muslimuz

muslimuz

П'ятниця, 16 июнь 2023 00:00

Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани "Ҳазрати Билол" жоме масжиди имом ноиби Ориф қори Абдуваҳобовнинг падари бузрукворлари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилиб, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!

Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳумнинг яқинларига, хусусан, Ориф қори Абдуваҳобовга ҳамдардлик билдирамиз.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар фазилати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча ҳадиси шарифлари бор.

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат этадилар: “Масжидга (кўнгли) боғланган кишини кўрсангиз, унинг иймонига гувоҳлик беринг», деганлар («Ҳалаби Кабир»).

Ерда холис масжид қурганга жаннатда уй бино бўлади

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким Аллоҳ ризосини истаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга бир уй қуриб беради», деганларини эшитганман» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоийлар ривоят қилишган).

Масжид қурилишига ҳисса қўшганга жаннатда кўшк барпо этилади  

Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳ учун каклик уйидек бўлса-да, масжид қурса, Аллоҳ унинг учун жаннатда бир кўшк барпо қилади», дедилар (Аҳмад ибн Ҳанбал, Баззорлар ривоят қилишган).

Масжидга борганнинг хатоси ўчирилиб, даражаси кўтарилади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким уйида таҳорат қилиб, Аллоҳнинг уйлари (масжидлар)дан бирига Аллоҳнинг фарзларидан бирини адо этиш учун юриб борса, унинг икки қадамидан бири ила хатоси ўчади, бошқаси билан даражаси кўтарилади» (Имом Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).

Масжидга узоқдан келган кўп ажр олади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Масжиддан қанча узоқ бўлганнинг ажри шунча улуғ бўлур», дедилар (Имом Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган). Яъни масжидга қанча узоқдан келса, шунча савобга эга бўлади, деганидир.

Юқоридаги ҳадиси шарифлардан маълумки, масжидлар – унга доимий қатнайдиган кишининг иймонига гувоҳлик бериладиган, холис масжид қурганга жаннатда уй бино бўладиган, у ерга борганнинг хатоси ўчирилиб, даражаси кўтариладиган, у ерга қанча узоқдан келса, шунча кўп ажр бўладиган жой экан.

Демак, ҳар бир мусулмон ва муслима бундай улуғ масканни икром-эҳтиром қилиши, унинг қадрига етиши, масжидлар ҳақида фақат яхши гумонда бўлиши, уларда макруҳ саналган амалларни қилмаслиги ва уларнинг тозалиги ва ободлиги борасида қайғуриши лозим экан.

Баҳриддин Хушбоқов

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни гўзал амалларга қизиқтириш учун ўтган умматларда бўлган хайрли ишларни намуна қилиб, айтиб берар эдилар. Ана шундай қиссаларнинг бирида бундай дейилади:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: У зот дедилар: “Бир киши йўлда юра туриб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқни топди-да, унга тушиб, сув ичди. Қудуқдан чиққан эди, чанқоқликдан нафас олиши қийинлашиб, тупроқни ялаб турган итни кўрди. У: “менга чанқоқлик етганидек, бу итга ҳам чанқоқлик етибди”, деди-да, қудуққа тушиб, оёқ кийимини сувга тўлдириб, итга сув берди. Аллоҳ унинг амалини қабул қилди ва гуноҳини кечирди". Саҳобалар: "Ё Расулуллоҳ, биз учун ҳайвонлар (уларга қилган яхшиликлар) да ажр борми? дейишди. У зот: "Ҳар бир хўл жигари бор (нафас олиб турувчи) нарсада ажр бор” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам умматларини нафақат инсонларга, балки ҳар бир жони бор бўлган мавжудотларга ҳам яхшилик қилишга қизиқтирмоқдалар. Шунингдек, бир итга сув берган кишининг арзимас машаққати учун гуноҳини кечирилиши, бошқа бир ривоятда ушбу амали учун “жаннатга киргизди” деган жумлани ўқир экансиз, бундай яхшилик инсониятга қилинганда қандайин мукофотлар бор экан, деган хаёлга борасиз?!

Бу ҳадисдан динимиз раҳмат дини, Аллоҳ таоло меҳрибон ва раҳмли Зот эканлиги ва меҳрибон ва раҳмли кишиларни суюшини англаб етасиз. Шу билан бир қаторда ҳадисдан саҳобаи киромларнинг илмга чанқоқликлари ва уни тезда амалга ошириш иштиёқлари нақадар буюк эканлигини ҳам билишимиз мумкин.

Бугунги куннинг иссиқ онларида масжидларимизда музлатгичларни сув билан тўлдириб, намозхонларимизни чанқоғини босилишига, бозорларда эса, сувлар чиқариб, барчани бирдек фойдаланишлари учун қулай шароитлар қилиб қўяётган, сув танқис бўлган қишлоқлар ҳамда овулларда қудуқлар очиб, ота-оналари ва ўзларининг номларидан вақф қилаётган инсонпарвар, ўзгаларга яхшилик қилишни одат қилган ва охиратда Раббисининг розилигидан умидвор бўлган яхшиларни кўриб, бениҳоя хурсанд бўламиз. Бу ишларни ажру мукофотини Аллоҳ зиёда қилиб берсин, дея дуо қиламиз.

Бундай хайрли ишлар ҳар биримизнинг қўлимиздан келади. Зотан вақтни ғанимат билиб, савоб амаллар пайидан бўлмоқ, хайру саховатлар қилмоқ мўминлик белгисидир.

Аллоҳ таоло барчамизга ва то қиёматга қадар келадиган зурриётларимизга, доимо хайрли ишларни амалга оширишни насиб қилсин. Бутун дунёда, хусусан, юртимизда саҳоватпеша инсонлар кўпаяверсин.

Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли,
Тошкент шаҳридаги
“Имом Бухорий” жоме масжиди имом-хатиби

Ислом тарихидаги энг йирик мутафаккирлардан бири бўлган Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг (820-932) Қуръон тафсирига бағишланган асари “Баҳр ат-тафсир” номи билан илк бор нашр этилди. Ушбу нодир асар бугунги кунгача тадқиқотчилар томонидан “йўқолган” деб ҳисоблаб келинаётган эди. Аммо Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази  катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жўрабек Чўтматов ушбу асар қўлёзмасини Туркиянинг Бурдур шаҳридан топди ва уни нашрга тайёрлади. Ушбу асар Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Дор ал-кутуб-арабийя” нашриётида нашр этилди. Китоб таҳририда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Маҳмуд Нормуродов, Фахриддин Худойназаров, Аббосхон Абдуллаев ва Умарали Ўлжаевлар ҳам иштирок этишди. 

БАТАФСИЛ

Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Aли ибн Ҳасан Термизий (тахминан 205-320 / 820-932 йиллар) исломнинг турли йўналишлари, жумладан, Қуръон тафсирига оид алоҳида китоб ёзган олим, лекин манбалардан маълумки, у ушбу асарни тугатишга улгурмаган. Бу ҳақда Ҳужвирий (467/1074 ваф.) "Кашф ал-маҳжуб", Aбдураҳмон Жомий (817-898 / 1412-1494) "Нафахот ал-унс" ва Aлишер Навоий “Насойим ал-муҳаббат”да (845-907 / 1441-1501) маълумот берган.

Масалан, Ҳужвирийга кўра: "Дарҳақиқат, у зот тафсир (китоб) бошлаган, лекин тугатишга улгурмаган. Унинг бир қисми, у зот ёзишга муваффақ бўлган миқдордагиси илм аҳли орасида тарқалгандир”.

Алишер Навоий эса “Насойимул муҳаббат”да Ҳаким Термизий шундай дейди: “.бир тафсир ҳам ибтидо қилғондур. Аммо итмомиға умр вафо қилмайдур”.

Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳаёти ва ижодини ўрганган тадқиқотчилар асарларида ушбу тафсир "йўқолган" ёки "Ҳужвирий китобида келган" деб қайд этилган.

Аслида ушбу асар қўлёзмаси Туркиянинг Бурдур шаҳридаги Миллий кутубхонада 143-рақам остида сақланган ва унинг матн қисми колофонлардан ташқари 139 бетдан, 70 вароқдан иборат. Ҳар бир бет икки колонкадан иборат ва у 549/1154-йилда Шарофиддин Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ибн Абдулвоҳид ибн Муҳаммад ибн Али Ансорий Ҳусайний асли Шерозий Димашқий Ҳанбалий томонидан кўчирилган. Аммо ушбу Тафсир “Тафсир суратил фатиҳа ва хейратиҳи” номи билан сақланганлиги туфайли унинг Ҳаким Термизийга мансублиги узоқ йиллар, ҳаттоки асрлар давомида билинмай келган!

Ушбу китоб бир неча қисмлардан ташкил топган:

  1. Дастлаб китоб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кириш қисми билан бошланган (5-7 бетлар). Унда илмнинг фазли, қўлёзмалар тадқиқи аҳамияти, Ҳаким Термизий меросининг қадри ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
  2. Шундан сўнг унга Марокашдаги Татвон шаҳридаги Абдулмалик Саъдий университетининг “Усул ад-дин” факультети ақида илмий бўйича профессори доктор Холид Заҳрий томонидан 40 бетлик “Муқаддима” битилган. Ушбу кириш қисмнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда Ҳаким Термизий ижоди билан боғлиқ сўнгги хулосалар ва янги жиҳатлар очиб берилган. Тафсир ва унинг аҳамияти ҳақида ниҳоятда синчковлик билан тўхталган ва бу янги ишнинг улкан фойдалари кўрсатиб ўтилган (9-48 бетлар).
  3. Ундан сўнг китоб тадқиқотчисининг муқаддимаси ўрин олган бўлиб, унда Термиз ва Термизийларнинг ислом дунёсидаги ўрнига тўхталинган. Жумладан, Термизга Исломнинг кириб келиши, Термизда яшган саҳоба ва Термизий нисбасидаги таба тобеинлар, Термизнинг тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ, тасаввуф борасида мактаб даражасида фаолият кўрсатгани охирги илмий янгиликлар асосида кўрсатиб берилган. Сўнг Ҳаким Термизий қарашларига тўхталиб ўтиб, олимнинг маърифат, авлиёлик, психология, “мақосид аш-шарийъа” каби йўналишлардаги асосчилиги кўрсатилган ҳолда, унинг ҳикмат назарияси асочиси эканлиги ҳам очиб берилган. Шундан сўнг тафсир, унинг қўлёзмалари ва қўлёзмани таҳқиқ қилиш доирасида бажарилган ишлар кўрсатиб ўтилган ва қўлёзманинг дастлабки ва охирги бетларидан намуналар берилган (49-138 бетлар).
  4. Сўнг бевосита Ҳаким Термизийнинг тафсирга оид асари матнига ўтилган. Ушбу тафсирда Фотиҳа сураси тўлиқ, Бақара сурасининг айрим оятлари тафсир қилинган. Чунки таъкидланганидай, ушбу тафсирни тугатишга муаллифнинг умри вафо қилмаган (139-600 бетлар).
  5. Кейин китобнинг “Муқтатофат мин тафасийр ал-Ҳаким ат-Термизий ли-баъзил айат” (Ҳаким Термизийнинг баъзи оятларга қилган тафсирларидан намуналар) деб номланган қисм бошланиб, у тафсирга алоҳида қисм сифатида илова қилинди. Унда Ҳаким Термизийнинг бошқа тафсирларда учрайдиган тафсир ҳақидаги ривоятлари жамланди. Бу қисмда Имом Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳр ал-улум”, Суламийнинг “Ҳақоиқ ат-тафсир” ва ушбу тафсирнинг давоми бўлган “Зиёдот” қисми, Абу Исҳоқ Нишопурийнинг “Ал-Кашф вал-баён”, Абулфарож Ибн Жавзийнинг “Зод ал-масир фи илм ат-тафсир”, Фахриддин Розийнинг “Мафатиҳ ал-ғайб”, Қуртубийнинг “Ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръан”, Абулбаракот Насафийнинг “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил”, Абу Ҳайён Андалусийнинг “Ал-Баҳр ал-муҳит”, Абу Зайд Саъолибийнинг “Ал-Жаваҳир ал-ҳисан фи тафсир ал-Қуръан”, Ширбинийнинг “Ас-Сирож ал-мунир”, Исмоил Ҳаққий Бурсавийнинг “Руҳ ал-баён”, Ибн Ажибанинг “Ал-Баҳр ал-мадид фи тафсир ал-Қуръан ал-мажид” каби асарларида Ҳаким Термизийдан ривоят қилинган тафсирга оид ривоятлар жамланган (601-692).  
  6. Сўнг илмий нашр қоидаларига мувофиқ тарзда оят, ҳадис ва ривоятлар кўрсаткичи келтирилган. Ушбу кўрсаткичларда оятлар Қуръонда келган тартибига кўра жойлаштирилган (Фотиҳа, Бақара, Олим Имрон...), ҳадис ва ривоятлар эса мўъжам ҳарфлари тартибида келтирилган (أ, ب، ت...) ва улар чоп этилган асарнинг қайси бетида келганлиги кўрсатилган. Умуман, ушбу тафсирда 72 сурадан оятлар мавжуд (725-745 бетлар).
  7. Сўнг фойдаланилган адабиётлар рўйхати тақдим этилган. Унда 210 нафар адабиёт мавжуд (745-771-бетлар).

Ҳаким Термизийнинг “Тафсир”ига келсак, унинг нодирлиги шундаки, унда Қуръон оятлари ҳам оят, ҳадис ва олимларнинг сўзлари билан нақлий жиҳатдан, шунингдек, ақидавий, фиқҳий, тасаввуфий, луғавий жиҳатлар, қолаверса, оятларга мустақил фикрий ёндашув билан ҳам тафсир қилинган. Буларнинг бари эса Ҳаким Термизийнинг улуғ донишманд – ҳакимлик унвонига сазовор бўлиш сабабларини кўрсатиб, тафсир услубини ҳам ҳикмат асосида бўлганлигини мулоҳаза қилиш мумкин. Кейинчалик Қуръони Каримни шу тарзда кенг миқёсда таҳлил этиш Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Абулбаракот Насафий каби улуғ зотларнинг тафсирга бағишланган асарида ҳам кузатилган ва Мовароуннаҳр муфассирларининг асосий йўналишига айланиб, Ислом дунёсининг бошқа илмий марказларида ҳам бу йўналишнинг бошланишига сабаб бўлган. Умуман, бу асар Мовароуннаҳрда ёзилган илк ёзма тафсирлардан биридир. Абд ибн Ҳумайд (ваф. 249/863) “Тафсир”и нақлий услубда бўлса, ушбу кенг миқёсли ёзма тарздаги тафсир борасида эса Термизийни ҳозирги билимларимиз доирасида биринчи дейиш мумкин.

Холид Заҳрийга кўра, Қуръонни ақида илми нуқтаи назаридан тафсир қилиш бўйича ҳам ушбу тафсирни илк ёзма асар санаш мумкин.

Умуман, тафсирда янги жиҳатлар кўп, буни китобхон яхши англаб олиши мумкин. Аммо бир нарсани алоҳида қайд этиш лозим. Қуръон тафсирида райни – мустақил фикр ва хулосани ишлатиш худди фиқҳда райни ишлатишдек мунозарали масала бўлган. Аммо Ҳаким Термизий биринчилардан бўлиб ушбу тафсирида Қуръонни тафсир қилишда фикрни ишлатиш маълум шартлар ила жойизлигини айтган. Гарчи илк рай билан тафсирлар Зайд ибн Аслам ва Мужоҳид каби илк аср олимларига тегишли эканлиги айтилса-да, уни услуб жиҳатдан кўрсатиш ва шартларини баён қилиш бўйича Термизийнинг ушбу тафсирда берган фикрлари фундаментал аҳамият касб этади ва туб бурилишни ифодалайди. Келтирилганидек, кейинчалик ёки бир оз ўтиб Имом Мотуридий, Насафий, Замахшарий ва бошқалар бу йўналишда тафсир битишган.

Китоб нашри доирасида доирасида қуйидаги ишлар бажарилган:

  1. Аввало, таъкидлаш лозимки, ушбу тафсир асарининг биргина нусхаси маълум. Аммо ушбу тафсирнинг айрим кичик қисмлари (кириш ва наҳв илмига оид икки қисми) доктор Холид Заҳрий томонидан Ҳаким Термизийнинг рисоласи сифатида нашр этилган “Рисолатун фий холқил адамий” ва туркиялик тадқиқотчи Маҳмуд Чифчи томонидан чоп этилган Имом Нажжорнинг (Абу Муҳаммад Тоҳир ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Қазвиний, ваф. 575/1179) “Байан ан-наҳв фи илм ал-будувв” рисоласида келганлиги боис ушбу рисолалар билан “Тафсир”да келган матн сўзма-сўз солиштирилган ва фарқлар изоҳда кўрсатилган. Холид Заҳрий ушбу ўзи нашр этган рисолани тафсирнинг кириш қисми эканлигини билмаган, чунки бу қўлёзмада ҳам айтилмаган. Аммо Нажжор ўзи шарҳ берган қисмнинг Термизий тафсирининг бир бўлаги эканлигини айтган, аммо унинг бир қисминигина шарҳлаш учун келтирган. Таъкидлаш лозимки, “Тафсир” нашрига Имом Нажжорнинг шарҳи ҳам изоҳ қисмда тўла-тўкис келтирилган.

2. Оятлар Мадина мусҳафига мувофиқ тарзда қўйиб чиқилган ва уларнинг сураси ва оят рақамлари кўрсатилган;

3. Китоб матнида келган 160 та ҳадис батафсил тахриж қилинди – манбаси кўрсатилиб, ишончлилик даражаси баҳоланган;

4. Китоб матнида келган 256 нафар шахснинг таржимаи ҳоллари келтирилган;

5. Китобда саҳоба ва салафи солиҳлардан ривоят қилинган 133 та ривоят бўлиб, уларнинг манбасига фақат лозим ўриндагина тўхталинган;

6. Изоҳ қисмида келтирилган барча тур маълумотларнинг манбаси: асар жилди, бети ва рақамлари аниқ кўрсатилган;

7. Асарда келган маъноси дақиқ сўзлар араб тилининг мўътабар луғат манбаларидан фойдаланган ҳолда изоҳланган.

Умуман, Ушбу тадқиқот доирасида 210 адабиётдан фойдаланилган, мингдан ошиқ ҳаволалар (сноска) берилган.

Умуман олганда, ушбу тафсир ҳар томонлама нодир манбалиги сабабли Ҳаким Термизийнинг дунёдаги етакчи тадқиқотчиларидан бири бўлган марокашлик олим, доктор Холид Заҳрий томонидан “Муқаддима”да “улуғ кашфиёт” сифатида баҳоланган.

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати.

Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотга ризқ беришни кафолатлаган бўлса-ю, аммо инсон ризқи ҳақида қайғуриб ҳар томонга елиб-югуриши қалб касалликларидан саналади. Энг хатарлиси – бундай касалликка чалинган одам Роббиси унинг зиммасига фарз қилиб юклаган ибодатларни адо этиш ҳақида ўйламайди, ташвишланмайди.

 Муолажа услуби

Шуни доимо эсда тутиш керакки, Аллоҳ таоло инсонларнинг ризқини олдиндан белгилаб қўйган. Ҳар бир ишга Қодир Аллоҳ таолонинг ушбу ваъдасини унутманг: Сизларни яратган, сўнгра сизларни ризқлантирган, сўнгра вафот эттирадиган, сўнгра (қиёматда) тирилтирадиган зот Аллоҳдир. (Келтираётган) ширкларингиз ичида шу (мазкур)лардан бирортасини қила оладигани борми?! Аллоҳ уларнинг келтираётган ширкларидан пок ва юксакдир (Рум сураси, 40-оят).

Шундай экан, Аллоҳ таоло ягона Яратувчи – Холиқ эканига иймон келтирганимиздек, Унинг Ўзи ризқ берувчи – Раззоқ Зот эканига ҳам қатъий ишончда бўлишимиз керак.

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ менга ривоят қилади: “Ҳотим ал-Асом раҳимаҳуллоҳ айтади: “Шайтон ҳар куни эрталаб менга бундай пичирлайди: “Бугун нима овқат ейсан? Нима киясан, қаерда ухлайсан? Мен унга: “Ўлим – менинг овқатим, кафан – кийимим ва қабрим тўшагимдир”, деб жавоб бераман.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси.

Top