muslim.uz.umi
Тарихдаги энг қайғули кун
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўн биринчи йили рабиъул аввал ойининг ўн иккинчи куни, чошгоҳ ва пешин ўртасида бу ўткинчи дунёни тарк этдилар (Ибн Саъд, Табақот 2/215; Ибн Касир, Бидоя 5/282, 294, 295, 296, 313).
Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабар барча мусулмонлар учун катта зарба бўлди. Шубҳасиз, бу улар учун катта йўқотиш эди. Мадина мусулмонларининг кўплари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотидан хабардор бўлиб, масжидга шошилдилар. Ушбу воқеадан ҳайратда қолган Умар розияллоҳу анҳу масжидда тўпланган оломонга қарата: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлмаган …» деб қайтарарди. (Ибн Ҳишом, Сийра, 2/215).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитиб Абу Бакр розияллоҳу отга миниб дарҳол Масжидун Набавийга етиб келди. У Сунҳ деган жойдаги уйида эди. Умар розияллоҳу анҳу ҳамон ўша гапни такрорларди. Абу Бакр жамоатни тинчланишга буюрди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги кунларини ўтказган хонага қизи Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига кирди.
Хонага кириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудларига ёпилган матони очди ва пешоналаридан ўпди. Унинг кўзлари ёшга тўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қараб: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизга икки марта ўлим бермайди. Ўлимни тотдингиз. Бундан кейин энди ўлимни бошқа тотмайсиз», деди. Ва «Зумар» сурасининг 30-оятини тилга олади:
“إِنَّكَ مَيِّتٞ وَإِنَّهُم مَّيِّتُونَ
«Албатта, сен ҳам ўлгувчисан, улар ҳам ўлгувчидирлар».
Сўнг: «Шу ҳолатда ҳам ҳаётдаги каби гўзалсиз», деб хонадан чиқди.
(Ибн Ҳишам, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот, 2/209).
Унинг гаплари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жасадлари билан бир хонада бўлганларни тинчлантирди. Абу Бакр жазавага тушмади, аксинча сокинлик ва босиқлик билан мусулмонлар жамиятига вазиятни тушунтириш ва уларнинг саросимага тушишига йўл қўймасликни ўйларди. Умар ҳануз ўша сўзни такрорларди: «Муҳаммад ўлмаган!..» Абу Бакр ундан ўтиришни сўради.
Одамларнинг диққат-эътибори Абу Бакр томонга йўналгандан сўнг, у жамоатга шундай деди: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ибодат қилганлар бўлса, билингки, У вафот этди. Ким Парвардигорга ибодат қилган бўлса, билингки, У абадий тирикдир». Кейин Қуръони Каримдан қуйидаги оятни ўқиди:
وَمَا مُحَمَّدٌ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ أَفَإِن مَّاتَ أَوْ قُتِلَ انقَلَبْتُمْ عَلَى أَعْقَابِكُمْ وَمَن يَنقَلِبْ عَلَى عَقِبَيْهِ فَلَن يَضُرَّ اللَّهَ شَيْئًا وَسَيَجْزِي اللَّهُ الشَّاكِرِينَ
«Муҳаммад ҳам бир Расул, холос. Ундан олдин ҳам расуллар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч қандай зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни албатта мукофотлар» (Оли Имрон сураси, 144-оят).
(Ибн Ҳишом, Сийра, 2/216; Ибн Саъд, Табақот 2/211; Ибн Касир, Бидоя, 5/280)
Язид ибн Абу Суфён
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам Язид ибн Абу Суфён Исломга кирганидан беҳад хурсанд бўлдилар. Чунки унинг табиатида жасурлик, мардлик ва мурувват аломатлари балқиб турарди.
Ҳунайн ғазотидан кейин унга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, юзта туя ва қирқ уқия (бир уқия 119 грамм) кумуш берилган. Буни ҳазрат Билол ўлчаб-тортиб, уйига олиб боради. Бу саҳоба Пайғамбаримизга қайни, яъни мўминлар онаси Рамла бинти Абу Суфённинг иниси бўлади. У Ислом келганда отаси Абу Суфён ибн Ҳарбнинг раъйи учун Исломни қабул қилмаганди. Отаси Исломга кирганидан кейин иймон келтирди. Бу воқеа Фатҳ йилининг Рамазон ойида содир бўлди.
* * *
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлгач, бу умавий қаҳрамондаги куч-ғайрат, теран ақл, қатъият ва кучли иймонни мусулмонлар хизматига йўналтирди. Мусулмон қўшини раҳбари этиб тайинлашидан олдин, уни чақириб бундай насиҳат қилди:
«Эй Язид, шу чоққача қилган ишларинг туфайли сени “Хайр” деб зикр этдик. Энди сени қўшинга бошлиқ этиб, бу ишда маҳоратингни билмоқчиман. Агар уддаласанг, қўшинга қўмондон бўласан. Эй Язид, Аллоҳга тақво қил. Қўшиндагилар билан чиройли муомалада бўл. Уларни яхшиликка бошла. Насиҳатингни чўзма. Ўзингни ислоҳ қилсанг, одамларни ҳам ислоҳ қила оласан. Намозни ўз вақтида адо эт. Олдингга душман элчилари келса, уларга иззат-икром кўрсат, аммо ҳузурингда кўп қолишига рухсат берма. Элчиларни лашкаринг кўп жойга тушир. Сирингни сиртга чиқарма”.
Абу Бакр Сиддиқ Рум ғазоти учун қўшинни Шом диёрига жўнатишга қарор қилди. Ҳар тарафдан мусулмонлар жамоасини тўплади. Қўшинни тўрт қисмга тақсимлаб, ҳар бир гуруҳнинг байроғини Бани Умайянинг қаҳрамони Язид ибн Абу Суфёнга берди.
Қўшин Мадинадан чиқиб кетгач, ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ мусулмон қўшини ва унинг ёш бошлиғи билан хайрлашгани чиқди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу пиёда, Язид отда борарди. Язид Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга:
– Эй Расулуллоҳнинг халифаси, мен отда юриб, сиз пиёда юрасизми?! – деб хижолатда эканини изҳор қилди ва отидан тушмоқчи бўлди. – Ё сиз ҳам отга мининг, мен тушай.
Абу Бакр қайтариб деди:
– Мен отга минмайман. Сен отдан тушмайсан, қадамларим Аллоҳнинг йўлида деб ҳисоблайман.
Сўнг Язидга яна бундай насиҳат қилди: “Сизлар турли ва анвойи таомлар тановул этиладиган бир шаҳарга тушасизлар. Унинг аввалида Аллоҳнинг номини зикр этинглар ва унинг охирида Аллоҳга ҳамд айтинглар. Ношукр ва кибр-ҳаво қилишдан эҳтиёт бўлинглар. Мен сенга ўнта калимани васият қиламан: аёлларни, ёш болаларни ва кекса қарияларни қатл этманглар. Яна мева берадиган дарахтни кесманглар. Обод уйларни вайрон қилманглар. Туяни ё қўйни фақат ейиш ниятида сўйинглар. Бир туп хурмони таҳқирламанглар. Хиёнат қилманглар ва ёлғон сўзламанглар”.
* * *
Мусулмон қўшини Ярмукка тушгач, Язид Рум қўшини бошлиғига гаплашиб олмоқчи эканини айтиб, одам юборди. Кейин бир неча саҳоба билан улар турган жойга борди. Рум қўшини бошлиғи ўзига ҳаммаёғи ипак мато билан ўралган катта чодир қуриб олганини кўрдилар. Язид ва у билан бирга келганлар чодирга киришдан бош тортиб: “Бизлар ипакни эр кишига ҳалол деб билмаймиз, ўзинг олдимизга чиқ”, дейишди. Уларнинг талабига биноан душман қўмондони чодиридан чиқиб гаплашди. Аммо мусулмонларнинг шартини қабул қилмади.
Икки қўшин тўқнашганида кексайиб қолган Абу Суфён ўғли Язидга бундай деди:
– Эй ўғлим, бу ерда мусулмонлардан ҳеч ким тирик қолишига кўзим етмаяпти. Мусулмонлар ишига раҳбар қилиб қўйилган экансан, қўшиндан бирор киши жангда сабрда ва ажр олишда сендан кўра рағбатлироқ бўлмасин. Душманга сендан кўра журъатлироқ бўлмасин! Имонингни, шаънингни қонингдан, жонингдан баланд тут...
Язид:
– Эй отажон, иншоаллоҳ, шундай қиламан, – деди. Ҳайбат билан душман устига ташланди.
* * *
Язид мадори қуриб ҳолсизланиб қолганида Шураҳбил ибн Ҳасаннинг: “Аллоҳ мўминларга жаннатни бериш эвазига жонлари ва молларини сотиб олади. Раббиларининг розилигини хоҳлаб Аллоҳ учун жонларини сотувчилар қани?! Аллоҳнинг Ўз уйида Унга қўшни бўлишга муштоқ бўлувчилар қани?!” деб бақираётган овозини эшитди. Қайтадан шижоат пайдо бўлиб, қўшинга ҳам далда бериб, жанг қилди. Мусулмонлар озчилик бўлган бу жангда Аллоҳ таоло Язиднинг қўшинига нусрат ато этди. Жангдан кейин Рум қўшини Шом диёрида кўп турмади.
* * *
Язид ибн Абу Суфён жанг майдонларида кўп марталаб зафар қучди. Дамашқни фатҳ қилган тўрт қўмондондан бирига айланди. У яна Байрут, Сайдо ва Лубнон диёрларини фатҳ этишда ҳам қатнашди.
Манбалар асосида Ҳазорасп тумани
“Султон Хубби” жоме масжиди имом-хатиби
Иззат ОТАЖОНОВ тайёрлади.
Омонатга вафо ва адолат
“Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга жуда яхши насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир” (Нисо сураси, 58-оят).
Омонат шундай нарсаки, у ўз эгасига қайтарилсагина, ҳар икки томонни, яъни омонат берувчини ҳам, омонат олувчини ҳам хотиржам қилади ва шунга яраша икки томонга ажру савоблар ёзилади. Шу боис, Аллоҳ таоло омонатни ўз эгасига топширишни буюрди.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Макка фатҳ қилинганида, Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Расулуллоҳ, одамларга сув тарқатиш ва Каъбанинг эшик оғалигини бизга олиб берсангиз”, деди. Набий алайҳиссалом Шайба авлодидан Каъба калитларини олиб, Аббос розияллоҳу анҳуга бердилар. Шунда Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 58-оятини нозил қилди.
Шунда Расули акрам алайҳиссалом Каъба калитларини олиб, яна Шайба авлодига қайтариб бердилар ва: “Эй амаки! Аллоҳ таоло ҳеч кимга кулфат келтирилмасдан битириладиган ишни яхши кўради”, дедилар».
Муфассирлар: “Мазкур ояти каримада барча мутасаддилар учун омонатларни жой-жойига қўйиб, унинг заррасига ҳам хиёнат қилмасликка амр-буйруқ бор”, дейишган.
Омонат Аллоҳ билан банда орасида ҳам бўлади. Чунки Аллоҳ бандаларнинг руҳларига: “Мен сизларнинг Раббингиз эмасманми?!” деб хитоб қилганида, улар: “Албатта, Сен бизнинг Раббимизсан”, деб иқрор бўлишган (Аъроф сураси, 172-оят). Аллоҳ бандаларидан аҳд олган, улар эса бу аҳдда мустаҳкам туришга ваъда берган. Агар банда бу аҳдни бузса, ваъдага хилоф, омонатга хиёнат қилган бўлади.
Омонат тоат-ибодатга бўлган амр, буйруқдир. Ким уни адо қилса, омонатни адо этибди, ким буни тарк этса, омонатга хиёнат қилибди.
“Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингизга буюради”.
Афсуски, бугунги кунда айрим кимсалар омонатдан қўрқмай қўйишди. Омонат борасидаги ўлчовлар, тушунчалар ўзгариб кетди. Бировдан қарзга пул олиб, қайтармай юриш, биров берган омонат (қимматбаҳо буюм, пул, маблағ ва ҳоказо)га хиёнат қилиш оддий ҳолга айланди. Ваҳоланки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, бу сўз омонатдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: “Мунофиқнинг аломати учта: ёлғон гапиради; ваъда берса, ваъдасини бажармайди; омонат топширилса, хиёнат қилади”, дейилган (Имом Бухорий ривояти).
Имом Зажжож айтади: “Аллоҳ буюрган ва қайтарган барча нарсалар омонатдир”.
Имом Заҳҳок айтган: “Аллоҳ таоло бу умматдан ҳалол-ҳаром, намоз каби фарз нарсаларга ва бошқа омонатларга вафо қилишга аҳд-паймон олган. Аҳдлар ҳам худди шу каби бўлиб, Аллоҳ фарз қилган муҳкам нарсалардандир. Бирон-бир ҳолатда ҳам уни бузишга йўл йўқ”.
Муқотил ибн Ҳайён айтади: «Аллоҳ таоло: “Унинг Ўзигагина ибодат этишингиз ва қайтарган нарсаларидан қайтишингиз хусусида сизларнинг зиммангизга юклаган аҳдларга, мушриклар билан сизларнинг орангиздаги аҳдлар – битимларга ва инсонлар ўртасидаги аҳду паймонларга вафо қилинглар”», деб буюради.
“...одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар”.
Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу: “Бу оят ҳокимлар тўғрисида нозил бўлган”, дейди. Ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: “Модомики, ҳоким жабр қилмаса, Аллоҳ у биландир. Агар жабр қилса, ўзини ўзига вакил қилиб қўяди”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда: “Бир соат адолатли ҳукм юритиш қирқ йиллик (нафл) ибодатга тенгдир”, дейилган (Имом Абу Ҳотим ривояти).
Адолат билан иш юритиш жамият ва юрт тараққиётига хизмат қилади. Адолат бўлмаган жойда барча айбдор бўлади. Шу боис ояти каримада “...одамлар ўртасида...” дейилмоқда. Шу сўз кишилик жамиятининг барча жабҳаларини қамраб олади.
Бир оятда икки буюк асосга – ҳам омонатга, ҳам адолатга иршод қилиш катта марҳаматдир. Шунинг учун оятнинг давомида: “Аллоҳ сизларга жуда яхши насиҳат қилур!” дейилмоқда.
Шундай экан, гўзал ваъз қилувчи Зотнинг буйруқларига “лаббай” деб, қайтариқлардан қайтсак, омонатга хиёнат қилмасак, улуғ ажрларга эга бўламиз, иншоаллоҳ.
Асрорхон ҲАБИБУЛЛАЕВ,
Шўрчи тумани бош имом-хатиби
Гиёҳвандлик – келажак кушандаси
Ҳозирда айрим кимсалар ўз жони, моли, жамиятдаги мавқеларига катта зарар келтирувчи иллатларга мубтало бўлишмоқда. Шулардан бир – “аср вабоси” дея ном олган гиёҳвандлик балосидир. Гиёҳвандлик инсонни Аллоҳ буюрганидай ҳалол яшашдан маҳрум этади, оиласини парокандалик ботқоғига отади, соғлигига жиддий путур етказади, ўзини эса жиноят йўлига бошлайди. Энг фожиалиси, инсон ўзига Аллоҳ берган ҳаёт неъматининг заволга учрашига, эрта ўлим топишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда гиёҳвандлик балоси чегара, ўлчов, миқёс билмайдиган бир ҳолатга келди. Унинг касофатидан Ер юзида кўплаб инсонлар ҳаёт билан эрта видолашмоқда, соғлиғидан ажрамоқда, оилалар бузилиб, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони ортиб бормоқда. Хусусан, ёшларга олдинига шунчаки кўнгилхушлик, оддий қизиқиш, болаларча эрмак билан бошланган “гиёҳдан бир тотиб қўйиш” кейинчалик унга батамом ружу қўйишга олиб келмоқда.
Маълумки, ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг тарқалиши катта ёшдагилар ўртасида тарқалишидан кўра хатарлироқдир. Аҳолининг бу қатлами гиёҳвандликка қанча берилса, жамият келажаги шунча хавф-хатар остида бўлади. Тажрибалар шуни кўрсатадики, гиёҳвандликка илк бор қадам қўйиш кўпроқ 11-17 ёшлар орасида кузатилади.
Ислом динида ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш қаттиқ қораланади. Гиёҳвандликка учраганлар эса ҳар икки ҳолатдаги зарарда ҳам айбдордирлар. Аллоҳ таоло инсонга бежизга ақл-идрок ва фаҳм-фаросатни ато этмаган. У ақл ёрдамида нима зарару нима фойда эканини аниқлаши, зарардан узоқда бўлиши талаб этилади.
Аллома Ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовои исломийя” асарида инсон саломатлиги ва жамият ҳаётига гиёҳвандлик иллати етказадиган 120 хил жиддий зарар санаб ўтган.
Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром” экани ҳақида огоҳлантирганлар. Ибн Сирийн раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўзини ҳалокатга отиш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”, деганлар. Имом Бухорий ривоят қилган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай марҳамат этган: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Қисқасини айтганда, гиёҳвандлик ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта тўсиқдир. Шу боис бу иллатга қарши туриш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Хайрулло Мардонов,
Имом Термизий ўрта махсус
ислом таълим муассасаси директори ўринбосари
Ҳар бир нафснинг покланиши учта омилга боғлиқ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Эҳсон» диннинг қалб тарбиясига боғлиқ қисми бўлиб, у одатда, «тариқат» ҳам дейилади. Бу қисмга оид диний таълимотларни ўргатадиган илм «тасаввуф илми» деб аталадиган бўлиб қолган.
Исломнинг руҳий-маънавий ва ахлоқ-одобга оид таълимотларини Қуръони Карим ва Суннат асосида руҳий тарбия илми – тасаввуф баён қилиб беради.
Руҳий-маънавий қисм «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб ҳам аталади, чунки унда мўминларнинг нафсларини, яъни шахсиятларини поклаш, уларга фазилатларни касб қилдириш ва уларни разолатлардан холи қилиш борасида ҳаракат кетади.
Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми ҳисобланади десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, дин «яхши» деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, «ёмон» деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида олиймақом қадрият ҳисобланади.
Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.
«Ахлоқ» сўзи «хулқ» сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Тасаввуф илмида ўша хулқларнинг яхши ва ёмони, уларнинг яхшисига амал қилиб, ёмонидан четланиш йўллари баён этилади. Сўнгра ҳусни хулқ ҳақида алоҳида тўхталиб, унга оид кўплаб маълумот ва тажрибалар ўрганилади.
Мусулмонлар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал, мукаррам ахлоқлар дини бўлган Ислом орқали ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Уларнинг ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлибгина қолмай, ўзгаларга ҳам яхшиликлар етишини истаганлар.
Ҳар бир нафснинг покланиши учта омилга боғлиқ:
биринчи омил – покланиш, яъни қалб хасталикларидан даволаниш;
иккинчи омил – тикланиш, яъни маълум мақомотларни рўёбга чиқариш;
учинчи омил – хулқланиш, яъни маълум исм ва сифатлар ила хулқланиш.
Мазкур асосдаги руҳий тарбия инсон зоти ва унинг икки дунёдаги саодати учун жуда ҳам зарурдир. Ислом дини ҳар бир мусулмонга мазкур тарбияни мукаммал ҳолда тақдим этади.
Иймон-эътиқоди, дунёқараши тўғри ва соф, амаллари эзгу, ҳар бир лаҳзада, барча ҳолатда «Аллоҳ мени кўриб турибди» деган ишонч-эътиқод асосида яшайдиган, барча ёмонлик ва номаъқулчиликлардан покланган, ҳамма яхшилик ва фазилатларни ўзида мужассамлаштирган, Роббул оламийннинг хулқлари билан хулқланган, ўз зиммасидаги ҳақ ва бурчларни тўла адо этган шахсгина том маънодаги «комил инсон» бўлади.
Ислом динининг жамиятдаги хизмати ана шундай комил инсонни тарбиялаш ва ўшандай инсонлардан таркиб топган жамиятни барпо этишдир. Мақсад инсонга унинг инсонийлигини қайтариш, унинг яратилишидан кўзланган мақсадни рўёбга чиқаришдир. Сиз буни шу сатрларгача бўлган маълумотлардан ҳам англаган бўлсангиз керак. Бу ҳам бўлса, Ислом динининг айнан инсон бахт-саодати учун юборилгани ҳамда дунёда унга эркин, фаровон, бахтли ва унумли ҳаёт, охиратда эса чексиз саодат тақдим этувчи илоҳий таълимот эканидандир десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг бевосита иштирокида айнан ана шундай жамиятнинг юзага чиқишига хизмат қилдилар. У зотга Аллоҳ таолонинг салавотлари ва саломлари бўлсин!
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди