muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида Самарқанд вилоятига 2 миллион 546 нафар маҳаллий, 1 миллион 106 минг нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди.    Йил охиригача 2,1 миллион хорижий ва 4,5 миллион маҳаллий сайёҳни жалб этиш, туризм хизматлари экспортини 312 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

Вилоят маданият ва туризм бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, хорижлик сайёҳларнинг Самарқанд шаҳрида бўлиш муддати ўртача 2,7 кунни ташкил этади. Ҳар бир чет эллик сайёҳ кунига ўртача 85-250 доллар сарфлайди. Aйни пайтда вилоятда 15 минг 606 ўринли 570 меҳмонхона сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда.

2023 йилда туризм ва тегишли хизматлар соҳасида умумий қиймати 5,9 трлн. сўм бўлган 180 та лойиҳа ишга туширилади ва 5,5 минг янги иш ўрни яратилди.

Жумладан, 55 та жойлаштириш объекти, 41 та дам олиш ва кўнгилочар маскан, 45 та умумий овқатланиш шаҳобчаси қурилади, шунингдек, 39 та туризм лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

2023-2024 йилларда туризмни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади, унга кўра Самарқанд туризм маркази имкониятларидан фойдаланган ҳолда бу ерда 50 дан ортиқ халқаро тадбирлар ўтказилади. “Самарканд Буллетин” нашрининг ёзишича, Имом Бухорий ва Aд-Доримий мажмуаларида қурилиш ишлари якунлангач, сайёҳлар сони ортиши кутилмоқда. Ургут, Пайариқ ва Самарқанд вилоятлари маҳаллаларида ҳам туристларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

 “Музей майдони” тадбирларини ташкил этиш орқали бой маданий меросни намойиш этиш ҳам режалаштирилган.

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Вівторок, 12 сентябрь 2023 00:00

Жисму жон – раббоний омонат

Ислом ақидасига кўра, бутун оламни ва ундаги жамики мавжудот ва махлуқотни йўқдан бор қилиб яратган зот Аллоҳ таолодир. Шу жумладан, инсоннинг жисми ва руҳини ҳам Парвардигор яратган. Гарчи инсонга жузъий ихтиёр берилган бўлса-да, бандалик чегарасидан чиқишга, саломатлигу ҳаётини исроф қилишга унинг ҳаққи йўқ.
Ислом шариатида ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ бўлиб, ақлий ва нақлий далилларга кўра, билиттифоқ, ҳаромдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Ўзингизни ҳалокатга дучор қилманг» (Бақара сураси, 195-оят), «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга раҳмлидир» (Нисо сураси, 29-оят).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ўзини-ўзи бўғиб ўлдирса, дўзахда ҳам шу хил азобга қолади. Ким ўзини тиғ билан ўлдирса, дўзах оловида ҳам худди шундай азобланади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Жундуб ибн Абдуллоҳ розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардан олдин ўтган қавм орасида яраланган бир киши бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Оқибатда у кўп қон йўқотиши туфайли ҳалок бўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб (унга берган умримга шукр қилмай), шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, деди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Собит Заҳҳокдан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки бирор нарса билан ўзини ўлдирса, жаҳаннам оташида ана шу билан азобланади”, деганлар.
Ушбу ҳадис шарҳида Ибн Дақиқ Ийд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу (мазкур ҳадис), охиратдаги азоб-уқубатлар дунёда қилинган жиноятлар билан бир хил эканини англатади”. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадисдан олинадиган хулоса шуки, инсоннинг ўз жонига нисбатан қилган жинояти гуноҳу маъсиятда худди бошқа бир инсонга нисбатан қилган жиноятидек эътиборга олинади. Чунки унинг жони мутлақ ўзининг мулки эмас. Балки у Аллоҳ таолонинг мулкидир. Шунинг учун инсон ўз жони борасида фақат Аллоҳ изн берган тартибда тасарруф қилиш ҳуқуқига эга”.
Бугунги кунда бузғунчи радикал гуруҳларнинг “пешволари” томонидан Исломдаги “шаҳидлик” тушунчасини бузиб талқин қилишмоқда. Улар ўзини-ўзи портлатиш орқали худкушлик содир этишга нисбатан “шаҳидлик” дея фатво бериб, ўзларининг таъсирига тушиб қолган қанчадан-қанча илмсиз ёшларнинг дунёю охирати куйишига, кўплаб инсонларнинг ўлимига сабаб бўлишяпти. Бундай ғаразли фатволар на динимиз манбаларига, на соғлом ақлга тўғри келади. Аксинча, Аллоҳ таолонинг ризосига қарши бориш, Раббоний омонатга хиёнат қилиш ҳисобланади.
Бу ҳаёт ҳар бир инсонга уни сўнгги нафасигача эҳтиёт қилиш шарти билан берилган. Уни фақат Аллоҳ таоло буюрган ва рози бўладиган ишларга сафарбар этиш лозим.

 Асрорхон МАҲМУДОВ,
Мир Араб олий мадрасаси ўқитувчиси

"Ислом нури" газетасидан

Вівторок, 12 сентябрь 2023 00:00

Икки ҳамд ила Аллоҳнинг розилиги

Аллоҳ таоло ўз бандаларига меҳрибон ва раҳмли Зотки, кичик амалларга ҳам улкан ажр-мукофот беради. Икки марта “Алҳамдулиллаҳ” дейиши туфайли бандасидан рози бўладиган Зот нақадар саховатлидир!

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Банда овқат еб, ортидан ҳамд айтса ёки ичимлик ичиб, ҳамд айтса, Аллоҳ (у) бандасидан рози бўлади”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳнинг розилиги эса улкан мукофотдир. Қуръони каримда: «...Аллоҳнинг розилиги эса, ҳамма нарсадан улуғроқдир. Мана шу Буюк саодатдир» (Тавба сураси, 72-оят), дейилган.

Қиёматда афзал кишилар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким тонг отганида ва кеч тушганида “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи” деб юз мартадан айтса, қиёмат куни фақат шунча айтган ёки ундан кўпроқ айтган кимсагина ундан афзалроқ нарса билан келади» (Имом Бухорий ривояти).

Қўл бериб кўришиш эвазига мағфират

Бир мусулмоннинг биродари билан қўл бериб кўришиши туфайли уларнинг гуноҳи мағрифат қилинади.

Баро розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки мусулмон учрашиб, бир-бири билан қўл бериб кўришса, улар айрилмасларидан олдин гуноҳлари мағфират қилинади», деганлар (Имом Термизий ривояти).

«Саноқли дақиқаларда тоғдай савоблар» китобидан

Вівторок, 12 сентябрь 2023 00:00

Фарзандингиз билан маслаҳатлашасизми?

Саволни бежиз бундай қўймадим. Чунки ота-онанинг фарзанди, фарзандларнинг эса ота-оналари билан маслаҳатлашмай иш қилиш ҳолати кўп учрамоқда. Ёмони, бу баъзан оилавий келишмовчиликларга сабаб бўляпти.
Айниқса, ота ўғлининг, она қизининг маслаҳатсиз иш қилишидан норози бўлган ҳолатлар кўп. Хўш, ўзаро бундай муносабатда ким айбдор – ота-онами ёки фарзандлар?
Баҳс туғдириши мумкин бўлган бу саволга, мен айб кўпроқ ота-онада деган бўлардим.  Нега? Чунки бола тарбиянинг асосий қисмини уйида, оилада олади.
Бугун маслаҳатлашмагани учун боласидан хафа бўлган ота-она боласи ёш бўлганида унга ҳар бир ишни маслаҳатлашиб қилиш кераклигини ўргатганми? Йўқ. Аксинча, фарзанди гўдаклик чоғидан отаси ёки онаси ҳар қандай ишни ҳеч ким билан маслаҳатлашмай қилганини  кўриб улғайган ва энди у ёшлигида катталардан ўрганган ишни такрорлаяпти.
Агар ота-она баъзи қилинадиган ишларда фарзанди фикри билан қизиқса, бу фойдадан холи бўлмаганига вақт ўтиб амин бўлади. Масалан, ҳовлида яшайдиган оилада ота эрта баҳорда ерни экинга тайёрлашдан олдин ўғлини чақириб, “Нима дейсан, экин экишни бошлаймизми”, деб фикрини сўраса, бола кўнглига дадам мен билан маслаҳатлашяпти деган фикр келади. Кун очиқ вақтда ер ағдариб, жўяк олиб, экин экилмаса, эрта ёмғир ёғса, бу ишни қилиш бир ҳафтага кечикиши мумкинлиги, бу эса  ҳосил етилиши бир ойга ортга сурилишига олиб келиши тушунтирилса, бола бу борада ҳам ўқувли бўлади, ҳам отам мен билан қиладиган ишини маслаҳатлашяпти, деб ғурурланади.
Она ҳам қизлари билан маслаҳатлашгандек қилиб улар қилиши керак  бўлган ишларни ўргатиб борса, қизларида бирор ишни қилишдан олдин маслаҳатлашиш керак деган тушунча шаклланиб боради ва бу кўникма уларнинг келгуси ҳаётларида маҳим қарорлар қабул қилишда қўл келади.
Ҳатто буюк саркарда Амир Темур ҳам ҳар бир юришини кенгаш муҳокамасидан ўтказгани ҳақида тузукларида келтириб ўтган. Оилада нарса сотиб олиш бўладими ёки бирор тадбир ўтказиш, бу балки оилавий дам олишни ташкиллаштириш бўлар, умуман, бутун оилага тааллуқли бўлган бирор бир қарор қабул қилишда, агар бунда болалар иштироки ўринли бўлса, улар фикрини сўраш орқали миясига келусида ҳар қандай ишни олдин маслаҳатлашиб, кейин қилиш керак экан тушунча пайдо бўлади. Унга  амал қилишни ўрганган фарзандлар эса ҳаёт йўлларида дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни қийналмай енгиб ўтиш имкониятига  эга бўлади.
Балки сизда бошқа фикр, таклифлар ҳам бордик. Бу борада мулоҳаза юритинг, ёзинг, мунозарага киришайлик.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ.

 

Фахритдин Ҳудойназаров,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Top