muslim.uz

muslim.uz

Понеділок, 03 июль 2017 00:00

Ҳамма гап қандай қарашда

Бир замонлар бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳ бўлган экан. Кунларнинг бирида у барча рассомларни чақиртириб ўз суратини жисмоний нуқсонларини яширган ҳолда чизишни буюрибди. Лекин рассомларнинг бирортаси бунга рози бўлмабди. Улар ўзаро “Бир кўзи ғилай ва бир оёғи калта подшоҳни соғлом кўз ва оёқли қилиб тасвирлаш ёлғон манзара бўлади, биз бундай ишга қўл урмаймиз”, дейишибди ва ҳар хил баҳоналар билан шоҳга ўз узрларини изҳор қилибди. Аммо бир рассом бунга рози бўлиб, барча мусаввирларни ҳайратга солибди.

Ҳақиқатан, у подшоҳнинг нуқсонсиз расмини жуда ҳам чиройли тасвирлабди.

Суратда подшоҳ ов милтиғини ушлаб кийикни нишонга олаётган ҳолатда эди. Бундай чоқда табийки, овчи бир кўзини юмиб олган ҳамда бир оёғини букиб ерга таяниб турган бўлади. Маҳоратли рассом суратда подшоҳнинг ғилай кўзи ва чўлоқ оёғини шу ҳолатда яшира олди. Бошқа ҳамкасблари унинг маҳорати ва зийраклиги олдида бош эгди ва тасаннолар айтди. Чунки у одамларга айблов кўзи билан эмас, балки ижобий кўз билан қараб, уни бенуқсон суратда тасвирлай олган эди.

Бизнинг ҳам атрофимиздаги одамларнинг баъзи камчиликлари кўзга ташланиши мумкин. Лекин биз улар ҳақида гапирганимизда бу камчиликларни яширишимиз ва яхши тарафга йўйишимиз даркор. Чунки инсон хатодан холи эмас. Ундан ташқари, одамларнинг баъзи қилаётган ишларига унинг ҳақиқатини билмасдан, зоҳирига қараб баҳо бериш билан ноўрин айблаб қўйиб, сўнг пушаймон бўлишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар. Чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Ояти каримада ҳам Аллоҳ таоло: «Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар! Чунки баъзи гумон(лар) гуноҳдир. (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин», деган (Ҳужурот, 12).

Демак, ўзгалардаги аниқ кўриниб турган айбларни гапиришимиз ғийбат, аниқ бўлмаган камчилик ёки айбларни айтишимиз бадгумонлик, асли бўлмаган айбни айтиш эса бўҳтон ва туҳмат бўлар экан. Шундай экан, бошқалар ҳақида гапирганимизда тилимизга эҳтиёт бўлайлик ва фақат уларнинг яхши тарафини тилга олайлик.

Ш.ЧЎЛПОНОВ,

Тошкент ислом институтининг “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси

Понеділок, 03 июль 2017 00:00

Қуш уясида кўрганини қилади

Оқшомда она болаларига дарс тайёрлашда ёрдам бермоққа чоғланди. Уларга халақит қилмасин учун тўрт ёшли ўғлини нимагадир машғул қилиб қўйиш мақсадида унинг қўлига қалам ва қоғоз берди. Сўнг қолганларига хотиржам ёрдамлашмоқчи эди ҳамки, қайнотасига кечки овқатни бермагани ёдига тушди.  

Қайнота ҳовли чеккароғидаги хонада яшар, касаллиги боис ташқарига кам чиқарди. Аёл имкон қадар қайнотасининг хизматини қилар, эри ҳам унинг хизматидан розидек эди. Аёл ўрнидан туриб, отанинг кечки овқатини олиб бориб берди ва бирор эҳтиёжи бўлса чақириши мумкинлигини айтиб болалари ёнига қайтди. Кичкина ўғлининг ғайрат қилиб нималарнидир чизаётганини кўриб:

– Нима чиздинг? – дея эркалатиб сўради.

Ўғли онасининг гапига жавобан қўлидаги қоғозни кўрсатди. Қоғоз юмалоқ, тўртбурчак шаклларга тўла эди.

Она:

– Бу нима? – деди.

Бола:

– Катта бўлсам мен ўзим яшайдиган уй хоналарини чиздим, – деди. Кейин ҳар бир шаклни “Бу ошхона, у ерда овқатланаман, буниси ётоқхона, у ерда ухлайман, буниси меҳмонхона...” дея бир-бирига туташ бўлган шаклларни бирма-бир тушунтира кетди.

Она қоғоз чеккасида, бошқаларидан алоҳида ва кичик қилиб чизилган шаклга эътибор қилиб:

– Бу қандай хона, нега уни бошқа хоналардан ажратиб қўйдинг? – деди.

Бола:

– У сизнинг хонангиз, у ерда сиз бобомдек катта бўлганингизда яшайсиз, – деди.

Бу гап онанинг қулоғига чақмоқдек урилди, қалбини ларзага солди.

Эртаси куни биринчи қилган иши меҳмонлар учун безатилган хонага қайнотасини кўчириб ўтказиш бўлди. Кечқурун ишдан қайтган эри бу ҳолни кўриб, ҳайратланиб, нима гаплигини сўради. Хотини “Қариганимизда яшаш учун жой ҳозирлаяпман”, деди. Эр гап нимадалигини тушуниб, мамнуният ила кулиб қўйди.

Араб тилидан Ш.ЧЎЛПОНОВ таржимаси

Субота, 01 июль 2017 00:00

Тамал тоши қўйилди

Рамазонда қилинган дуоларнинг ижобати ўлароқ, Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ тумани, Гулзор маҳалласи аҳолиси хайрли иш устида жам бўлдилар. Эрта тонгда ушбу маҳаллага Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ташрифи барчани қувонтирди. Ташрифнинг боиси маҳалладаги “Хўжаи Корсоз” жоме масжиди биносини қайта қуриш учун тамал тоши қўйиш эди.

Масжид XIII асрда яшаб ўтган “Хўжаи Корсоз” номи билан машҳур зот шарафига шундай аталган. Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, у зот олим ва авлиё бўлган. Шу ерда шогирдлар етиштирган. Демак, бу маскан ўша замонларданоқ зиё маскани бўлиб келган.

Аҳолининг “Хўжаи Корсоз” масжидининг эски биносини бузиб, унинг ўрнига янгисини барпо қилиш бўйича бошлаган саъй-ҳаракатлари бугун амалга кўчди. Муфтий ҳазратлари қурилаётган масжид қиёматгача хизмат қилишини ният қилиб, биринчи ғиштни қўйиб бердилар. Шундан сўнг Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи З.Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим мудири М.Қаюмов, Тошкент вилояти бош имом-хатиби Х.Турматов, нуронийлар ва эзгу ниятда йиғилган қалби пок инсонлар ҳам бирин-кетин пойдеворга ғишт қўйдилар. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Интернет нашрларининг хабар беришича, БААда “Халқаро бағрикенглик институти” иш бошлайди. Ташкил этиладиган ушбу янги институтнинг мақсади – мамлакат аҳолиси онгида бағрикенглик ғояларини яна ҳам мустаҳкамлашдир. Шунингдек, институт – тизимли равишта динлараро очиқ мулоқотларни жорий этиш, ислом дини бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишини кенг жамоатчилик онгига сингдиришни ҳам мақсад қилган.

 

Халқаро алоқалар бўлими

Субота, 01 июль 2017 00:00

Бутунжаҳон китоб пойтахти

“UNESCO” Бош директори Ирина Бокованинг маълум қилишича, Бирлашган Араб Амирликлари таркибидаги Шаржа шаҳри 2019 йилда Бутунжаҳон китоб пойтахти деб эълон қилинади.

Йил давомида “Шаржада китоб ўқинг” шиори остида қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилмоқда. Тадбирлар мутолаа, адабий мерос, оммабоп нашрлар ва болалар адабиёти каби турли хил мавзуларда бўлиб ўтади. Ёш шоирлар учун эса алоҳида дастур ишлаб чиқилади.

“Мен Шаржанинг Бутунжаҳон китоб пойтахти бўлиш қарорини қўллаб қувватлайман. Шаҳарда китоб ўқишни оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар шаҳар аҳолиси учун кенг имкониятдир”,- деди Бокова.

Моҳира ЗУФАРОВА,

Халқаро алоқалар бўлими.

 

Top