muslim.uz
Рамазон кечалари. "Минор" жоме масжиди. (2017й.)
Рамазон 2017: энг узоқ вақт рўза тутувчилар
- Бу йил энг узоқ рўза тутувчи мамлакат Исландиядир. У ерда истиқомат қилувчи мусулмонлар 21 соат;
- Европанинг шимолий қисмидаги Швеция, Норвегия, Финляндия ва Дания мусулмонлари 20 соату 30 дақиқа;
- Покистон, Афғонистон ва Хитойда 17 соат;
- Ҳиндистонда 16 соат;
- Араб мамлакатлари ичида энг узоқ вақт рўза тутаётганлар жазоирликлар бўлиб, улар 16 соату 44 дақиқа, энг қисқаси эса Сомали бўлиб, мамлакат аҳолиси 13 соат;
- Мисрликлар 15-16 соат;
- Ироқ, Фаластин, Ливан, Иордания ва Сурияда 16 соат;
- Яманликлар 14 соат;
- Малайзияда 14 соат;
- Африка мамлакатларида эса 13-14 соат;
- Австралияда 12 соат;
- Лотин Америкасида ўртача 10 соат;
- Аргентинада 9,5 соат бўлиб, қуёш ботмайдиган ҳудудлар бу вақтдан мустасно.
Моҳира ЗУФАРОВА
тайёрлади.
Сурхон воҳасида яна бир янги масжид очилди
Муборак Рамазон ойининг файзли кунларида Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида янги “Қадимий Дарбанд” жоме масжиди очилди.
Масжиднинг очилиш маросимида Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Эргашали Рутамов сўзга чиқиб, бугунги кунда яратиб берилаётган шароитлар тўғрисида маъруза қилди. Бундай имкониятларнинг ортида тинчлик ва хотиржамлик деган буюк неъмат борлигини таъкидлади. Бунинг учун фақат шукр қилиш лозимлигини сўзлар экан, кечагина Шеробод туманида очилган “Имом Термизий” жоме масжиди ҳақида сўзлаб берди. Тадбирга йиғилганларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломини етказди. “Қадимий Дарбанд” жоме масжиди Бойсун тумани аҳолиси учун мўътабар манзилга айланишини таъкидлаб барчани ушбу муборак ойдаги хурсандчилик билан яна бир бор қутлади.
Тадбирда сўзга чиққанлар бу каби хайрли ишлар диний қадриятларга бўлган улкан эътибор натижаси эканини таъкидлашди. Шунингдек, бу борада ояти каримада ҳам қуйидагича таъкидлангани эслатиб ўтилди: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” (Тавба, 18).
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, масжидларни обод қилиш, уларни таъмирлаш юксак имон ва мустаҳкам эътиқоднинг кўринишидир. Зеро, масжид қуриш, уни обод қилишнинг савоби улуғ эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ифода этганлар: “Ким Аллоҳнинг розилигини истаб масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда қаср барпо қилади” (Имом Бухорий ривояти).
Масжидларни шинам қилиш, намозхонларга қулай шароитлар яратиш катта ажр бериладиган амаллардан экани Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ифодаланган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.
Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юртнинг маъмурлигидан нишон. Илло, масжидга ибодатга келган кишилар Ватан тинчлиги, юрт равнақи, халқ осойишталигини сўраб дуо этади. Ана шу дуолар шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади.
“Қадимий Дарбанд” жоме масжидида бугун жума намози адо этилди. Масжидга келган намозхонлар масжидимиз муборак ойнинг жума оқшомида очилди, мана жумани ҳам ўқиш насиб этди деб, севинмоқдалар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Масжидлар бўлими
Турли мамлакатлардаги таровиҳ шукуҳи
Маккаи мукаррама
Рамазон ойи Маккаи мукаррамада ўзгача шукуҳ билан ўтади. Айниқса, Масжидул Ҳарамда умра амалини бажариш ва хатми Қуръондан баҳраманд бўлиш, кишига ўзгача завқ бағишлайди.
Мадинаи мунаввараМадинаи мунавварадаги Масжидун Набавийда 500 000 дан кўпроқ мусулмонлар таровеҳ намозини адо этишмоқда.
Ақсо масжидида таровиҳ
Фаластинлик мусулмонлар ибодат қилиш учун учинчи ҳарами шариф бўлган – Ақсо масжидида таровиҳ намозини ўқишмоқда.
Истамбулдаги Султон Аҳмад жоме масжиди
Ушбу жоме Туркиядаги мусулмонлар ибодат қиладиган гўзал намозгоҳ ҳисобланади. Бу масжид деворлари буюк меморчилик анъаналарига мос ҳолда Қуръони карим оятлари билан безатилган.
Малайзияда таровиҳ намози
Малайзияда яшаб келаётган араб ва африка миллатига мансуб мусулмонлар маҳаллий аҳоли билан Рамазон мавсумини шоду хуррамликда ўтказишмоқда.
Мисрдаги жомеда таровиҳ намози
Миср Араб Республикасида ҳам Рамазон ойини бошқа давлатларга қараганда ўзгача тароват билан нишонлашади. Миллий Рамазон таомлари ва ширинликлари тайёрланади, масжидларда хатми Қуръонлар қилиниб, таровеҳ намозлари ўқилади.
Марокашда таровеҳ намози
Мамлакатдаги Касабланка шаҳрида жойлашган “Ҳасан-II” жоме масжидида ўн минглаб марокашлик мусулмонлар таровиҳ намозини адо этишмоқда.
Бирлашган Араб Амирликларида таровеҳ намози
Абу Дабидаги “Шайх бин Зайд” жоме масжидида мусулмонлар таровиҳ намозини ўқишмоқда.
Ҳиндистонда таровиҳ намози
Интернет материаллари асосида
Халқаро алоқалар бўлими
томонидан тайёрланди.