Мақолалар

Хабарни текшириб кўриб, кейин тарқатинглар!

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْماً بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

 “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Агар хабар Аллоҳдан ва Пайғамбар алайҳиссаломдан бўлса, сўзсиз қабул қилиш вожибдир. Қабул қилмаганлар гуноҳкори азим, кофир бўладилар. Ояти каримада Аллоҳ таоло “фосиқ хабар келтирса, аниқлаб” хабарнинг собитлигини текшириб кўришга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш вожиб. Афсуски, мусулмонлар ушбу оятга амал қилмаганлари оқибатида катта мусибатларга дучор бўлмоқдалар. Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатдан афсус-надоматга сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло “бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”, демоқда.) (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Ижтимоий тармоқларда, телеграмларда Анвар қори аканинг вафот этганлари ҳақида асоссиз хабарлар тарқатилмоқда.

Айрим хабарларда “Деярли вафот этибдилар” дейиляпти. Қанақасига деярли вафот этади. Инсон ё тирик бўлади, ёки вафот этган бўлади. Деярли деган нарса бўлмайди. Шу сўзни гапирган одамнинг ўзи нима деганини тушундимикин?!

Айрим хабарларда эса “Масжидда эълон қилинди” дейиляпти. Ёлғон гапиргани Аллоҳдан қўрқиш керак! Қанақасига тирик одамни “Вафот этди” деб катта бир масжидда эълон қилиниши мумкин?! Масжидларимизда хизмат қилаётган имом домлаларимизга нисбатан бўҳтон бу.

Намунча бир инсоннинг вафот этишини шунчалар орзиқиб кутмасак! Ўлим барчамизнинг бошимизда бор. Унинг ўрнига Аллоҳ таолодан барча беморлар қатори қори акамизга ҳам комил шифо сўрасак бирор жойимиз камайиб қоладими?! Ёлғон хабарлар тарқатиш ўрнига улуғ ойда фойдали иш билан машғул бўлсак, ўзимизга кўп яхши бўларди.

Тарқатилаётган хабарларни эринмасдан янада кенгроқ тарқалишига ҳиссасини қўшаётганлар ҳам бу ишдан тийилишсин ва қуйидаги ҳадисга яхшилаб эътибор беришсин: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ - صلى الله عليه وسلم -: "كفى بالمرء كذباً أن يحدث بكل ما سمع".

“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадиси: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эшитган ҳар бир нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади” деганлар”.

(Имом Муслим, Ибн Ҳиббон, Дорақутний, Байҳақий ва бошқалар ривоят қилишган).

Аллоҳ таоло барчамизни эшитган ҳар бир маълумотни гапиравериб, ёлғончилардан бўлиб қолишимиздан асрасин! Ўзининг амрига итоат этиб, биров келтирган, айтган хабарларни текшириб, ўрганиб кўрувчилардан қилсин!

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4340 times

Мақолалар

Top