muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Четвер, 02 ноябрь 2023 00:00

Эҳтимол, муҳсинлар сафидадирсиз

Бир киши шайхнинг ҳузурига бориб: «Эй шайх, нега мен доим яхшилик қилиб юрадиган кишилардан ўзимга нисбатан ёлғон ва хиёнатни кўраман», деб сўради.
Шайх саволга жавоб бермади.
Савол берувчи: «Нега мен, доим яхши кўриб, ихлос қиладиган инсонларимдан жафо, бевафолик кўраман», деб сўради.

Шайх бу саволга ҳам индамади.
Савол берувчи: «Нега яхши кўрганларим, яқинларим вафот этиб, фақат душманларим қолди», деди.
Шайх бу саволга ҳам жавоб бермади.
Савол берувчи яна сўзида давом этиб: «Нега мен бу дунёда ёлғизлик ва ғарибликни ҳис қилиб яшайман», деди.

Шайх бу гал ҳам индамади.
Савол берувчи: «Нега одамлар мен ҳақимда яхши гумонда бўлмайдилар», деб сўради.

Шайх яна сукут қилди.
Савол берувчи: «Нега мен ишонган, сўзини тасдиқлаган инсонларим менга ёлғон гапиришади, меҳр кўрсатганларим менга қўполлик қилишади, бағримга босганларим мени тарк этишади», деб сўради.

Шайх бу саволга ҳам лом-мим демади.
Савол берувчи: «Нега инсонларга яхшилик қўлини узатсам, улар менга ёмонлик қўлини чўзиб, муҳаббатимни муҳаббат билан эмас, фужур билан қабул қиладилар», деди-да, йиғлай бошлади.

Шунда шайх қўлини ўша одамнинг юраги устига қўйиб: «Эй биродарим, Аллоҳ таоло сени бу қадар яхши кўришининг сабабини била олмадим. Аллоҳ таоло сабр ва эҳсон соҳибларини муҳсинлар деб мақтаган. Эҳтимол сен, ана ўша тоифадандирсан. Билиб қўй, эй биродарим, сен менинг олдимга Аллоҳнинг сенга бўлган муҳаббатидан шикоят қилиш учун келдинг», деди.

Савол берувчи бироз жим бўлиб қолди-да, шайхга: «Ҳазрат, қўлингизни қалбим устига қўйиб, ислоҳ ўқини отган эдингиз, мўлжалга аниқ тегди ва оқибатда тузалиш йўлини кўрсатдингиз».
Эй дўстим, одамларнинг сизга бераётган озорларидан маҳзун бўлманг. Аллоҳ таоло сизни эҳсон аҳлидан қилиб қўйган, аммо сиз буни сезмаётган бўлишингиз мумкин. Унутманг, эҳсон мақомига фақатгина қалби поклар эришади.

Эй Аллоҳ, устимиздан сабр тўккин, мусибатлар пайтида савоб умидида таслим бўлиш мақомини бергин ва бизни муҳсинлардан айлагин.

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон

Ўзбекистон Республикаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамкорлигида шу кунларда мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ Жанубий Корея Республикасида бўлиб турибди.
Ишчи гуруҳ аъзолари орасида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов ҳам бор.
Ишчи гуруҳ аъзолари Инчон шаҳридаги саноат зонасида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширётган юртдошларимиз, иш берувчилар билан учрашиб, уларнинг иш ва яшаш шароитларини ўрганди.
Шунингдек, юртдошларимиз билан мулоқот давомида уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилиб, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслик бўйича тавсиялар берилди.

Сафар давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни Самарқанд вилоятига келиб, Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.

Қуръони карим оятлари тиловат этилди. Аллоҳдан юртимизга тинчлик-осойишталик, халқимиз манфаати йўлидаги саъй-ҳаракатларга хайру барака тилаб дуо қилинди.

Мақбара мажмуаси ҳозирги кунда янгидан барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбари бўлажак пардозлаш намуналарини кўздан кечирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Қачонки, сиз ҳақиқий эркак бўлсангиз, шунда аёлингиз сиз учун чинакам аёл бўлади.

Қачонки, сиз чинакам эр киши бўлсангиз, шунда аёлингиз латофатли, иболи аёл бўлади.

Қачонки, сиз подшоҳ бўлсангиз, шунда аёлингиз маликангиз бўлади.

Қачонки, сиз аёлингизга чинакам ошиқ бўлсангиз, шунда у сизнинг маҳбубангиз бўлади.

Ўзингиз ҳеч нарса бўлмай туриб, аёлингизни барча нарса бўлишини истайсизми?!

Ҳой эркак, сенга руҳ пуфланаётганда сен аёлнинг қорнида бўласан. Чақалоқлигингда йиғлаётганингда аёлнинг (онангнинг) бағрида бўласан.

Катта бўлганингда, ҳаёт ташвишларидан сиқилиб йиғлаётганингда аёлнинг (онангнинг ёки аёлингнинг) бағрида бўласан. Аёлингга ошиқ бўлганингда унинг қалбида бўласан. Ҳомила сифатида пайдо бўлганингдан то дунёга келиб, яшаб, вафот этгунингга қадар онангнинг қалбида бўласан.

Аёл омонатдир. У хўрлаш учун яратилмаган.

Аёл киши эркакнинг ҳимояси остида яшашни хоҳлайди, унинг хўрлаши остида эмас.

Аёл киши уни ҳимоя қила оладиган эркакни яхши кўради.

Аҳмоқ киши аёлидан уни яхши кўришини талаб қилади, ақлли эркак эса аёлига шундай гўзал муомала қиладики, буни кўрган аёли уни сўралмаса ҳам севиб қолади

Аёл — эркак учун таскин ва либосдир.

Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир (Рум сураси, 21-оят).

Аллоҳ таоло аёлни эркакнинг таскин топиш манбаи қилиб яратди.

Аллоҳ таоло аёлни эркак каби инсон қилиб яратди.

Аллоҳ таоло эркак-аёл ўртасига меҳр-муҳаббатни солиб қўйди.

Буларнинг бари тафаккур қиладиган ишдир.

Аллоҳ таоло аёлни эркакнинг таскин топиш манбаи қилиб қўйгани, уни эркак каби инсон қилиб яратгани, эркак-аёл ўртасида иноқлик ва меҳрибонлик солиб қўйгани Унинг борлигига, бирлигига далолат қиладиган белгилардан, аломатлардан биридир.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Сторінка 56 з 305
Top