muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Понеділок, 11 сентябрь 2023 00:00

Аллоҳ инсонни мукаррам қилиб яратган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тиббиёт соҳаси тараққий этиши натижасида бугунги кунда тана аъзолари, ички органларни ўзгаларга кўчириб ўтказиш амалиёти дунёнинг кўплаб давлатларида ривожланди. Айрим мамлакатларда эса ўз тана аъзоларини хусусий касалхоналарга сотиш ҳолатлари одатий кўриниш касб этган. Масалан, Ҳиндистонда тез кунда еб битириладиган арзимас пуллар учун камбағал халқ ўз буйракларидан бирини ёки кўз мугуз пардасини, жигарининг бир қисмини сотиш учун узундан-узун навбат кутади. 

Тана аъзоларини сотиш ва бу иш билан шуғулланиш замонавий қонунларда таъқиқланган ишлар сирасига киради. 

Агар масалага Ислом фиқҳи нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, мутақаддим уламоларимиз инсон тана аъзоларини сотиш ёки айирбошлаш шаръан ножоиз ва ҳаром эканлиги борасида якдилдирлар. Зеро, инсон ўз жисми ва аъзоларига эгалик қилмайди. Унинг эгаси Аллоҳдир. Жисмимиз ва тана аъзоларимиз биз учун то ажал келгунча омонат қилиб берилган неъматлардир. Шундай экан, қандайдир моддий эваз муқобилида ўз тана аъзоларининг баъзиларидан воз кечиб, бировга бериш асло жоиз эмас.

Негаки, шариатда инсон ўзиники бўлмаган нарса борасида сотиш ёки эҳсон қилиш орқали ўзбошимчалик билан тасарруф юритиши таъқиқланган.

Амр ибн Шуйб отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «ولا تبع ما ليس عندك» яъни, «ўзингники бўлмаган нарсани сотма!»
Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари.

Шу боис, уламолар жумҳури тана аъзоларини сотиш ёки бировга тортиқ қилишни ман қилганлар. Бунинг бир қанча жиҳатдан сабаблари бор.

Биринчидан, юқорида айтилганидек, инсон танаси Аллоҳнинг мулки бўлиб, у ўз аъзоларини истаганидек, тасарруф қилиш ҳуқуқига молик эмас.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: 


لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ 


«Дарҳақиқат, инсон зотини энг гўзал суратда яратдик» (Тийн сураси, 4-оят), дея марҳамат қилган.

Ушбу ояти карима мазмунига кўра, инсоннинг тана аъзоларидан бирортасини қирқиб олиш унинг Аллоҳ томонидан яратилган чиройли шаклига путур етказади.
Учинчидан, инсон ўзига зарар етказишдан қайтарилган.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:


وَأَنفِقُواْ فِي سَبِيلِ اللّهِ وَلاَ تُلْقُواْ بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوَاْ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ


«Аллоҳ йўлида инфоқ қилингиз ва ўзингизни таҳликага ташламангиз. Яхшилик қилингиз. Зеро, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севади» (Бақара сураси, 195-оят).

Ушбу ояти карима мазмунига мувофиқ, инсон ўз ҳаётини хавфга солиши мумкин бўлган, жонига зарар берадиган, жисмига талафот етказадиган ҳар қандай ишлардан сақланмоғи лозим.

Тўртинчидан, фиқҳда «الضرر لا يزال بمثله» яъни «бир зарар унга ўхшаган бошқа бир зарар билан кетказилмайди» деган қоида бор. Ушбу қоидага кўра масалан, бир инсоннинг бир буйраги ишламайди. У инсон бошқа инсоннинг бир буйрагини олиб ўша бошқанинг бир буйракли бўлиб қолиши эвазига иккита буйракли бўлиб олиши мумкин эмас. Ёки, бир одам дўконлардан бирига эгалик қилади ва у ерда маълум турдаги товарларни сотади. Ёнидаги дўконлар соҳиблари ўша товарлардан келтириб арзонроқ нархларда сотаётганликлари учун у зарар кўра бошлади. Шунда у ён-атрофидаги унга зарар келтираётган дўконларни ёптириб қўйиш ёки кўчириб юбориш эвазига ўзидаги зарарни кетказиши жоиз эмас. Ўзганинг аъзосини сотиб олиб ўз соғлиғини мустаҳкамлаш ҳам шунга ўхшайди.

Бешинчидан, тана аъзоларни кўчириб ўтказиш учун уни бемалол сотиш ёки тортиқ қилишга рухсат берилса, бу ҳолатлар инсоннинг каромати ва ҳурмати оёқ ости бўлишига олиб келади. Айрим мафия ва жиноий синдикатлар томонидан одамларни ўғирлаб кетиб, уларнинг тана аъзоларини суғуриб олиб, мўмай пулга сотиш ҳолатлари янада урчиб кетишига ҳам йўл очилади. Шунинг учун ҳам фиқҳда «саддуз зароиъ», яъни «ҳаромга олиб борувчи йўлларни тўсиш» тушунчаси мавжуд. Мазкур тушунчага кўра, ҳаромга олиб борувчи нарсалар ҳам ҳаром бўлади. Бундан ташқари, инсон тириклигида қандай ҳурматли бўлса, ўлгандан кейин ҳам шундай ҳурматлидир. 

Айрим давлатларда бемор ўлиб қолса, моргда унинг танасини ёриб, ички органларини олиб қолиш ҳолатлари кузатилади. Бу сирф моддиюнчилик нуқтаи назаридан қаралганда гўёки яхши ишдек туюлади. Бу ишни қиладиганлар, «бу аъзоларнинг энди унга кераги йўқ. Бироқ, уларни олиб бир тирик одамнинг умрини узайтиришимиз мумкин» деган мантиққа асосланадилар. Ваҳоланки, бу иш инсон кароматини оёқ ости қилиш ва қайсидир маънода динда қайтарилган мусла (ўлган инсоннинг жасадига ҳурматсизлик қилиш) билан баробардир.

Аллоҳ таоло: 


وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ


«Дарҳақиқат, Одам болаларини мукаррам қилдик» (Исро сураси, 70-оят), дея марҳамат қилган. Тана аъзоларини худди товарлар каби айирбошлаш Аллоҳ томонидан инсонга ато этилган каромат ва ҳурматнинг оёқ ости қилиниши демакдир. 

Хулоса шуки, аввалги авлод фуқаҳолар ва бугуннинг жумҳур уламоларига кўра ўз тана аъзоларини сотиш шаръан ҳаромдир. Фақат замондош уламолардан айримлари зарурат ҳолатида бир қанча шартлар билангина бу ишга рухсат берганлар. 

Бошқа бир тоифа олимлар эса инсон ўз розилиги билан тана аъзоларидан бирини ўзга инсонга унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун эҳсон ва тортиқ қилишини жоиз деб биладилар. Лекин, бунинг ҳам бир қанча шартлари мавжуд. Масалан, бу иш моддий манфаат эвазига шартлашилмаган бўлса, аъзосини берувчи шахснинг соғлиғига зарар бермаса ва ҳоказо. Аммо, шу масала бироз ўйлантиради инсонни. Яъни, инсоннинг соғлиғига ҳеч қандай зарар бўлмаган ҳолда бирор аъзосини бошқа одамга бериш аслида амримаҳол иш. Чунки, ҳар бир аъзонинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Бирорта аъзо танамизда ортиқча эмас. Буйрак иккита бўлгани билан ҳар иккови маълум функцияни баробар бажариб туради. Биттаси запасда турмайди. Улардан бирини бировга тортиқ қилсангиз, ўша заҳоти ўлиб қолмайсиз, тўғри. Аммо, танангиз битта аъзога нуқсонлайди. Битта буйрак энди иккита буйракнинг вазифасини бажаради ва бунда мазкур аъзога ортиқча юк ва зўриқиш юзага келади. Қолаверса, бунинг учун наркоз қабул қилиб, тиғ остига ётишингизга ҳам тўғри келади. Бу ҳам соғлиғингизга маълум маънода путур етказади. Шу эътибордан, аъзосини ҳадя қилаётган шахсга ҳеч қандай зарар бўлмаган ҳолда аъзоларидан бирини олиш имконсиз иш.

Вафот этган инсоннинг тана аъзоларини тирик инсонга кўчириб ўтказиш борасида фиқҳий академиялар томонидан билдирилган фикрларга кўра, агар маййит вафотидан олдин бу ишга рухсат берган бўлса ёки унинг меросхўрлари бу ишга рухсат берсалар ёхуд маййитнинг кимлиги номаълум бўлиб ёки яқинлари топилмаган тақдирда ўша юртнинг мутасадди шахслари томонидан бунга рухсат берилса, унинг айрим аъзолари тирик инсоннинг ҳаётини қутқариб қолиш учун кўчириб ўтказилиши мумкин. Фақат бу ишга пул аралашмаслиги, яъни қандайдир моддий келишув остида бўлмаслиги шарт. Акс ҳолда ножоиз бўлади.

Хулоса сифатида айтиш жоизки, мутақаддим олимларимизнинг барчаси ва замонамиз аҳли илмларининг аксари инсон тана аъзоларини сотиш ёки текинга тортиқ қилиш мутлақо ҳаромлигига иттифоқ қилганлар. 

Тана аъзоларини сотишга рухсат берган айрим замондош уламолар эса "الضرورات تبيح المحظورات" (зарурат ҳолатлари ҳаром қилинган ишларни мубоҳга айлантиради) қоидасидан келиб чиқиб, агар бу ишда рожиҳ манфаат мавжуд бўлса, яъни бир инсон бошқа инсонга тана аъзоларидан бирини сотиши ёки тортиқ қилиши туфайли чиндан ҳам бошқа бир тирик инсоннинг ҳаёти сақлаб қолиниши аниқроқ бўлса ва бунда ўз тана аъзоларидан айримларини сотувчи ёки тортиқ қилувчининг саломатлигига зарар етмаса, бу ишнинг жоизлигига фатво берганлар. 

Ваҳба Зуҳайлий ва бошқалар каби яна бир тоифа уламолар юқоридаги шартларни инобатга олган ҳолда тана аъзоларини сотиш эмас балки, табарруъ қилиш, яъни текинга тортиқ қилишга рухсат берганлар. 

Аммо, унинг тортиғидан фойдаланган тараф ҳеч қандай собиқ шартларсиз ўз хоҳиши билан пул берса, бу мукофот тарзида қабул қилинади ва уни олиш жоиз бўлади.

Вафот этган инсоннинг ўлимидан олдин берган розилиги ёхуд вафотидан кейин унинг меросхўрлари ёхуд мутасадди шахсларнинг рухсати билан унинг тирик инсон учун яроқли деб ҳисобланган аъзолари тирик инсонга кўчириб ўтказилишига ҳам фиқҳий академиялар шаръан жоиз дея рухсат берганлар. Бироқ, бунда таносил аъзоларини кўчириб ўтказиш ножоиз ҳисобланади. Шунингдек, юқорида айтилганидек, бу ишга пул ва савдо аралашмаслиги ҳам шарт. 

Шифокорлар ҳам ўз навбатида ўз аъзосини беморга бериш истагида бўлган шахсларнинг соғлик ҳолатларини чуқур текширувдан ўтказишлари ва агар бу амалиёт ортидан унинг саломатлиги зарар кўриш эҳтимоли бўлса, бу ишни тўхтатишлари лозим. 

Агар бир инсон бирор аъзоси ишдан чиққани туфайли кўчириб ўтказиладиган аъзога кучли эҳтиёж сезса ва бу амалиётсиз ҳаётини йўқотиш хавфи пайдо бўлса, зарурат юзасидан аъзо сотиб олиши жоиз бўлади. Бироқ, ўз аъзосини сотувчи шахс барибир гуноҳкор бўлаверади ва мазкур савдо ортидан қўлга киритган маблағ унга ҳаром бўлади. Валлоҳу аълам


Алишер Султонходжаев

 

Понеділок, 11 сентябрь 2023 00:00

Динга мажбурлаш мумкинми

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

  1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир илмдан сўралсаю, шунда у ўшани яширса, Қиёмат куни Аллоҳ уни оловдан бўлган юган билан юганлайди», дедилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

  1. Шақиқ ибн Саламадан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ, яъни Ибн Масъуд одамларга ҳар пайшанба куни ваъз-насиҳат қилар эди. Бир киши унга: «Эй Абу Абдурроҳман, бизга ҳар куни ваъз қилишингни истар эдим», деди. «Шундай қилишдан мени тўсган нарса сизларга малол келтириб қўйишимни ёқтирмаслигимдир. Мен сизларга мавъизани вақти-вақти билан қиламан. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бизларга худди шундай, безиб қолмаслигимиз учун вақти-вақти билан мавъиза қилар эдилар», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

  1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мендан бир оятни бўлса ҳам етказинглар. Бану Исроил ҳақида эса сўзлайверинглар, танглик йўқ. Ким менга нисбатан қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан жойини олаверсин», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

  1. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ илмни бандаларидан бирданига суғуриб олмайди, балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олимни қолдирмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўраладилар ва илмсиз равишда фатво беришади. Натижада адашадилар ва адаштирадилар»,  деяётганларини эшитдим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

 

Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен ҳеч қачон ўзимдан бошқа одам учун турғазиб юборилишим мумкин бўлган жойга ўтирмадим» (Баҳжату-л-мажолис: 1-жилд, 47-бет;).

Оқиллик ва ҳалимликда зарбулмасал бўлган улуғ тобеин Аҳнаф ибн Қайснинг ақл ва ҳалимлик бобидаги ўгитларидан бири бўлган ушбу сўз бир қарашда оддий нарсага ўхшайди. Лекин, унда чуқур маъно яширинган. У соҳибининг ўта теран ақлу фаросатига далолат қилади. 

Кишининг ақли уни ноқулай вазиятларга тушиб қолишдан сақламоғи лозим. Аҳнаф ибн Қайс бирор жойга келсалар кўрсатилган жойга ўтиравермас эканлар. Ёки ўзларига ёққан жойга ҳам ўтириб олмас эканлар. Чунки, мазкур жой қавмнинг улуғлари ўтирадиган жойлардан бўлса, ўзларидан сўнг обрў мартабали кишилар келиб қолганда ўринларидан турғазилишлари мумкин. 

Мабодо, шундай ҳолат юз берса, у инсон учун бу хўрлик бўлади. Буни эса кўтариш осон эмас. Шундай бўлмаслиги учун ҳам бу зот ўзларини билиб, ҳаддиларини билиб, мабодо улуғ кишилар келиб қолса ҳам улар ўтқазилмайдиган бир жой топиб ўтирар эканлар. Бу ҳам бўлса, у кишининг камоли оқиллигидан ва келажакни кўра билишидандир. Зотан, ақлли одам келажакни кўра билиши лозим. Зеро, ақл бирор ноқулай вазиятга тушиб қолгандагина ундан чиқиб кетиш учун керак бўлмайди. Балки, ўша нобоп ҳолатларга тушиб қолмаслик учун керак бўлади. 

Бир куни Амр ибн Ос розияллоҳу анҳуга «ақл нима?», деб савол беришди. Жавоб бердилар: «Ақл бу гумон билан тўғрини топиш ва бўлган нарсалар орқали ҳали содир бўлмаган нарсаларни билишдир» (Ал-ъиқду-л-фарид: 2-жилд, 105-бет;).

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар: «Кимга гумони фойда бермаса, аниқ билган нарсаси ҳам наф бермайди» (Ал-ъиқду-л-фарид: 2-жилд, 105-бет;).

Яъни, ақлли инсоннинг закоси, узоқни кўра билиши кучли бўлиши керак, дейилмоқчи. Агар инсоннинг фикри ва гумони ўзи учун фойдали бўлолмаса ўзидан бир қадам олдинни кўра олмаса, у инсоннинг аниқ билган билими ҳам унга кўп фойда бермайди. Негаки, унинг фикри шу қадар қотиб қолганки, олган билимидан унумли фойдаланиш учун кифоя қилмайди.

Ақл шунинг учун керак. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бежиз бот-бот ва такрор-такрор «ақл эгалари»га хитоб қилмаган. Зеро, ақл ишлатилса, у ўз соҳибига дунё ва охиратда фойда келтиради. 

Ақл шундай нарсадирки, уни ишлатишга ҳаракат қилмасангиз ўтмаслашиб кетаверади. Шунинг учун машҳур араб файласуфи Ибн Туфайл «Ақл бошда кўтариб юриладиган чироқдир. Кимдир уни ёқиб юрса, кимдир ўчиқ ҳолда олиб юради», деган. 

Бинобарин, ақлни ишлатишга ҳаракат қилиш билан у ишга солинади. Шунинг учун ҳам Хаттоб ибн Муалло «Ақл эгаларига ўхшашга ҳаракат қилгинки, улардан бўласан. Шарафли инсонлардек бўлишга интилки, унга етишасан», дейди (Равзату-л-уқало: 200-бет;). 

Ибнул Жавзий айтади: «Одам боласи бошқа махлуқотлардан ақли билан ажралдики, унинг тақозосига кўра амал қилиши учун» (Лафтату-л-кабид: 24-бет;).

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ эса «Кишининг ақли тўлишмагунча дини ҳам комил бўлмайди» дер эди. (Ибн Муфлиҳ. ал-Одоб аш-шаръийя: 2-жилд, 212-бет;).
Бу ҳам ақлнинг диндаги ўрни нақадар муҳимлигига далолат қилади.


Алишер Султонходжаев

Жалолиддин домла Собиров,
Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасаси мудири 

Top