muslim.uz
Мисрдаги ватандошлар иштирокида илмий суҳбат ўтказилди
Мисрдаги ватандошлар иштирокида илмий суҳбат ўтказилди
Аввал хабар берганимиздек, шу йил 24-25 сентябрь кунлари Миср Араб Республикаси Вақф вазирлигининг Ислом олий кенгаши томонидан ўтказилган “Ижтиҳод – замон талаби” мавзусидаги халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази директори ўринбосари Ғуломиддин домла Холбоев ушбу мамлакатда бўлиб турибди.
Мазкур ташриф давомида Ўзбекистоннинг Миср Араб Республикасидаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили ва ушбу диёрдаги ватандошлар учрашуви ташкил этилди.
Маърифий суҳбат давомида Ғуломиддин домла Холбоев ватандошларга масҳабнинг аҳамияти, турли фирқалардан сақланиш, вақт қадри ҳақида илмий мавъиза қилиб берди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган турли саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Учрашув якунида ватандошлар манфаатли тадбир учун мутасаддиларга миннатдорлик билдириб, унинг давомий бўлиши ҳар томонлама манфаатли бўлишини таъкидлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Халқнинг юрагига йўл” тўплами чоп этилди
Шу кунларда “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти сўнгги йилларда “Халқ сўзи” саҳифаларида ўз соҳаларининг энг етук фозиллари муаллифлигида чоп этилган долзарб мавзулардаги мақолаларни жамлаб, азиз муштарийларга тўплам ҳолида тортиқ этди.
“Халқнинг юрагига йўл” деб номланган ушбу тўпламда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг тафсилотлари қиёсий ёритилган. Унда яқин йилларда эътибор қаратиш керак бўлган долзарб мақсад, вазифалар ҳамда стратегияларга бағишланган таҳлилий мақолалар ўрин олган. Бугунги дунёдаги таҳликали жараёнда эзгулик ва тинчликка даъват руҳидан янада сергак тортасиз.
Тўртта йирик бобдан иборат ушбу китоб орқали маърифий аҳамиятга эга адабий суҳбатлар ҳам жой олганки, улардан баҳраманд бўлиб, руҳий озиқ оласиз.
Жумладан, унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари, Диний идора раиси ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, Россия марказий диний идораси раиси, муфтий Шайх Талъат Тожиддин жаноблари, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, олий муфтий Науризбай Утпенов ҳазратлари ва марҳум шайх Усмонхон Алимов Темирхон ўғлининг мақолалари ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммат Юсуф ҳазратлари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган материаллар ўрин олганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Мазкур тўплам педагоглар, тадқиқотчилар, маънавият ва маърифат тарғиботчилари, раҳбар ходимлар ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Устоз, аллома, шайх Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳни хотиралаб
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз умри узун ва амали гўзал бўлганидир” деганлар.
Роббисининг розилиги ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйиш ва тирилтиришга ҳамда умматни фитналардан узоқ қилиб, уларни ислоҳ қилишга умрини бағшида қилган, шиори: “Осон қилинглар, қийинлаштирманглар. Башорат беринглар, нафратлантирманглар” бўлган буюк мужтаҳид олим Шайх Юсуф Қаразовий ҳам Суйганларининг ҳузурига кетди.
Ўзидан фойдали илмлар, ортидан дуолар ва қилган ишларини давом эттирадиган солиҳ фарзандлар ва то қиёмат савоби бориб турадиган садақаи жорияларни қолдириб, охират роҳатига жўнаб кетти.
У зот билганидек билмаганлар ва тушунганидек тушунмаганлар чиқарган фатволарию, хулосалари сабаб қанчалик тош отмасинлар, фитна қилмасинлар “агар улар мен билгандек билганларида эди”, дея кечириб, амалларининг мукофотини олгани кетди.
Камина устознинг бир қанча китобларини мутолаа қилар эканман, ҳақиқатда устоз Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси эканлигини англаб етганман.
Аллоҳ таоло каминага устоздан рухсат сўраб, “ТАВАККУЛ” номли асарларини таржима қилиб, юртимиздаги мўмин-мусулмонларга етказиш неъматини насиб қилди.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди. Чунки сиз “Сизларнинг энг яхшиларингиз умри узун ва амали гўзал бўлганидир” дейилган ҳадисдаги буюк неъматга эришдингиз.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди. Чунки Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган, у зотга нубувват келган, Маккадан Мадинага ҳижрат қилган, у зот Мадинага кирган, ҳажарул асвадни кўтарган, Қуръондаги охирги оят нозил бўлган ва Роббисининг ҳузурига риҳлат қилган муборак душанба кунида сизнинг руҳингиз Роббисига қовушмоқда.
“УСТОЗ” сизга хавасим келди...
Аллоҳ таоло барча аҳли илмларга устознинг қолдирган асарларидан фойдаланишларини ва олган илмларини ўзгаларга етказиб, уларни ҳам ҳидоятига сабаб бўлишларини насиб қилсин. Биз фақир бандаларига эса сиз каби баракали умр ва манфаъатли илмларни ато қилсин.
Устоз Аллоҳ таоло жаннатда сиз билан кўришишни насиб қилсин.
Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли,
“Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби.
Хушхабар: Масжидлар сони 2115 тага етди!
Аллоҳнинг байти – масжидларни обод қилишга бугун ҳар қачонгидан ҳам эътибор кучайган. Чунки бу маърифат масканлари мўмин-мусулмонларнинг илмини ошириш, билимини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, халқимизнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун айрим масжидлар қайта қурилиб, янги қиёфа кашф этаётган бўлса, яна айримлари янги очилмоқда.
Қува туманининг Акбаробод қишлоғидаги «Акбаробод» жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади. Шу муносабат билан тадбир ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Хатамов, туман ҳокими Ҳ.Умаров, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев ҳамда бир гуруҳ нуроний ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олганлар барчани янги очилган масжид билан муборакбод этиб, давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, албатта, яратилаётган имкониятлар замирида инсон қадрини юксалтириш, халқни рози қилиш бош мақсад қилинганини қайд этдилар.
Шундан сўнг, «Акбаробод» жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳнома топширилди.
Тадбир сўнгида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ислоҳотлар бардавом бўлиши ҳамда ушбу даргоҳ мўмин-мусулмонлар учун ибодат, илм-марифат ва тарбия маскани бўлишини тилаб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати