muslim.uz

muslim.uz

“Умра-2016” Рамазон мавсуми ўтган йиллардаги мавсумлар каби Юртбошимиз Фармонларига мувофиқ тузилган “Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши”нинг қарорлари ва тавсиялари асосида ташкил этилди.
Маълумки, истиқлол шарофати билан муборак Умра ва Ҳаж сафарларини ташкил этиш борасида катта ютуқларга эришилди. Бугунги кунда бу ишлар янада такомиллашди ва зиёратчиларимизга кўплаб қулай шароитлар яратилди. Бунинг учун Яратганга чексиз шукурлар қилишимиз даркор.
2016 йилнинг 25 июнь куни эрта тонг соат 08:50 да ўзбекистонлик зиёратчиларнинг биринчи гуруҳи Тошкент–Жидда йўналишида умра амалларини адо этиш мақсадида Саудия Арабистонига жўнаб кетди.“Умра-2016” Рамазон мавсумининг биринчи рейсида учиш Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарё ва Бухоро вилоятлари зиёратчиларига насиб этди. Уларга зиёрат давомида ўзбекистонлик тажрибали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, шифокорлар ҳамда моҳир ошпазларимиз хизмат кўрсатадилар.Зиёратчиларимизга Маккаи мукаррамада “Нама Мавадда” ва Мадинаи мунавварада “Нур Мавадда” меҳмонхоналарида Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги бир неча йиллик ҳамкоримиз “ал-Ҳидоя” ширкати томонидан хизмат кўрсатилади. Сафар мобайнида фуқароларимиз Макка ва Мадина шаҳарларидаги тарихий жойларни зиёрат қилишга муяссар бўлишади. Аллоҳ барчамизга Умра ва Ҳаж ибодатларини адо этишни насиб этсин.


Халқаро алоқалар бўлими 

Субота, 25 июнь 2016 00:00

Гуллар шаҳрида рамазон файзи

   Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда Рамазон ойининг ҳар бир кечаси ва кундузи ўзгача файз билан ўтмоқда.

   Муборак Рамазон ойининг шукуҳли кунлари файзу-баракоти юртимиз узра уфуриб турган бир пайтда қориларимизнинг Қуръон тиловатлари, юртдошларимизнинг уларга сомеъ бўлиб, юртимиз, халқимиз ҳақига дуо қилишлари Рамазон ойига ўзгача тароват бахш этмоқда.

   Юртимизга ярашадиган ана шундай файзли онлардан яна бири 2016 йилнинг 25 июнь куни гуллар шаҳри бўлган Наманган шаҳрида жойлашган “Мулла Бозор Охунд” жоме масжидида бўлиб ўтди. Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мазкур масжидларга ташриф буюриб, муборак Рамазон ойининг фазилатлари ва шукрона мавзусида маърузалар қилиб, Наманган аҳлига руҳий – маънавий озуқа бердилар.

   Намоз якунида муфтий ҳазратлари муборак ойга етказгани учун Аллоҳга шукроналар айтиб, диёримиз тинч, осмонимиз мусаффо, юртимиз янада обод, турмушимиз бунданда фаровон, фарзандларимиз баркамол бўлишини сўраб дуолар қилдилар.

   Муфтий ҳазратларига вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамроҳлик қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили  

А.Турсунов

Четвер, 23 июнь 2016 00:00

ШҲТ аъзолари Минорда

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги 15 йиллик юбилей мажлисида қатнашиш учун Республикамизга келган хорижий меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканларига ташриф буюрмоқдалар. 23 июнь куни “Минор” жоме масжидида бир қатор турли мамлакат вакиллари кутиб олинди. Жумладан, АСЕАН халқаро ташкилоти бош котиби Ле Лионг Минь, “Чайна Минметалз корпорейшн” раҳбари Ли Лианг, Ҳиндистон ва Хитой божхона қўмитаси мутахассислари ҳамда ахборот агентликлари вакиллари ташриф буюришди.

Мартабали меҳмонларга “Минор” жоме масжидининг Президентимиз ташаббуслари билан бунёд этилгани, унда Хитой, Украина ва Бельгия каби давлатларнинг энг сара, бақувват қурилиш хом-ашёлари ишлатилгани, замонавий технология ва барча иситиш-совутиш тизимлари билан таъминлангани, 5000 нафар намозхон эмин-эркин ибодат қилиши учун барча қулай шароитлар яратилгани ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Меҳмонлар моҳир ўзбек усталарнинг қўл меҳнатлари ва ҳунармандларнинг санъат даражасига етказиб яратган нақш безаклари, хаттотларнинг тилла суви билан юритган ояти-карималарига тасаннолар айтдилар. Меҳмондўст мезбон ўзбекларга илиқ таассурот ва олинган маълумотлар учун ташаккур изҳор этдилар. Ташриф самимий ва илиқ тарзда ўтди.

 

Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

Top