www.muslimuz

www.muslimuz

وَإِذۡ قُلۡنَا لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ ٱسۡجُدُواْ لِأٓدَمَ فَسَجَدُوٓاْ إِلَّآ إِبۡلِيسَ أَبَىٰ وَٱسۡتَكۡبَرَ وَكَانَ مِنَ ٱلۡكَٰفِرِينَ٣٤

  1. (Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" деганимизда саждага боришди, фақат Иблис мутакаббирлик билан бундан бош тортди ва кофирлардан бўлди.

Одам алайҳиссаломнинг яратилгани хабари фаришталарга етганида улар бу зотнинг шаклу шамойилларини кўриб: "Бу жасадда ҳис-туйғу ва ҳаракат бўлса ҳам оқибати яхши бўлмайди, балки улар манфаат йўлида бир-бирлари билан урушиб, жонларига қасд қилишади, улардан фойда йўқ", дейишди. Парвардигор уларга жавобан: "Бу вужуднинг ҳикматини Ўзим биламан", деди. Аллоҳ таоло нарсалар номини билишда Одамга фитрий таълим берди, бундан фаришталар ожиз эди. Оқибатда улар Одамга ато этилган илму фазл баракотидан унга сажда қилишди. Уламолар Аллоҳ таолонинг фаришталарга буюрган саждаси қай тарзда бўлгани ҳақида бир неча ривоятлар келтиришган. "Сажда" сўзи луғатда "бўйин эгиш, ўзини паст олиш" маъноларини англатади. Шаръий истилоҳда эса сажда ибодатни ният қилиб, пешонани ерга қўйишдир. Фаришталарнинг Одам алайҳиссаломга сажда қилишларида Аллоҳ яратган махлуқнинг афзаллигига иқрор бўлиш ва унга таъзим бажо келтириш мақсад қилинган. Бу сажда ибодат ниятидаги пешонани ерга қўйиш маъносида эмас, чунки Аллоҳ таоло Ўзидан бошқага сажда ва ибодат қилишни ширк, деб атаган. Фаришталар эса ширкдан бутунлай пок, маъсумдирлар. Бу тадбирдан фаришталарни синаш, яхши ва ёмон орасини ажратиш ҳам кўзда тутилган.

Иблис алайҳиллаъна эса кибр ва ғурурга бориб бундан бош тортди. Бу итоатсизлик ва осийлик замирида кибр ётибди. Кибр эса динимизда қаттиқ қораланган иллатлардан. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кимнинг қалбида хантал (горчица) уруғича такаббурлик бўлса, жаннатга кирмайди", деганлар" (Термизий ривояти); Ҳориса ибн Ваҳб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан: "Сизларга дўзах аҳллари хабарини берайми?" деб сўрадилар. Улар: "Ҳа", дейишди. У зот: "Қўпол, мутакаббир ва ўзини катта олувчилар", дедилар" (Муслим ривояти).

Агар банда мутакаббирлик қилиб, Аллоҳнинг оятларини менсимаса, тан олмаса, гуноҳга ботади. Гуноҳ эса унинг дилини қорайтиради, ҳақни танишдан тўсади. Кўзини тўғри йўлни, яъни Исломни кўрмайдиган, қулоғини диний насиҳатни эшитмайдиган қилиб қўяди. Қуръонда зикр қилинган "Улар қандай далилни кўришса ҳам ишонишмайди, тўғри йўлни билишса ҳам унга юришмайди. Хато йўлни билишса ҳам унга юришади" (Аъроф, 146). ана шундай адашган кимсалардир. Бундайларни Аллоҳ ўз оятларидан қайтариш, тўсишга ваъда беряпти. Аллоҳ оятларидан ғафлатда бўлиш, улардан узилиш эса икки дунё саодатини бой беришдир. Мутакаббир кимса яхшиларга эргашишдан ор қилади, ўзини ҳаммадан, барча нарсадан, ҳатто Аллоҳнинг амр-фармонларидан ҳам устун кўради. Бу билан у Аллоҳгагина хос сифатларга даъвогарлик қилган, буюк қудрат эгаси Аллоҳга ўзини шерик санаган бўлади. Банда бунга асло ҳақли эмас, шунинг учун оятда "ноҳақ кибр қиладиганлар" дейилмоқда. Сабаби, банданинг ўзини Аллоҳ яратган, Ер юзидаги барча неъматларини унга Аллоҳ бериб қўйган, Инсондаги куч-қудрат, мол-дунё, саломатлик ва ҳаёт ўзича келиб қолмаган, булар ҳам Парвардигорнинг инъомидир. Буни тан олмаслик, инкор қилиш эса қаттиқ хатодир, Аллоҳнинг динидан узоқлашишдир. Бундайни эса Аллоҳ Ўз оятларини англаш, улардан манфаатланиш ва ҳаётини уларга мувофиқ қуриш бахтидан маҳрум этади. Бу эса бандаларга нисбатан адолатсизлик ёки зулм эмас, балки қилмишларига, ноҳақ кибрларига яраша муносиб жазодир.

Шу боис, кибр Аллоҳ таолога осийлик қилиб содир этилган биринчи ва ўта ёмон гуноҳдир. Қуръони каримда келишича: "(Аллоҳ сўради): "(Аллоҳ): «Сенга саждани буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?» деди. У: «Ундан яхшироқман, мени ўтдан яратдинг, уни тупроқдан яратгансан», деди" (Аъроф, 12). Уламолар "Иблис фаришта бўлганми ёки йўқми?" деган масалада икки хил фикрни айтишган: бир тоифа уламолар Иблис фаришталардан бири бўлган, дейди, чунки Аллоҳ таоло уни ҳам фаришталар билан бирга Одам алайҳиссаломга сажда қилишга буюрган. Одатда, бир турга мансуб бўлмаган нарсалар номи алоҳида зикр этилади. Кейинги тоифа уламолар эса Иблис фаришталардан бўлмаган, деган фикр айтган. Чунки Аллоҳ таоло айтади: "Шунда сажда қилишди, фақат иблис қилмади. У жинлардан эди. У Парвардигорининг амрига бўйсунмади" (Каҳф, 50). Худди Одамнинг асл хилқати инс бўлгани каби Иблисники жин бўлган. Шунингдек, у оловдан, фаришталар эса нурдан яратилган. Иблиснинг зурриёти бор, фаришталарники йўқ. Бу хусусдаги батафсил хабарлар Қуръони каримнинг Каҳф сурасида келган.

وَقُلۡنَا يَٰٓـَٔادَمُ ٱسۡكُنۡ أَنتَ وَزَوۡجُكَ ٱلۡجَنَّةَ وَكُلَا مِنۡهَا رَغَدًا حَيۡثُ شِئۡتُمَا وَلَا تَقۡرَبَا هَٰذِهِ ٱلشَّجَرَةَ فَتَكُونَا مِنَ ٱلظَّٰلِمِينَ٣٥

  1. Ва Биз: "Эй Одам, сен ва хотининг жаннатда туринглар, хоҳлаган ерларингизда истаган нарсалардан енглар, фақат бу дарахтга яқин келманглар, унда золимлардан бўласизлар", дедик.

Фаришталар Одамга (алайҳиссалом) сажда қилганида Иблис бундан бош тортгач, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом ва унинг жуфтига эҳтиром кўрсатиб, уларга жаннатнинг истаган ерида яшашни буюрди ва у ердаги барча неъматлардан бемалол еб-ичишга рухсат берди. Фақат биргина дарахтга яқинлашмаслик, унинг мевасини емаслик ҳақида огоҳлантирди. Жумҳур уламолар фикрича, оятдаги жаннат "Дорус-савоб" (мукофотлар диёри) деб номланган бўлиб, Аллоҳ таоло уни охиратда мўминлар учун тайёрлаб қўйган. Бошқа бир уламолар: жаннат Ердан баланд жойда барпо қилинган боғ-роғлар бўлиб, Аллоҳ уни Одам ва унинг жуфти учун яратган, дейишади. Муфассирлар ейиш ман қилинган дарахт номи ва нави ҳақида турли фикрлар айтишган. Ўша мевани анжир, буғдой, узум деганлар ҳам бор. Қуръони каримда унинг нима экани очиқ айтилмаган. Имом Ибн Жарир Табарий бу тўғридаги холис фикрни айтади: "Аллоҳ таоло Одам ва унинг жуфтини жаннат дарахтларидан бирининг мевасини ейишдан ман қилган" дейиш билан кифояланиш тўғрироқ бўлади. Чунки унинг қайси дарахт экани ҳақида бизда бирон-бир аниқ маълумот йўқ. Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда ҳам унинг қандайлиги зикр этилмаган. Буни билиш ё билмасликдан ҳеч қандай фойда ҳам, зарар ҳам кўрилмайди" ("Тафсиру Ибн Жарир" , 1-жилд, 561-бет).

فَأَزَلَّهُمَا ٱلشَّيۡطَٰنُ عَنۡهَا فَأَخۡرَجَهُمَا مِمَّا كَانَا فِيهِۖ وَقُلۡنَا ٱهۡبِطُواْ بَعۡضُكُمۡ لِبَعۡضٍ عَدُوّٞۖ وَلَكُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ مُسۡتَقَرّٞ وَمَتَٰعٌ إِلَىٰ حِينٖ٣٦

  1. Кейин шайтон уларни йўлдан оздирди ва турган жойларидан чиқарди. Ва Биз: "Энди тушинглар, бирингиз бирингизга душмандирсиз, Ерда сизларга маълум муддат фойдаланишингиз учун жой бор", дедик.

Одам алайҳиссалом ва жуфтининг шайтон васвасасига алданиб, ман қилинган дарахт мевасидан тотиб қўйишлари уларнинг жаннатдан чиқарилишларига сабаб бўлди. Улар Парвардигор амрига зид иш қилиб қўйиб, ўзларига зулм қилишди ва жаннат боғларидаги роҳат-фароғатдан маҳрум бўлишди. Аллоҳ таоло хабар беради: "Шундай алдов билан уларни мойил қилди. Икковлари дарахтдан татиб кўришган эди, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва жаннатдаги япроқларни улаб, шу билан ўз авратларини тўсмоқчи бўлишди. Шунда Парвардигорлари уларга нидо қилиб айтди: «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва шайтон сизларга душман демаганмидим!»" (Аъроф, 22). Шу тариқа Одам, Ҳавво ва Иблисга Ер юзига тушиш амр қилинди ва то ажал келгунича у жойдан фойдаланиб туриш билдирилди. Оятдаги "бирингиз бирингизга душмандирсиз" жумласида инсонларнинг бир-бирига ғанимлиги эмас, балки Одам авлодлари ва шайтон ўртасидаги душманчилик зикр этилган.

فَتَلَقَّىٰٓ ءَادَمُ مِن رَّبِّهِۦ كَلِمَٰتٖ فَتَابَ عَلَيۡهِۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلتَّوَّابُ ٱلرَّحِيمُ٣٧

  1. Кейин Одам Парвардигоридан бир неча сўзни таълим олди, сўнг У зот унинг тавбасини қабул қилди. У албатта тавбаларни қабул қилувчи, ниҳоятда меҳрибондир.

Шундан сўнг дарҳол эс-ҳушини йиғиб олган Одам алайҳиссалом Парвардигоридан мағфират сўрашга шошилди. Бунинг учун Аллоҳ таолодан бир неча тавба сўзларини ўрганди. Баъзи фикрларга кўра, бу сўзлар Қуръони каримнинг Аъроф сурасида баён этилган: "Икковлари: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар бизни кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз», дейишди” (23-оят). Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво шайтоннинг қасамига алданиб: "Шу дарахтдан есак, Аллоҳнинг шафқат-марҳаматига эришиб, фаришталар каби бўламиз ва жаннатда абадий қолиб кетамиз" деб, бу ишга журъат қилишди. Охири бор ҳақиқатни тушуниб, дарров надомат чекишди, зулмларига иқрор бўлиб, истиғфор айтишди. Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилди, зеро, У тавба қилувчиларнинг тавбасини кўплаб қабул қилувчи ва бандаларига раҳматини кенг этувчи Зотдир.

Парвардигори олам гуноҳ қилган бандаларини «мўминлар» деб атаб, уларни тавбага чақиради: «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар, шояд шунда нажот топсангизлар» (Нур, 31). Бу хитоб умумийдир. Тавбага юзланиш инсон жинсига фарз қилинган азалий ҳукмдир. Тавба ҳар бир шахс зиммасидаги фарзи айндир. Яна Аллоҳ таоло айтади: «Мен тавба қилган, имон келтириб, солиҳ амал қилган, сўнгра ҳидоятда юрганларни кўплаб мағфират қилувчиман» (Тоҳо, 82). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилинади: «Эй одамлар, Аллоҳга тавба қилинглар! Мен бир кеча-кундузда юз марта тавба қиламан». У зот шундай деб турганларида биз умматлари тавба қилмасдан ва истиғфор айтмасдан умр ўтказишимиз нечук бўларкан?! Яъни, тавба ҳар қандай шароитда, ҳеч бир истисносиз вожибдир. Банданинг тавбаси тугал ва умр бўйи давом этса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳасан Басрий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилади: «Аллоҳ таоло иблисни туширган вақтда (иблис): “Сенинг иззатинг билан қасам, мен Одам фарзандидан то унинг руҳи жасадидан ажралмагунича ажралмайман!” деди. Аллоҳ таоло айтди: “Менинг қудратим, улуғлигим ҳаққи, бандамдан тавбани ўлим билан келаётган ғар-ғара вақтида ҳам тўсмайман!”»

Луқмони ҳаким ўғлига шундай деган: «Эй ўғлим, тавбани кечиктирма, чунки ўлим кутилмаганда келади. Ким тавбани кечиктириб, нажотга шошилмас экан, иккита катта хатар ичида қолади: биттаси – гуноҳлар зулмати тўпланиб, қалбни тўла қоплайди, сўнг уни муҳрлаб ташлайди. Гуноҳ муҳрланган қалбдан ўчмайди: иккинчи хатар – касаллик ёки ўлим тавбадан илгари келиб, хатоларни ўнглаш учун вақт қолмайди».

قُلۡنَا ٱهۡبِطُواْ مِنۡهَا جَمِيعٗاۖ فَإِمَّا يَأۡتِيَنَّكُم مِّنِّي هُدٗى فَمَن تَبِعَ هُدَايَ فَلَا خَوۡفٌ عَلَيۡهِمۡ وَلَا هُمۡ يَحۡزَنُونَ٣٨

  1. Биз: "Ҳаммангиз бу ердан тушинг, Мендан сизларга ҳидоят келганида ким ҳидоятимга эргашса, уларга хавф ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди", дедик.

Шайтон ўзи лаънатга учраганидан кейин Ҳазрати Одам ва Момо Ҳаввонинг жаннатда роҳат-фароғатда юришларига рашк ва ҳасад қилиб, бунга чидай олмаганидан тоқати тоқ бўлди. Охири қасам ичиб, уларни алдади ва Аллоҳ таоло ман қилган дарахт мевасидан едирди. Шунда икковлари Аллоҳ таолонинг ғазаби билан жаннатдан чиқарилишди. Ҳазрати Одам бир қанча вақт ҳайрон ва паришон ҳолда йиғлаб юрганларидан кейин Аллоҳ таоло раҳм этиб, бир неча сўз (дуо)ларни илҳом билан маълум қилди. Одам алайҳиссалом уларни қабул қилиб олди. Ана шу калималар баракотидан у зотнинг тавбалари қабул бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло Одам ва унинг авлодларига: "Агар Менинг ҳидоятимда юрсанглар, сизларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, икки дунёда иззат-икром кўрасизлар", деб амр қилди. Ўргатилган дуо будир: “Роббана золамна анфусана ва иллам тағфирлана ва тарҳамна ланакунанна минал хосирин” (Аъроф, 23). Маъноси: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар бизни кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз».

وَٱلَّذِينَ كَفَرُواْ وَكَذَّبُواْ بِ‍َٔايَٰتِنَآ أُوْلَٰٓئِكَ أَصۡحَٰبُ ٱلنَّارِۖ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ٣٩

  1. Ва куфр келтирганлар ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар, айнан ана шулар дўзахийлардир, улар унда абадий қолишади.

Аллоҳ таолога куфр келтириб, Унинг амр-фармонларини инкор қилган кимсалар фақат ўзларига зулм қилишади. Улар куфрлари ва кибрга борганлари сабабли Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбари орқали юборган илоҳий ваҳийларини (яъни, Қуръони карим оятларини) ёлғонга чиқаришади. Кофир ва мушрик кимсаларнинг Қуръон оятларини инкор этишларига сабаб, уларнинг Ислом даъватига қулоқ осишга, Пайғамбар алайҳиссаломга эргашишга ҳавойи нафслари, кибрлари, қалбларидаги шубҳа-гумон хасталиклари тўсқинлик қилаётгани туфайли Ҳақни тан олишни истамаётганликларидир. Бундай жоҳил ва нодон кимсаларнинг жойи албатта дўзахдадир ва унда абадий азоб-уқубатларга гирифтор бўлган ҳолда қолиб кетишади.

Дўзах Ислом талабларини бажармаган, ҳаддидан ошган кофир, мушрик, мунофиқларга, шайтон ва унга эргашганларга ваъда қилинган азоблар жойидир. Дўзах даҳшатли чуқурлик бўлиб, унинг ичида мангу олов ёниб туради, гуноҳкорлар шу оловга ташланади. Дўзах азоб-уқубатларини англаш учун бу ҳақда Қуръони каримда келган бир-икки оят мазмунини билиб олиш кифоя. Дўзахга тушишлари аён бўлган, бу дунёда куфр, ширк, нифоқ, гуноҳ ва исён билан ўтган кимсаларнинг башаралари қўрқинчга тўла, юзлари қорайиб кетган ҳолда оловда, қизиган дўзахда куядилар, чанқасалар, қайноқ сув ичадилар, таомлари заҳарли гиёҳ бўлади. Пайғамбарни, илоҳий Китобни, қиёматни ва қайта тирилишни ёлғонга чиқарувчилар заққум дарахтининг мевалари билан қорин тўлдирадилар ва бунинг устидан қайнаб турган сувдан ичадилар. Бундай «зиёфат»дан Аллоҳнинг Ўзи асрасин!

Аллоҳ таолонинг оятларига куфр келтирганлар ва уларни ёлғонга чиқарганлар бу дунёда ҳам турли бало-офатларга йўлиқишлари исботланган, инкор этилмас ҳақиқатдир. Дўзахга кирган куфр аҳли кўпроқ азоб тортишлари учун тана терилари ҳар гал етилиб пишганда янги тери билан алмаштирилади ва азоблари янгидан бошланади. Бу ҳолат абадул-абад давом этади. Умар розияллоҳу анҳу: «Бу оят тафсирини мен Расулулоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитганман, бир соатда тери етмиш марта алмаштирилади», деган. Бошқа ривоятларда эса, тери бир кунда ёхуд бир соатда олти минг марта ёки етмиш минг марта алмаштирилади ҳам дейилган.

  1. ХОЖА АЛОУДДИН АТТОР ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зотнинг туғилган саналари ва жойлари ҳақида маълумот топиш ҳозирча бизга насиб этмади.

У киши ҳижрий 802 сана, милодий 1399 санада Чағониён номли жойда вафот этганлар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ўрта бўйли, кулча юзли, қорамтир танли ва катта соқолли одам эдилар. У киши Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг содиқ муридлари, куёвлари ва бош халифалари эдилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу Бухорои шарифдаги бой оилалардан бирининг фарзандлари бўлишларига қарамай, фақирликни афзал кўрган ва илму ирфонга ружу қўйган эдилар. У киши Бухоро мадрасаларидан бирида зоҳирий илмларни мароқ билан таҳсил қилдилар. У кишининг ҳужраларида бир эски бўйра, бошга қўйиладиган ёстиқ ва китоб қўядиган тахтадан бошқа нарса йўқ эди.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ёшлик чоғларидан тариқат йўлини тутдилар. У кишининг ўз оиласида кўрган бойлик таъсирини кетказиш учун Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари олма сотишга амр қилдилар. Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу дастлаб ўзларини танимайдиган маҳаллаларда олма сотиб юрдилар. Сўнгра Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари у кишига ўз ака-укаларининг дўконлари олдида олма сотишни амр этдилар. Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ака-укалари бу ишни оғир олишларини ўйлаб, бироз хижолат тортдилар. Аммо ҳазрат маҳкам туриб олдилар.

Алоуддин бир идишга олма солиб, акалари савдо қиладиган чорсуга бордилар. Акалари бу ҳолни кўриб, қаттиқ ва оғир гапларни айтишди ва унинг идишини олиб, улоқтиришди. Шунда у киши:

«Менинг устозим менга: «Олма сот», дедилар. Мен олма сотаман! Қаерда десалар, ўша ерда сотаман! Дўконларингиз олдида бақириб-бақириб сотаман! Нима қилсангиз, қилаверинг!» дедилар ва ҳазратнинг даргоҳларига равона бўлдилар.

Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари унинг нафси синиқ бўлганини кўриб:

«Ўғлим Алоуддин! Энди олма сотиш иши тамом бўлди. Акаларингнинг нафси қавариб, сенинг нафсинг эзилганини кўрдим. Бундан буён суҳбатларда давомли равишда иштирок қил. Илмни ва фазлни тамомла. Аллоҳ таолонинг Ўзи сенга ёрдамчи бўлсин», дедилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу ҳам мадрасада таълим олар, ҳам суҳбатларда иштирок этарди. Кундан-кунга унинг ҳоли яхшиланиб борар, Шоҳ Нақшбанд ҳазратлари доимий равишда унинг ҳолидан хабар олиб турар эдилар. Бир куни у зот мадрасага ташриф буюриб, эски бўйра устида дарс тайёрлаб ўтирган шогирдларини излаб топдилар ва:

«Ўғлим Алоуддин! Менинг бўйига етган бир қизим бор. Агар қабул этсанг, ўша қизимни сенга никоҳлаб қўйсак», дедилар.

«Хожам, бу қулингиз учун буюк лутф ва саодатдир. Аммо уй ва тирикчилик учун бирор нарсам йўқ», деди.

«Ташвиш қилма, Аллоҳнинг хазинаси мўл ва ризқ азалдан тақсим қилинмиш. Қизим сенга муносибдир. Кел, уйга борайлик, сизларнинг ақди никоҳингизни қилайлик», дедилар.

Ушбу никоҳдан хожа Ҳасан Аттор, хожа Шиҳобуддин, хожа Муборак ва хожа Алоуддинлар дунёга келишди. Уларнинг ҳар бирлари улуғ хожалар бўлиб етишдилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳига куёв бўлганларидан кейин у кишига янада яқин бўлдилар ва яна ҳам кўпроқ сабоқ олишни йўлга қўйиб, катта саодатга эришдилар.

У киши ўз устозлари ва қайноталари Шоҳ Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳининг барча ишларини тартибга солиб, халифалари бўлиб, шуҳрат қозондилар. У киши ҳижрий 802 санада, Ражаб ойида вафот этдилар.

Хожа Алоуддин Аттор қуддиса сирруҳу силсила омонатини хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларидан олганлар.

 

  1. ХОЖА ЯЪҚУБ ЧАРХИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зоти шарифнинг Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилганлари маълум. Туғилган саналари эса маълум эмас. Мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратлари ҳижрий 851 сана, милодий 1447 санада ҳозирги Душанбе шаҳрида вафот этганлар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, оқ рангли ва гўзал юзли эдилар. Соқолларининг атрофи сийрак ва оқ эди. У киши зоҳир ва ботин илмларга ҳамда маънавий ва моддий ишораларга соҳиб эдилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи Ғазна вилоятининг Чарх қишлоғида туғилган бўлсалар ҳам, илк илмий таҳсилни Ҳиротда олганлар. Кейинчалик Мисрга бориб, олий таълим олдилар. Тариқат бўйича маънавий таҳсилни эса Бухорои шарифда мукаммал эгалладилар.

У киши Мисрнинг кўзга кўринган уламоларидан зоҳирий илмларни ўрганиб бўлганларидан кейин, илоҳий бир ишорани сезиб, тезда Бухорога қараб йўл олдилар. У киши «Қайдасан, Бухоро?» деб юриб борар эканлар, йўлда бир дарвешни учратдилар. Дарвеш у кишига: «Эй Яъқуб! Қадамларингни илдам от! Қабул этиладиганлар зумрасига кирадиган вақтинг келди!» деди ва тўғри Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг ҳузурларига боришни тайинлади.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи бу тавсияга амал қилиб, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд раҳматуллоҳи алайҳини топиб бордилар ва икки зот ораларида қуйидаги суҳбат бўлиб ўтди:

Яъқуб Чархий:

– Ҳазратим, мени ўз хизматингизга қабул этиб, дарс берсангиз?

Шоҳ Нақшбанд:

– Болам, кетиладиган замонда ҳам келинадими?

Яъқуб Чархий:

 – Сиз бир улуғ кишисиз. Ҳар бир одам томонидан мақбулсиз.

Шоҳ Нақшбанд:

 – Ҳар бир одам томонидан мақбул бўлмоқ шайтоний бир ҳол бўлса-чи?

Яъқуб Чархий:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бир кишига яхшиликни истаса, уни барчага севдириб қўяди. Уни ҳар бир одам томонидан маъқул бўладиган қилади», деганлар.

Шоҳ Нақшбанд:

– Жуда яхши. Ундай бўлса, бир истихора қилайлик.

Кейин нима бўлгани ҳақида Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ўзлари қуйидагича ҳикоя қиладилар:

«Ўша кечаси кўзимга уйқу келмади. Агар қабул қилинмасам, ҳолим нима бўлади, дея тонгга қадар мижжа қоқмадим. Тонг отиши билан ҳазратнинг ҳузурларига бордим. Ул зот менга табассум ила боқиб:

«Қабул бўлдинг! Буёққа кел!» дедилар ва менга дарс бериб, хожа Алоуддин Аттор ҳазратларига топширдилар. Шу пайтгача ўрганган илмларимнинг татбиғини, ҳосил қилинган гўзал ахлоқларнинг нафсимда яшашини ҳамда маънавий ҳолларнинг сайр ва такаммулини у кишидан ўргандим. У кишининг завқига шерик бўлдим ва Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, ҳақиқий йўл шу эканини англаб етдим».

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи тариқат илмида юксак мартабаларга етдилар. У киши ўз замоналарида бу соҳада ягона кишига айландилар. Ўша пайтнинг кўзга кўринган алломалари ҳам келиб, у кишига қўл берар эдилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг замондошларидан бирлари, исломий маърифатлар бобида янги бир давр очган, тафсир, фиқҳ, ақоид ва бошқа кўпгина илмларда кўплаб таснифотлар битган аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи илм доираларида Алломаи Тафтазоний номи ила машҳур бўлиб, у киши раҳматуллоҳи алайҳидан олдин ўтган олимлар «мутақаддимлар», у кишидан кейин ўтганлар «мутааххиринлар» деб аталади. Шунинг ўзи ҳам Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг қанчалар вазнга эга эканликларини кўрсатади.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг Саййид Шариф Журжоний исмли шогирдлари бор эди. У киши ҳам Ислом оламида жуда машҳур олимлардан ҳисобланади. У киши элликдан ортиқ муҳим китобларнинг муаллифидир.

Алломаи Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида таълим олиб турган саййид Шариф Журжоний раҳматуллоҳи алайҳи мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳига қўл бериб, у кишига мурид бўладилар. Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳига мурид бўлган саййид Шариф Журжоний Аллоҳ таолонинг ёрдами ила тезда катта файзу футуҳларга соҳиб бўлдилар. Илм бобида баъзи вақтларда ўз устозлари Алломаи Тафтазонийдан ўтиб кета бошладилар.

Ўз шогирдларидаги ўзгаришни сезган устоз бунинг сабабини ахтардилар. Сабабни билганларидан кейин эса ўзлари ҳам мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига бориб, у кишига қўл бердилар.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи ўз шахсларида кўплаб илм ва фазлларни жамлаган эдилар. У киши ҳижрий 851 санада ҳозирги Душанбе шаҳрида вафот этдилар ва ўша ерга дафн этилдилар. У кишининг қабрлари ёнида исмлари билан аталадиган жомеъ масжид ҳам бор бўлиб, у ер мусулмонлар томонидан доимий равишда зиёрат қилиб турилади.

Мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Алоуддин Аттор ҳазратларидан олганлар.

 

  1. ХОЖА УБАЙДУЛЛОҲ АҲРОР ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зот ҳижрий 806 сана, милодий 1404 санада Тошкент шаҳрининг Боғистон номли даҳасида дунёга келганлар. Ҳижрий 893 сана, милодий 1490 санада вафот топганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бўйлари узун, ранглари қорамтир ва соқоллари кенг ҳамда оппоқ зот эдилар. У кишининг соқоллари орасида баъзи қора толалари ҳам бор эди. У кишининг суҳбатларига тўйилмасди. Шогирдлари дарсларини бахт ва саодатга ғарқ бўлган ҳолда ўтказар эдилар. У киши зоҳир ва ботин илмларни пухта эгаллаган эдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг нурли юзларини кўрган кишилар у кишининг ҳақларига дуо қилар ва мақтовлар айтар эдилар. У кишининг сўзлари ва шеърлари тариқатга ҳужжат эди.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг насабидан эдилар.

У киши раҳматуллоҳи алайҳининг муборак ҳаётларини ўрганган тарихчиларнинг таъкидлашларича, у киши туғилганларидан кейин, то оналари нифосдан пок бўлиб, ғусл қилмагунларича эммаганлар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ёшлик чоғларидан бошлаб шариат ва тариқат илмларини пухта эгаллай бошладилар. Бу борада кўпчилик у кишига ҳавас қилар эди. У кишининг боболари ўз замонасининг қутбларидан бўлган бир киши эдилар. Мазкур бобо ўз ўлимлари яқинлашганини сезганларида, болалари ва набираларини атрофларига жамладилар. Уларга насиҳат ва дуолар қилдилар. Сўнгра ётган жойларидан туриб ўтирдилар ва кичик Убайдуллоҳ Аҳрорни қучоқларига олиб туриб:

«Аллоҳ таолодан менга башорати берилган бола шудир. Яқинда бу ўғлим шариат аҳли, тариқат пири, маърифат маъдани ва ҳақиқат эркаги бўлажак. Бу ўз замонасининг чироғи бўлажак, Аллоҳнинг улуғ бандаси бўлажак», дедилар.

Кейин у киши ўтирганларга Хожагон тариқати зўраки бир нарса бўлмай, Ҳақ томонга чин дилдан йўналмоқ эканини уқтирдилар ва:

«Бу асосни билиб, англамоқ хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг силсиласига хосдир. Ул зотнинг йўлларини тутганлар ўн бир асос-ла нафсларини муҳофаза этиб, ўта даражада эҳтиётли бўладилар», дедилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма икки ёшларида таҳсили илмни тамомлаш мақсадида Самарқандга бордилар. У киши мазкур шаҳарда икки йил давомида зўр иштиёқ билан таҳсили илм қилдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма тўрт ёшларида ўша вақтнинг улуғ машойихларидан саййид Қосим Анвар, мавлоно Шарафуддин Хомуш, хожа Сирожуддин Пири Чиштий, мавлоно Шоший, хожа Алоуддин Ғиждувоний ва мавлоно Ҳисомуддин Порсо кабиларнинг мажлислари ва суҳбатларида бўлиб, улардан файз олдилар.

Кейинроқ хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг марқадларини зиёрат қилиш учун Ғиждувонга бордилар. Сўнгра хожа Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига бориб, у кишига қўл бердилар ва уч ой хизматларида бардавом бўлдилар. Ўша ерда сайри сулук илмини тўлиқ эгалладилар.

Кейин Мавлоно Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг изнлари ила Шоҳ Нақшбанд ҳазратларининг Бухоро ва бошқа юртлардаги барча халифаларини зиёрат қилдилар. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ул азизларнинг суҳбатларида бўлиб, файзларига шерик бўлдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи йигирма тўққиз ёшларида Тошкентга қайтиб, олган илм ва тажрибаларини бошқаларга улаша бошладилар. У киши ҳалол ризқ топиш мақсадида зироатчилик билан машғул бўлдилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг ишларига Аллоҳ таоло баракалар ёғдирди. У кишининг молу дунёси беҳисоб кўп бўлиб, тарқатадиган закот ва ушрларининг ҳам ҳисобини биров билмас эди.

Шу билан бирга, хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ўзлари тариқат ишини ҳеч ҳам сусайтирмай олиб борар, иршод ишларидан бир лаҳза ҳам тўхтамас эдилар. У кишининг илмлари, файзлари ва сўзлари кишиларни маҳлиё қиларди. У киши ўз фикрларини баён қилишда шеърий услубдан ҳам фойдаланар эдилар.

Имоми Роббоний ўзларига хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳини ўрнак қилиб олган бўлиб, у киши ҳақида жумладан, қуйидаги ибораларни айтиб юрар эканлар:

«Улуғ шайх хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи султонларнинг олдиларига кирар, уларнинг мажлисларида ҳозир бўлар ва ўзларининг ботиний қувватлари, руҳий малакалари ила уларга таъсир ўтказар эдилар. Улар у зотга бўйсуниб, итоат қилар эдилар. Сўнгра у зот улардан пок шариатни ёйишда фойдаланар эдилар».

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи шариатга катта эътибор берар эдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтардилар:

«Агар шайхлик, одамлардан байъат олиш ва иршодга боғланиб қолганимда, тариқат шайхларидан бирор шайх ўзига байъат қиладиган ва муридларига қўшиладиган одамни топа олмай қоларди. Лекин Аллоҳ таоло менга бошқа нарсани ирода қилди. У ҳам бўлса, пок шариатни ёйиш ва Ислом миллатини қўллаб-қувватлаш эди».

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 893 сананинг рабиъул аввал ойида Самарқанд шаҳрида вафот этдилар. Ҳозир у зотнинг қабрлари яқинида исмлари билан аталувчи жомеъ масжид ҳам ишлаб турибди.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратларидан олганлар. Шунингдек, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Шоҳ Нақшбанд ва Алоуддин Аттор раҳматуллоҳи алайҳимдан маънавий озуқа олганлар.

 

  1. ХОЖА МУҲАММАД ЗОҲИД ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 936 сана, милодий 1529 санада Бадахшда бўлган.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи заиф вужудли, оппоқ рангли ва сийрак соқолли зот эдилар. У киши ўз замоналарида тақво ва илмда тенги йўқ шахс эдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи мавлоно Яъқуб Чархий раҳматуллоҳи алайҳининг набиралари, яъни қизларининг ўғли бўладилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ёшликларида ўз-ўзларидан ибодат, тақво ва зоҳидликка берилган эдилар. Кейинчалик ўзларига бир муршиди комил зарур эканини англаб етдилар. Ўша муршид хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг турган жойларини излаб, сафарга чиқдилар. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи бундан хабардор бўлиб, у кишини кутиб олгани бир жониворга миниб, шаҳар ташқарисига чиқиб турдилар. Улар бир дарахтзорда учрашдилар ва уловларидан тушиб, сўрашиб, ўша ернинг ўзида маънавий дарсни бошладилар.

Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳининг шахсида ўта қобилиятли шогирдни кўрдилар. У кишига катта аҳамият билан дарслар бердилар. Тез орада сайри сулук дарслари ҳам охирига етди. Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳи Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳига иршод учун ижозат ва рухсат бердилар.

Шу тариқа хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи хожа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳматуллоҳи алайҳининг биринчи халифалари бўлдилар. Сўнгра дуолар қилиб, бир-бирларидан айрилишди. Бу уларнинг биринчи ва охирги ўзаро мулоқотлари эди.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ўз замонларининг буюк олими, адиби, шоири, орифи, ошиғи бўлиш шарафига муяссар бўлдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 936 санада Бадахшда вафот топдилар.

Хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Убайдуллоҳ Аҳрордан олганлар.

 

  1. ДАРВЕШ МУҲАММАД ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Бу зоти олийнинг туғилган юртлари ва йиллари ҳақида маълумотимиз йўқ. Вафотлари эса ҳижрий 970 сана, милодий 1562 санада Дасфирорда бўлган.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, гўзал юзли, буғдой рангли ва оқ соқолли бир зот эдилар. У кишининг аъзолари келишган ва ғоятда мутаносиб эди.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи ҳар бир киши осон тушунадиган тилда содда ва равон сўзлайдиган олим эдилар. У кишида хожа Муҳаммад Зоҳид ҳазратларига шогирд тушиш иштиёқи пайдо бўлди. Шу иштиёқ ила бориб, ўз устозларидан кўп нарсаларни ихлос билан ўргандилар. Барча илмларни пухта ўрганганларидан кейин у кишининг халифаларидан бирига айландилар.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи муридни тарбия этишда фавқулодда бир маҳорат соҳиби эдилар.

Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини хожа Муҳаммад Зоҳид раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

  1. ХОЖА МУҲАММАД ИМКАНАГИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 918 сана, милодий 1512 санада Самарқанднинг Имкана деган жойида таваллуд топганлар. У кишининг вафотлари ҳижрий 1008 сана, милодий 1599 санада ўзлари туғилиб ўсган юртда бўлган.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи қорамтир рангли, нурли юзли ва оз соқолли зот эдилар. «У киши денгиз каби файзга молик эдилар», дейишади тарихчилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ўз оталари Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг халифалари эдилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи зоҳир ва ботин илмларни ҳамда тарбия усулларини ўз оталаридан олдилар. У киши ўз ҳолларини одамлардан беркитар эдилар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи туғма дарвеш эдилар. У кишининг ишлари ва ҳаётлари мунтазам равишда ташкил қилинган эди. Ул зотга яқин бўлган ҳар бир киши файзларидан баҳра олар эди.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 1008 санада Имканада вафот этдилар. У киши ўз вафотларидан олдин халифаларига васият қилиб, ҳар бир нарсани аниқлаб берганлар.

Ҳазрати Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини ўз оталари Дарвеш Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

  1. ХОЖА МУҲАММАД БОҚИЙ ҚУДДИСА СИРРУҲУ

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 973 сана, милодий 1565 санада Афғонистоннинг Кобул шаҳрида туғилганлар ва ҳижрий 1014 сана, милодий 1606 санада Деҳлида вафот этганлар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ўрта бўйли, соқоли оз ва соқолларига бир оз оқ оралаган зот эдилар. У киши ҳар замонда узлат ва риёзатни ёқтириб қолар эдилар. Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи оз еб, оз ухлар, оз гапирар ва кечаю. кундуз Қуръони Карим ила машғул бўлар эдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ёшлик чоғларидаёқ ўзларининг киндик қонлари тўкилган Кобулдан ўша вақтда ер юзининг сайқали бўлган Самарқандга ўз устозлари мавлоно Муҳаммад Содиқ Ҳалвоий раҳматуллоҳи алайҳи билан бирга ҳижрат қилиб келганлар. У киши бу ерда зоҳир ва ботин илмларини пухта эгалладилар ҳамда татбиқ этдилар. У киши жуда ҳам гўзал ахлоқ соҳиби эдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи Хожагий Муҳаммад Имканагий ҳазратларидан маънавий дарслар олганлар. У киши кечаси кўп Қуръон ўқир ва ибодат қилар эдилар. Бомдод намозини ўқиб бўлганларидан сўнг қуёш чиққунга қадар Йаасийн сурасини тиловат қилар эдилар. Қуёш чиққанда эса: «Ё Аллоҳ! Кечалар қанчалар тез ўтади-я!» дердилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи жуда ҳам ҳалол зот эдилар. У киши хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд ва хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ҳазратларининг руҳониятларидан кўп фойда олган ва файзларини орттирган эдилар. Шунинг учун у киши Увайсий деб ҳам аталади.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳининг мазҳабларида эдилар. У киши иккинчи минг йилликнинг мужаддиди бўлган Имоми Роббонийдек зотни тарбиялаб етиштирдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи қирқ бир ёшларида вафот топдилар.

Ҳазрати хожа Муҳаммад Боқий раҳматуллоҳи алайҳи силсила омонатини Хожагий Муҳаммад Имканагий раҳматуллоҳи алайҳидан олганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

  1. Имоми Роббоний Аҳмад Форуқ Сарҳандий қуддиса сирруҳу;
  2. Ал-урватул вусқо шайх Муҳаммад Маъсум қудиса сирруҳу;
  3. Шайх Сайфуддин қуддиса сирруҳу;
  4. Саййид Нурмуҳаммад Бадавуний қуддиса сирруҳу;
  5. Ҳабибуллоҳ Мазҳар Жони Жонон Шамсуддин қуддиса сирруҳу;
  6. Шоҳ Али Абдуллоҳ Деҳлавий қуддиса сирруҳу;
  7. Мавлоно Холид Зиёуддин Бағдодий қуддиса сирруҳу.

СИЛСИЛАГА ХУЛОСА

Aллоҳ инсонларни ҳидоят йўлига чақириш учун бир-қанча пайғамбарлар юборган. Барча пайғамбарларнинг вазифалари инсонларни зулматдан ёруғрикка, жоҳилликдан ҳидоятга чақиришдир.
Мана шу таълимнинг энг охиргиси Ислом дини бўлиб, унинг мукаммал дастури эса Қуръони карийм ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дирлар. Чунки бу ҳақида муборак ҳадисларда шундай марҳамат қиладилар:

قال رسول الله (ص و): ولا نبي بعدي

Яъни: "Мендан кейин пайғамбар йўқ" деб, марҳамат қилдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг таваллуд топган саналари милодий 571-йил, қамарий ҳисоби бўйича Рабиъ-ул аввал ойининг 12-куни, душанбада таваллуд топганлар. Бу зотнинг дунёга келишларида бир қанча мўъжизалар рўй берган: У зот туғилганларида бир нур пайдо бўлиб, унинг нури Шом диёрини ёритган, Форс диёрида маъжусий(оташпараст)лар сиғинадиган, минг йиллар давомида ёниб турган олов ўчиб қолган, Мушриклар сиғинадиган бут ва санамлар қулаб тушган, Эрон Ҳукмдори Хусравнинг ҳашаматли саройи қулаб вайрона ҳолга етган. Сава шаҳридаги инсондар сиғиниб келган кўл ҳам шу кечада қуриб қолган ва яна шунга ўхшаш кўп воқеалар юз берган.

Аллоҳ ўзининг динини инсониятга етказиш учун инсонлар орасидан пайғамбарлар танлаб олган. Ҳадисларда пайғамбарларнинг умумий сони 124.000 бўлиб, уларнинг силсиласи Одам (а.с.)дан бошланиб, охири Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)билан ниҳояланган. Пайғамбаримиз (с.а.в) араблар орасида обрўли саналган Бани Ҳошим қабиласида дунёга келганлар, насаблари Иброҳим (а.с.)га бориб етади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларда шундай марҳамат қиладилар:

قال رسول الله صلي الله عليه و سلم : ان الله اصطفى من ولد ابراهيم اسماعيل و اصطفى من ولد اسماعيل بني كنانتة و اصطفى من بني كنانة قريشا واصطفى من قريش بني خاشم واصطفاني من بني خاشم
Яъни: "Aллоҳ пайғамбарлик учун Иброҳимнинг болаларидан Исмоилни, Исмоилнинг авлодларидан Бани Кинонани, Бани Кинонадан Қурайшни ва Қурайшдан Бани Ҳошимни, Бани Ҳошимдан эса мени танлаб олди" деб марҳамат қилганлар.


Aллоҳ Ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.)ни ана шундай улуғ кишилар пуштида сақлаб келиб, Оталари Абдуллоҳ ва Оналари Оминадан туғилишларини ирода қилди. Пайғамбаримиз туғилганларида оталари вафот этган эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни биринчи бўлиб, оналари 7 кун эмизадилар. Сўнг Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган чўриси Сувайба бир неча кун эмизади. Кейин Бани Саъдлик Ҳалима розияллоҳу анҳо икки йил эмизиш бахтига муяссар бўладилар. Пайғамбаримиз 4 ёшга етганларида "Шаққи садр" воқеаси рўй беради. Яъни Aллоҳ фаришталари орқали Пайғамбаримизнинг қалб-юракларидан шайтон насибаси бўлган "нафси аммора" (ёмонликка ундовчи нафс)ни олиб ташлайди. Шу сабабдан ҳам шайтон Расулуллоҳ (с.а.в.)ни асло васваса қила олмаган. Пайғамбаримиз (с.а.в) 6 ёшгача оналарининг бағрларида ўсдилар. 6 ёшга етганларида Оналаридан ҳам ажраладилар ва боболари Абдулмутталибнинг қарамоғида қоладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг етимликда етишларида катта ҳикмат бор. Ўзлари етимлик ва ғарибликни бошдан кечирганликлари учун ҳам етимларга нисбатан меҳрибон бўлиб вояга етганлар. 2 йилдан сўнг боболари ҳам вафот этадилар. У киши вафот этишларидан олдин набираларини фарзандлари орасидан у кишига энг меҳрибон бўлган Абу Толибга топширадилар. Ҳақиқатдан ҳам Абу Толиб Пайғамбаримиз (с.а.в)ни ўзларининг фарзандларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар эдилар ва қаерга борсалар ҳам олиб юрар эдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ёшликларида қўй боққанлар. Яъни чўпонлик қилганлар. Ўспиринлик ёшларидан то 40 ёшларигача тижорат билан шуғулланганлар. 40 ёшга етганларида Оллоҳу таъоло Пайғамбарлик вазифасини юклади ва бизу сизга дастурул амал бўлан Қуръон ва Ҳадис таълимоти билан ҳаёт гузаронлик қилдилар. Милодий 632-йилда вафот этдилар. Аччиқ бўлсада, ҳақиқатки ҳозирги кунда ёшларимиз қанчадан қанча машҳурлар ҳақида нима ейиш-у нима ичишини қачон ухлаб туриши ҳақида маълумотга эгалар лекин минг афсуски икки олам сарвари бўлган шафоатгўйимиз бўлган Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслар. Биз Пайғамбаримиз (с.а.в.)ни ота-онамиздан кўпроқ севмас эканмиз, ота-онамизни яқиндан билгандек билмас эканмиз, Жаннатга киришлигимиз ҳам шафоъатларига ноил бўлишимиз даргумондир. Пайғамбаримизнинг таваллуд ойлари муносабати билан мавлудлар, саловотлар ўқиймиз. Аллоҳ (с.в.т) саловоту дуоларимизни қабул айлаб, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг шафоатларига ноил айласин.


Рўзиев Абдуғани

وَإِذۡ قَالَ رَبُّكَ لِلۡمَلَٰٓئِكَةِ إِنِّي جَاعِلٞ فِي ٱلۡأَرۡضِ خَلِيفَةٗۖ قَالُوٓاْ أَتَجۡعَلُ فِيهَا مَن يُفۡسِدُ فِيهَا وَيَسۡفِكُ ٱلدِّمَآءَ وَنَحۡنُ نُسَبِّحُ بِحَمۡدِكَ وَنُقَدِّسُ لَكَۖ قَالَ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ مَا لَا تَعۡلَمُونَ٣٠
30. Парвардигорингиз фаришталарга: "Мен ер юзида бир халифа пайдо қилмоқчиман", деганини эсланг. Шунда фаришталар: "Ерда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми, ҳолбуки биз Сенга ҳамду сано айтиш билан улуғлаймиз ва Сени пок тутамиз-ку!", дейишди. Парвардигорингиз: "Мен сизлар билмаган нарсани биламан", деди.

Таниқли олимлардан Муҳаммад Саййид Тантовий бундай ёзади: "Аллоҳ таолонинг бу хитоби фаришталар билан маслаҳатлашиш ёки кенгашиш эмас, балки Ўзининг ҳикматли ишини фаришталарга ошкор қилиш эди. Ёхуд бу Аллоҳ таоло Ўз бандаларини бирор иш қилишдан олдин оқил ва доно кишилар билан кенгашиб олишга чақириғидир. Оятдаги "Сени улуғлаймиз" деб таржима қилинган "наҳну нусаббиҳу" калимаси аслида "тасбеҳ айтамиз" маъносида бўлиб, бу жумла шаръий истилоҳда "Аллоҳ таолони барча айбу нуқсонлардан поклаб улуғлаш"ни билдиради. "Пок тутамиз" деб ўгирилган "нуқаддису лака"даги "тақдис" сўзи "Аллоҳ таолони улуғлаш ва юксак сифатлар билан васф этиш" маъносини англатади" (Муҳаммад Саййид Тантовий, "Қуръони карим қиссалари", 1-жилд, Тошкент, 2005, 23-бет).

Баъзи Ислом олимлари Қуръондаги Одам бутун инсон наслини тамсил этади, дейишади. Одамнинг Ер юзига халифа қилиб юборилишида ажойиб бир илоҳий ҳикмат бор: бундан мурод, унинг бутун табиат қувватларига ҳоким қилиш ишораси мавжуд. Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик ҳикматидан бехабар фаришталар Ерда бузуғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми, ваҳоланки, биз доимо Сенга итоат ва ибодатда бўлиб, ҳамиша зикрингни қилиб турамиз-ку, дея таажжубга тушишди. Шунда Аллоҳ таоло ҳатто фаришталар билмаган нарсаларни ҳам билишини англатди. Яъни, Мен бу тоифа махлуқотларни яратиш ва уларни Ерда халифа қилишда қандай манфаатлар борлигини биламан, сизлар эса билмайсизлар. Мен ҳали улар орасидан пайғамбарлар танлаб, элчиларимни юбораман, улар ичидан сиддиқлар, шаҳидлар, солиҳ кишиларни чиқараман. Оятдаги фаришталарнинг: "Ерда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми?" деган сўзлари китобхонда "Одам алайҳиссаломдан олдин ҳам Ерда инсонлар яшаган эдими?" деган савол туғилишига олиб келиши мумкин. "Баъзи муфассирларнинг айтишларига қараганда, Ерда Одамдан олдин ҳам олти марта инсон авлоди яратилган ва яшаган бўлиб, еттинчиси Одам алайҳиссалом авлодлари эди. Кўпгина муфассирлар эса, Ерда Одамдан (алайҳиссалом) илгари инсон қиёфасидаги жинлар яшаган, дейишади".

وَعَلَّمَ ءَادَمَ ٱلۡأَسۡمَآءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمۡ عَلَى ٱلۡمَلَٰٓئِكَةِ فَقَالَ أَنۢبِ‍ُٔونِي بِأَسۡمَآءِ هَٰٓؤُلَآءِ إِن كُنتُمۡ صَٰدِقِينَ٣١
31. Ва Аллоҳ Одамга ҳамма нарсанинг номини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўпара қилди ва: "Агар рост гапирган бўлсанглар, Менга буларнинг номини айтиб беринглар", деди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга жаннатда Ўзи яратган нарсаларнинг номини билдиришни илҳом қилди ва бу номларни фаришталарга ҳам кўндаланг қилди: "Агар сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг номини Менга айтиб беринглар-чи!" Ушбу ояти каримада инсонга берилган илмнинг чексиз-чегарасиз эканига ишора бор. Ушбу ояти каримада инсоннинг билим даражаси ҳатто фаришталарникидан ҳам устун экани, Одам алайҳиссаломнинг фазлини зоҳир қилиш ва инсон не сабабдан яратилганини баён этиш бор. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: "Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: "Мўминлар қиёмат куни тўпланиб: "Агар Парвардигоримиздан шафоат тиласак, (У бизни турган еримиздан бошқа яхшироқ жойга кўчирмасмикан?)" дея Одам алайҳиссалом қошларига боришади-да, у кишига: "Сиз барча одамларнинг отасисиз, Аллоҳ таоло сизни Ўз яди (қўли) билан яратган, сизга фаришталарини сажда қилдирган, сизга ҳар бир нарсанинг номини ўргатган. Парвардигорингиздан бизга шафоат сўранг, то У бизни турган еримиздан бошқа яхшироқ жойга кўчирсин", дейишади. Одам алайҳиссалом "Сизларга фойдам тегмайди" деб, қилган гуноҳларини эслайдилар ва уялиб кетадилар. Сўнг уларга: "Нуҳ алайҳиссалом олдиларига боринглар, у киши Аллоҳ таоло Ер аҳлига юборган пайғамбарларнинг энг биринчисидир", дейдилар. Улар Нуҳ алайҳиссалом қошларига боришгач, у киши ҳам: "Сизларга фойдам тегмайди" дея ақллари етмаган нарса хусусида Парвардигорларига савол берганларини эслаб уялиб кетадилар ва "Раҳмон дўстининг қошига боринглар!" дейдилар. Улар Иброҳим алайҳиссаломнинг олдиларига боришади. У киши ҳам: "Сизларга фойдам тегмайди, Аллоҳ таоло сўзлашган, Таврот ато этган банда Мусо қошига боринглар!" дейдилар. Улар Мусо алайҳиссалом олдиларига боришади. У киши ҳам: "Менинг сизларга фойдам тегмайди" дея қилган гуноҳларини эслайдилар ва Парвардигорларидан уялиб кетадилар. Сўнг уларга: "Аллоҳ таолонинг бандаси ва пайғамбари, Аллоҳ таолонинг калимаси ва руҳи бўлмиш Исонинг қошига боринглар", дейдилар. Исо алайҳиссалом ҳам: "Сизларга фойдам тегмайди, яхшиси Аллоҳ таоло аввалгию охирги гуноҳларини мағфират қилган банда Муҳаммаднинг (алайҳиссалом) қошларига боринглар", дейдилар. Улар менинг ҳузуримга келишади, сўнг Роббимнинг ҳузурига бориб изн сўрайман, менга ижозат берилади. Парвардигоримни кўришим билан саждага бораман, У мени ўзи истаганича муҳлатга саждада қолдиради. Сўнг менга: "Бошингни кўтар ва сўра – У сўраганингни ато этади, сўзла – сўзларингни эшитади, шафоат тила – шафоат этади", дейилади. Мен бошимни саждадан кўтариб, Ўзи бизга ўргатган ҳамду санолар билан Уни мадҳ қиламан, кейин Ундан шафоат тилайман. У менга муайян кишиларни жаннатга олиб киришимга ижозат беради, уларни жаннатга олиб кираман. Сўнг Унинг ҳузурига қайтиб бориб, Уни кўришим билан олдингидай саждага бораман. Кейин Ундан шафоат тилайман, У менга бу гал ҳам муайян одамларни жаннатга олиб киришимга изн беради, уларни жаннатга олиб кираман. Кейин Унинг ҳузурига учинчи ва тўртинчи марта қайтиб бориб: "Дўзахда Қуръон банди қилиб, унда абадий қолиши лозим бўлганларгина қолди", дейман" (Бухорий ривояти).

قَالُواْ سُبۡحَٰنَكَ لَا عِلۡمَ لَنَآ إِلَّا مَا عَلَّمۡتَنَآۖ إِنَّكَ أَنتَ ٱلۡعَلِيمُ ٱلۡحَكِيمُ٣٢
32. Фаришталар: "Эй пок Парвардигор, бизда билдирганингдан бошқа илм йўқ. Сен албатта буюк илм ва ҳикмат эгасисан", дейишди.
Фаришталар Парвардигорларининг юқоридаги хитобига жавобан ўзларининг ожизликларини билдиришди ва: "Эй шаъни улуғ, барча айбу нуқсонлардан пок Парвардигор, биз Ўзинг ўргатган нарсалар номидан бошқасини билмаймиз. Ўзинг барча нарсаларни мутлақ билувчи, мутлақ Алим, мутлақ Ҳаким зотсан, бандаларингдан хоҳлаганингга илм берасан, хоҳлаган бандангдан илмни тўсиб қўясан", дейишди.
Аллоҳ таоло Алийм ва Ҳаким Зот бўлгани учун борлиқдаги ҳар бир нарсани, унинг сифатию моҳиятини яхши билади. Уларни Ўз ҳикмати билан яратади, ҳар бир нарсани ўз жойига қўяди ва ўрнига туширади. Аллоҳ таолонинг ҳикматига таъна етказиб, бирор оғиз сўз айтилиши ҳам мумкин эмас. Чунки у эшитувчи, кўрувчи, билувчи, хабардор, сўзловчи ва тадбир қилувчи ҳамда бундан бошқа исм-сифатларга эгадир.

قَالَ يَٰٓـَٔادَمُ أَنۢبِئۡهُم بِأَسۡمَآئِهِمۡۖ فَلَمَّآ أَنۢبَأَهُم بِأَسۡمَآئِهِمۡ قَالَ أَلَمۡ أَقُل لَّكُمۡ إِنِّيٓ أَعۡلَمُ غَيۡبَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ وَأَعۡلَمُ مَا تُبۡدُونَ وَمَا كُنتُمۡ تَكۡتُمُونَ٣٣
33. У деди: "Эй Одам, буларга у нарсаларнинг номини айтиб бер". Одам уларга ўша нарсаларнинг номини баён қилди. (Аллоҳ таоло) айтди: "Мен сизларга осмонлару Ердаги махфий нарсаларни, сизларнинг яширин ва ошкора қилган амалларингизни биламан, демадимми?".
Фаришталар бу борада ўз билимсизликларини изҳор этишганидан сўнг Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталар жавоб беришдан ожиз қолган номларни бирма-бир айтиб беришни буюрди. Одам (алайҳиссалом) Парвардигор амрига кўра бу номларнинг ҳаммасини айтиб берди. Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг осмонлардаги ва Ердаги, улар орасидаги ҳамма махфий ва ошкора нарсаларни ҳам, бандаларининг пинҳона ва ошкора қилган барча ишларини, замин ва коинотдаги барча жонли ва жонсиз мавжудотнинг ҳар бир ҳаракатини яхши билишини яна бир бор таъкидлади. Оятнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, Одам алайҳиссаломнинг илми бевосита Аллоҳ таолонинг илмига суянади, бу илм назар ва фикр йўли билан ҳосиб бўлган, унда бирор хатолик ёки янглишиш йўқ, чунки бу илмни одамизод бевосита Аллоҳнинг Ўзидан олган. Бинобарин, Одам алайҳиссалом Ер юзида халифа (ўринбосар) бўлиши учун тайёрланди. Буни шундан ҳам билиш мумкинки, илоҳий ҳукмлар Ер юзида кейин пайдо бўлган ҳар қандай қонунлардан кўра, тўғри, мукаммал ва адолатлидир.

ИСМ ЭГАСИГА ДАЛОЛАТ ҚИЛИШИ БАЁНИ

8 - وَلَيْسَ الإِسْمُ غَيْرًا لِلْمُسَمَّى لَدَى أَهْلِ الْبَصِيرَةِ خَيْرِ آلِ

Маънолар таржимаси:
Энг яхши кишилар бўлган тафаккур қилиб ҳақиқатни идрок этувчилар ҳузурида исм номлангандан ўзга эмасдир.

Назмий баёни:
Исм номлангандан эмасдир ўзга,
Идрок аҳли – яхши оила наздида.

Луғатлар изоҳи:
لَيْسَ – жомид, ноқис, мозий феъли كَانَ нинг шерикларидан бири.
لَيْسَ – الإِسْمُ нинг исми.
لَيْسَ – غَيْرًا нинг хабари.
لِ – бу ҳарф عَنْ маъносида келган.
مُسَمَّى – “аталган”, “ном берилган” маъноларини ифодаловчи исми мафъул.
لَدَى – калимасиعِنْدَ маъносидаги жомид исм. Ўрнига кўра зарфи замон ёки зарфи маконни ифодалайди.
أَهْلِ – аҳл калимаси қайси исмга изофа қилиниши эътиборидан турли маъноларни ифодалайди. Кишига нисбатан ишлатилса, “кишининг оиласи ва яқинлари” маъноси тушунилади. Масалан, الرَّجُل اَهْلُ (кишининг оиласи). Ишга нисбатан ишлатилса, “иш эгалари” маъноси тушунилади. Масалан, الْأَمْرِ اَهْلُ (иш эгаси). Бирор маконга нисбатан ишлатилса, “ўша маконда яшовчилар” маъноси тушунилади. Масалан, الْبَيْتِ اَهْلُ “уйда яшовчилар”.
الْبَصِيرَةِ – музофун илайҳ. Луғатда “ақл”, “идрок” ва “фаҳм-фаросат” маъноларини англатади. Ушбу калима қалб билан ҳис этишга нисбатан ишлатилади. Кўз билан ҳис этишга البَصَر калимаси ишлатилади.
خَيْرِ – бу калима, аслида, اَخْيَرُ нинг ҳамзаси ҳазф қилинган шаклидир. أَهْلِ нинг сифати.
آلِ – бу калима “аҳли” маъносини билдиради. Аммо луғатда اَهْلُ калимаси آلِ калимасидан умумий ҳисобланади. Яъни اَهْلُ калимаси ҳурмат эътиборли кишиларга ҳам, қадр-қиммати йўқ кимсаларга нисабатан ҳам ишлатилади. آل калимаси фақат ҳурмат-эътиборлиларга нисабатан ишлатилади.

Матн шарҳи:
Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг “Исм номлангандан эмасдир ўзга” деган сўзлари Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан Унинг айни Ўзи тушунилади маъносини ифодалайди. “Яхши оила” деган сўзларидан эса Аҳли сунна вал- жамоа тушунилади. “Басийрат” сўзи луғатда “ақл”, “идрок” “фаҳм” ва “фаросат” каби маъноларни англатади. Шунга кўра, “басийрат аҳли” сўзи “идрок аҳли”, дея таржима қилинди. Мулла Али Қори “басийрат”ни “У билан нарсалар идрок этиладиган қалбдаги нурдир” , дея таърифлаган. Исм ном эгасидан бошқа эмаслиги тўғрисидаги масала ҳам адашган тоифаларга раддия ўлароқ ёзилгани учун алоҳида келтирилган. Аслида, бу масала Аллоҳ таолонинг барча исмлари қадимми ёки ҳодисми, деган масаланинг бир бўлагидир.
Жаҳмиялар, мўътазилийлар ва карромийлар “исм мусаммодан (исм эгасидан) бошқадир”, шу маънода Аллоҳ таолонинг исмлари ҳам Ундан бошқадир. Аллоҳдан бошқа барча нарсалар йўқдан бор бўлгани учун Унинг исмлари ҳам йўқдан бор бўлгандир”, деган даъвони қилишган ҳамда бу даъволарига бир қанча далиллар ҳам келтиришган:
﴿وَلِلَّهِ ٱلۡأَسۡمَآءُ ٱلۡحُسۡنَىٰ فَٱدۡعُوهُ بِهَاۖ ﴾
“Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз!” .
Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло исмларни Ўзига изофа қилган. Исмлар эса ўзидан бошқага изофа қилиниши, ўзига изофа қилинмаслиги ҳеч кимга сир эмас. Агар исм билан мусаммо бир бўлганида исмларни Ўзига изофа қилиши тўғри бўлмай қоларди, деганлар.
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари ушбу ва бошқа шу каби даъволарга атрофлича жавоб берганлар. Бу масала тўғрисида Нуриддин Собуний “Бидаяту фи усулид-дин” асарида қуйидагиларни ёзган: “Бу масаладаги тўғри гап бизнинг айтган гапимиздир. Агар биров “Аллоҳ” деса, бу киши “Аллоҳни зикр қилди” деса ҳам “Аллоҳнинг исмини зикр қилди” деса ҳам бўлади-ку, агар исм билан мусаммо бир бўлмаганида, бундай дейиш тўғри бўлмасди. Бунга Аллоҳ таолонинг сўзи ҳам далил бўлади:
﴿فَسَبِّحۡ بِٱسۡمِ رَبِّكَ ٱلۡعَظِيمِ٩٦﴾
“Бас, улуғ Роббинг исмини нуқсонлардан холи деб ёд эт!” .
(Аллоҳ таоло исмини поклаб ёд этишга амр қилган бўлса-да), бизлар рукуъда: “Субҳана Роббиял Азийм” “Улуғ Роббимни (барча айбу нуқсонлардан) холи деб ёд этаман”, деймиз.
Тилшунос олимлар ҳам исм ва унинг эгасини бир деб билишган. Машҳур шоир Лабиднинг шундай шеъри бор:
اِلَى الْحَوْلِ ثُمَّ اسْمُ السَّلاَمِ عَلَيْكُمَا وَمَنْ يَبْكِ حَوْلاً كَامِلاً فَقَدْ اعْتَذَرْ
Бир йилгача, сўнгра сизларга саломнинг исми бўлсин,
Кимки тўлиқ бир йил йиғласа, ўзини оқлабди.
Ушбу байтда ҳам шоир “саломнинг исми бўлсин” деб саломнинг ўзини ирода қилган.
Шунингдек, Зайнаб исмли хотини бўлган киши “Зайнабни талоқ қилдим” деса, талоқ хотинининг исмига эмас, хотинининг ўзига тушади. Тўғри, баъзи ҳолатларда исм айтилиб, тасмия, яъни номнинг ўзи ирода қилинади. Тасмия маъносида қўлланганда эса исмнинг мусаммодан бошқа бўлиши шак-шубҳасиздир. Масалан, اسْمُكَ مَا “исминг нима? ” дейилса, “Муҳаммад” деб жавоб берасиз, чунки бу саволдан ном ирода қилиняпти. Бунинг далили шуки, грамматик қоида бўйича ما калимаси ғойри оқил (ақли бўлмаган) нарсаларга қўлланади. Исмнинг ўзи ғойри оқил бўлгани учун унга мазкур калима қўлланган. Шунингдек, оқилларга нисбатан қўлланадиган مَنْ калимаси билан: مُحَمَّدٌ مَنْ “Муҳаммад ким? ” деса, сиз: اَنَا “мен” деб исмни зотга изофа қиласиз. Ўша пайтда: “Муҳаммад менинг исмим, мен бошқа, Муҳаммад бошқа”, демайсиз-ку. Бу эса айтган сўзимизнинг саҳиҳлигига далолат қилади” .
Хулоса қилиб айтганда, ушбу байтда Аллоҳ таолонинг исмлари тўғрисида мотуридия мазҳаби қандай эътиқодда эканлиги лўнда тарзда баён қилинган.

У ЗОТ ЎЗИ ВА РАСУЛИ БАЁН ҚИЛГАНИДЕКДИР

9 - وَمَا إِنْ جَوْهَرٌ رَبِّي وَجِسْمٌ وَلاَ كُلٌّ وَبَعْضٌ ذُو اشْتِمَالِ

Маънолар таржимаси:
Роббим асло жавҳар эмас, жисм ҳам эмас, “кулл” ҳам эмас, қамраб олинувчи “баъз” ҳам эмас.
Назмий баёни:
Роббим жавҳар эмас, жисм ҳам эмас,
Мураккаб ҳам эмас, қисм ҳам эмас.
Луғатлар изоҳи:
مَا – нафий (инкор) ҳарфи.
إِنْ – нафийни таъкидлаш учун келган қўшимча нафий ҳарфи.
جَوْهَرٌ – жавҳар деганда, аслида, ундан бирор бир манфаатли нарса чиқариладиган тошлар тушунилади. Аммо бу ўринда макон оладиган, аммо бўлинмайдиган бир жуз кўзда тутилган.
رَبِّي – Роб калимаси луғатда “эга” маъносини англатади. Мутакаллим ي га изофа қилинган.
جِسْمٌ – жисм деганда узунлиги, эни ва бўйи бор бўлган икки ва ундан ортиқ жавҳарлар йиғиндиси тушунилади.
مَا – لاَ ва إِنْ лардан кейин келган зоида ҳарф.
كُلٌّ – бир ва ундан ортиқ жуздан таркиб топган зеҳний тушунча.
بَعْضٌ – баъз деганда ундан ва бошқасидан كُلٌّтаркиб топадиган зеҳний нарса тушунилади.
بَعْضٌ – اشْتِمَالِ ذُو нинг сифати. Луғатда “қамраб олинувчи” маъносини англатади.

Матн шарҳи:
Ушбу байтда Аллоҳ таолонинг бандаларга хос бўлган барча сифатлардан холи экани баён қилинган. Ўтган байтда Аллоҳ таолони бошқа “шай”лар каби бўлмаган “шай”дир, дейиш мумкинлиги айтиб ўтилган эди. Бу ерда эса У зотни жавҳар ҳам, жисм ҳам деб номлаб бўлмаслиги айтилмоқда. Чунки жисм ва жавҳар номлари фақат олти тарафнинг бирида бўладиган ёки чегараси бор нарсаларгагина қўлланади. Шунинг учун Аллоҳ таолони бошқа жисмлар каби бўлмаган жисмдир ё бошқа жавҳарлар каби бўлмаган жавҳардир, деб бўлмайди.
Жавҳар деганда жуда кичкиналиги сабабли бошқа бўлакка бўлинмайдиган, лекин қайсидир даражада жой эгаллаб турадиган нарса тушунилади. Жисм деганда эса икки ва ундан кўп бўлаклардан ташкил топган ва жой эгаллаб турадиган нарса тушунилади. Икки ва ундан кўп бўлаклардан ташкил топгани учун, албатта, у шунча бўлакка бўлинадиган бўлади. Кулл эса ўзбек тилидаги “ҳамма”, “барча” маъноларини англатиб, ундан икки ва ундан кўп чегараланган навлардан ташкил топган нарса тушунилади. “Баъз” эса ўзбек тилидаги “баъзиси”, “айрими” маъносида бўлиб, “кулл”, яъни “ҳамма” ундан ва унинг шериклари бўлган бошқа “баъзи”лардан ташкил топади. Ушбу таърифлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, мазкур байтнинг маъноси, Аллоҳ таоло бўлинмайдиган, лекин жой оладиган бир бўлак ҳам эмас, жой оладиган бўлаклардан ҳам ташкил топган эмас, кўп нарсалардан ташкил топган ҳам эмас, кўп нарсаларнинг ичига кирадиган бир нарса ҳам эмас, балки бундай сифатларнинг барчасидан холи бўлган ва уларнинг барчасини йўқдан бор қилган Зотдир.

БЎЛИНМАЙДИГАН ЖУЗНИНГ АҚЛАН
МУМКИНЛИГИ БАЁНИ

10 - وَفِي الأَذْهَانِ حَقٌّ كَوْنُ جُزْءٍ بِلاَ وَصْفِ التَّجَزِّي يَا ابْنَ خَالِ

Маънолар таржимаси:
Ақлларда “жуз”нинг бўлмоғи собитдир, бўлиниш васфисиз эй тоғамнинг ўғли.
Назмий баёни:
“Бўлинмас жуз”нинг мавжудлиги бор,
Ўйла, тоғам ўғли, ақл этмас инкор.
Луғатлар изоҳи:
فِي – “зарфият” маъносида келган жор ҳарфи.
الأَذْهَانِ – калимаси ذِهْنٌ нинг кўплик шакли бўлиб “зеҳнлар”, “ақллар” ва “идроклар” каби маъноларини англатади. Бу ерда “ақллар” маъноси ирода қилинган. Жор мажрур хабари муқаддам.
حَقٌّ – хабаридан кейин келтирилган мубтадо. Ҳақ луғатда инкор қилиб бўлмайдиган нарсага нисбатан ишлатилади. Ҳақ ва сидқ калималарининг маънолари бир-бирларига жуда яқин ҳисобланади. Фақатгина сидқ калимаси кўпроқ сўзларга нисбатан ишлатилади. Ҳақ ва сидқ ўртасидаги фарқ:
– Воқеликнинг берилган ҳукмга мувофиқ бўлиши ҳақ (ҳақиқат) дейилади;
– Берилган ҳукмнинг воқеликка мувофиқ бўлиши сидқ (рост) дейилади.
كَوْنُ – борлик маъносини англатади.
جُزْءٍ – бу калимадан олдинги мутакаллимлар “жавҳарул фард” деб номлашган бўлинмайдиган жуз ирода қилинган.
بِلاَ – بِтаъкидни ифодалаб келган зоида жор ҳарфи. لاَ нафий (инкор) ҳарфи.
وَصْفِ – васф деганда маълум бир зотга маъно эътиборидан далолат қилган нарса тушунилади.
التَّجَزِّي – бўлак-бўлак бўлиш маъносини англатади. Музофун илайҳ.
يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи.
خَالِ ابْنَ – мунодо. “Тоғамнинг ўғли” маъносидаги ушбу сўздан Нозимнинг манзумани ўқиётган ҳар бир толиби илмни ўзига яқин олиб меҳрибонлик билан хитоб қилгани тушунилади.

Матн шарҳи:
Ақлан олиб қаралганда оддий кўз билан мутлақо кўриб бўлмайдиган жуда кичик бир бўлакнинг мавжудлиги ҳақдир. Бу бўлак атом деб номланадими ё бошқа бирор ном билан аталадими, қандай номланишидан қатъи назар ўта кичиклиги сабабли бошқа бўлинмайдиган, лекин барибир қайсидир даражада жой эгаллаб турадиган бир бўлакнинг мавжудлигини ақл инкор этмайди. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ бу байтни файласуфлар ва баъзи мўътазилийларга раддия сифатида ёзган. Улар амалга ошириш юзасидан ҳам, ақлан олиб кўриш жиҳатидан ҳам жуз деб аталадиган кичик бир бўлакни ниҳоясиз даражада тақсимлаб бориш мумкинлиги тасаввурга сиғади, дейишган. Аҳли сунна вал-жамоа уламолари уларнинг даъволарини ҳам ақлий, ҳам нақлий жиҳатдан рад этганлар. “Туҳфатул аолий” китобида бу ҳақида қуйидагилар келтирилган: “Адашган тоифаларнинг ушбу масаладаги хатолари, асосан, уч ўринда ошкор бўлиб қолади:
1. Аллоҳ таоло бўлинмайдиган жузни яратишга қодир деб сифатланадими ё йўқми?
Адашган тоифаларга кўра сифатланмайди, чунки У зотнинг ҳузурида икки бир-бирига зид нарсанинг жамланиши мумкин эмас.
Аҳли сунна вал-жамода эса сифатланади, чунки ўша жуз мумкин бўлган нарсадир. Бўлиши мумкин нарсага эса қудрат сифатининг боғланиши билиттифоқдир.
2. Агар жузнинг бўлиниши тугаб бошқа бўлинмайдиган даражада бўлиб қолмасдан ниҳоясиз даражада бўлиниб боравериши мумкин бўлганида, ҳамма нарсанинг ададини ҳисоб қилиш мумкин бўлмасди. Бу эса Қуръон оятига зиддир:
﴿ وَأَحۡصَىٰ كُلَّ شَيۡءٍ عَدَدَۢا٢٨﴾
“Ва (борлиқдаги) ҳар бир нарсанинг саноғини ҳисоблаб қўйгандир” .
3. Уларнинг ушбу “кичик бир бўлакни ниҳоясиз даражада тақсимлаб бориш мумкинлиги” тўғрисидаги даъволарига кўра, агар катта ҳовузга кичкина нажосат тушиб кетса, ўша нажосатнинг ниҳоясиз даражада бўлиниб бориши мумкинлигидан ҳовуздаги ҳар бир қатра сувга нажосат тегиши лозим бўлиб қолади” .
Шунинг учун ушбу баҳс ақоид илмидаги зарур масала эмас, балки шу тўғрисида ҳам тортишувлар бўлиб ўтганини баён қилувчи қўшимча маълумот ҳисобланади.
Байт охиридаги “ўйла, тоғам ўғли” деган сўздан меҳрибон қариндош ўзи яхши кўрадиган яқинига қандай насиҳат қилса, Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам назмини ўқиб фойда олаётганларга меҳрибонлик билан шундай насиҳат қилаётгани тушунилади.
Баъзи уламолар خَالِ ابْنَ يَا жумласини “эй бу масала ҳақидаги билимдан холи бола” маъносида тушунса ҳам бўлади, – деганлар.

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
ҚУРЪОНИ КАРИМГА ИЙМОН КЕЛТИРИШ БАЁНИ:
Қуръони каримнинг олдинги илоҳий китоблардан фарқлари;
Қуръони каримга иймон келтириш маъноси;
Қуръони карим суралари;
Ҳавас қилинадиган амал;
Илоҳий китобларга иймон келтириш.

Top