Рамазон

Рамазон ва ҳалол таом

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), оила аъзолари ва илм булоқлари бўлган саҳоба (розияллоҳу анҳум)ларга салавот ва саломлар бўлсин.

Таомнинг ҳалол ва ҳаромлиги инсон ҳаёти, тутган йўли, хулқу одоби ва маънавий дунёсида муҳим ўринга эга. Шунинг учун Аллоҳ таоло Пайғамбар (алайҳимуссалом)ларга ҳамда мўмин-мусулмонга қуйидагича амр қилади:

“(Пайғамбарларимизга шундай дедик:) «Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман (Муъминун, 51).

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара, 172).

Ояти каримада зикр қилинган покиза нарсалар Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқали мўмин бандаларга ҳалол қилган нарсалардир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади” (Аъроф, 157).

Банда барча аъзолари ҳамда руҳий-маънавий олами билан рўза тутмоғи – энг буюк ҳамда мукаммал рўзадир. Инсон Рамазонда кўз, оғиз ва қулоқ сингари аъзоларини ҳалол бўлмаган жойларга қараш, ғийбат қилиш ва лағв нарсаларни эшитиш каби иллатлардан тийгани каби қорнини ҳам ҳаром нарсалардан асраши лозим. Банда ҳаром луқмадан сақланиш, Рамазон кундузида таом ва ичимликдан тийилиш, ифтор вақтида ҳалол бўлмаган нарсаларни емаслик билан қорин рўзасини тутади. Шунингдек, бошқалар ҳақидан қўрқиб, етимнинг ҳақини ўз ўрнига қўяди ва рибо (судхўрлик)дан емайди. Зеро рибо егувчиларга оламлар Раббиси ғазаб қилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз” (Оли имрон, 130).

“Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган” (Бақара, 275).        

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рибо ҳақида: “Аллоҳ таоло судхўрлик қилувчи, унга вакил бўлувчи, ёзиб турувчи ва гувоҳ бўлувчиларни лаънатлади. Уларнинг барчаси гуноҳда баробар”, дедилар” (Имом Муслим).

Муқаддас динимиз инсон бошқага муҳтож бўлмаслиги учун касб қилишга буюради ҳамда ҳалол ризқ талаб қилишга чақиради. Ўтган барча пайғамбар (алайҳимуссалом)ларнинг ўз касблари бўлган. Закарийё (алайҳиссалом) дурадгорлик, Давуд (алайҳиссалом) темирчилик, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўй боққанлар, тижорат билан шуғулланганлар.

Аллоҳ таоло касб қилиш, ҳалол ризқ талаб қилиш ҳамда етим ва бошқаларнинг ҳақини ейишдан қайтариб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

 “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (Нисо, 10).

“Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара, 188).

“Ҳадиси шарифда ҳам айтилган: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйингки, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Имом Бухорий ривояти).

Илм ва тақвода намуна бўлган буюк зотлар шубҳали бир луқма еб қўйсалар, қалблари ўзгариб қолар экан. Шунда қалбларини соф қилиш учун бир муддат таом ва ичимликдан тийиларканлар, натижада ўзгаришни ҳис қиларканлар. 

           Баҳриддин ПАРПИЕВ

Read 79569 times
Top