muslim.uz

muslim.uz

Муқаддас Рамазон ойи муносабати билан дунёнинг барча мамлакатларида хайрия ва саҳоват ишлари амалга оширилмоқда. Бундай хайрли ишлардан бири Бирлашган Араб Амирликлари давлатининг Абу Даби шаҳрида ўтказилди.

Рамазон ойи муносабати билан Абу-Даби полицияси оғиз очишга шошаётган ҳайдовчиларга 140 минг дона бепул таом улашди. Бу ҳақда "islam.ru" нашри хабар берди.

ЎМИ Матбуот хизмати

П'ятниця, 08 июнь 2018 00:00

Ҳикоя: сабрда ҳам ҳикмат бор

Денгиз бўйида балиқчилик билан кун кечирадиган оилалар уч тўрт кишидан бўлиб қайиқларда балиқ овига чиқиб кетишибди. Аёллар ҳар доимгидек қирғоқда фарзандлари билан дуолар қилишиб, эрларини овга кузатибдилар. Орадан икки уч кун ўтса-да, эркаклардан дарак бўлмабди. Аёллар дуода бўлиб турганларида тунда бир аёлнинг уйи ёниб, ҳеч вақоси қолмабди. Фалокат келса қўшалоқ келади деб, чиройли сабр қилибди. Эрталаб уйғонганида денгиз тарафдан қайиқлар кўринибди, булар ўзларининг ҳамқишлоқлари – балиқчилар экан. Балиқчилар денгизда қаттиқ шамол кўтарилгани, улар йўлни йўқотиб қўйишгани, тунда кўтарилган оловни ёруғлигидан уйларини топиб келишганини айтишибди.

Ушбу ҳикоядан олинадиган ибрат – Аллоҳга тавваккал ва сабр. Ҳозирги давримизда бирор ёнғин ёки шунга ўхшаган бирор талофат етса, биз авваламбор айбни ўзимиздан қидирмаймиз, балки ён қўшнимизни айбдор қиламиз, турли идора ва ташкилотларга бориб шикоят қиламиз. Шундай ёнғинлар чиқишига сабабчи бўлаётган нарсаларни ҳаммамиз ҳар куни кўрамиз, аммо кўрмасликка оламиз. Қўни - қўшниларимиз ҳас-ҳашакларни уй томларига босиб қўйган бўлса, электр, газ плиталаридан нотўғри фойдаланаётган бўлса эътибор қилмаймиз. Барчаси ўзимизни лоқайдлигимиздан. Ҳаммамиз шу маҳаллада шу ватанда яшаётган эканмиз барчамиз масъулмиз ва жавобгармиз.   

 

Абдураҳим САТТОРОВ

Избоскан тумани

“Бобур” жоме масжиди имом-хатиби

 

     

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

 “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Ояти каримада Аллоҳ таоло “фосиқ хабар келтирса, аниқлаб” хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло “бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”, демоқда.) (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Ижтимоий тармоқларда, телеграмларда Анвар қори аканинг вафот этганлари ҳақида асоссиз хабарлар тарқатилмоқда.

Айрим хабарларда “Деярли вафот этибдилар” дейиляпти. Қанақасига деярли вафот этади. Инсон ё тирик бўлади, ёки вафот этган бўлади. Деярли деган нарса бўлмайди. Шу сўзни гапирган одамнинг ўзи нима деганини тушундимикин?!

Айрим хабарларда эса “Масжидда эълон қилинди” дейиляпти. Ёлғон гапиргани Аллоҳдан қўрқиш керак! Қанақасига тирик одамни “Вафот этди” деб катта бир масжидда эълон қилиниши мумкин?! Масжидларимизда хизмат қилаётган имом домлаларимизга нисбатан бўҳтон бу.

Намунча бир инсоннинг вафот этишини шунчалар орзиқиб кутмасак! Ўлим барчамизнинг бошимизда бор. Унинг ўрнига Аллоҳ таолодан барча беморлар қатори қори акамизга ҳам комил шифо сўрасак бирор жойимиз камайиб қоладими?! Ёлғон хабарлар тарқатиш ўрнига улуғ ойда фойдали иш билан машғул бўлсак, ўзимизга кўп яхши бўларди.

Тарқатилаётган хабарларни эринмасдан янада кенгроқ тарқалишига ҳиссасини қўшаётганлар ҳам бу ишдан тийилишсин ва қуйидаги ҳадисга яхшилаб эътибор беришсин: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ - صلى الله عليه وسلم -: "كفى بالمرء كذباً أن يحدث بكل ما سمع".

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эшитган ҳар бир нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади” деганлар”.

(Имом Муслим, Ибн Ҳиббон, Дорақутний, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло барчамизни эшитган ҳар бир маълумотни гапиравериб, ёлғончилардан бўлиб қолишимиздан асрасин! Ўзининг амрига итоат этиб, биров келтирган, айтган хабарларни текшириб, ўрганиб кўрувчилардан қилсин!

 

ЎМИ Матбуот хизмати

П'ятниця, 08 июнь 2018 00:00

Рамазон нажот ойи (Аудио)

"Раҳмат ва мағфират ойи" Қурбонова Гулобод 

"Рамазон нажот ойи" Қутбиддинова Муҳаррам 

"Мағфират кунлари ғанимат" Адилова Наргиза 

 

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти

П'ятниця, 08 июнь 2018 00:00

Афу ва мағфират

Араб тилида гуноҳни кечириш маъносида қўлланиладиган "аъфу" ва "мағфират" сўзлари Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда бир қанча ўринларда келган. Бу икки сўз ўзбек тилида бир сўз билан "кечириш" маъносини англатсада, араб тилининг ўзида икки ҳил фарқли мазмунни ифода қилади.

Мағфират сўзи араб тилида "غَفَرَ" феъли маъносида бўлиб, "кечириш", "яшириш" ва "беркитиш" маъноларини билдиради.

"Аъфу" эса, "عَفا" феъли маъносида бўлиб, бу ҳам "кечириш" ҳамда "жазони бекор қилиш" маъноларини англатади. Қўлланишида бир-бирига яқин бўлсада, "аъфу" "мағфират"дан кўра кучлироқ мазмунни ифода этади.

Мағфират гуноҳни кечириш бўлса, афу уни кечириш билан бирга банданинг гуноҳ  амаллари қаторидан ҳам ўчириб, йўқ қилиш ва бошқаларнинг эсидан ҳам чиқаришдир.           Яни, Аллоҳ таоло банданинг гуноҳларини афу қилиши Қиёмат кунида бандага бу гуноҳ эслатилмаслиги ва амаллар рўйхатидан ҳам олиб ташланишини англатади. Мағфират эса ундай эмас. Яни, ҳисоб кунида ўша гуноҳ банданинг ёдида бўлади, унга эслатилади, маломат қилинади, аммо бошқалардан беркитилади ва унга ўша иши учун жазо берилмайди.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдам қадрни топсам нима айтишим керак деганларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

"اللَّهُمَّ إِنَّكَ عُفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي"

деб айтгин деганлар. Яъни, "Эй Аллоҳим, сен афу ва карим (сифатига эга зот)сан, афуни яхши кўрасан, мени афу этгин".

Ушбу ҳадоси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолар қабул бўладиган Қадр кечасида афуни сўрашни тавсия қиляптилар. Шундан ҳам афунинг қанчалик биз гуноҳкор бандалар учун зарурлигини билишимиз мумкин. Аллоҳ таолонинг бандаларини афу этиши бизга  бўлган Ўзининг катта неъматларидандир.

Рамазон ойида, хусусан Қадр кечаси топиладиган ушбу охирги ўн кунликда Аллоҳ таоло Ўзининг Афу сифати билан барчаларимизнинг гуноҳларимизни афу этишини сўраймиз.

Ш.Чўлпонов

ТИИ ўқитувчиси

Top