muslim.uz.umi
Қуръон каримда зикр этилган 26 та жонзот
- Ҳудҳуд. У қушларни кўздан кечириб: «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?! (Намл сураси, 20-оят).
- Бедана. Аллоҳ деди: «Эй, Исроил авлоди! Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (Мусога Таврот нозил қилиш учун) Тур (тоғи)нинг ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик ва беданалар ёғдирдик (Тоҳо сураси, 80-оят)
- Қарға. Шундан сўнг, Аллоҳ унга биродари мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни кавловчи бир қарғани юборди. «Ҳолимга вой! Наҳот шу қарғачалик бўлишдан ожиз бўлсам? (Мен ҳам) биродарим жасадини (тупроққа) кўма қолай», – деди. Шундай қилиб (у) пушаймон қилувчилардан бўлиб қолди (Намл сураси, 31-оят).
- Асалари. (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (бўйруқ) қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз (Наҳл сураси, 68-оят).
- Кўршапалак. У куни одамлар тўзитиб юборилган кўршапалаклар каби бўлурлар (Қориа сураси, 4-оят).
- Чивин. Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам «юқори» нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди. Имонли кишилар-ку, уни (масални) ҳақиқатан ўзларининг Рабби томонидан (юборилган) ҳақ нарса деб биладилар (Бақара сураси, 26-оят-оят).
- Пашша. Эй, инсонлар! (Сизларга) зарбулмасал қилинди. Бас, унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг барчаси бирлашганда ҳам, бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб этилувчи (бутлар) ҳам заифлик қилурлар (Ҳаж сураси, 73-оят).
- Чигиртка. (Улар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида, гўё тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар (Қамар сураси, 7-оят).
- Бит ва бақа. Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноятчилар қавми эди (Аъроф сураси, 133-оят).
- Чумоли. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: «Эй, чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!» – деди (Намл сураси, 18-оят)
- Ўргимчак. Аллоҳдан ўзгаларни дўст тутган кимсаларнинг мисоли худди ин қуриб олган ўргимчакка ўхшайди. Зотан, инларнинг энг нимжони, албатта, ўргимчак инидир, агар билсалар (Анкабут сураси, 41-оят).
- Наҳанг балиқ. Бас, маломатга қолган ҳолида уни бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Бас, агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у (балиқ) қорнида, то (одамлар) қайта тириладиган кунларигача (қиёматгача), қолиб кетган бўлур эди (Соффот сураси, 142-144-оят).
- Қўй. (Уларнинг бири деди:) «Дарвоқе, мана бу менинг биродарим, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у: «Ўшани ҳам менга топширгин!» – деди ва мени баҳсда енгиб қўйди» (Сод сураси, 23-оят).
- Эчки. Саккиз жуфт (ҳайвонлар) – қўйдан икки (жинс) ва эчкидан (икки жинс)ни (яратди) (Аъном сураси, 143-оят).
- Сигир. Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизларни (бирор) сигир сўйишга буюрди», – деганида, улар: «Бизни истеҳзога тутяпсанми?» – дедилар. (Мусо) деди: «Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин!» (Бақара сураси, 67-оят).
- Туя. Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига (Ғошия сураси, 17-оят).
- От. Қасамёд этаман пишқириб чопадиган, (чопганда туёқларидан) чақмоқ чақнатадиган, тонг пайтида (ёв сари) бостириб борадиган, бас, ўша пайтда (ортида) чанг қолдирадиган, шу (чанг) билан (душман) жамоасининг ўртасига кириб борадиган (от)лар биланки, ҳақиқатан, (кофир бўлган) инсон Парвардигори (ато этган неъматлар)га ношукурдир! (Одиёт сураси, 1-6-оят).
- Хачир ва эшак. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур (Наҳл сураси, 8-оят).
- Чўчқа. У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажовузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очлик танглиги юзасидан тановул қилса), унга гуноҳ йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир (Бақара сураси, 173-оят).
- Фил. (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз «фил эгалари»ни не қилганини кўрмадингизми? (Фил сураси, 1-оят).
- Бўри. (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишингиз мени жуда ташвишлантираяпти, сизлар ундан ғафлатда бўлган чоғингизда (ногоҳ) уни бўри еб кетишидан қўрқаман» (Юсуф сураси, 13-оят).
- Ит. Ухлоқ бўлсалар-да, (кўзлари очиқ бўлгани учун) уларни уйғоқ, деб ўйлайсан. Биз уларни (чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турармиз. Уларнинг ити эса, остонада икки олд оёқларини узатиб ётур. Агар уларни кўриб қолсангиз, даҳшатга тушиб, улардан юз ўгириб қочиб кетган бўлур эдингиз (Каҳф сураси, 18-оят).
- Маймун. Шанба (куни)да сизлардан тажовуз қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қадрсиз маймунларга айланингиз!», – дедик (Бақара сураси, 65-оят).
- Аждаҳо. (Мусо) асосини ташлаган эди, бирданига у чин аждаҳога айланди (Шуаро сураси, 32-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД тўплади
ЎМИ Матбуот хизмати
Дўзахда абадий қолиш мўмин-мусулмонлардан бошқалар учундир
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дўзах аҳлининг жисмлари дўзахда катталаштирилади. Ҳатто қулоқ учларидан бўйинларигача бўлган масофа етти юз йиллик йўлчалик бўлади. Териларининг қалинлиги етти чиғаноқчалик бўлади. Тишлари эса Уҳуд тоғича бўлади», деганлар.
Энди мана шундай бадан ва терининг соатига етмиш марта куйиб-битиб алмашишини тасаввур қилиб олаверинг!
Дўзахнинг абадийлигига Қуръондан далиллар:
Аллоҳ таоло Бақара сурасида қуйидагиларни айтади:
«Йўқ! Ким ёмонлик касб қилса ва уни хатолари қуршаб олган бўлса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (81-оят).
Аллоҳ таоло Зухруф сурасида қуйидагиларни айтади:
«Албатта, жиноятчилар жаҳаннам азобида мангу қолувчидирлар. У улардан енгиллатилмас ва улар у(азоб)-да ноумид ҳолда қолурлар» (74-75-оятлар).
Яъни аҳли жаҳаннамдан азоб ҳеч енгиллатилмайди. Улар ўша азоб ичида ноумид бўлган ҳолларида абадий қолиб кетадилар.
Аллоҳ таоло Зухруф сурасидаги бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:
«Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар. «Албатта, сиз туриб қолувчисиз», деди» (77-оят).
Яъни дўзахийлар ўзларига берилаётган азоблар оғриғи, алами ва шиддатига чидай олмай, дўзах ишларига қараб турувчи Молик исмли фариштага қараб:
«Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар».
Яъни «Роббинг бизни йўқ қилиб юборсин. Бу ҳолга чидай олмаймиз. Бундан кўра йўқ бўлиб кетганимиз яхши», дедилар. Дўзахдан қутулиш, ундан қайтиб яхши ишлар қилишга имкон бўлмаганидан, азобни енгиллатишдан умидсизликлари сабабли шундай орзу қилдилар. Бу амалга ошадиган орзуми ўзи? Бу талабга Молик нима дейди?
«Албатта, сиз туриб қолувчисиз», деди».
«Эй жаҳаннам аҳллари, бу орзу беҳуда, Роббим сизни йўқ қилиб юбормайди. Акс ҳолда сиз қилмишингиз жазосини олмай, қутулиб кетган бўласиз. Сиз албатта, жаҳаннамда ва унинг азобида абадий туриб қолишингиз керак».
Дўзахда абадий қолиш мўмин-мусулмонлардан бошқалар учундир. Мўмин-мусулмонлардан гуноҳкор бўлганлари қилган гуноҳига яраша дўзахда жазолангандан кейин жаннатга чиқариладилар. Бу ҳақда «Ақийдатут Таҳовийя»да қуйидагилар айтилган:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлган гуноҳи кабира аҳллари, агар муваҳҳид – тавҳидга ишонган ҳолда ўлсалар, гарчи тавба қилувчи бўлмасалар ҳам, Аллоҳга У Зотни таниган ҳолларида рўбарў бўлганларидан кейин дўзахда бардавом қолмаслар. Улар Аллоҳнинг хоҳиши ва ҳукмидадирлар. Агар хоҳласа, уларни мағфират қилади ва Ўз фазли ила афв этади.
Аллоҳ Ўз китобида: «Ва ундан бошқани хоҳлаган кимса учун мағфират қилади», деган[1]. Агар хоҳласа, уларни Ўз адли ила азоблайди. Сўнгра уларни Ўз раҳмати, аҳли тоатнинг шафоати ила у ердан чиқаради. Кейин эса жаннатига юборади. Бу Аллоҳ таоло Ўз аҳли маърифатини дўст тутгани учундир. Уларни икки дунёда Ўзини инкор қилувчилар, Унинг ҳидоятидан ноумид бўлганлар ва дўстлигига сазовор бўлмаганларга ўхшатмагани учундир. Аллоҳим, эй Ислом ва Унинг аҳли дўсти, бизни Исломда собит қил, токи сенга у билан рўбарў бўлайлик».
«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди
Умму Кулсум бинти Муҳаммад (с.а.в.)
Муҳаммаднинг қизлардан бошқа фарзанди бўлмаяпти...». Қурайш мушриклари ўзаро шундай миш-мишларни тарқатар эдилар. Уларнинг бундай гапиришларига чуқур маъно ва юксак ғоядан, илоҳий ҳикматдан бехабарликлари сабаб эди. Зеро, улар жоҳилият аҳли бўлганларини унутдилар. Улар шундай жоҳил эдиларки: «Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида)хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва у (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг(яъни, қиз кўршннинг) «ёлғон»лигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, улар энг ёмон ҳукм чиқарурлар» (Наҳл, 58- 59).
Улар шу каби ботил сўзлар билан овора экан, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна бир гўзал, ой юзли қизлари дунёга келди. Бундай сифатлари сабабли отаси чақалоққа Умму Гулсум деб исм қўйди.
Қиз ўсиб-улғайгач, опаси Руқайя билан бирга Абу Лаҳаб ўғилларидан бирига узатилди. Бироқ ҳар иккиси ҳам у хонадонда узоқ яшай олмадилар. Куръони каримда «ҳаммалатал ҳатоб» дея таърифланган Абу Лаҳабнинг хотини билан яшаш азобидан қутулдилар.
Қийинчиликлар ичида
Умму Гулсум ва Фотима ҳижрат қилмай, Маккада, оталари ёнида қолдилар. Опа-сингил оналари Ҳазрати Ҳадичанинг (розияллоҳу анҳо) дардларига шерик бўлдилар, оталарига мушриклар кўрсатаётган азият ва пасткашликлар азобини енгиллатишга ҳаракат қилдилар.
Умму Гулсум Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нисбатан қилинган зулм ва исканжаларнинг, одамларни ҳақ йўлга даъват этишдаги жуда оғир машаққатларнинг гувоҳи бўлди.
Курайш мушрикларининг зўравонлиги кундан-кунга ортиб борди. Ҳатто улар Ҳошим ўғиллари ва мусулмонлар билан алоқаларни бутунлай уздилар. Қабул қилинган бу қарорни ёзиб, Каъбага осиб кўйдилар.
Умму Гулсум жуда оғир имтиҳон ва синовлардан ўтди. Отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғам-қайғу ичида... Опаси Зайнаб (розияллоҳу анҳу) эри Абул Ос билан Маккада бўлсалар ҳам, уларга ҳеч қандай ёрдам бера олмас эдилар. Яна бир опаси Руқайя (розияллоҳу анҳу) жуда узоқ ўлкада... Онаси уммул мўмнинн Ҳадича (розияллоҳу анҳу) оғир бетоб бўлиб қолдилар. Синглиси Фотима эса ҳали ёш, меҳрга, парваришга муҳтож....
Бу ҳолатда Умму Гулсум зиммасига жуда катта масъулият тушаётгн эди. Бу масъулиятни тушунгани учун, сабр этди. У сабрининг мукофотини Аллоҳдан кутарди. Кўлидан келганича отасига ёрдам қилар, онасига ҳам:
- Хафа бўлманг, онажон! Ажабланадиган ҳеч нарса йўқ, - дея тасалли берар эди.
Ҳазрати Ҳадичанинг (розияллоҳу анҳу) аҳволи жуда оғир эди. Азиз ва жалил Аллоҳга қовушадиган кунларини кута бошладилар. Орадан кўп вақт ўтмай, вафот этдилар.Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларини бағриларига босиб, тасалли бердилар. Умму Гулсумнинг масъулияти янада ошди. Зеро, энди у оиланинг меҳр-шафкат улашувчиси эди!
Ҳижрат
Мусулмонлар Мадинага ҳижрат килдилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам улар билан бирга эдилар. Бу ҳижрат инсоният тарихидаги Аллоҳ йўлида қилинган энг буюк ҳижрат бўлди. Хавфсизликни кўзлаб, Умму Гулсум ва Фотима(розияллоҳу анҳумо), вактинча Маккада қолдирилди.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадинага келгач, уларни олиб келиш учун Зайд ибн Ҳорисани Маккага юбордилар. Опа-сингил йўлга чиқишдан олдин Ҳожунга бориб, оналарниннг қабрини зиёрат этдилар.
Ҳижратдан сўнг жуда буюк воқеаларга бой икки йил ўтди. Бу давр мобайнида Умму Гулсум (розияллоҳу анҳу) отаси ва мусулмонларнинг Бадрда эришган зафарига, қадрли опаси Руқайянинг (розияллоҳу анҳо) вафотига ҳам шоҳид бўлди.
Бир қун Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу) жаҳллари чиққан ҳолда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига шикояг қилиб келди. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунинг сабабини сўраганларида, Ҳазрати Умар Абу Бақр ва Усмонга (розияллоҳу анҳумо) қизлари Ҳафсани никоҳларига олишни таклиф этганини, бироқ улар қабул этишмаганини айтди. Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни тинчлантириб, хушнуд этдилар.
- Ҳафса Усмондан хайрлироғи билан, Усмон ҳам Ҳафсадан хайрлироғи билан турмуш қуради, - деб кўнглини кўтардилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳафсага уйландилар. Табиийки, Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Усмондан (розияллоҳу анҳу) хайрилироқ эдилар. Сўнг Ҳазрати Усмонга (розияллоҳу анҳу):
- Сени Руқайянинг синглиси Умму Гулсумга уйлантираман. Агар ўн қизим бўлиб, бири вафот этса, бошқасини сенга беришдан тараддуд этмасдим, - деб марҳамат қилдилар.
Умму Гулсум Руқайяга (розияллоҳу анҳу) берилган миққордаги маҳр билан Ҳазрати Усмонга (розияллоҳу анҳу) никоҳланди.
Ҳазрати Усмон хонадонида
Умму Гулсум Ҳазрати Усмон билан олти йил ҳаёт кечирди. Бу даврда Ислом юксалди, мусулмонлар Аллоҳнинг ёрдами билан зафар қучдилар. Ҳижратнинг олтинчи йили Зулқаъда ойида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир минг беш юз киши билан умра қилиши учун Маккага йўл олдилар. Курайшийлар уларнинг бу истакларига қарши чиқдилар ва Маккага киришларига йўл қўймадилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки нур соҳиби, куёвлари Усмон ибн Аффонга:
- Курайшийларнинг олдига бор ва ҳеч ким билан урушиш ниятимиз йўқлигини билдир. Каъбаи шарифни тавоф қилиш учун келганимизни, қурбонликларимизни сўйиб, қайтиб кетишимизни айт, - дедилар.
Умму Гулсум мушрикларнинг эрига бирор ёмонлик қилишларидан қўрқар, уни кутар экан, тобора хавотири ортиб борарди. Зеро, Усмоннинг (розияллоҳу анҳу) кетганига анча вақт ўтган эди. Узоқ кутганларидан сўнг, Ҳазрати Усмоннинг(розияллоҳу анҳо) ўлдирилгани ҳақида ёлғон хабар тарқадди. Умму Гулсум қайғуга ботиб, йиғлади.
Шу пайт Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мусулмонларни байъат қилишга даъват этдилар. "Байъат-тур ризвон" номи берилган бу байъатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чап қўлларини ўнг қўлларига уриб, Ҳазрати Усмон номидан ҳам байъат олдилар ва:
- У Аллоҳ ва Расули учун кетди, - дедилар.
Орадан кўп ўтмай, Ҳазрати Усмон вазифасини битириб, ҳеч қандай азият кўрмасдан қайтиб келдилар. Ҳазрати Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурайшликлар билан Ҳудайбия сулҳини туздилар. Ҳазрати Умар ва Ҳазрати Усмон бу сулҳ шартларига рози бўлмаган муоризлар сафида эдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қурбонликларни сўйиб, сочларнин олдиргач, ашоби киромнинг кўпчилиги ҳам сочларини олдирдилар. Бир қисми эса бу ишни орқага сурдилар. Ҳазрати Усмон ҳам шулардан бири эди. Умму Гулсум отасининг:
- Аллоҳ сочларини оддирганларга марҳамат этсин, - деганларни эшитиб, тараддудланиб қолди. Юзига тушкунлик аломатлари кўрина бошлади. Бироқ Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) :
- Танбаллик қилганларга ҳам марҳамат этсин», - деб сўзларини тугатганларини эшитиб, кўнгли тинчланди.
Умму Гулсумнинг вафоти
Макка фатҳидай сўнг Умму Гулсум севимли онасининг қабрини зиёрат этмоқчи бўлди. Отаси ва эри унинг бу таклифига рози бўлдилар.
Ҳижратнинг тўққизинчи йили Шаъбон ойида Умму Гулсум вафот этди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни севимли опаси Руқайя ёнига дафн этдилар. Ҳаётликларида бу икки мўмина Ҳазрати Усмонйинг (розияллоҳу анҳу) завжалари эдилар, вафотларидан сўнг ҳам бир жойга қўйилдилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) севган қизларидан ажралганлари учун қалблари ғамга, кўзлари ёшга тўлиб, кизларининт кабри тепасида Аллоҳқан уларга мағфират тиладилар.
Аллоҳ таоло Умму Гулсумдан рози бўлсин. Уни солиҳ ва хайрли қуллари орасига дохил этсин. Омин.
«Қаҳрамон мўмина аёллар» китобидан
(Тошкент, «Мовароуннаҳр», 2005) олинди.