www.muslimuz

www.muslimuz

Рамазон Қуръон ойи. Бу ойда Қуръон нозил бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Жаброил алайҳиссаломга ҳар йили Рамазон ойида Қуръонни ўқиб берардилар. Улуғларимиз бу фазилатли ойда қиладиган асосий ишларидан бири Қуръони Каримни хатм қилиш бўларди.

 

*****

Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий раҳимаҳуллоҳ Рамазон ойида кундузи бир хатм, ҳар уч кунда таровеҳ намозидан кейин яна бир хатм қилар эдилар.

*****

Саъид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ ҳар икки кечада Қуръонни хатм қилардилар.

*****

Зубайд Ёмий Рамазон ойи келса, Қуръонни тиловат қилишга астойдил киришар ва дўстларини ҳам шу ишга жамлардилар.

*****

Валид ибн Абдулмалик раҳимаҳуллоҳ ҳар уч кунда Қуръонни бир марта хатм қилардилар. Рамазон ойида жами ўн етти марта хатм қилишга эришардилар.

*****

Абу Авона айтадилар: “Қатоданинг Рамазон ойида Қуръондан дарс бераётганини кўрдим”.

*****

Қатода ҳазратлари йил давомида Қуръонни ўқиб юриб, ҳар етти кунда бир марта тўлиқ ўқиб чиқардилар. Рамазон ойи келганда, ҳар уч кунда бир марта тўлиқ ўқиб чиқардилар. Рамазоннинг охирги ўн кунларида эса ҳар кеча бир марта тўлиқ ўқиб чиқардилар.

*****

Имом Шофеийнинг шогирдларидан Рабийъ ибн Сулаймон айтади: “Шофеий Рамазон ойида Қуръонни олтмиш марта хатм қилардилар. Яъни ҳар кеча икки мартадан хатм бўларди. Рамазондан бошқа ойларда эса ҳар ой ўттиз мартадан хатм қилардилар”.

*****

Қосим ибн Али отаси Ибн Асокир ҳақларида бундай дейди: “Отам жамоат намозини, Қуръон тиловатини қолдирмас эдилар. Одатда ҳар жума Қуръонни бир марта хатм қилардилар. Рамазонда эса ҳар куни хатм қилардилар”.

 

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг мусулмонларга Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошлиқ этиб сайландилар. У кишининг даврларида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттик жанглар бўлди. Шу жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда ҳазрати Умар Абу Бакрга (Аллоҳ у зотлардан рози бўлсин): «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб кўйиш керак», деган маслаҳатни бердилар.

Аввал бошда ҳазрати Абу Бакр иккиланиб турдилар, чунки бу иш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида қилинмаган эди. Кейинроқ эса Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам Қуръонни китоб шаклига келтириб қўйиш зарур эканини англаб етдилар ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни чақириб, бу ишни амалга оширишни у кишига топширдилар. Чунки Зайд ибн Собит Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида ёзган, Пайғамбаримиз вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлган эди.

Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо ва бошқалар Қуръони Каримни пухта ёд билишларига қа­рамай, бу улкан ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: «Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва унинг Пайғамбаримиз ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди!» дея эълон қилдилар. Икковлари масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниқлик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамлаб бердилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Агар бирор ҳарфи ўрнида бўлмаса, минглаб ёд биладиганлар қарши чиқар эди.

Лекин асосий таянч ёдлаш бўлиб қолаверди. Қуръони Каримни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фариштадан ёдлаганлар, у кишидан саҳобалар, саҳобалардан эса улардан кейинги авлод ва ҳоказо, ҳозиргача етиб келган.

Шундай қилиб, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумо машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтганларидан кейин саҳифалар ҳазрати Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса қизлари – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса онамиз ҳузурларида қолди.

Келинг, Ислом уммати тарихидаги энг муҳим ишлардан бўлган бу иш ҳақида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эшитайлик.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ямома аҳлининг қатлида Абу Бакр менга одам юборди. (Борсам,) Умар ибн Хаттоб унинг олдида экан. Абу Бакр: «Умар келиб, менга: «Ямома куни Қуръон қорилари ичида қатл кўпайиб кетди. Мен бошқа жойларда ҳам қорилар ичида қатл кўпайиб кетиб, Қуръоннинг кўпи кетиб қолишидан қўрқяпман. Менимча, Қуръонни жамлашга амр қилишинг керак», деди. Мен Умарга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласан?!» дедим. Умар менга: «Аллоҳга қасамки, бу яхшиликдир!» деди. У менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни ўша ишга очди. Умар лозим кўрган ишни лозим кўрдим».

Зайд айтади: «Сўнг Абу Бакр менга: «Албатта, сен ёш, оқил одамсан. Сени айблайдиган жойимиз йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг. Қуръонни излаб топиб, жамлагин», деди. Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни жойидан кўчиришни буюрганларида, мен учун Қуръонни жам қилишни амр қилганидан кўра оғир бўлмас эди. Мен унга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи васаллам қилмаган нарсани қиласизлар?!» дедим. У (менга): «Аллоҳга қасамки, бу яхшиликдир!» деди. Абу Бакр менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг қалбини очган ишга очди. Қуръонни излаб, хурмо дарахти пўстлоқлари, тош парчалари ва одамларнинг қалбларидан жамлай бошладим. Тавба сурасининг охирини Абу Хузайма Ансорийдан топдим. Ундан бошқадан топмадим: «Батаҳқиқ сизларга ўзларингиздан бўлган... Расул келди...» (икки оят). Саҳифалар Абу Бакр вафот қилгунича унинг олдида турди. Кейин Умар ҳаётлигида унинг олдида турди. Сўнг Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳонинг олдида турди».

Бухорий ривоят қилган.

Албатта, бу ривоятда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу бўлган воқеанинг хулосасини қисқа қилиб, ўзларининг иборалари билан баён қилмоқдалар. Аслида эса анчагина гап-сўзлар ва ишлар бўлиб ўтган.

«Ямома аҳлининг қатлида Абу Бакр менга одам юборди».

Ямома Ҳижоз билан Яман орасида жойлашган диёрнинг номидир. Ривоятда «Ямома аҳли қатлида» дейилаётган бўлса ҳам, бошқа жангларда ҳам Қуръонни ёд олган кўплаб саҳобалар шаҳид бўлаётган эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида диндан қайтган муртадлар билан мусулмонлар ўртасида қаттиқ жанглар бўлиб ўтган. «Ридда урушлари» номи билан тарихга кирган мазкур урушларда Қуръонни тўлик ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Биргина Ямомада Каззоб Мусайлимага қарши олиб борилган жангда етмиш нафар саҳоба вафот этдилар. Шунинг учун ҳам ривоятда ана шу жанг тилга олинмоқда.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳл лашкарини ўша Нажд тарафга, Ямомадаги Каззоб Мусайлимага қарши юборди. Унинг ортидан мадад учун Шураҳбил ибн Ҳасанани яна бир лашкар билан юборди. Икрима Шураҳбил ибн Ҳасанани кутиб турмасдан, ўзи ишни битириш учун шошилиб, Мусайлиманинг аскари билан тўқнашди ва енгилди. Бундан аччиғи чиққан Абу Бакр розиялло­ҳу анҳу Икрима ибн Абу Жаҳлни Мадинага қайтиб келмасдан, Яманга бориб, Ҳузайфа ва Аржафага қўшилишга, улар билан бирга Маҳар аҳлига қарши уруш қилишга амр этди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Холид ибн Валидга одам юбориб, уни Мусайлима томон юришга амр қилди. Унга муҳожир ва ансорлардан иборат катта лашкарни мадад учун юборди. Шураҳбил ибн Ҳасанага одам юбориб, Холидни кутиб туришни амр қилди. Мусайлиманинг қирқ минг кишилик лашкари бор эди.

Мусайлима ва Бану Ҳанифа қабиласи Холиднинг келаётганини эшитиб, Ямоманинг четига аскаргоҳ қилиб, одам тўпладилар. Уларга жуда кўп одам қўшилди.

Холид ҳам яқинлашиб кела бошлади. Унинг лашкари олдида Шураҳбил ибн Ҳасана борар эди. Бану Ҳанифанинг аскаргоҳига бир кечалик йўл қолганида, улар Омирдан ўч олиб келаётган бир жангчи гуруҳни учратишди. Бу гуруҳга Бану Ҳанифанинг улуғларидан Мужжоъа ибн Марора бошлиқ эди. Холид амр қилиб, уларнинг бошлиқларидан бошқа ҳаммасини қатл эттирди.

Сўнгра Холид бориб, муртадларнинг лашкари билан тўқнашди. Икки томон қаттиқ жанг қилди. Дастлаб мусулмонларнинг иши юришмади. Муртадлар Холиднинг чодиригача етиб келиб, унинг хотинини асир олмоқчи бўлишган эди, Мужжоъа уларни бу ишдан қайтарди. Сўнгра мусулмонлар бирлашдилар ва Аллоҳ уларга Ўз сакинасини нозил қилди. Холид ўз одамлари билан ҳамла қилиб, муртадларни ортга қайтарди.

Бану Ҳанифа аччиқланиб, шиддат билан жанг қилишди. Холид уруш Мусайлиманинг зиддига бўлаётганини англади. Уни яккама-якка олишувга чақирди. У олишувга чиқди ва иши оғирлашиб қолганда қочиб қолди. Унинг одамлари ҳам қоча бошладилар. Холид мусулмонларга нидо қилди. Улар бирдан ҳамла қилиб, муртадларни шармандаларча мағлуб этдилар. Муртадларнинг қолганлари Мусайлиманинг «Ҳадиқотур-Роҳман» номли боғига кириб олишди. Бу қурғонга кириш мусулмонлар учун жуда қийин бўлди. Ансорийларнинг шижоатли саҳобаларидан бири Баро ибн Молик: «Мени боғнинг ичига отинглар», деди. Шериклари уни ўша боғнинг ичига улоқтирдилар. Унинг ёлғиз ўзи душ­ман билан жанг қилаётиб, эшикни очди. Мусулмонлар шу эшикдан кириб, душманларни қатл қилдилар. Қатл этилганларнинг ичида Мусайлиманинг ўзи ҳам бор эди. Уни бир пайтлар Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳунинг қо­тили бўлган, кейинчалик Аллоҳнинг ҳидояти ила Исломни қабул этган Ваҳший билан яна бир ансорий ўлдирдилар.

Бу жангларда саҳобаи киромлардан етмиш киши шаҳид бўлди. Шаҳидлар ичида Абу Ҳузайфа ибн Утба, Абу Ҳузайфанинг мавлоси Солим, Шужоъ ибн Ваҳб, Зайд ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Саҳл, Молик ибн Амр, Туфайл ибн Амр Давсий, Язид ибн Қайс, Омир ибн Букайр, Абдуллоҳ ибн Махрама, Соиб ибн Усмон ибн Мазъун, Уббод ибн Бишр ва бошқа катта саҳобаи киромлар бор эдилар. Қатл этилган саҳобаларнинг шарафига мазкур Ямома жанги донг таратди.

«(Борсам,) Умар ибн Хаттоб унинг олдида экан. Абу Бакр: «Умар келиб, менга: «Ямома куни Қуръон қорилари ичида қатл кўпайиб кетди. Мен бошқа жойларда ҳам қорилар ичида қатл кўпайиб кетиб, Қуръоннинг кўпи кетиб қолишидан қўрқаман. Менимча, Қуръонни жамлашга амр қилишинг керак», деди...»

Бу гаплардан Қуръони Каримни ягона китоб шаклида жамлаш фикри ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан чиққанлиги кўриниб турибди. У киши раҳбарнинг ҳузурига бориб, ўз фикрларини айтганлар. Аввалига Абу Бакр розиял­лоҳу анҳу бу фикрга қарши чиққанлар.

«Мен Умарга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласан?!» дедим».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳар бир нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олиб қилишга одатланган, у зот қилмаган нарсани қилмас эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни битта китоб шаклида жамламаганлари учун Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам бу ишга журъат қила олмадилар. Аммо Умар розияллоҳу анҳунинг фикрлари бошқача эди. У киши Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи васаллам маълум сабабларга кўра қилмаган ишни қилса яхши бўлиши мумкин, деган фикрда эдилар.

«Умар менга: «Аллоҳга қасамки, бу яхшиликдир!» деди. У менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни ўша ишга очди. Умар лозим кўрган ишни лозим кўрдим».

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўз сўзларида қаттиқ туриб олганлари учуй Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам у кишининг таклифларини қабул қилдилар ва ўйланган ишни амалга ошириш учун Зайд иби Собит розияллоҳу анҳуни чақирдилар.

«Зайд айтади: «Сўнг Абу Бакр менга: «Албатта, сен ёш, оқил одамсан. Сени айблайдиган жойимиз йўк. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ваҳийни ёзар эдинг. Қуръонни излаб топиб, жамлагин», деди».

Демак, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни жамлашга энг муносиб номзодни танлаганлар. Чунки Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуда бир неча нодир сифатлар бор эди.

  • Ёш эдилар.
  • Оқил эдилар.
  • Ёлғон ва туҳмат билан айбланмаган эдилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида у зотга нозил бўлган ваҳийни ёзиб борар эдилар.
  • Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломга охирги марта Қуръони Каримни аввалидан охиригача ўқиб берганларида, у зот билан бирга бўлганлар.

Аммо Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Абу Бакр ро­зияллоҳу анҳунинг таклифларидан қувониб кетмадилар. Балки у кишини масъулият юки босди.

«Аллоҳга қасамки, агар менга бир тоғни жойидан кўчиришни буюрганларида, мен учун Қуръонни жам қилишни амр қилганидан кўра оғир бўлмас эди».

Дарҳақиқат, таклиф қилинаётган иш енгил эмас эди. У жуда хам оғир иш эди. Ҳатто катта оғирлик рамзи бўлган тоғдан ҳам оғир эди. Шунинг учун ҳам Зайд ибн Собит ро­зияллоҳу анҳу бу ишга дарров киришиб кета олмадилар.

«Мен унга: «Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган нарсани қиласизлар?!» дедим».

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бу гаплари худди Абу Бакр розияллохҳу анҳунинг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга айтган гапларига ўхшаши бежиз эмас. Ўша пайтда ҳар бир шахс шу гапни айтиши турган гап эди. Чунки ҳамма фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган, буюрган ва қилган нарсани қилиб ўрганган эди. Ҳамма муаммоларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳал қилиб беришларига ўрганилган эди. Мусулмон уммати ўз Набийсининг вафотидан кейин биринчи бор катта муаммога дуч келаётган, бу муаммони тўғри ҳал қилиш лозим эди. Энди умматнинг ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламсиз ижтиҳод қилиши керак эди. Буни биринчи бўлиб ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу англаб етдилар. Сўнгра у кишига Абу Бакр розияллоҳу анҳу қўшилдилар, энди Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга ҳам бу ишнинг туғрилигини тушунтирмоқдалар.

«У (менга): «Аллоҳга қасамки, бу яхшидир!» деди».

Ҳа, Ислом уммати учун турли сабабларга кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қилишда ҳам яхшилик бўлиши мумкин эди.

«Абу Бакр менга қайта-қайта мурожаат қилаверди. Охири Аллоҳ менинг қалбимни Абу Бакр ва Умар ро­зияллоҳу анҳумонинг қалбини очган ишга очди».

Бундай пайтда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­лам қилмаган ишни қилиб бўлмайди», деб туриб олиш яхши эмас эди. Бу ҳақиқатни англаб етган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг амрларига бўйсуниб, Қуръони Каримни жамлашни бошладилар.

«Қуръонни излаб, хурмо дарахти пўстлоқлари, тош парчалари ва одамларнинг қалбларидан жамлай бошладим».

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг бу гапларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Қуръони Карим ёзилган нарсалардан иккитаси – хурмо дарахти пўстлоғи ва тош парчалари тилга олинмоқда. Албатта, Қуръони Карим оятлари бу икки нарсадан бошқа ашёларга ҳам ёзилган эди. Уламолар бу борадаги барча ривоятларни ўрганиб чиқиб, Қуръони Карим оятлари қуйидаги нарсаларга ёзилганини таъкидлайдилар:

  • Хурмо дарахти пўстлоғи.
  • Тош парчалари.
  • Ҳайвонларнинг курак суяклари.
  • Хурмо дарахти шохлари.
  • Туяга эгар қилинадиган тахталар.
  • Қоғоз ва тери парчалари.
  • Саҳифа шаклидаги қоғоз ва терилар.
  • Турли лавҳлар.
  • Сопол парчалари ва бошқалар.

Тавба сурасининг охирини Абу Хузайма Ансорийдан топдим. Ундан бошқадан топмадим: «Батаҳқиқ сизларга ўзларингиздан бўлган... Расул келди...» (икки оят)».

Ўша икки оятни ҳамма ёддан билса ҳам, уларнинг ёзил­ган нусхасини излашга киришилган. «Иккитагина оятнинг ёзилган нусхаси топилмаса топилмабди, келинглар, ёдимизда борини ёзиб қўяверайлик», дейилмаган. Охири ўша икки оятнинг ёзуви Абу Хузайма Ансорий розияллоҳу анҳудан топилган.

Имом Бухорийнинг бошқа ривоятида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гувоҳлигини икки кишининг гувоҳлигига тенглаштирган Хузайма ибн Собитдагина топдим», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг якка ўзларининг гувоҳликлари икки кишининг гувоҳлиги ўрнига ўтишини таъкидлаганларини ҳам ҳамма яхши билар эди. Бу ҳам бир мўъжиза бўлган.

«Саҳифалар Абу Бакр вафот қилгунича, унинг олдида турди. Кейин Умар ҳаётлигида унинг олдида турди. Сўнг Ҳафса бинт Умар розияллоҳу анҳонинг олдида турди».

Бу маълумотлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг ўзлари айтган гаплардир. Аммо Қуръони Каримни биринчи бор жамлашдек катта ҳамда масъулиятли ишнинг тафсилотида бошқа гаплар ва ривоятлар ҳам кўп.

Ибн Абу Довуд Ҳишом ибн Урвадан, у отасидан ривоят қилади:

«Абу Бакр Умар билан Зайдга: «Икковингиз масжид эшигининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг Китобидан бирор нарсани икки гувоҳ ила келтирса, ёзинглар», деди».

Ибн Абу Довуд Яҳё ибн Абдурраҳмон ибн Ҳотибдан ривоят қилади: «Умар келиб: «Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръондан бирор нарсани талаққий – қабул қилган бўлса, олиб келсин», деди. Улар ўшани саҳифаларга, лавҳаларга ва хурмо дарахти пўстлоқларига ёзиб юришар эди. То икки шоҳид гувоҳлик бермагунча, у бирор нарсани ёзмас эди».

Демак, иш бошлашдан олдин пухта режа тузилган. Бу режага биноан, ҳамма ёд биладиган ояти карималарни ёддан ёзишга ўтилмаган. Балки ўша келса, унинг ишончли эканини суриштириш бошланган. Кимнинг ёдланган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзиб олган шахс олиб қўлидаги Қуръони Каримдан бўлган ёзувга икки одил, балоғатга етган, оқил киши «Бунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзилганига биз гувоҳмиз», дея гувоҳлик берсаларгина ёзилган.

Ибн Ҳажар буни Абу Бакрнинг Умар ва Зайдга айтган гапларидаги «икки гувоҳ»дан мурод нима эканини тафсир қилаётганда келтиради.

Абу Бакр шундай деган эди: «Икковингиз масжид эши­гининг олдига ўтириб, ким Аллоҳнинг Китобидан бирор нарсани икки гувоҳ ила келтирса, ёзинглар».

Бу мунқатиъ (санади узилган) ҳадис бўлиб, Ибн Абу Довуд уни Ҳишом ибн Урва ўз отасидан ривоят қилган йўли орқали чиқарган. Лекин ҳадиснинг ровийлари ишончли одамлардир. Ибн Ҳажарнинг тафсирига кўра, ёзилганга бир гувоҳ ва ёдланганга бир гувоҳ кифоя қилганлиги мулоҳаза қилинади. Жумҳурнинг тафсирига кўра эса ёзилганга икки адолатли гувоҳ, ёдланганга ҳам икки адолатли гувоҳ бўлиши лозимдир. Ёдлаш ёки ёзишда бир кишининг гувоҳлиги кифоя қилмайди. Улар ушбу фикрларига Ибн Абу Довуднинг Яҳё ибн Абдурраҳмон ибн Хотиб йўлидан чиқарган ҳадисини далил қиладилар:

«Умар келиб: «Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръондан бирор нарсани талаққий этган – қабул қил­ган бўлса, олиб келсин», деди. Улар ўшани саҳифаларга, лавҳларга ва хурмо дарахти пўстлоқларига ёзиб юришар эди. У то икки шоҳид гувоҳлик бермагунча, бирор нарсани ёзмас эди».

Саҳовий «Жамалул-қурро» номли китобида:

«Ана ўша Муҳаммад ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида ёзилганига иккита гувоҳ келтиришдир»[1], дейди.

Бу ерда икки тарафлама гувоҳлик бўлмоқда.

Биринчиси – оятлар ҳам ёдланган, ҳам ёзилган бўлиши кераклиги.

Иккинчиси – оятларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилганига ва ёдланганига етук сифатларга эга бўлган иккита одам гувоҳлик бериши керак.

Ушбу дастурга амал қилган ҳолда Умар ибн Хаттоб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳум бир йил муддатда тарқоқ ҳолдаги Қуръони Карим ёзувларини жамлаб, оятларни тартибга кўра қўйиб, кийик терисига ёзиб чиқдилар.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу бошчиликларидаги Қуръоннинг ҳаммасини жамлаш ишлари қарийб бир йил орасида ниҳоясига етди. Чунки у киши Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга бу ишни ўн биринчи сананинг охирида бўлиб ўтган Ямома воқеасидан кейин буюрганлар, иш эса Абу Бакр ро­зияллоҳу анҳунинг вафотларига яқин қолганда охирига етган эди. Ямома воқеасидан кейин бир йил ўтиб, ўн учинчи ҳижрий санада у киши вафот топганлар. Шундан келиб чиқиб, Ислом тарихидаги бу улкан аҳамиятга молик иш ун иккинчи ҳижрий санада амалга оширилган, дея оламиз.

Чуқур мулоҳаза қилиб кўрган кишида «Турли парчалар, курак суяклари, терилар ва пўстлоқларга ёзилган Қуръон оятларини қандай қилиб ушбу қисқа муддат ичида тўплаб бўлишди?» деган савол туғилиши табиий. Бунда ўзларини Аллоҳ учун фидо қилган саҳобаларнинг ғайратларига тан бермай иложимиз йўқ. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қўшилиб, у киши айтганидан бошқа гапни айта олмаймиз:

«Аллоҳ Абу Бакрни Ўз раҳматига олсин! У Аллоҳнинг Китобини икки муқованинг орасига биринчи бўлиб жам қилган шахсдир».

Умар розияллоҳу анҳу тарихда Қуръонни жамлаш фикрининг соҳиби, Зайд розияллоҳу анҳу эса бу ишни ўрнига қўйиб ижро қилган шахс ўлароқ ёзилиб қолди.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида Қуръони Каримни жамлашдек нозик ва хассос ишнинг амалга оширилиши ўша вақтда у кишининг фақат жангу жадал билан овора бўлиб қолмай, бошқа ишларга ҳам вақт топганларини ва уларга иккинчи даражали иш сифатида қарамаганликларини кўрсатади.

Бу ерда яна бир муҳим масала бор. Ҳазрати Умар ро­зияллоҳу анҳу Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак», деган маслаҳатни берганларида, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни мен қандай қиламан?!» деб туриб олишлари бежиз эмас эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳам, бошқа саҳобаи киромлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларидан ва қилганларидан қилча ҳам четга чиқмас эдилар. Аммо ўзаро баҳслардан кейин бунга ўхшаш ишлар умматнинг ижтиҳодига боғлик қилиб қўйилганлиги маълум бўлди ва улар Қуръони Каримни жамлашга ижмоъ қилиб, ҳаммалари бир овоздан рози бўлдилар.

Ана шунга ўхшаш суннат нима-ю, умматнинг ижтиҳо­дига ҳавола этиб қолдирилган иш нима эканини ажратиб олишга ҳар доим ҳам муяссар бўлинавермаганидан баъзан ихтилофлар келиб чиқади.

Ўша саҳифалар тўплами «Мусҳаф» деб номланди.

Ибн Ашта «Ал-Масоҳиф» китобида Ибн Шиҳобдан Мусо ибн Уқба ривоят қилган маълумотни келтиради:

«Қуръонни жамлаб, вараққа ёзишгач, Абу Бакр: «Унга исм изланглар!» деди. Баъзилар: «Ас-Сифр», дейишди. У: «Бу яҳудийлар номлайдиган исм», деди. Шунда улар ҳам буни ёқтиришмади. Яна баъзилар: «Мусҳаф», дейишди. Чунки шунга ўхшаш нарсани улар мусҳаф дейишар эди. Уларнинг фикри уни «мусҳаф» деб номлашга ижмоъ қилди».

Имом Бухорий Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ри­воят қилган ривоятнинг охирги жумлаларидан бизга маълум бўладики, Қуръон жамланган мусҳаф Абу Бакрнинг вафотигача унинг ҳузурида бўлди. Сўнгра Умарга ўтиб, у вафот этгач, янги халифа Усмонга эмас, балки Умарнинг қизи Ҳафсага ўтди. Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин.

«Даиротул-маарифил-Исламия» энциклоиедияси ушбу мавзу атрофида шубҳа қўзиб, шундай савол беради:

«Ушбу мусҳафни сақлашга Усмон ҳақлироқ эмасмиди?»

Бу саволнинг жавоби шундай:

«Балки Ҳафса розияллоҳу анҳо лойиқроқ ва ҳақлироқ эди. Чунки Умар ибн Хаттоб мусҳафнинг у кишининг ҳузурларида омонат туришини васият қилган эдилар. У зот мўминларнинг онаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал­ламнинг жуфти ҳалоллари эдилар. Бунинг устига, у киши розияллоҳу анҳо Қуръоннинг ҳаммасини ёд олган, қироат ва китобатга иқтидори бор инсон эдилар. Умар розияллоҳу анҳу ўзларидан кейин халифалик ишини маслаҳатга қўйиб кетган эдилар. Ҳали Усмон розияллоҳу анҳунинг халифаликка сайланишлари аниқ бўлмай туриб, қандай қилиб у кишига мусҳафни топшириш мумкин эди?»

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида бошқа нарсалар қатори, Қуръони Каримга тегишли масъулият ҳам асосан у зот соллаллоҳу алайҳи ва­салламнинг зиммаларига тушар эди.

Ислом уммати бошқа масъулиятлар қатори, Қуръони Каримни муҳофаза қилиш масъулиятини ҳам ўзининг ҳабиб Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларидан сўнг ҳис эта бошлади. Бундай пайтларда бутун бошли уммат ўз етакчилари бошчилигида сафарбарликка отланадиган бўлди. Энг қувончлиси, Қуръони Карим атрофида пайдо бўлган масалани ҳал қилишда бирор ишни амалга оширишни таклиф қилган ҳам, ўша ишни рад қилган ҳам, икки ўт орасида куйган ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг Китобини муҳофаза қилишни ўйлар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бошланиб кетган ридда урушларида Қуръони Карим ҳофизлари бўлмиш кўплаб саҳобаларнинг шаҳид бўлишлари ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун хатар бўлиб кўринди. У киши «Агар қорилар шу тарзда қирилиб кетаверсалар, Қуръони Каримга зарар етади», деган фикрга бориб, халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир китоб шаклида тўплаб қўйишни таклиф қилдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлсалар бу иш Қуръони Каримнинг зарарига бўлади, деб ўйладилар. У киши «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни қандай қиламан», деб туриб олдилар. Қолган саҳобаи киромлар ҳам ушбу масала бўйича иккига бўлиндилар. Кераклича баҳс ва тортишувлар ниҳоясида ҳамма бир фикрга келиб, «Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун уни бир китоб шаклида тўплаб қўйиш керак», деган фикрга келди. Биргаликда бу улкан ишни амалга ошириш режасини тузишга, шартлари, қоидалари ва кимлар раҳбарлик қилишига келишилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб бўлинган бўлса ҳам, тарқоқ ҳолда турган Қуръони Карим ёзувларини тўплаб, оятларни тартибга солиб, янгитдан ёзиб чиқилди. Ўша ёзувларни ўз ичига олган саҳифалар тўпланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди ва мусҳаф деб аталди.

Абу Абдуллоҳ Муҳосибий «Фаҳмус-сунан» китобида шундай дейди:

«Қуръоннинг ёзилиши янги иш эмас эди. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари уни ёзишга буюрар эдилар. Лекин у парчаларда, курак суяги ва хурмо дарахти пўстлоқларида тарқоқ ҳолда эди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ушбу тарқоқ ҳолдаги оятларни жамлаб, кўчиришга буюрган, холос. Жамланган Қуръон оятлари Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларидан топилган варақларга тарқоқ ҳолда ёзилган эди. Бир тўпловчи уни жамлаб, ундан бирор нарса зое бўлмаслиги учун ип билан боғлаб қўйди».

Шу билан Қуръони Карим муҳофазаси учун Ислом уммати амалга оширган муҳим бир иш охирига етди. Ана шу улуғ иш ҳозиргача ўз самарасини бермоқда.

Кези келганда бу борадаги муҳим бир масалани эслаб ўтмоғимиз лозим. Мазкур Қуръони Каримни жамлаш ишини шарқшунослар зулм ва бўҳтон тариқасида «Қуръонни таҳрир қилиш» деб атайдилар. «Таҳрир» дейилганда ёзил­ган асарни қайта кўриб чиқиб, баъзи сўз ва жумлаларни алмаштириш, баъзиларини олиб ташлаш, баъзиларини янгидан қўшиш, хатоларни тўғрилаш каби ишлар тушунилади. Шунга биноан, ноинсоф «олим»лар «Саҳобалар Аллоҳ таолонинг каломига тузатиш киритганлар», демоқчилар.

Бу гап Қуръони Каримга нисбатан бўхтондан бошқа нарса эмас. Бу илм эмас, балки илмсизликдир. Илмсизлик ҳам эмас, билиб туриб бўхтон тўқишдир.

Аслида эса кўриб ўтганимиздек, саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз даврларида ёзилган-у, турли кишилар қўлида тарқоқ ҳолда турган оят ва сураларни бир жойга туплаганлар, холос. Улар жамловчи гуруҳ ҳузурига ёзувни келтирган ҳар бир кишиги ўша нарсанинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳ ҳам келтиришини шарт қилиб қўйганлар.

Шундай қилиб, Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфининг ёзилиши ҳам Аллоҳ таоло ирода қилгандек бўлишини таъминлаганлар. Аслида бошқа кўплаб саҳобалар у ёқда турсин, Зайд ибн Собит ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумога ўхшаш жамлаш гуруҳи аъзоларининг ўзлариёқ Қуръони Каримни сувдек ёд билар эдилар. Лекин уларнинг вазифаси – нима қилиб бўлса ҳам Қуръони Каримни ёзиш эмас, балки Қуръони Каримнинг Пайғамбар соллал­лоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзилган нусхасини ишончли ҳужжат-далиллар асосида жамлаш эди. Бу эҳтиёт чораси учун қилинган иш эди.

Ҳа, Умар розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни ёд олган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ёзган шахслардан биридирлар. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ҳам машҳур қорилардан ҳамда Қуръоннинг котибларидан эдилар. Жаброил алайҳиссалломга Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги марта Қуръонни хатм қилиб берганларида, Зайд розияллоҳу анҳу у зотнинг ёнларида эдилар. Шундай бўлса ҳам, ана шу икки саҳобага «Ёзишни биласизлар, Қуръонни ёдлагансизлар. Иккингиз ўтириб, мусҳафни ёзинглар», дейилмади. Балки бу иш барчанинг иштирокида, кўз ўнгида, гувоҳлар ва далилларни келтириш асосида амалга оширилди. Кўриб ўтганимиздек, гувоҳлар ҳам ўзига хос шартларга жавоб бериши лозим бўлган. Ҳар бир гувоҳ Қуръонни ёдлаганига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитганига яна иккита гувоҳни келтириши шарт бўлган. Оятларни ёзган саҳобалар ҳам уларнинг у зотнинг ҳузурларида ёзилганига икки гувоҳ келтириши шарт қилиб қўйилган. Бу илмий тадқиқот 1400 йил аввал амалга оширилганини ҳисобга оладиган бўлсак, инсоният тарихида бу қадар буюк иш бўлмаган, десак, ҳаққимиз бор.

Ёзилган саҳифалар белидан боғланиб, халифанинг қароргоҳига қўйилди, холос. Уларни ҳеч ким ўқимади ҳам, қайтадан ёзмади ҳам ёки бошқа бирор иш ҳам қилинмади. Аввалгидек, Қуръони Каримни муҳофаза қилишда ёдлашга эътимод қилиб қолинаверди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

Қуръони Каримнинг ҳазрати Усмон даврларида жамланиши

 

[1]Ал-Итқон 1/100.

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!

Маълумки, коронавирус пандемияси билан боғлиқ салбий вазият жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда. Бу эса, муҳим тадбир ва маросимларни вақтинча тўхтатиб туришни тақозо этмоқда. Хабарингиз бор, аввалроқ, Умра тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ жараён вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилган эди.

Куни кеча, Дин ишлари бўйича қўмитага Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги томонидан Ҳаж-2020 мавсумига тайёргарликни кечиктириб туриш бўйича расмий мурожаат келиб тушди.

Унда коронавирус пандемияси билан боғлиқ нохуш вазият бутун дунёни ташвишга солаётгани, хусусан, Саудия Арабистони Подшоҳлигида ҳам мазкур касаллик билан боғлиқ ҳолат қайд этилгани ҳукуматни кескин чоралар кўришга ундагани, шу муносабат билан дунёнинг турли мамлакатларидан Умра амалини адо этиш учун ташриф буюрадиган зиёратчиларнинг мамлакат ҳудудига кириши вақтинчалик тўхтатилгани, ҳозирча Ҳаж-2020 ташкилий ишларини амалга ошириш бўйича кутиб туриш мақсадга мувофиқ экани маълум қилинган.

Шунингдек, ҳозирда Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати ҳамда соғлиқни сақлаш идораларининг тавсияларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишининг олдини олиш учун юқори даражадаги эҳтиёткорлик чоралари қўлланилаётгани, икки муқаддас Ҳарамда соғлиқни сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, профилактика ишлари кучайтирилгани қайд этилган.

Шу муносабат билан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги раҳбариятининг қарори асосида “Ҳаж-2020” мавсумининг ташкилий тадбирларини вақтинча тўхтатиб туриш ва вазият барқарорлашишини кутиш мақсадга мувофиқ деб топилган.
Расмий мурожаатда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги мазкур жараён билан боғлиқ янгилик ва ўзгаришлар юзасидан Дин ишлари бўйича қўмитани қўшимча хабардор қилиши маълум қилинган.
Шу ўринда, жорий йил Ҳаж сафарига боришни режалаштирган ва навбати етиб келган ватандошларимизга шуни маълум қиламизки, агар ҳаж мавсумига қадар Саудия Арабистонида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият барқарорлашмаса, жорий йилги навбатлар тўлиқ сақланиб қолади ҳамда кейинги йилга ўтказилади.

Айни вақтда, фуқароларимиздан карантин қоидаларини бузган ҳолда ҳаж сафари билан боғлиқ масалалар бўйича ташкилотма-ташкилот юрмасликларини, ўзлари ва ўзгаларнинг соғлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз. Ҳаж сафари билан боғлиқ барча янгиликлар Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Интернет ва ижтимоий тармоқ сайтлари орқали тезкор эълон қилинади.

Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимиз коронавирус пандемияси билан боғлиқ жорий этилган карантин даврида юксак фуқаролик маданиятини намоён этадилар, деб умид қиламиз ва гўзал сабр тилаймиз.

 

Дин ишлари бўйича қўмита
Матбуот хизмати

@DinQumita

 

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодида яхши кўриш сифати Аллоҳнинг камол сифатларидандир. Яхши кўриш сифати буюк Аллоҳга лойиқ тарздадир. Аллоҳ таолонинг бу ва бундан бошқа барча сифатлари ёлғиз Ўзига хос бўлиб, махлуқларининг сифатларига асло ўхшамайди. Аллоҳдаги муҳаббат сифати билан инсон ёки бошқа махлуқдаги муҳаббат сифатининг ўхшаш томони уларнинг фақат номида, холос. Маъноси эса, чексиз фарқлидир. Аллоҳнинг сифатларини йўққа чиқариш оғиб кетиш ва ҳалок бўлишдир, У Зотнинг сифатларини махлуқлар сифатларига ўхшатиш ёки маъносини ўзгартириш эса, бидъат ва залолатдир.

Аллоҳ таолодаги муҳаббат сифати севган бандалари ҳолатларига тааллуқли бўлади. Бандалар У Зотнинг муҳаббатига олиб борувчи эзгу амаллар қилишгандан кейин Аллоҳ таоло уларни яхши кўради.

Имон етмишдан ортиқ қисмдан иборат. Уларнинг энг олийси “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси бўлса, энг кичиги озор берувчи ҳар қандай нарсани мусулмонлар йўлидан олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам имондан бир бўлак. Имоннинг кўринадигану кўринмайдиган барча амаллари мана шу бўлакларга қайтади. Шундай экан, ким имоннинг барча бўлакларини жамлаб адо этса, фойдали илм ва эзгу амаллар билан ўз нафсини камолотга етказса, бошқаларни ҳаққа ҳамда сабрга чиройли чорласа, бундай инсон имон марта­баларининг энг олийига етган қувватли мўминдир.

Бу ҳадис имоннинг зиёда бўлиши ва нуқсонлашиб боришига асос бўлган салаф уламоларимизнинг далилларидандир. Имон илмларидан таҳсил олиб, солиҳ амаллар қилган кишининг имони зиёдалашиб борса, маъсиятга юз тутган мўминнинг имони нуқсонлашиб боради. Имоннинг зиёда ва нуқсонли бўлиб туриши Қуръон ва суннатнинг кўп ўринларида далил бўлган асл қоидадир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўминлар орасини фазилат билан ажратганларида, пастда қолганларини кимдир камситмаслиги учун, “Уларнинг ҳар иккисида ҳам яхшилик бор” деб қўшиб қўйдилар. Бу эҳтиёткорона сўзда қанчалар фойда борлиги махфий эмас. Инсонлар орасидаги мартабалар ҳақида сўз юритаётган киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу одобларини ҳам эсидан чиқармаслиги лозим.

Бу ҳадисдан яна шу нарса хулоса қилинади, яхшилик, Аллоҳни севиш ва динни барпо қилишда мўминлар орасида тафовут ва даражалар бор.

Ояти каримада:

﴿وَلِكُلّٖ دَرَجَٰتٞ مِّمَّا عَمِلُواْۖ وَلِيُوَفِّيَهُمۡ أَعۡمَٰلَهُمۡ وَهُمۡ لَا يُظۡلَمُونَ١٩

«Ҳамма учун қилган амаллари сабабли даражалар бордир. (Аллоҳ) уларга қилган амаллари (мукофоти ва жазолари)ни мукаммал берур ва уларга ноҳақлик қилинмас” (Аҳқоф, 19), дейилган.

Яхшилар амалларига қараб дунёда ҳам, охиратда ҳам турли мартаба ва даражаларда бўлишганидек, ёмонлар ҳам қилмишларининг кўп-камлиги сабабли турли табақаларга ажратилади.

Мўминлар дунёда уч қисмга бўлинади.

Биринчиси: яхшиликларга ошиқувчилар. Булар фарз ва мустаҳаб амалларни чиройли адо этиб, ҳаром ва макруҳларни тарк этган кишилар. Бундай кишилар қилиниши жоиз бўлган ортиқча ишларни ҳам қолдириб, ибодатларини комил суратда адо этади ва барча комил сифатлар билан сифатланади.

Иккинчиси: иқтисод қилиб қониқарли йўл тутганлар. Бундай кишилар фақат фарз амалларини барпо қилиб, ҳаром ишларни тарк қиладиган кишилар.

Учинчиси: ўз нафсларига зулм қилган кишилар. Бундай кимсалар солиҳ амаллари орасига бузуқ ишларни ҳам аралаштириб юборади. Бундайлар ибодат ҳам қилади, гуноҳга ҳам қўл уради.

Ҳадис давомида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Ўзингга фойдали бўлган нарсага тириш. Аллоҳдан ёрдам сўра”, деган сўзлари дунё ва охират саодатини қамраб олувчи фойдали сўздир.

Фойдали ишлар икки қисмга бўлинади. Диний ишлар ва дунёвий ишлар. Одам диний амалларга муҳтож бўлганидек, дунёвий ишларга ҳам ҳожатманддир. Бахтли инсон Аллоҳдан ёрдам сўраб ҳам диний, ҳам дунёвий манфаатли ишларга тиришади. Мана шу даража инсоннинг камолотга етганлиги ва охиратда нажот топиши аломатидир. Ким фойдали ишларга тиришмасдан дангасалик қилса, юқоридаги ширин сўзлар ва олий мартабалар унга қаёқдан келсин?! Ялқовлик зиён кўриш ва бўшашишнинг аслидир. Ялқов на яхшиликка эришади, на ҳурмат кўради ва на дину дунёда насибадор бўлади.

Диндаги фойдали ишлар икки нарсадан иборат. Биринчиси, фойдали илм. Иккинчиси, солиҳ амал. Фойдали илм қалблар ва руҳларни поклаб, икки дунё саодатига эриштирувчи самара беради.

Аллоҳ таолога ихлосни жамлаб ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиб қилинган солиҳ амал эса, инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Юқоридаги шартлар асосида буюрилган амалларни адо этиш ва қайтарилган ишларни тарк этиш, “солиҳ амал” дейилади.

“Дунёдаги фойдали ишлар”, деганда банданинг ризқ излаши лозимлиги назарда тутилади. Шунинг учун, инсон ўз ҳолатига лойиқ равишда энг фойдали сабабларни топиши керак. Бу ишларда кучига суяниб қолмасдан, Раббидан ризқ ва барака сўраши лозим.

Касбларнинг энг яхшиси қайси, деган савол туғилса, қуйидагича жавоб берилади. Илм аҳли бу борада турли фикрлар билдирган. Баъзилар деҳқончилик ишларини афзал деса, бошқалар олди-сотди ишлари афзал, деган. Яна баъзилар ишлаб чиқариш корхоналарини юргизиш муҳимроқ дейди. Буларнинг ҳаммала­ри фикрларига далиллар келтиради. Бу турли-туман фикрларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзингга фойдали бўлган нарсаларга тириш. Ожизлик қилма”, деган сўзлари билан келиштиришади.

Дунёвий ишлар ҳолатлар ва шахсларга қараб турличадир. Кимгадир деҳқончилик фойдали бўлса, кимгадир савдо-сотиқ, яна бировга эса тадбиркорлик. Энг муҳими, ҳалол бўлса, бўлди.

Ҳадис охирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куч сарф қилинганидан кейин Аллоҳнинг тақдирига рози бўлишга чақирадилар. Агар инсонга мусибат етиб қолса, “у ёки бу ишларни қилганимда эди, мусибат етмасди”, демасин. Аллоҳнинг тақдири аччиқлигига ҳам имон келтирсин. Шунда қалб таскин топиб, нафс ором олади. Афсусланиб “агар” деса, тақдирга бўлган имони нуқсонли бўлиши билан бирга, шайтон амалини очиб юборади. “Агар” афсусланиш калимаси мусибат етган вақтда жоиз бўлмагани каби, уни ёмонлик ва гуноҳ исташда ишлатиш ҳам қораланади. Гарчи бу истовчи хоҳлаган гуноҳини қилмаган бўлса ҳам, истаги учун гуноҳкор бўлади. Аммо “агар” калимаси яхшиликни орзу қилишда ёки фойдали илмни баён қилишда ишлатилса, мақтовга сазовор бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ҳадисда тақдирга имон келтириш билан фойдали сабаблар ила амал қи­лишни жамладилар. Бу икки асосга Қуръон ва суннатнинг кўп ўринлари далил бўлади. Буларсиз дин тўлиқ бўлмайди.

“Аллоҳдан ёрдам сўра” сўзлари билан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳга таваккул қилишга амр этадилар. Сабабларга риоя қилиш билан барча нарсаларда Аллоҳга суянишга “таваккул”, дейилади.

Мўмин киши Аллоҳга таваккул қилиш билан бирга, биродарлари, маҳалла-кўй ва қавм-қариндошлари билан ҳамжиҳат яшаши лозим.

Ҳадиси шарифда: “Мўминлар бир-бирига ёпишган иморат кабидир”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бу ҳадисда бино деворлари бир-бирига мустаҳкам ёпишгани каби, мўминлар ҳам бир-бирларига маҳкам боғланишлари лозимлиги уқтирилмоқда. Бинони ташкил этган унсурлар орасида тош, темир каби нарсалар бўлганидек, қум ва шиша каби нозик нарсалар ҳам мавжуд. Лекин барчаси биргаликда бинони маҳкам тутиб турибди. Инсонлар ана шу бино каби жипслашган, бир-бирини суяган бўлиши керак. Кучлилари доим заифларни суяб туриши, улар билан елкадош, ҳамнафас бўлиши лозим. Чунки мустаҳкам бўлмаган бинонинг йиқилиши муқаррар, бундан Аллоҳнинг Ўзи асрасин.

Ушбу ҳадис мўминларни жамоа бўлиб яшашга, ўзаро ҳамжиҳатликда умр кечиришга ташвиқ этмоқда. Зеро, инсоннинг ёлғиз ҳаёт кечириши имконсиз. Масалан, бир бурда нонни тайёрлаш, пишириш учун нақадар кўп асбоб-ускуна ва меҳнатга эҳтиёж сезилиши барчага аён. Демак, инсонлар зарар эмас, фойда келтирувчи, хом эмас, пишган бўлиши, ноқис эмас, комил бўлиши лозимдир, бундан Ислом жамияти кундан-кунга ривожлансин ва юксалсин. Аксинча, ҳар ким ўзи билан ўзи овора бўлиб, заифу мискинларга нисбатан меҳр-муҳаббат қилмаса, Ҳақ таоло бундай бандадан асло рози бўлмайди. Ана шу вақтда қиёмат қўпади, фарёду фиғонлар бошланади. Исёнлар, норозилик, қўзғолонлар ва бошқа фалокатлар рўй беришининг сабабчилари мусулмонликни даъво қилувчи, аслида Исломдан бехабар шўрлик гуруҳлардир, улар Ислом аҳлининг бошига бало бўлади.

Мусулмонлар таназзулига энг катта сабаб – мусулмонларнинг ҳақиқий мусулмон бўлмай, илм ва давлатларига мағрурланиб, фақирлару заифларнинг ҳақларига риоя килмасдан, уларга исломий ва инсоний муомалада бўлмасликларидир. Шу боисдан ҳам, улар охират саодатларидан маҳрум бўлгай. Агар улар молу дунёларига бу қадар ҳирс қўймасдан, бой-камбағаллигига эътибор бермай, ҳаммалари қўлни-қўлга бериб, бирлашишганида, бугун мусулмонларнинг қўлини букишга ҳеч ким ботинолмас эди.

Мўмин киши Аллоҳ таоло айтган ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатган йўл-йўриқларга тўла-тўкис амал қилиб борса, фаришталардан ҳам афзал бўлиши айтилган.

Ҳадиси шарифда: “Мўмин киши Аллоҳ таолога баъзи фаришталардан кўра афзалроқдир. Мўмин киши Аллоҳ таолога муқар­раб фаришталардан ҳам кўра мукаррамроқдир”, дейилган (“Румузул аҳодис”, 231-бет).

Мўмин киши Аллоҳ таолога баъзи фаришталардан ҳам кўра ҳурматлироқдир. Мўмин банда Аллоҳ таолога муқарраб-яқин фаришталардан ҳам азизроқдир.

Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилган бу ҳадиси шариф Аллоҳ таоло комил имон соҳибларини баъзи фаришталардан ҳам мукаррам қилганини англатиб турибди.

Зеро, фаришталарда нафс ва шаҳват бўлмаганидек, ҳирс, ҳасад каби хислатлар ҳам йўқ. Шайтони лаъин ҳам уларни йўлдан оздиролмайди. Чунки улар нурдан яратилган. Ҳолбуки, инсон ундай эмас. Инсонни бир тарафдан нафси, иккинчи тарафдан шаҳвати, ҳирси, учинчи тарафдан ҳақ йўлдан адаштиришга, жаҳан­намга етак­лашга, Аллоҳдан узоқлаштиришга уринадиган шайтонлар, мунофиқлар, ҳасадгўйлар, кофирлар қамраб олган. Улар билан бўлган курашларда ғолиб чиққан банданинг мукофоти, ҳеч шубҳасиз, фаришталарнинг баъзиларидан ҳам мукаррам ва афзал бўлишдир. Шунинг учун Аллоҳнинг хос мўмин бандалари фаришталар авомидан афзалдир, дейилади.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Агар мўминлар гуноҳ қилмаганида, само мулкидаги фаришталар каби учган бўларди”. Лекин Ҳақ таоло гуноҳлари туфайли уларни бундан ман қилди.

Муҳиддин ибн Арабий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ҳақойиқи олам инсонга оиддир. Инсон оламдан фақат кичиклиги билан ажралиб туради. Бу олам асли икки қисмдан иборат бўлиб, бири камолотни қабул этмагани учун яратилгани бўйича қолган, бири эса камолотни қабул қилди ва бунда Ҳақнинг Жалол ва Жамол сифатлари тажаллий этади, шу боис, у Аллоҳ учун ҳар ҳолатда мукаррам ва афзалдир”, деган.

Демак, ҳадиси шарифдан биламиз, кучли мўмин ўзининг қилган амаллари, Аллоҳ ва унинг расулига бўлган имони туфайли улуғ мартабаларга эришади.

Ота-боболаримиздан қолган ажойиб бир нақл бор: “Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни йиқар”. Мўмин киши “билаги” билан эмас, ўзининг илми, ишончи ва эътиқоди билан кучли ва шарафлидир.

Мўмин банда Аллоҳнинг раҳматига эришиш учун Муъминун сурасининг оятларига батамом амал қилиши керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

﴿وَٱلۡمُؤۡمِنُونَ وَٱلۡمُؤۡمِنَٰتُ بَعۡضُهُمۡ أَوۡلِيَآءُ بَعۡضٖۚ يَأۡمُرُونَ بِٱلۡمَعۡرُوفِ وَيَنۡهَوۡنَ عَنِ ٱلۡمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَيُؤۡتُونَ ٱلزَّكَوٰةَ وَيُطِيعُونَ ٱللَّهَ وَرَسُولَهُۥٓۚ أُوْلَٰٓئِكَ سَيَرۡحَمُهُمُ ٱللَّهُۗ إِنَّ ٱللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٞ٧١

«Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига дўстдир: (одамларни) яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар, намоз(лар)ни тўкис адо этадилар, закотни берадилар ҳамда Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этадилар. Айнан ўшаларга Аллоҳ марҳамат кўрсатур. Албатта, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир» (Тавба, 71).

Ояти каримада мўминлар бир-бирларига дўст экани зикр қилингандан кейин, уларнинг сифатлари – яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш, намозни тўкис адо этиш, закот бериш, Аллоҳ ва Унинг расулига итоат этиш каби юксак фазилатлар айтиб ўтилди.

Ислом тарихига эътибор билан қарайдиган бўлсак, оятда зикр этилган сифатларнинг барчасини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотнинг сафдошлари бўлмиш йўлчи юлдуз саҳобаларнинг сиймоларида кўрамиз.

Минг афсус, айни пайтда мусулмонлар ўртасида меҳр-оқибатнинг йўқолиб бориши, оятда зикр қилинган сифат ва фазилатларнинг кўринмаслиги ҳар бир имон аҳлини қайғуга солади.

Шайтонга эргашиш, имонга қулоқ осмаслик оқибатида кўплаб кўнгилсизликлар содир бўлмоқда. Бунга тарихдан мисол:

Бани Исроилдан бир киши ҳужрасида тинимсиз ибодат қиларди. Одамлар уни “Обид Барсисо”, деб атарди. У шу даражага етдики, дуо қилса, ижобат бўлмасдан қолмасди. Унинг дуоси сабабли касаллар шифо топар эди. Иблис (алайҳилаъна) кунларнинг бирида барча шайтонларни чақириб: “Ким бу кишини фитна қилиб, йўлдан адаштиради”, деди. Улардан Ифрит бу таклифни бўйнига олди. Бани Исроил подшоҳларидан бирининг ҳуснда тенги йўқ қизи бор эди. Қиз ота-онаси ва ака-укалари даврасида ўтирганида, Ифрит уларнинг олдига келиб, қаттиқ қичқирди. Барчалари жуда қўрқиб кетишди. Қиз эса мажнун бўлиб қолди. Орадан бир неча кун ўтса ҳам дарди енгиллашмади. Шундан сўнг Ифрит одам суратида келиб: “Агар унинг тузалишини хоҳласангиз, фалончи роҳибнинг олдига олиб боринглар, роҳиб дуо қилса, бемор шифо топади”, деди. Улар қизни Барсисонинг олдига олиб борди. Роҳиб дуо қилган эди, қиз тузалди. Лекин уйларига қайтгач, яна мажнун бўлиб қолди. Шайтон уларга: “Агар унинг бутунлай тузалиб кетишини хоҳласангиз, роҳибнинг олдида бир неча кун қолдиринглар”, деди.

Улар Барсисонинг олдига қайтадан келиб, роҳиб кўнмаса ҳам, бир неча кунга қизни қолдириб кетишди. Роҳиб қизни дастурхонга таклиф қилиб, уни таомлантирди. Қиз бир неча кун унинг олдида қолди. Кунларнинг бирида роҳиб қизга шаҳват назари билан қаради ва унинг гўзаллигига мафтун бўлди. Шайтоннинг васвасаси туфайли сабр этолмай, қизга яқинлик қилди. Сўнг қиз ундан ҳоми­ладор бўлди. Шунда шайтон роҳибнинг олдига келди ва унга: “Қиз сендан ҳомиладор бўлди. Энди подшоҳдан қутула олмайсан, фақат қизни ўлдирсанггина омон қоласан. Агар уни сўраб келишса: “ўлиб қолди”, десанг, улар сенга ишонади”, деди. Роҳиб қизни ўлдириб, ҳужрасининг олдига кўмиб қўйди. Уни сўраб келишганида: “У ўлиб қолди”, деди. Улар ҳам роҳибнинг гапига ишониб, қайтиб кетди. Шунда шайтон подшоҳнинг олдига бориб: “Роҳиб қизингнинг номусига тегди ва қилган ишидан қўрқиб, уни ўлдириб, ҳужраси олдига кўмиб қўйди”, деди. Подшоҳ одамлари билан роҳибнинг олдига келди. Қабрни очишганида, қизни сўйилган ҳолатда топишди. Шунда улар роҳибнинг кўл-оёқларидан осиб, михлаб қўйди. Шайтон роҳибнинг олдига келиб: “Агар менга сажда қилсанг, сени қутқараман”, деди. “Мен сенга бу аҳволда қандай сажда қилайин”, деди роҳиб. Шайтон: “Бошинг билан ишора қилган ҳолда сажда қилсанг ҳам розиман”, деди. У боши билан саждага ишора қилган эди, шайтон: “Мен сендан безорман, албатта мен одамларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан кўрқаман”, деди-да, кўздан ғойиб бўлди. Роҳиб Барсисо эса кофир ҳолида ўлиб кетди ва абадий дўзахийлардан бўлди.

Мўмин киши юқорида келтирилган ачинарли ва айни пайтда ибратли воқеадан етарлича ўрнак олса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васият ва сифатларини ўзида мужассам этса, Аллоҳ томонидан ваъда қилинган хушхабар-мукофотларга эга бўлади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай дейди:

﴿أَكَانَ لِلنَّاسِ عَجَبًا أَنۡ أَوۡحَيۡنَآ إِلَىٰ رَجُلٖ مِّنۡهُمۡ أَنۡ أَنذِرِ ٱلنَّاسَ وَبَشِّرِ ٱلَّذِينَ ءَامَنُوٓاْ أَنَّ لَهُمۡ قَدَمَ صِدۡقٍ عِندَ رَبِّهِمۡۗ قَالَ ٱلۡكَٰفِرُونَ إِنَّ هَٰذَا لَسَٰحِرٞ مُّبِينٌ٢

«Ўзларидан (бўлмиш) бир кишига (Муҳаммадга), одамларни огоҳлантиринг ва имон келтирганларга Парвардигорлари ҳузурида “содиқлик қадами” борлиги ҳақида хушхабар беринг, деб ваҳий юборганимиз одамларга ажабланарли бўлдими?! Кофирлар эса: “Албатта, бу (Муҳаммад) аниқ сеҳргардир”, деди» (Юнус, 2).

Ояти каримадаги “содиқлик қадами”ни муфассирлар турлича таъвил қилган. “Содиқлик қадами”дан мурод, нима экани тўғрисида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) амаллар учун бериладиган ажру савоб деса, Заҳҳок (раҳматуллоҳи алайҳ) содиқлик савоби, дейди. Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ) ибодатлари деса, Ҳасан Басрий олдин қилиб ўтган солиҳ амаллари, дейди. Зайд ибн Аслам Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоатлари, деса, Абу Убайда олдин қилган яхши ва ёмон ишлари, деб тафсир қилган.

Имом Табарий ўз тафсирида Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ)дан нақл қилинган “солиҳ амаллар” тафсирини маъқулроқ, деб ёзади.

Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила бандалари орасидан салоҳиятли кишини танлаб, унга пайғамбарлик мартабасини беради. Унга ваҳий юбориб, атрофидаги кишиларни огоҳлантиришга амр қилади. Қадимдан шундай бўлиб келган. Лекин кофирлар бу ишга доимо инкор назари билан қараган, ўзларидан бўлган бир одамга Аллоҳдан ваҳий келиши уларга ажабланарли туюлган.

Охирги Пайғамбар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам олдинги пайғамбарларга бўлгани каби муносабатда бўлинган.

Оятдаги: «Ўзларидан (бўлмиш) бир кишига (Муҳаммадга), одамларни огоҳлантиринг ва имон келтирганларга Парвардигорлари ҳузурида “содиқлик қадами” борлиги ҳақида хушхабар беринг, деб ваҳий юборганимиз одамларга ажабланарли бўлдими?!» деган сўздан маълум, мушриклар у зотга келган ваҳийни ажабланиб, инкор билан қарши олган. Аслида эса, унда ажабланадиган ва инкор қиладиган ҳеч бир жиҳати йўқ эди. Бошқа пайғамбарларга келгани каби, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам ваҳий кела бошлаган ва у орқали барча кишиларни огоҳлантириш учун илоҳий амр қилиш ирода қилинган эди. Шу билан бирга, оят орқали имон келтирганларга хушхабар бериш ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га амр қилинган эди. Бу хушхабарга биноан, кўплар қалтираб-титраб, қадамини боса олмай, оёғи осмондан бўлиб кетаётган шиддатли бир пайтда, мўминларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида собитқадам – қадамлари мустаҳкам ҳолда туришлари ва юқори мартабаларга эришишлари айтилди (“Ҳақ дин Қуръон тили” тафсири, 9-жилд).

Юқорида келтирилган ҳикоя ҳам кишини собитқадам бўлишга чорлаши билан жуда ибратлидир. Мўмин киши илоҳий хушхабарни эшитганидан кейин ўзини анча бардам ҳис этиш билан бирга, ибодатларини ҳам тўкис бажаришга киришади ва натижада, Аллоҳга тақво қилиб, тақводорлардан бўлади.

Ояти каримада айтилади:

﴿ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ٦٣ لَهُمُ ٱلۡبُشۡرَىٰ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَا وَفِي ٱلۡأٓخِرَةِۚ

«Улар имон келтирган ва тақволи бўлганлардир. Уларга дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам башорат (хушхабар) бордир» (Юнус, 63–64).

Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда осон. Бунинг учун, аввало, У Зотга имон келтириш, иккинчидан, тақводор бўлиш керак. Аллоҳга тақво қилган, яъни У Зотдан қўрққан киши Унга яна ҳам яқин бўлади. Лекин ижтимоий ҳаётда эса бунинг акси кузатилади – бировдан қўрққан киши иложи борича ундан узоқроқ юришга тиришади.

 

Давоми бор...

 

  1. “...Эй, Раббимиз, мағфиратингни (сўраймиз). Қайтишлик фақат Сенинг ҳузуринггадир” (Бақара сураси, 285-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, бизни койима! Эй, Раббимиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй, Раббимиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклаб ташлама! Бизларни афв эт ва кечир ҳамда бизларга раҳм қил! Сен бизнинг Хожамизсан. Бас, бизларга кофирлар қавми устидан ғолиблик ато эт!” (Бақара сураси, 286-оят).

 

  1. Эй, Раббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз. Бас, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!(Оли Имрон сураси, 16-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни ва ишимиздаги исрофгарчилигимизни (бандачиликдаги хатоларимизни) кечир...” (Оли Имрон сураси, 147-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Бизнинг гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва бизларни солиҳ кишилар қаторида вафот эттир!” (Оли Имрон сураси, 193-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз” (Аъроф сураси, 23-оят).

 

  1. “Қасамки, агар Раббимиз бизга раҳм қилмаса ва (гуноҳимизни) кечирмаса, албатта, зиён кўрувчилардан бўлишимиз аниқдир” (Аъроф сураси, 149-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! Мени ва биродаримни мағфират қилиб, бизни раҳматингга киритгайсан. Сен раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан!” (Аъроф сураси, 151-оят).

 

  1. “... бизларни мағфират эт (кечир) ва бизларга раҳм қил. Сен кечирувчиларнинг (энг) яхшисидирсан (Аъроф сураси, 155-оят).

 

  1. “Раббим! Мен Сендан ўзим (яхши) билмаган нарсани сўрашимдан паноҳ тилайман. Агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурман” (Ҳуд сураси, 47-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!” (Иброҳим сураси, 41-оят).

 

  1. Эй, Раббимиз! (ўзингга) имон келтирдик. Бас, бизларни мағфират қилгин ва бизларга раҳм айла! Сен ўзинг раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан(Муъминун сураси, 109-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! (Гуноҳларимизни) мағфират эт ва (ҳолимизга) раҳм айла! Сен (ўзинг) раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан” (Муъминун сураси, 118-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилиб қўйдим. Бас, мени мағфират эт(Қасас сураси, 16-оят).
  2. “Эй, Раббим! Ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин бирор кишига муяссар бўлмайдиган бир мулк (ҳукмронлик) ато этгин! Сенинг Ўзинггина Ваҳҳоб (барча яхшиликларни ато этувчи)дирсан” (Сод сураси, 35-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси, 10-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Бизни кофир бўлган кимсаларга алданувчи қилиб қўймагин, бизни мағфират этгин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен ўзинг Қудратли ва Ҳикматли (зот)дирсан” (Мумтаҳана сураси, 5-оят).

 

  1. “Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират этгин. Албатта, Сен ҳар нарсага қодирдирсан”, (Таҳрим сураси, 8-оят).

 

  1. “Эй, Раббим! Мени, ота-онамни, уйимга мўмин ҳолда кирган кишиларни ва барча мўмину мўминаларни мағфират этгин!” (Нуҳ сураси, 28-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тўплади

Top