Мақолалар

Дил изҳори

Диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самараларидан бири Тошкент ислом институтида очилган махсус сиртқи бўлим бўлиб, у ўз фаолиятини бошлаганидан хабарингиз бор. Айни пайтда таҳсил жараёни қизғин паллада. Қуйида сиз бу борада баъзи талабаларнинг таасуротлари билан танишасиз...

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти махсус сиртқи бўлимининг илк талабалари айни дамдаги кечинмаларини эътиборингизга ҳавола этишларига ижозат бергайсиз...

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш даркорки, ушбу илм даргоҳининг талабаси бўлиш нафақат бизнинг, балки мазкур олий даргоҳдан озиқ олмоқ истагида бўлган биз каби барча ҳамкасбларимизнинг кўп йиллик орзуси бўлиб келгани айни ҳақиқат! Бироқ бу соғинчли орзулар биз томонга ушалмас орзудек  кўринар эди.

Мана, таълим олишни бошлаганимизга ҳам ярим ой тўлди.

14 та аҳамиятли ўқув фани, ушбу фанларга доир асарлар, энг муҳими, етук ва тажрибали устозларнинг дарсларга жалб этилгани бизга ажойиб туҳфа бўлди. Очиғи, сиртқи бўлимда бу даражада пухта таълим ва сифатли хизмат бўлишини кутмаган эдик. Ҳар куни эмас, балки ҳар дарс соатларида янгидан янги илм ва маълумотларни ўрганмоқдамиз.

Яна бир қувонарли жиҳати, ўқиш муддатимиз уч йил давомида жами олти ой, деб белгилаб қўйилганига қарамасдан институт маъмурияти бизга ушбу даргоҳдаги устозлар, мавжуд адабиёт ва имкониятлардан йил давомида бошқа талабалардек тўлиқ фойдаланиш имконияти яратиб берди.

Хизмат жараёнида ўзимиз сезмаган ҳолда хийла жиддийлашиб, улғайиб қолган эканмиз. Очилиш маросимида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим ака айтганидек, бу даргоҳга келиб, талаба бўлишимиз билан ўзимизни ёшаргандек қувноқ ҳолда ҳис этмоқдамиз! Буларнинг барчаси таълимнинг таъсири ва самараси бўлса, не ажаб...

Бу дил изҳорларимиз тасдиғини таълим жараёни ва ўз хизматимиз давомида ифода этишга бор кучимизни сарфлашга тайёрмиз!

Ҳамма-ҳаммаси учун Яратганга ҳамд-у санолар айтган ҳолда муҳтарам раҳбариятга, Сиз орқали муҳтарам Президентимизга ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз! 

Ҳурмат ва самимият ила

“Имом Бухорий” ислом институти

сиртқи бўлимининг биринчи курс талабаси

МАВЛАНОВ Нурали Райимович.

 

Read 4328 times

Мақолалар

Top