www.muslimuz

www.muslimuz

 

Фотиҳа сураси етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган, дейди. Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир. Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади.

Анас, Ҳасан ва Ибн Сирин бу сурани “Уммул Китоб”, яъни Китоб (Қуръон) онаси дейишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн Қуръоннинг онасидир, Китобнинг онасидир ва етти такрорланувчидир, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган (Имом Доримий ривояти).

Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уйайна Фотиҳани “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган.  Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Бу ҳақда Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Фотиҳатул Китоб – Аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”».

Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ибн Аббосдан розияллоҳу анхудан: “Ва, батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчи (етти оятли Фотиҳа сураси)ни ва Буюк Қуръонни бердик” ояти ҳақида сўрадим.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “У Қуръоннинг онаси. Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алай ҳи васаллам уммати учун хослаб, улар учун сақлаб қўйган ва уларга берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин ҳеч кимга бермаган” деб жавоб берди (Имом Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: (Улар) сабрли, садоқатли, итоатли, саховатли ва саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди” (Оли Имрон сураси, 17-оят).

Аллоҳ таоло сабрли, ростгўй, итоаткор, саховатли бандаларини бирма-бир зикр этиб, саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида мадҳ этади: “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар эди”.

Тун қоронғу кечасининг тонг ёғдусининг илк нурлари билан уйғунлашган лаҳза саҳар вақтидир. Бу пайт дуо қабул бўладиган улуғ фурсатдир. Луқмони Ҳаким ўғлига қилган насиҳатларидан бирида: “Эй ўғлим, хўроз сендан чаққонлик қилиб, саҳар чоғида сен уйғонмай туриб қичқирмасин”, деган экан (Абул Барокот Насафий. Мадорикул танзил ва ҳақоиқул таъвил).

Яқуб алайҳиссаломга фарзандлари: “Эй, ота, (Аллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўранг! Албатта, бизлар хато қилувчилардан бўлган эканмиз” (Юсуф сураси, 97-оят) дейишганда, Яқуб алайҳиссалом: “Албатта, Раббимдан сизларни мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У Ғафур (мағфиратли) ва Раҳим (раҳмли)дир” (Юсуф сураси, 98-оят) деб истиғфор айтишни саҳар вақтига қолдирганлар (Тафсирул Қуртубий, Тафсир ибн Касир).

Абдуллоҳ ибн Умар раҳимаҳуллоҳ кечани ибодат билан ўтказарди. Нофеъ раҳматуллоҳи алайҳдан саҳар вақти бўлди-ми? деб сўрарди. Агар ҳа деган жавобни олса, тонггача дуо ва истиғфор билан машғул бўларди (Ибн Абу Хотим ривояти).

Ибн Жарир раҳматуллоҳи алайҳ Иброҳим ибн Ҳатиб раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилади: «Саҳарда масжид яқинида бир мўминнинг истиғфор айтатуриб: “Аллоҳим буюрдинг, итоат этдим. Гуноҳларимни кечир” деяётганини кўрдим».

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу “...саҳар чоғларида (Аллоҳдан) мағфират сўрайдиган кишилар”ни “Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб истиғфор айтувчилар” деб тавсифласа, Қатода розияллоҳу анҳу: “Улар саҳар вақтида намоз ўқувчилар”, деган (Тафсирул Қуртубий).

Аллоҳ таоло бошқа оятда жаннатдаги тақводор бандаларининг сифатини келтирганида ҳам саҳарда истиғфор айтувчиларни алоҳида васф этади: (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар” (Зориёт сураси, 17-18 – оятлар).

Набий алайҳиссалом қудсий ҳадисларнинг бирида: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча “Тавба қилувчи борми? Тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи борми? Мағфират қилиб, гуноҳини кечаман? Сўровчи борми, сўраганини бераман”, дейди”, деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломдан: “Кечанинг дуо қилиш учун мақбул ва дуолар тез ижобат бўладиган энг афзал вақти қайси?” деб сўрадилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом: “Саҳар вақтидан бошқа пайтларда Аршнинг ларзага келганини кўрмадим”, деди (Тафсирул Мунир).

Саййидул истиғфор деб номланган ушбу дуо энг афзал истиғфор калимларидан ҳисобланади: “Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту. Аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абуу лака би неъматика алаййа ва абуу бизамбий фағфирлий зунубий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта бироҳматика йа Арҳамар Роҳимийн”

(Аллоҳим! Сен менинг Роббимсан. Сендан бошқа илоҳ йўқ, фақатгина Сен борсан. Мени Сен яратдинг. Шубҳасиз, мен Сенинг бандангман. Кучим етгани қадар Сенга берган сўзимда туришга ҳаракат қиляпман. Ё Роббий, қилаётган гуноҳларимдан Сендан паноҳ тилайман. Менга лутф этган неъматларингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам эътироф этаман. Ё Роббий! Мени мағфират эт. Зеро, Сендан бошқа мени мағфират қиладиган илоҳ йўқ).

Бу истиғфор ҳақида Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар ким ихлос билан, савоб ва фазилатига ишонган ҳолда, бу дуони эрталаб ўқиб, оқшомга етмай вафот этса, жаннатга киради. Агар савоб ва фазилатига ишонган ҳолда ихлос билан оқшом ўқиб, тонгга етмай вафот этса, у ҳам жаннат аҳлидандир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Саҳарда истиғфор айтиш нафақат гуноҳлардан фориғ бўлиш, балки қут-баракага ҳам ноил этади. Чунки Набий алайҳиссалом: “Саҳарда туринглар, чунки саҳарда барака бордир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Аллоҳ таоло гуноҳларимизни мағфират этадиган, устимизга файзу барака ёғиладиган қулай фурсат – саҳар вақтини ғанимат билиб, унинг фазилатидан тўлиқ баҳраманд бўлишга интилайлик. Бунда Аллоҳ таоло барчамизга тавфиқ ато этсин.

Даврон НУРМУҲАММАД

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида Қуръони Карим муҳофазаси учун яна бир иш қилиш зарурати туғилиб қолди. Ўша вақтга келиб, кўп диёрлар фатҳ қилиниб, турли араб бўлмаган халқлар мусулмон булгач, кишиларга Қуръони Каримдан таълим бериш учун устозлар етишмай қолди ва қатор бошқа сабаблар юзага келиб, Қуръони Каримни қироат қилишда ихтилоф бошланди. Қуръони Карим муҳофазасига боғлик бу улкан хатарни биринчи бўлиб Озарбайжоини фатҳ қилишда юрган саҳобий Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу англаб етдилар. У киши жангни ташлаб, пиёда Мадинаи Мунавварага қайтиб бордилар ва халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб: «Умматни яҳудий ва насороларга ўхшаб, Аллоҳнинг китоби тўғрисида ихтилоф қилмасидан олдин сақлаб қол», дедилар. Яна бахс ва тортишувлар бўлиб ўтди. Нима бўл¬ган бўлса ҳам, Қуръони Каримнинг муҳофазаси учун бўлди. Охири Абу Бакр розияллоҳу анҳу даврларида ёзилган мусҳафдан нусхалар кўчириш ва уларни биттадан қори билан турли марказларга юборишга қарор қилинди. Анас розияллоҳу анудан ривоят қилинади: «Хузайфа ибн Ямон Усмоннинг олдига келди. У Шом аҳли ҳамда Ироқ аҳли билан Арманистон ва Озарбайжонни фатҳ қилишда ғазот қилаётган эди. Уларнинг қироатдаги ихтилофлари Хузайфани дахшатга солган эди. Ҳузайфа Усмонга: «Эй мўминларнинг амири, бу умматни Китоб атрофида яҳудий ва насороларнинг ихтилофига ўхшаш ихтилофга тушмасидан олдин сақлаб қол!» деди. Усмон Ҳафсага одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб юбор. Улардан мусҳафларга нусха кўчирамиз. Сўнгра сенга қайтариб берамиз», деди. Ҳафса уларни Усмонга юборди. У Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Осс ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомга буюрди, улар ундан мусҳафларга нусҳа кўчирдилар. Усмон уч кишилик қурайшликлар тўпига: «Агар сизлар Зайд билан Қуръондаги бирор нарсада ихтилоф қилиб қолсангиз, Қурайш тили билан ёзинглар. Албатта, у уларнинг тилида нозил бўлгандир», деди. Улар (шундай) қилдилар. Ниҳоят, саҳифаларни мусҳафларга кўчириб бўлишгач, Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди. Кейин ҳар бир юртга улар кўчирган бир мусҳафни юборди. Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди». Зайд ибн Собит: «Мусҳафга кўчираётганимизда Аҳзобдан бир оятни топа олмадим. У(оят)ни Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам ўқиётганларини эшитиб юрардим. Уни қидириб, Хузайма ибн Собит Ансорийда топдик: «Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир». Уни мусҳафдаги сурасига қўшиб қўйдик». Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий қуйидагини қўшимча қилган: «Улар «таабуут» (التَّابُوت) ва «таабуҳ» (التَّابُوه)да ихтилоф килишди. Қурайшликлар «Биринчиси каби ёзамиз», дедилар. Зайд «Иккинчиси каби ёзамиз», деди. Ихтилофларини Усмонга айтишди. Бас, у: «Таабуут» (التَّابُوت) деб ёзинглар. Чунки у Қурайш тилида нозил бўлгандир», деди». Ушбу ривоятдан жуда кўп хулосалар келиб чиқади. 1. Қуръони Карим қироати тўғрисида мусулмонлар орасида пайдо бўлган ихтилофларни йўқ қилиш ва кейинчалик ҳам ҳеч қандай ихтилоф чиқмаслиги учун чора кўриш фикри Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳудан чиққан. Бошқа ривоятларда айтилишича, бу мулоҳаза у кишидан бошқаларда, жумладан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг ўзларида ҳам бўлган. Аммо ишнинг амалга кўчишига айнан Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу сабаб бўлганлар. Мусулмонларнинг Қуръони Карим қироатидаги ихтилофидан ташвиш чекаётган фақатгина Хузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу эмас эди. Балки ихтилоф кўпайиб, улуғ саҳобаларнинг ҳам қалблари изтиробга тушган эди. Хусусан, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлашганлари сари, ушбу ҳолат яққол кўрина бошлади. Бу хабар Усмон розияллоҳу анҳуга етганида, у зот ҳам ташвишга тушдилар. Ҳолат ёмон тус олишидан олдин бир йўл топиш кераклигини ўйладилар. Ибн Жарир Табарий ўзининг тафсирида қуйидаги хабарни келтиради: «Айюб Абу Кулобадан ривоят қилиб, шундай дейди: «Усмон халифалигида бир муаллим бир кишига қироатни ўргатса, бошқа муаллим бошқа кишига қироатни ўргатар, талабалар кўришганларида ихтилоф қилиб, масалани ўз устозларига кўтариб чиқишарди. Ҳатто баъзилари баъзи қироатларни куфрга чиқаришди. Ушбу ҳолат Усмонга етди. Шунда у хутба қилиб: «Сизлар менинг олдимда туриб, бу хусусда ихтилоф ва лаҳн (хато) қиласизлар. Мендан узоқ бўлган шаҳар аҳллари ихтилоф ва лаҳнда бундан-да қаттиқроқ бўлса керак. Эй Муҳаммаднинг саҳобалари, инсонлар учун йўлбошчи (мусҳаф) жамланглар!» деди». Ихтилофнинг кучайишига бошқа машҳур мусҳафларнинг борлиги ҳам туртки бўлди. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин Усмон розияллоҳу анҳу инсонларни бир мусҳафга жамлагунга қадар анча муддат ўтди. Шу мудцатда Ҳафса розияллоҳу анҳонинг мусҳафлари атрофида бошқа мусҳафлар ҳам танилиб қолди. Ушбу саҳифаларнинг машҳурлари иккита бўлиб, улар Ибн Каъб мусҳафи ва Абдуллоҳ ибн Масъуд мусҳафи эди. Яна танилмаган, машҳур бўлмаган бошқа мусҳафлар ҳам топилар эди. Бу ҳақда Ибн Надим «Ал-Фиҳрисат»да, Ибн Абу Довуд «Ал-Масоҳиф»да ва Ибн Ашта «Ал-Масоҳиф»да зикр қилган. Биз уларни санашга берилмоқчи эмасмиз. Чунки уларнинг қайси замонда бўлганлигини таъкидловчи саҳиҳ санадларга эга эмасмиз. Лекин ўша мусҳафларнинг бирортаси бизгача етиб келмагани аниқ. Улардаги сураларнинг тартиби тўғрисида ва баъзи қироатларнинг кўриниши хусусида матнлар етиб келган, холос. Ушбу матнларни ҳам диққат билан текшириб, ўрганиб чиқишга эҳтиёж бор. 2. Қуръони Карим қироатида мусулмонлар ихтилофини йўқ қилиш бўйича амалий чора кўришни ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу амалга оширганлар. Ҳа, бу улуғ ишни амалга оширишдан кўзланган асосий ва ягона мақсад Қуръони Карим қироатида мусулмонлар орасидаги ихтилофни йўқ қилиш бўлган. Бошқа ҳеч қандай мақсад бўлмаган. Аммо душманлар ҳар қандай яхши ниятни ҳам бузиб кўрсатишлари ҳеч гап эмас. Улар бу борада ҳеч кимнинг хаёлига келиши мумкин бўлмаган гапларни ҳам излаб топишга устаси фаранглар. Усмон розияллоҳу анҳунинг Қуръонни жамлашдаги ниятларига Блашер ва бошқа шарқшуносларнинг шаклари бор. Улар мазкур улуғ ишни рўёбга чиқариш учун бу халифанинг аристократлиги асосий туртки бўлганини «илмий» асосда таъкидлайдилар! Уларнинг фикрича, Аллоҳнинг Китоби Маккадаги бошқа қабилалардан устун бўлган аристократ гуруҳнинг номи билан жам қилинди. Ушбу ишга вазифадор қилинган гуруҳдаги мадиналик ансорлардан бўлган Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни айтмасак, қолган уч киши Қурайш қабиласидан бўлган маккаликлар эди. Блашер мана шу ҳолатни таҳлил қилар экан, ушбу учликни ўзининг пуч хаёли билан юқорида Усмон розияллоҳу анҳуни номлаганидек, «аристократлар жамоаси» деб номлайди. Улар бу гапни айтишда фақатгина хаёлларига ва ёлғончи гумонларига суянадилар. Ёки уларнинг даъволарини исбот қиладиган бирорта саҳиҳ тарихий ривоят борми?! Оқил киши бу каби алғов-далғов фикрларни Бухорий каби тарихни яхши билган, ишонч, забт ва омонатли зотларнинг ривоятларидан устун кўриб қабул қилармиди?! Албатта, йўқ! Аммо Блашер ва унинг «илмий жабҳа»даги сафдошлари ишончли ривоятни «афсона» деб, ўзларининг хом хаёлларини «илмий ҳақиқат» деб баҳолайдилар. Қуръони Каримга бўлган аҳамият бошқа бирор китобга бўлмаган. Адолатли, ишончли, умрида ёлғон гапирмаган воқеа шоҳидларининг хабарларига Блашерга ўхшаш кимсаларнинг ўзлари тўқиб олган фикрларини тенглаштириб бўлармиди?! Улар ўзларидан чиққан хулосаларни ҳам илм деб ёзаверишади. Улар «Усмон зодагон, бой бўлган, бунинг устига, халифа эди. Шундай экан, тарихда қолиш учун қўлидаги имкониятлардан фойдаланиб, Қуръонни ўзининг қабиласи тилида ёздирди. Бошқаларнинг китобларини йўқ қилдирди» деган хулосани бермоқчи бўлишади. Тўғри, балки, Усмон розияллоҳу анҳудаги имконият уларда бўлганида, ана шундай ўз манфаатларини олдинга қўйишарди. Шунинг учун ҳам мана шундай хулоса чиқараётгандирлар. Лекин мусулмон умматининг санад асосига суянган илмий қараши бу каби хаёлпарастларнинг пуч фикрларини йўққа чиқаради. Улкан бурч ва масъулиятни ўз бўйинларига олган иймонли, эътиқодли саҳобалар агар ўша пайт мусулмонлари ёзилган ва ёд олинганига ўзлари каби иккита гувоҳни келтиришмаса, уни илм деб қабул қилмадилар. Бугунги кундаги илм мезонларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсан, киши. Англиялик бир киши билан Дарвин таълимоти хусусида олиб борилган мунозарада унга: «Дарвин инсоннинг маймундан пайдо бўлганини кўрганми?» деб савол бердим. «Иўқ», деди у. «Ундай бўлса, кўрганлардан эшитганми?» дедим. «Йўқ», деди. «Нима учун унинг ўз хаёлида тўқиб чиқарган назариясига ишонасиз? У ҳам оддий бир инсон-ку?» дедим. У бўлса «Дарвин олим бўлган», дейишдан нарига ўта олмади! Уларнинг илмий қарашлари «менимча», «балки», «демак» каби шахсий хулосалардан иборат. Энг ачинарлиси, улар ушбу шахсий хулосаларини биз юқорида кўриб ўтган соф маънодаги илмий тадқиқотдан устун қўйишади. 3. Қуръони Карим қироатида мусулмонлар орасида пайдо бўлиши мумкин бўлган ихтилофларни йўқ қилиш учун ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида жамланган саҳифалардан бир неча нусха кўчиришга қарор қилинган. Мазкур гуруҳ мусҳафлар кўчиришда ўзларига Ҳафса розияллоҳу анҳонинг мусхафини асос қилиб олиш ила бу ишда Абу Бакрнинг ишини пойдевор қилиб олганлар. Уларнинг иши фақат нусха кўчириш бўлган. 4. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларида жамланган саҳифалардан бир неча нусха кўчириш учун Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Осс ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомдан иборат илмий гуруҳ тузилган. Албатта, бу гуруҳга энг етук кишилар танлаб олинган. Ривоятларда келтирилишича: «Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: «Одамларнинг энг яхши ёзадигани ким?» дедилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котиби Зайд ибн Собит», дейишди. «Одамларнинг арабчани энг яхши биладигани ва энг фасоҳатлиси ким?» дедилар. «Саъид ибн Осс», дейишди. «Саъид имло қилсин. Зайд ёзсин», дедилар». Кейинчалик бу гуруҳга имом Моликнинг боболари Молик ибн Абу Омир, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу, Касир ибн Афлаҳ розияллоҳу анҳу ҳам қўшилганлар. 4. Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу бошқа режалар қаторида агар мабодо жамлаш гуруҳи ихтилоф қилиб қолса, нима қилиш кераклигини ҳам баён қилиб берганлар. «Усмон уч кишилик қурайшликлар тўпига: «Агар сизлар Зайд билан Қуръондаги бирор нарсада ихтилоф қилиб қолсангиз, Қурайш тили билан ёзинглар. Албатта, у уларнинг тилида нозил бўлгандир», деди». Бу гапда кўзда тутилган ихтилоф ояти карималарни ёзишда ишлатиладиган баъзи ҳарфларни қайси имло билан ёзиш борасидаги ихтилоф эди. Бу фикрни ривоятнинг охирида келган «Улар «таабуут» (التَّابُوت) ва «таабуҳ» (التَّابُوه)да ихтилоф килишди. Қурайшликлар «Биринчиси каби ёзамиз», дедилар. Зайд «Иккинчиси каби ёзамиз», деди. Ихтилофларини Усмонга айтишди. Бас, у: «Таабуут» (التَّابُوت) деб ёзинглар. Чунки у Қурайш тилида нозил бўлгандир», деди», деган гаплар қўллайди. Ихтилоф қилинганда Қурайш лисонида ёзиш сўзлар хусусида эмас, ҳарфларни ёзишдаги имло нуқтаи назаридан эканини ҳам шу ердан билиб оламиз. Қаранг, ушбу тортишув арабча «то» ҳарфини қайси услуб ила ёзиш борасида бўлган экан. Бу эса Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфига қанчалар эътибор берилганини яққол кўрсатади. Ушбу тўртталик гуруҳ Усмон розияллоҳу анҳунинг қарорини ҳижрий 25-санада ижро қилишга киришди. Улар Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурларидаги Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг саҳифаларидан нусхалар кўчи-ришни ҳазрати Усмон баён қилиб берган дастур асосида ўта аниқлик билан амалга оширишга муваффақ бўлдилар ва бир неча нусха мусҳафлар тайёрладилар. Ўша пайтда илмий гуруҳ томонидан кўчирилган нусхалар сони ҳақида кейинчалик бу ишнинг тарихини ўрганувчилар ихтилоф қилишган. Қироат илмининг бобокалонларидан бўлган машҳур олим Абу Амр Усмон ибн Саъид Доний ўзининг «Ал-Муқниъ фи росмил-Қуръан» номли китобида мазкур нус-халар тўртта бўлганлиги ҳақида маълумот келтиради. Кейин «Нусхалар еттита бўлган», деганлар ҳам борлигини айтиб, аввалги гап тўғри эканини таъкидлайди. Имом Жалолуддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳи бўлса ўзининг «Ал-Итқон фи улумил-Қуръан» номли асарида, мазкур нусхалар бешта бўлган, деган ran машҳурлигини айтади. Аммо бу ҳақдаги барча маълумотларни жамлаб ўрганадиган бўлсак, ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу томонидан тузилган гуруҳ кўчирган нусхалар сони олтита экани маълум бўлади. Усмон розияллоҳу анҳу ўша олти мусҳафни кимлар билан қаерларга юборганлари ҳақидаги маълумотлар ушбу гапни тасдиқлашимизга кучли ҳужжат бўлади. Бу ҳақда эса бир оздан сўнг суҳбатлашамиз. 5. Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳузурларидаги Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг саҳифаларидан нусхалар кўчириб олинганидан кейин яна бир қанча ишлар амалга оширилди. «Ниҳоят, саҳифаларни мусҳафларга кўчириб бўлишгач, Усмон саҳифаларни Ҳафсага қайтариб берди». Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу мазкур саҳифаларни Ҳафса онамизга қайтариб бердилар. Кейинчалик Мадинага волий бўлган Марвон ибн Ҳакам бир неча бор у саҳифаларни Ҳафса онамиздан олиб, куйдириб юбормоқчи бўлди. Аммо онамиз уларни бермадилар. Ҳафса онамиз розияллоҳу аиҳо вафот этганларидан кейин Марвон ибн Ҳакам уларни олиб, ёқиб юборган ва: «Буларда бор нарса ёзилиб, сақланган. Замон ўтиб, баъзи бирлар бундан фитна чиқармасин дедим», деган. 6. «Кейин дар бир юртга улар кўчирган бир мусҳафни юборди». – Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Маккага битта мусҳаф билан бирга Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳуни юбордилар. – Шомга битта мусҳаф билан бирга Муғира ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳуни юбордилар. – Куфага битта мусҳаф билан бирга Абу Абдурраҳмон Суламий розияллоҳу анҳуни юбордилар. – Басрага битта мусҳаф билан бирга Омир ибн Абдул-Қайс розияллоҳу анҳуни юбордилар. – Мадинада қолган мусҳафдан одамларга қироат таълими беришни Зайд ибн Собйт розияллоҳу анҳуга топширдилар. – Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу битта мусҳафни ўзларига олдилар. Ўша мусҳафлар «Имом мусҳафи» деб номланган. Ҳар бир диёрнинг мусҳафи ўша диёрдаги барча мусҳафларнинг ёзувига асос, ҳар бир мусҳафга бириктирилган қорининг қироати ўша диёрдаги қориларнинг қироатига асос бўлди. 7. «Ундан бошқа Қуръондан саҳифалар ва мусҳафларга ёзилган барча нарсани куйдиришга амр қилди». Чунки кўпчилик ўз ижтиҳоди билан ўзи учун мусҳафлар ёзиб олган эди. Абдуллоҳ ибн Зубайр, мўминларнинг оналари Оиша, Ҳафса ва Умму Салама розияллоҳу анҳум шулар жумласидандир. Шунингдек, баъзи сураларни ёки оятларни ёзиб олганлар ҳам бор эди. Саҳобалар ўз мусҳафларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган изоҳ ва тафсирларини ёзиб қўйишарди. Мисол учун, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Бақара сурасидаги: لَيۡسَ عَلَيۡكُمۡ جُنَاحٌ أَن تَبۡتَغُواْ فَضۡلٗا مِّن رَّبِّكُمۡۚ «Роббингиздан фазл исташингизда еизга гунод йўқ» деган оятидан кейин унга қўшимча қилиб لَيۡسَ عَلَيۡكُمۡ جُنَاحٌ أَن تَبۡتَغُواْ فَضۡلٗا مِّن رَّبِّكُمۡۚ فِي مَوَاسِمِ الْحَجِّ деб қироат қилар эдилар. Натижада «Ҳаж мавсумларида Роббингиздан фазл исташингизда сизга гуноҳ йўқ» деган маъно ҳосил бўлар эди. Ушбу охирги жумла у кишининг мусҳафларига ёзиб қўйилган эди. Шубҳасиз, бу охирги қўшимча тафсир ва изоҳ учун бўлган. Чунки уммат ижмоъ қилган мусҳафларнинг ёзувида ушбу сўзлар йўқ. Ибн Жазарий буларни равшанлаштириб, шундай дейди: «Баъзида қироатларга изоҳ ва баён қилиш жиҳатидан тафсирлар киритар эдилар. Зеро, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан оғизма-оғиз олишган Қуръонни аниқ билишар, қироат қилинган тафсир ва изоҳ кабиларни Қуръонга аралаштириб юборишдан омонда эдилар. Гоҳида баъзилари уни ёзиб ҳам қўйишарди». Жумладан, Оиша розияллоҳу анҳонинг мусҳафларида ҳам шунга ўхшаш ёзувлар бўлган. Уларни куйдириб юбориш ила юзага келиши эҳтимоли бўлган ихтилофларнинг ҳам олди олинди. Усмон розияллоҳу анҳунинг ўша бошқа мусҳафларни куйдириб юбориш қарори, шубҳасиз, ҳикматли бўлган эди. Чунки уларнинг сақланиб қолиши мусулмонларнинг ораси бўлинишига сабаблардан бири бўлиб қоларди. Усмон розияллоҳу анҳунинг қилган ишлари одамлар қалбида мақбул ва гўзал иш сифатида ўрин эгаллади. Лекин Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бунга эътироз билдириб, ўзининг хос мусҳафини куйдиришдан бош тортди. Сўнгра Аллоҳ таоло у кишини Усмон розияллоҳу анҳунинг фикрига қайтишга илҳомлантирди. Натижада бутун уммат шу фикрда жам бўлиб, бу билан сўзлари бир ердан чиқадиган бўлди ва низонинг сабаблари бартараф қилинди. Ана ўша асл мусҳафдан олти нусха кўчириб олишни баъзилар «Қуръонни иккинчи бор таҳрир қилиш» деб атайдилар. Ноинсофлик ҳам шунчалар бўладими?! Ахир бир китобдан нусха кўчириш билан уни таҳрир қилиш орасида ер билан осмончалик фарқ бор-ку! Саҳобаи киромлар мусулмонлар Қуръони Карим қироатида ихтилоф қилмасинлар деб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ёзиб қўйилган мусҳафдан бирор ҳарфни ўзгартирмай, нусха кўчирганлар, холос. Аслида ёд олганларига суяниб ёзсалар ҳам бўлаверарди. Аммо улар ҳамма нарса ҳужжат-далилли, худди Аллоҳ ирода қилганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганларидек бўлишини хоҳладилар. Янги олинган нусхаларнинг ҳар бири биттадан қори билан турли марказларга юборилар экан, халифа Усмон розияллоҳу анҳу фақат ушбу мусҳафларга ва улар билан юборилган қориларнинг қироатига эътимод қилиш, Қуръони Каримдан бошқа нимаики ёзилган бўлса, куйдириб юбориш ҳақида амр қилдилар. Бу амр ўзининг муқаддас Китобини муҳофаза қилиш йўлида ҳар қандай ишга тайёр турган мусулмон уммати томонидан мамнуният ила амалга оширилди. Баъзи катта саҳобалар ўзларининг шахсий мусҳафлари ҳақида бир оз мулоҳазага борган бўлсалар ҳам, кейинчалик бирор ҳарфи кўпчилик қабул қилган нусхага ўхшамай қолса, ихтилоф чиқмасин деб, куйдириб юбордилар. Шу тарзда мусулмон уммати томонидан Қуръони Карим муҳофазаси йўлида яна бир улкан иш амалга оширилди. Кейинчалик нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгина ҳазрати Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Охири келиб, ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида «Бу нусха Мусҳафи Усмонга мувофиқдир», деб ёзиб қўйиладиган бўлди. Шундай қилиб, Қуръони Карим ҳарфларинй ёзиш услубининг ҳам бир хиллиги сақланиб қолди. Бу маънодаги эҳтиёткорлик шу даражага етдики, Қуръони Каримнинг ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган қасд ила уламоларимиз «Мусҳаф ичига гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса, шубҳа пайдо бўлиши мумкин», деб фатво чиқардилар. Мусҳафларнинг сони қанча бўлганидан қатъи назар, уларнинг барчаси Қуръоннинг ҳаммасини ўз ичига олган, 114 та сура нуқталардан, зер-забарлардан, сураларнинг исмлари ва ажратиш жойларидан холи эди. Бунда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга эргашилган бўлиб, Абу Бакрнинг мусҳафи ҳам ушбу санаб чиққан нарсаларимиздан холи ҳолда эди. Бунинг устига, усмоний мусҳаф Қуръонга тегишли бўлган шарҳлар ва тафсирлардан ҳам холи эдй. Қуръонни ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврлари-да жамлашда у нозил қилинган «Етти ҳарф»ни кўтара олиши мулоҳазаси қилингани барча томонидан таъкидланади. Яна алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳазрати Усмон мусҳафлари Қуръонлиги мутавотир бўлмаган барча қўшимчалардан холи эди. Қўшимчалар ҳазрати Усмон мусҳафларидан бошқа мусҳафларда тафсир, мужмалнинг тафсилоти қабилида ёзиларди. Усмоний мусҳафдан барча оҳод ривоятлар ўчирилган. Суралар ва оятлар бугунги кунимиздаги мусҳафларда кўраётганимиздек қилиб тартибланган эди. Усмоний мусҳафлар, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, нуқталар, ҳаракатларсиз бўлиб, улардаги баъзи қуръоний лафзлар бир неча кўринишда қироат қилса бўладиган тарзда ёзилган эди. Мисол учун, Ҳужурот сурасининг 6-оятидаги «إِن جَآءَكُمۡ فَاسِقُۢ بِنَبَإٖ فَتَبَيَّنُوٓاْ» жумласида келган «فَتَبَيَّنُوٓاْ» – «фатабаййану» сўзи нуқтасиз ёзилса, уни «فَتَثَبَّتُوٓاْ» – «фатасаббату» деб ўқиш ҳам мумкин бўлади. Шунингдек, «нуншизуҳа» сўзи нуқтасиз ёзилса, уни «нуншируҳа» деб ўқиш ҳам мумкин. Усмоний мусҳафнинг ёзилиши ушбу икки оятни икки кўринишда ўқиш имкониятини беради. Шу билан бирга, мазкур икки кўринишдаги қироатнинг саҳиҳлиги қатъий далил билан ворид бўлган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки хил қироатни қилганлар ёки у зотнинг ҳузурларида саҳобалардан бирлари мазкур икки қироатни қилганида иқрор бўлиб, уни тасдиқлаганлар. Бунга ўхшаш далиллар мутавотир қироатларда ворид бўлган. Усмоний мусҳафнинг ёзилиши эса уларни турли суратда ўқиш имкониятини берган. Гарчи мутавотир даражага етмаган, оҳод далил билан собит бўлган қироатлар «шозз» деб эътибор қилиниб, расми Қуръонга мувофиқ бўлса ҳам, ишончли хабарларга мухолиф бўлганлиги учун олинмаган. Бу маълумотларни баён қилганимиздан сўнг маълум бўладики, қироатлари мутавотир бўлган бир қанча қуръоний калималар турли талаффуз қилинса-да, бир хил кўринишда ёзилган. Калималарни мутавотир бўлган қироатларнинг барча кўринишларини кўтара оладиган ҳолда ёзиш керак бўлган. Мабодо бунинг имкони бўлмаса, нусха кўчирувчилар баъзи мусҳафларга бир кўринишни, бошқа мусҳафларга эса иккинчи кўринишни ёзишлари керак бўлган. Мисол учун, Аллоҳ таолонинг «ва вассо» лафзи бошқа саҳиҳ мутавотир кўринишда «ва авсо» деб ҳам келган. Шунинг учун усмоний мусҳафларнинг баъзисида «ва вассо» ёзилган бўлса, бошқаларида «ва авсо» деб ёзилган. Аммо бундай ҳолатлар жуда оз учрайди. Мусҳафга оид китобларда бу каби оятларнинг адади саноқли ҳолда зикр қилинади. У смон розияллоҳу анҳу инсонларнинг Қуръони Каримни оғизма-оғиз ёдлашларини ва ёд олинган Қуръонга эътимод қилишларини, яъни суянишларини, ёзилган нусхаларга суяниб қолмасликларини хоҳлар эдилар. Шунинг учун ҳам аввал айтиб ўтилганидек, ҳар бир иқлимга алоҳида мусҳафларни жўнатар экан, ўша мусҳафнинг қироатига мувофиқ қорини ҳам қўшиб жўнатди. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу Мадина мусҳафининг устози, Абдуллоҳ ибн Соиб Макканинг, Муғира ибн Шиҳоб Шомнинг, Абу Абдурраҳмон Суламий Куфанинг ва Омир ибн Абдул-Қайс эса Басранинг Қуръондан таълим берувчилари эди. Усмон розияллоҳу анҳу улуғ саҳобаларнинг маслаҳати ва ёрдами билан якка шахслар қўлидаги мусҳафларни ёндиришга киришган. Ушбу ҳақиқатни тасдиқлаб, Сувайд ибн Ғафла айтади: «Алий: «Усмон ҳақида фақат яхшиликни гапиринглар. Аллоҳга қасамки, мусҳафларга қилган ишида биз (саҳобалардан) катта жамоат бор эдик», деди. Яна Алий: «Агар Усмон эга бўлган нарсага мен ҳам эга бўлганимда, мусҳафларга қилган ишини мен ҳам қилгап бўлардим», деди». Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг бу каби сўзларии айтишларига сабаб, Усмон розияллоҳу анҳуга турли хил туҳматларни уюштирган жамоатнинг даъволари ичида у кишининг мусҳафларни ёндирганликларини айблаш ҳам бор эди. Ҳазрати Алий ушбу сўзларни Усмон розияллоҳу анҳуни мудофаа қилиш мақсадида айтган эдилар. Қуръони Каримнинг бу хилда ёзилиши ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг бошчиликларида ва амрлари билан бўлгани учун «Расми Усмоний» («Усмон расми – ёзуви») деб аталадиган бўлди. Ушбу расм ҳозиргача барча Қуръони Карим нусхаларининг асли бўлиб келмоқда. Бу иш Қуръони Карим учун улуғ хизмат бўлганига ҳеч кимда заррача шубҳа йўқдир. КЕЙИНГИ МАВЗУ: Усмоний мусҳафлар ҳақида

Жонажон юртимизда Рамазон ойининг безаги бўлмиш Қуръони каримни хатм қилиш яхши анъанага айланган. Илоҳий каломни тўлиқ ёд олган қори йигитларнинг йилдан-йилга кўпайиши барчани бирдек мамнун этмоқда.
Бу йил коронавирус касаллиги кенг тарқалган бир даврда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ибодатларни оила даврасида ўтказишни таъминлаш ва мўмин мусулмонлар руҳини кўтариш мақсадида, бир қатор хайрли ишлар қилинмоқда.

Шу йил 20 апрель кунидаги Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида онлайн диний-маърифий дастурлар, хусусан, онлайн Қуръони карим тиловатлари ташкил этилиши элимизни чексиз хурсанд қилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида ҳам хатм Қуръонлар онлайн тарзда амалга оширилиши қайд этилгани Қуръони карим тиловатини тинглашга бўлган мўмин-мусулмонларнинг эҳтиёжлари эътиборга олинган эди.

Куни кеча диёримизнинг ҳар бир ҳудудида энг хушовоз қорилар хатми Қуръонларни бошладилар. Юртимиз аҳли Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар орқали Илоҳий калом қироатларини диққат билан тингладилар. Юртдошларимиз бундай хайрли ташаббуслардан жуда ҳам миннатдор эканлари изҳор этдилар.

Шубҳасизки, юртимиз узра Яратган Парвардигорнинг илоҳий каломи янграши баробарида Унинг раҳмати ҳам ёғилиб турди. Мана шундай хатми Қуръонлар файзу баракасидан бутун дунёга, хусусан, юртимизга қут-барака инсин, балою офатлар даф бўлсин, деб дуою илтижолар қиламиз.

Бугун ҳам бундай хатми Қуръонлар давом эттирилади. Энг хушовоз қориларнинг тиловатларини қуйидаги ҳаволалар орқали томоша қилишингиз мумкин.

ТОШКЕНТ ШАҲРИ -  http://muslim.uz/index.php/online

АНДИЖОН ВИЛОЯТИ - http://muslimun.uz/bulim/onlayn-xatm/

БУХОРО ВИЛОЯТИ - http://www.naqshband.uz/

ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ - https://t.me/imonuz/13791

НАВОИЙ ВИЛОЯТИ - https://t.me/hazratnavoi_uz

НАМАНГАН ВИЛОЯТИ -  https://t.me/ravza_uz/22240

САМАРҚАНД ВИЛОЯТИ - https://t.me/sammuslimuz

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ - https://t.me/tavbauz

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТИ - https://t.me/surxonmuslimuz/5149

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ - https://t.me/fitratuz/14690

ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ - http://fargonaziyo.uz/category/online-xatm/

ХОРАЗМ ВИЛОЯТИ - https://zamaxshariy.uz/category/онлайн-хатм/

ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ - https://t.me/nasafziyo/3610


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top