muslim.uz
Муҳаммад ибн Сийрин
Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик замонида Басрада ҳижрий 653 йили туғилганлар. У зот улуғ тобиъин, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва туш таъбирларида имом эдилар. Зуҳд, тақво, парҳезкорлик ва ота онага яхшилик қилишда пешқадам эдилар.
Оталари Сийрин Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг қуллари эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга у кишини Кўфанинг ғарбидаги “Айнут тамр” шаҳрида бўлган жангдан улуш қилиб берилган эди. У шаҳарни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлган замонларида фатҳ қилган эди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ўз қулларини ўша вақтнинг ўзидаёқ озод қилиб юборган эди.
Анас ибн Сийрин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Укам Муҳаммад Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг халифаликларига икки йил қолганда туғилди. Унинг онасининг исми “Софийя” эди. У Абу Бакр сиддиқ розияллоҳу анҳунинг чўриси эди. У зот уни озод қилган эди”.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи Умавийлар ва Аббосийлар давлатида яшаганлар. Аҳли сунна вал жамоадан бўлганлар.
Ҳишом ибн Ҳассон роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муҳаммад ибн Сийрин 30 та саҳобий билан бир даврда яшаб, уларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган”.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳининг тушларни таъбир қилишларидан мисоллар:
- Юсуф ибн Соббоғдан ривоят қилинади: Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Кимки тушида Роббисини кўрса, у жаннатга киради” деган.
- Холид ибн Дийнордан ривоят қилинади: у Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурида эдим. Бир киши унинг ҳузурига келиб: “Эй Абу Бакр! Мен тушимда икки жўмраги бор идишдан сув ичаётган эканман. Уларнинг бири ширин иккинчиси нордон экан” деди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи у кишига: “Аллоҳга тақво қил. Сени бир аёлинг бўлади. Унинг синглисининг зиёнига сен нимадир бир иш қиласан” деди.
- Абу Қилобадан ривоят қилинади: бир киши Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳига: “Мен тушимда қон сияётган эканман” деди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи унга: “Сени аёлинг ҳайз кўрган ҳолида келдими?” деди. У: “Ҳа!” деди. Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи унга: “Аллоҳга тақво қил. Уни ортига қайтарма!” деди.
Устозлари:
- Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу
- Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу
- Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу
- Абдуллоҳ ибн Зубайр розиялллоҳу анҳу
- Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу
- Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу
- Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ва бошқа саҳобилар.
Шогирдлари:
- Қатода ибн Даома роҳимаҳуллоҳ
- Юнус ибн Убайд роҳимаҳуллоҳ
- Ибн Авн роҳимаҳуллоҳ
- Холид Ҳизо роҳимаҳуллоҳ
- Авф Аъробий роҳимаҳуллоҳ
- Ҳишом ибн Ҳассон роҳимаҳуллоҳ
- Қурра ибн Холид роҳимаҳуллоҳ
- Маҳдий ибн Маймун роҳимаҳуллоҳ
- Жарир ибн Ҳозим роҳимаҳуллоҳ
- Айюб Сухтиёний роҳимаҳуллоҳ ва бошқа тобиъинлар.
Абу Бакр Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи ҳижрий 110 йили Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг вафотларидан 100 кун ўтгандан сўнг 80 ёшларида Басрада вафот этадилар.
Манбалар асосида
Абдус Сомад Абдул Босит тайёрлади
Китоб – энг яқин ҳамроҳ
Китоб – инсоннинг эркин фикрлаши, дунёқарашининг кенгайиши, ақлан етук бўлиши, маънавиятининг шаклланишида асосий ўрин тутади. Китоб ўқиган инсоннинг ақли чархланиб, маънавияти бойиб етуклик сари илдамлайверади. Китоб мутолаасидан йироқ инсонлар маънавий қашшоқликка юз тутадилар.
Маълумки, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди.
Мазкур фармойиш ижросини таъминлаш, устоз ва талабаларни диний-маърифий, маънавий ҳамда сиёсий ва мафкуравий савияларини янада юксалтириш мақсадида 2017 йил 24 март куни Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган китоблар кўргазма савдоси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси “Мовароуннаҳр” нашриёти ходимлари томонидан иштирокчиларига 285 номда 645 дона диний-маърифий мазмундаги “Тафсири Ирфон”, “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ислом маърифати – эзгулик йўли”, “Қуръон ёдлаш фазилатлари”, “Тиловот одоблари”, “Тажвид қоидалари”, “Суннат, ҳадис ва муҳаддислар”, “Ал-Азкор (Дуолар ва зикрлар)”, “Тошкентдаги ҳазрати Усмон Мусҳафи тарихи”, “Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари”, “Исломда саломлашиш одоблари” ва “Зиёрат одоблари” ҳамда мафкуравий мазмундаги “Ишид фитнаси”, “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя”, “Интернетга ин қурган ўргимчаклар”, “Дунё уламолари мурожаати” ва ““Ҳизбут-таҳрир” фитнасидан огоҳлантириш” каби адабиётлар намойиш қилинди.
Ушбу кўргазма савдода институт устоз ва талабалари иштирок этиб, “Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан чоп этилган адабиётлар билан яқиндан танишдилар.
К.Маҳкамов,
ТИИ Ахборот-ресурс маркази мудири
Наврўз айёмининг файзи
Наврўзи олам мазмуни янги кун, янги фасл, янги йил ёки халқ тилида йил аввали деган маъноларни ифода этади. Аслида Наврўз қайси ном билан аталмасин, у миллатнинг улуғ куни, янгиланиш, покланиш, яшариш, юксалиш байрами деб қаралгани маъқул. У – кун билан тун тенг бўлган кун. Тарихда йил тақвими, яъни фасллар алмашинувини қутблар орқали билиш кишилар ҳаёт тарзидан салмоқли ўрин олган. Чунки аждодларимиз ой, юлдуз, қуёш каби осмон жисмларидаги ўзгаришларни кузатиб, улар тўғрисида муайян билимларни ўзлаштирганлар. Кейин эса юмушларини ана шу хисоб-китобга қараб режалаштирган.
Ҳозирда Наврўзи олам тадбирларига назар солсангиз, аждодлар руҳига эҳтиромни кўрасиз. Айнан шунинг учун ҳам Наврўз байрами олдидан умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилади, атроф-муҳитнинг тозалиги, озодалигига эътибор қаратилади, аждодлар дуоларда эсланиб уларнинг руҳига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.
Наврўз нафақат табиатнинг ўзгариши, янгиланиши, балки у инсон руҳиятида ҳам янгилаш содир бўлишидир. Табиийки, табиатнинг янгиланиши инсон қалбига нур бахш этади. Ана шунда инсонга келажакка бўлган умиди ва истаги ҳамроҳ бўлади. Айнан шу жиҳати билан Наврўз айёми тинчлик-осойишталик, тотувлик, дўстлик, муҳаббат туйғусини бахшида этади.
Шукрлар бўлсинки, Ўзбекистонимизда Наврўз куни умумхалқ байрамларидан бири сифатида нишонланмоқда. Ҳар йили шу куни байрам сайиллари ташкил қилинади. Байрам куни эрта тонгдан карнай-сурнайлар чалинади. Сайилгоҳларда курашчилар, бахшилар, чавандозлар, қўшиқчи-ҳофизлар ўз маҳоратларини намойиш этишади. Жойларда Наврўзга бағишлаб сумалак, ҳалим ва бошқа тансиқ таомлар тайёрланади. Хайриялар ташкил этилиб, имконияти чекланганлар ҳолидан хабар олинади. “Меҳрибонлик”, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, ёлғиз кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларига совға-саломлар олиб борилади.
Баҳор байрами Наврўзи олам ҳақидаги байрамона томошалар, тадбирлар халқимизнинг қадим тарихи ва руҳияти билан узвий боғлиқдир. Бу борада муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 28 февралдаги “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига биноан бу йилги Наврўз байрами Тошкент, Қорақалпоғистон ва вилоятлар марказлари, шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари шаклида нишонланади.
Фурқат ЖУМАЕВ,
Қарши шаҳаридаги “Қум қишлоқ” жоме масжиди имом-хатиби
Маккадан Мадинага тез юрар поезд қатнайди
Икки муқаддас даргоҳ – Макка ва Мадинани туташтирувчи юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўл поездининг Haramain Express йўналиши қурилиши тугалланишига оз қолди. 450 км. дан иборат бўлган йўлнинг 430 км. тайёр. Биринчи тажриба поезди йилнинг охирида йўлга тушади.
“Макка ва Мадина ўртасидаги темир йўл лойиҳаси Саудия ҳукумати учун фойдалидир. График ҳеч қандай кечикишсиз ва ўзгаришларсиз вақтида амалга оширилади. Ушбу темир йўл муқаддас шаҳарлар ўртасидаги қатновни сезиларли даражада енгиллаштиради”, деди мамлакат транспорт вазири Сулаймон ал-Хамдан.
М.ЗУФАРОВА,
Халқаро алоқалар бўлими
“Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони ким?
Бу саволни эшитган киши бўлиб ҳайрон бўлиб қолади: ҳай, Аллоҳ! Шу одам “Ўткан кунлар”ни ўқиганмикан ўзи ёки мени синаш учун қитмирлик қилиб сўраяптими?..
Бугун тонгда ошга борган эдик. Шаҳар бош имом хатиби Анвар қори ака Турсунов домла амри маъруф қилганларида маърифатли аждодларимиз, уларга муносиб авлодлар тарбиялаш борасида китобхонликниинг фойдаси ҳақида гапирар экан, жумладан бундай дедилар: “Яқинда “Ўткан кунлар”ни яна бир қайта ўқиб чиқдим. Шу галги мутолаадан нима топдим биласизми?
Марҳум устоз шоир Абдулла Орипов бир суҳбатда: “Ўткан кунлар”нинг бош қаҳрамони Кумуш ва Отабек эмас, Юсуфбек ҳожи. Агар асарда ана шу муҳташам образ бўлмаганида роман “Минг бир кеча” ҳикояларига ўхшаб қоларди”, деган эдилар.
Ана шу гапнинг ҳикматини топдим. Абдулла Қодирий ҳазратлари Юсуфбек ҳожи тимсолида миллатнинг бирдамлиги, Ватаннинг яхлитлиги учун курашишни ҳаётининг маъноси деб билган; қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик, маҳаллийчилик қилиб ўзаро низолашиб юрган майдакашларни катта ишларга ундаб, агар вазият шу ҳолда давом этса; миллатнинг хароб бўлишини, юрт тупроғининг босқинчилар оёғи остида хор бўлишини башорат қилган буюк сиймони тасвирлаган экан.
Ҳақиқатан, Юсуфбек ҳожи образини диққат билан ўрганаверсангиз, романнинг залвори юксалиб бораверади. Буюк миллат фидойисини кашф қиласиз”.
Бу гапларни тинглар эканман, негадир бирданига ўпкам тўлиб кўзимга ёш келгандек бўлди. Шу давранинг ўзида Абдулла Қодирийнинг санъаткорлигини, Абдулла Ориповнинг закийлигини, Анвар қори аканинг воизлигини яна бир бир кашф қилдим – қанчалар буюк инсонлар.
“Ўткан кунлар” шундай асар эканки, унда ҳар бир инсоннинг ўз қаҳрамони бор экан. Айтайлик, кенг фикрлайдиган, мушоҳадага бой, катта ҳаётий тажриба тўплаган, жаҳон саҳнасида миллатимизнинг ўрни, обрўси ҳақида бош қотирадиган донишманд ёшдаги инсонлар учун бош қаҳрамон – Юсуфбек ҳожи; муслима, муштипар, итоаткор аёллар учун бош қаҳрамон – Офтобойим; чин севги, пок муҳаббатни орзу қиладиган ёшидагиларнинг қаҳрамони – Кумуш ва Отабек; севадиган, севиладиган ёшга етиб, не-не орзу-умидлар оғушида турмушга чиққани заҳоти кўз олдидаги бегининг сароб эканини, жисми узатса қўл етадиган ерда тургани билан қалби дунёнинг у чеккаси қадар узоқ эканини билган аламзада келинчаклар учун бош қаҳрамон – Зайнаб (шугинага кўп ачинади одам)...
Аммо романда икки ёшнинг самимий муҳаббати воқеалари завқу шавқ билан тасвирлангани боис ёшу қари, ҳамма “Ўткан кунлар” деганда фақат шу иккисини кўз олдига келтиради...
Тўғрисини айтсам, “Ўткан кунлар”ни қайта-қайта ўқимайман. Зарурат юзасидан бир кўз ташлаб қўяман деганимда эса ундан бош кўтаролмайман ва кўп вақтлар асар воқеалари таъсирида юраман. Романнинг бу қадар фожеали тугагани мени изтиробга солади. Айниқса, Кумуш билан Отабекнинг ўғли Ёдгорнинг босқинчилар билан курашиб вафот этгани – Юсуфбек ҳожи авлодидан ҳеч ким қолмагани алам қилади.
Яна ўйлайманки, Юсуфбек ҳожию Отабеклар ана шу миллат фарзанди эди. Шундай самимий қалб эгаларини етиштирган миллат озод ва эркин яшашга ҳақли эди ва ана шу улуғ неъматга тинимсиз курашлар эвазига эришди. Ички курашлар, низолар, фитналарга ўралашиб бой бериб қўйган ҳурлигимизни бир ёқадан бош чиқариб қайтариб олдик. Яратганга шукрки, мамлакатимизни бутун дунё тан олиб турганига чорак асрдан ошди. Ватанимиз мадҳияси дунёнинг энг баланд минбарларида жаранглаганда юксак мартабали инсонлар ҳам қўлларини кўксига қўйиб ҳурмат бажо айлаётир. Зотан, Абдулла Қодирий Юсуфбек ҳожи образи орқали ана шу кунлар орзусини тараннум этмаганмиди!..
Дамин ЖУМАҚУЛ,
журналист