бири ёшлар ўртасида палак ёйиб кундан-кунга хатарли тус олаётган оломон маданиятига кўр-кўрона тақлид этишнинг салбий оқибатлари тўғрисида тиним билмай тушунтириш ишларини олиб бораётганлар қаторида имом-домлаларимиз ҳам бор.

Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини таркибида яраштириш гуруҳи бор. Жамиятдаги энг оғриқли ва нозик бўғин доимо оила бўлиб келган. Зотан, оила – жамиятнинг асосий бўғинидир. Қолаверса, жамият бир кўркам бино бўлса, оила унинг ғиштидир. Тасаввур қилинг, агар бир оила ўзаро чиқиша олмаса унинг атрофидаги ўнлаб оилаларнинг ҳам тинчи йўқолади. Агар бир маҳаллада уч-тўрт оила ўзаро нотинч бўлса бутун маҳалла нотинч бўлади. Энди худди шу ҳолатни бутун жамият мисолида тасаввур қилиб кўринг. Имом-хатиблар ўзлари фаолият кўрсатаётган масжидларга келиб мурожаат қилаётган оилавий можароларни ҳал қилиш билан кифояланиб қолмасдан, балки маҳалла фаоллари билан биргаликда уйма-уй юриб нотинч оилаларни яраштириш ва болаларнинг тирик етим бўлиб қолишини олдини олиш билан машғул бўляпти.

Мактаблар, коллежлар, олийгоҳлар ҳаттоки баъзи ташкилотларга ҳам бориб долзарб мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказмоқда.

Матбуот, радио ва телевизор орқали  эфирга узатилаётган қанчадан-қанча кўрсатувларда ҳам имомлар иштирок этмоқда.

Жамиятдаги ёрдамга муҳтож инсонларга ҳам имкон даражасида ёрдам берилмоқда. Бу борада аниқ рақамларни ҳам келтиришиммиз мумкин. Лекин бунга эҳтиёж йўқ деб ўйлайман. Шундоқ ҳам имом хатибларнинг фаолиятига озгина бўлса-да қизиқиши бор киши инсоф билан кузатса, албатта, бу эҳсонларни эътироф этади. Айниқса, икки ҳайит байрами, мустақиллик, мавлуди шариф муносабати билан ёки касбий байрамлар, қолаверса, хотира куни миллионлаб сўм маблағлар ва совға-саломлар тарқатиляпти. Айниқса, бу борада юртимиздаги масжидлар орқали имом-хатиблар бошчилигида ҳомийлар жалб қилиниб ногиронларга юзлаб аравачалар тарқатилди.

Қанчадан-қанча талабалар борки, илм олиш уларнинг энг олий мақсади. Лекин маблағ борасида имкониятлари чекланган. Ана шундай қийин аҳволда қолиб, бошлари қотиб турган талабаларга шартнома асосида белгиланган маблағлар тўлаб берилди.

Бир сўз билан айтганда, имом хатиблар жамиятимизнинг ҳар жиҳатдан равнақ топиши йўлида самимий ихлос ила хизмат қилаётир.

Аслида ҳам халқнинг маънавий, ахлоқий ва тарбиявий ҳаётида имомлар амалий ўрнак ва намуна бўлишлари керак. Алҳамду лиллаҳ, бу борада масжидларимиз имом-хатиблари мақтанса арзигулик натижаларга эришиб келмоқдалар.

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

ЎМИ Масжидлар бўлими ходими

 

 

П'ятниця, 17 ноябрь 2017 00:00

Қалб шифоси

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Аллоҳни зикр қилмоқ (барча нарсадан) улуғдир» (Анкабут сураси, 45-оят).

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: “Бандам мени зикр этса, Мен ўзим ҳам уни зикр қиламан. Жамоатда зикр қилса, Мен ҳам уни ундан яхшироқ жамоатда зикр этаман. У менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир қадам яқинлашаман. У Менга бир қадам яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Менинг йўлимга кирса, Мен унинг тилакларини тез ижобат қиламан”, деган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим, у зот айтдилар: “Зикрларнинг афзали Ла илаҳа иллаллоҳу, дуоларнинг афзали Алҳамдулиллаҳ”, дедилар.

Ибн Умайр айтадилар: “Ким бошини тўшакка қўйганда Аллоҳни зикр қилса, кейин шу ҳолатда ухлаб қолса, то уйғонгунича зикр қилувчилардан деб ёзилади”.

Фақиҳ айтадилар: “Зикр Аллоҳ таолодан афв ва мағфират демакдир. Агар банда Аллоҳни зикр қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират билан зикр қилади”.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Иккита калима борки, у тилга енгил, тарозига оғир, Раҳмонга севимлидир, у Субханоллоҳил азийм, Субханоллоҳи ва биҳамдиҳи”.

Убайдуллоҳ ибн Умайр айтадилар: “Ким Алҳамдулиллаҳ деса, унга осмон эшиклари очилади. Аллоҳу акбар деса, ер ва осмон орасини тўлдиради. Субҳаналлоҳ тасбеҳ айтса, унинг савоби қанчалигига Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг илми етмайди”.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳар бир нарсанинг сайқали бор, қалбнинг сайқали Аллоҳни зикр қилишдир”.

Иброхим Наҳаъий раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Агар киши уйига кириб, салом берса, шайтон: “Менга бу жойда турадиган жой қолмади”, дейди. Агар ичишга бирон нарса келтирилгач, Аллоҳнинг исмини айтса, шайтон: “Менга жой ҳам, таом ҳам, ичкилик ҳам қолмади”, деб умидсизланганча чиқиб кетади”.

Абдуллоҳ  ПАРПИЕВ,

 Халқаро алоқалар бўлими ходими

 

Top