muslim.uz.umi

muslim.uz.umi

Понеділок, 11 декабрь 2023 00:00

Бой берилаётган инсонийлик

Интернет – чинакам мўъжиза. Имкониятлари жуда кўп. У орқали дунёда бўлаётган воқеа-ҳодисалардан бир зумда огоҳ бўламиз, таълим оламиз, ҳунар ўрганамиз, дўстлар орттирамиз ва ҳоказо. Мен интернетдан чиройли гуллар ясаш, ҳар хил либослар бичимини ўрганиш мақсадида фойдаланаман. Афсус, бу воситани ўзининг енгил-елпи, ҳавойи ҳаёт тарзи йўлида қўллаётганлар ҳам йўқ эмас: интернетда ур-йиқит, ўлдириш-сўйишдан иборат воқеалар акс этган фильмларни соатлаб томоша қилиб, қотиллик, хиёнат, ёт маданиятни онгига сингдириб олмоқда улар. Ўз жонига қасд қилишдек оғир гуноҳни содир этаётган ёшлар қаердан пайдо бўляпти? Албатта, буларнинг ҳаммаси виртуал оламга нотўғри ёндашув оқибатида келиб чиқяпти.
Уч-тўрт йил бурун қиш куни бир ит кимсасиз далага ташлаб кетилган чақалоқни топиб, ўз соҳибининг уйига тишлаганча кўтариб келгани ҳақидаги хабарни ўқиб, даҳшатга тушгандик. Маълум бўлишича, ўткинчи ҳисга алданган қиз “хато”сини шу йўл билан яширишга уринган. Ушбу шармандали ҳолат қандай юз берди? Нега ёшлар, айниқса, қиз бола ҳисларини жиловлай олмади? Биринчи сабаби гуноҳ ишдан қўрқмаслик бўлса, иккинчиси, ўзи ва оиласи шаънини ўйламасликдир. Бунга тошюраклик, шафқатсизлик ҳам қўшилди. Ҳайвонда бор раҳмдиллик инсонда топилмади... Ҳа, уят, андиша, ор-номус, меҳр-шафқат ҳисси унутилган жойда ҳар нарсани кутиш мумкин. Айтиш жоиз, инсоний туйғулардан узоқлашиш лаҳзада содир бўлмайди. Оилада фарзанднинг хулқ-атворидаги ўзгаришларга эътибор қаратилмадими, телефон “тарбиячи”лик вазифасини бажара бошладими, бунга замин ҳозирланди, деяверинг.
Айрим қизлар телеграмда йигитлар билан соатлаб ёзишиб ўтиради. Аммо бундан ота-оналар бехабар.
Қизининг интернетда нима билан машғуллигини текшириб ҳам кўришмайди.
Маънисиз, ҳою ҳавас, нафсга эрк берадиган машғулотлар қалбни ўлдиради, иймонни сусайтиради. Шайтоний йўлларга рағбат уйғотади.
Бугунги кунда онгга интернетчалик кучли таъсир кўрсатадиган омилни топиш қийин. Чунки телефон экранига михланиб қолган баъзи ёшлар онгига қанчалаб салбий таъсирларни сингдираётганидан бехабармиз. Улар ножўя ишга қўл урганда эса бу ҳодиса қандай юз берганини тушунолмай ҳайрон бўламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бутун вужудга ўз таъсирини ўтказувчи қалбга эътибор қаратиб, бундай деганлар: “Огоҳ бўлингларки, танада бир парча гўшт бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир” (Имом Бухорий ривояти).
Унутмайлик, айни кучга тўлган, ҳар бир ҳаракатида ғайрат ва шижоат сезилиб туриши керак бўлган навқирон авлоднинг беҳуда, зарарли машғулотларга чалғиши энг катта имкониятни исроф қилиш демакдир. Бундан ҳар биримиз тўғри хулоса чиқаришимиз зарур.

Камола АВАЗОВА

Понеділок, 11 декабрь 2023 00:00

Идиш-товоқ ювиш ва саломатлик

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Икки неъмат борки, одамларнинг кўплари уларда зиёндадирлар. (Улар) соғлик ва хотиржамликдир”, дедилар.

Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти

Дарҳақиқат, соғлигимизга эътиборли бўлиш, уни асраш ҳар бир мўмин-мўминанинг бурчидир. Хусусан, уй бекалари оила аъзоларининг ҳар бири соғлигига жавобгардирлар.
Бугунги кунда ошхонада дастёримизга айланган идиш ювиш гелларининг зарарлари ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
Мутахассислар олиб борган кўплаб тадқиқотлардан аён бўлишича, гелнинг таркибига ҳид беришда қўшилаётган турли қўшимчалар ундаги заҳарли кимёвий моддаларнинг ўткир
ҳидини яшириш учун қўлланилади. Доимий равишда бундай геллардан фойдаланиш инсон организмида қатор жиддий касалликларни келтириб чиқаради. Идиш яхшилаб ювилиши учун камида 30 сония оқиб турган иссиқ сувда чайилиши керак. Акс ҳолда, унинг қолдиқлари озиқ-овқат билан ошқозонга
тушиб, овқатдан заҳарланиш, ички органларнинг зарарга учраши ва ошқозон бузилишига олиб келади. Мутахассислар фикрича, гелдан мунтазам фойдаланадиган одам йилига бир стакан гелдан “истеъмол қилади”, дейиш мумкин. Бунинг оқибатида турли онкологик касалликлар, қўл териси ва бутун танада аллергик реакциялар, нафас олиш қийинлашиши, тери касалликларининг ривожланиши, ўпка ва бронхлар билан боғлиқ касалликлар хуруж қилади ва бу кўпинча йўтал орқали намоён бўлади.
Энг ёмони, гелда ювилган идишдан овқатланган болаларнинг 99% и турли
хил аллергик касалликлардан азият чекишади.
Хўш, уни бошқа қандай восита билан алмаштириш мумкин?
Бир дона кир совунни қирғичдан ўтказиб, ярим қути чой содаси солинади ва сувга бўктириб қўйилади. Бу ҳар хил
геллардан кўра идишларни тез ва осон тоза қилади.
Уй бекаларимизга зарарли геллардан воз кечиб, табиий воситалардан фойдаланишни тавсия қиламиз.

Робияхон ТОҲИРОВА тайёрлади.

Четвер, 07 декабрь 2023 00:00

Машҳурлик касали

Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ато ибн Аби Рабоҳ ўз вақтида энг буюк инсон эди. Унинг мажлисида еттита ёки саккизта инсон бўлар эди».

Эътибор беринг. Умавийлар халифасининг жарчиси ўша даврда: «Ҳажда инсонларга фақатгина Ато ибн Аби Рабоҳ фатво беради», деб жар солган эди. Буюк имомлардан Маймун ибн Миҳрон роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, Атодан сўнг унга ўхшагани келмаган. Аммо шундай бўлсада, у дарсларида ҳозир бўлган кишиларнинг озлигидан жирканмасдан, дангасалик қилмасдан, зерикмасдан дарсда бардавом бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Муснад»ларини уч кишига мукаммал айтганлар холос. Ҳанбал ибн Исҳоқ айтади:

«Аҳмад ибн Ҳанбал мени, Солиҳни ва Абдуллоҳни жамлаб бизга «Муснад»ни ўқиб берди. Уни биздан бошқа ҳеч ким эшитмаган. Ваҳоланки, у бизга бу китобдаги ҳадисларни етти юз эллик минг ҳадис ичидан танлаб олганини айтан эди». Яъни, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ «Муснад»ни шунча меҳнат ила жамлаган бўлсаларда уни учтагина инсонга имло қилишдан зерикмаганлар Аллоҳ рози бўлсин!

Инсон кўпчиликка қизиқади, кўпчилик унга ёқади. Мухлисларининг зиёда бўлганида қувонса, уларнинг камайганидан қалблар маҳзун бўлади. Бу тўғрисида нафслар турлича бўлади. Аммо бу жойда бошқа нарсани сўзламоқчимиз. Ҳақиқий даъватчини тингловчиларнинг озлиги мақсадидан чалғитмаслиги лозим. Унинг дарслари ва мавъизаларига келувчиларнинг озлиги унинг ғайратини сўндирмаслиги керак. Унинг вазифаси бу майдонда фақат етказишдир. Бу Набий алайҳис саломнинг йўлларидир.

Баъзи олимларнинг ҳаётига назар соладиган бўлсак уларнинг олдинги фаолиятида ниҳоятда оз инсон тинглагани, кейинчалик эса унинг сабри ва матонати сабаб тингловчилари беҳад кўпайиб кетганини кўрамиз.

Шайх Абдулкарим Хузайр ўзининг «Тафсири Қуртубий»ни дарс берганини шундай эслайди:

«Бу тафсирни 22 йил дарс бердим. Аввалда ниҳоятда озчилик келди дарсимга. Улар узилиб-узилиб келишар эди. Таълимнинг бошида бу табиий. Кўп толиблар эшитувчиларнинг озлиги учун дарсни ташлаб кетишади. Дарсдан энг кўп фойда оладиган киши устоздир. Мен айтар эдимки, дарсга келадиган бир кишига агар пул берсанг ҳам унинг сенга муҳтожлигидан сенинг унга муҳтожлигинг кўпроқдир!»

Абдурраҳмон ибн Маҳдий айтади:

«Мен жума намозига борар эдим. У ерда одам кўп бўлса хурсанд бўлар, одам оз бўлса хафа бўлар эдим. Буни Бишр ибн Мансурга айтдим. Шунда у деди:

«У ёмон мажлисдир. У ерга қайтиб борма!». Мен қайтиб у масжидга бормадим».

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари ва матонатлари бу тўғрисида бизга гўзал намунадир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Абсани исломга даъват қилганларида у Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Сен билан бирга кимлар бор?», деб сўраган эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Бир ҳур ва бир қул», деган эдилар. Ўшанда у зотнинг атрофларида фақатгина Абу Бакр ва Билол розияллоҳу анҳу бор эдилар.

Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг «Талбису Иблис» китобида шундай дейди:

«Баъзилар тобеларининг кўплиги билан фахрланади. Шайтон унга «сен толибларнинг кўплигидан фахрланаяпсан, бунда ҳеч қандай ёмонлик йўқ» дейди. Аслида у асҳобларининг кўпайишини, номини чиқаришни, донг таратишни мақсад қилган бўлади. У тобеларининг сўзларидан ужбга кетади. Агар унинг тобелари ўзидан кўра олимроқ бошқа бир инсоннинг олдига кетса бу унинг нафсига оғирлик қилади. Бу таълимдаги ихлосли кишининг иши эмас».

Олимларнинг вазифаси етказиш. Ҳидоят қилиш Аллоҳнинг иши. Маълумки, мўъмин инсон одамлар ҳаққа ижобат қилишмаса хафа бўлади. Ана шу хафа бўлувчилар иккига бўлинади:

  1. Инсонлар уни эшитишмагани учун хафа бўлади.
  2. Инсонлар ҳақни қабул қилмаганлари учун хафа бўлади.

Иккинчиси мақтовга сазовор хафаликдир. Чунки биринчиси ўзига даъват қилади. Иккинчиси эса Аллоҳга даъват қилади. Бишр Ҳофий роҳимаҳуллоҳ: «Машҳурликни севадиган киши Аллоҳдан қўрқмайди», деганлар.

Аллоҳ барчамизни ислоҳ қилсин!

Абдулқодир Полвонов

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўлиқ исми ва таваллуди

Шайх Муҳаммад Абдулазиз Ҳассон Басюний 1928-йил 22-августда Миср Араб Республикасининг Ғарбия вилояти Басюн маркази Фарастақ қишлоғида туғилган.

Ғарбия муҳофазотидан дунёга таниқли шайх Мустафо Исмоил ва шайх Маҳмуд Халил Хусорий каби Қуръон қорилари етишиб чиққан.

Беморлиги

Шайх Муҳаммад Абдулазиз ёшлигидан кўзи ожиз бўлган.

Илм йўли

Шайх Муҳаммад Абдулазизнинг кўзи ожизлиги уни бутун борлиғи билан Қуръон ёдлашга ўзини бахшида этишига сабаб бўлди. У болалигиданоқ Қуръонга муҳаббат қўйиб, ёд олишга киришди. Отаси ўғлининг зеҳни, хотираси ва Қуръонга ихлосини кўриб уни қўшни қишлоқ Қастодаги шайх Арафа Рашидийнинг бошланғич мактабига олиб борди. Ҳожи Абдулазиз ҳар куни ўғлининг қўлидан етаклаб, мактабга олиб борар, йўл-йўлакай ўғли билан суҳбат қуриб кетарди. Бу кичкинагина болакайни оилада, қишлоқдагилар ва мактабдагилар яхши кўриб, доим “Шайх Муҳаммад” деб чақиришарди. Бундай чақирилиши Шайх Муҳаммадни шижоатлантириб, янада Қуръонга муҳаббатни ошириб, қилаётган ишидан фахр туйдирарди. Шу ўринда айтиб ўтиш лозим, ҳар бир ота-она фарзандини келажакдаги ўрганиши мумкин бўлган илми ва касбига мос бўлган масалан, “Шайх”, “Қори”, “Ҳазрат” ваҳоказо номлар билан атаб чақирса, бу унинг руҳиятига ижобий таъсир қилади. Яъни, руҳияти кўтарилиб, ўзини катталардек ҳис этади ва келажакда ким бўлишини тасаввур қила бошлайди. Шайх Муҳаммадда ҳам худди шундай бўлди. У болалигиданоқ ўзини шайхлардек виқорли тутар, ўзини тутиши ва илмга интилишда бошқа тенгдошларига нисбатан ажралиб турарди. У ҳаётини Қуръон билан кўриб, дунёда ҳам охиратда ҳам фақат у туфайли азиз бўлишини тушуниб етганди.

Шайх Муҳаммад етти ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олди. У интилишда давом этиб, тажвид ва қироат илмларига киришди. Орадан узоқ муддат ўтмай етти хил қироатни ўрганиб ва “Шотибия” матнини ёдлади. Ўн ёшга етганда, ўзига берилган “Шайх” номига муносиб мукаммал қори бўлди. У яна устози шайх Арафанинг ҳузурида илмни давом эттириб, пиёда қишлоққа қатнар, йўлда Қуръонни ўзи радиодан севиб эшитадиган машҳур қориларга тақлид қилиб гўзал оҳангда такрор қилиб кетарди. Дарсини топшириб бўлгандан кейин устози ундан бирор оятларни гўзал оҳанг билан қироат қилиб беришини сўрар ва уни жон қулоғи билан тингларди. Бу эса, ёш қорига ишонч бағишларди. Устози доим уни қаттиқ назорат қилиб, дарсларни қолдирмаслигини, тинимсиз Қуръонни такрор қилиб юришни уқтирарди. Шайх Муҳаммад у айтганидек, вазифаларни пухта бажарар, яқинлари билан ўтириш, ўртоқлари билан ўйнашга ҳам вақти бўлмасди.

Бир куни шайх Арафа: “Эй Муҳаммад, мен билан Абдураҳмон Бек Рамазон исмли дўстимни уйига борасанми? У бизни ажойиб тадбирга чақиряпти. У ерга машҳур қорилар келади. Улар билан танишиб оласан” дейди. Шайх Муҳаммад рози бўлиб устози билан Қуръон мажлисига боради. У ерда уламолар ва кўплаб машҳур қорилар тўпланишганди. Улар Шайх Муҳаммадни қироат қилиб беришини сўрайдилар. У қироатни якунлагандан кейин йиғилганлар унга таҳсин айтадилар. Шунда қироатда етук устозлардан бўлган Абдураҳмон Бек Рамазон унинг устозига: “Бу болакайнинг исми нима?” деб сўрайди. Устози: “Муҳаммад Абдулазиз, Фарастақ қишлоғидан” деб жавоб беради. У: “Эй шайх Арафа, унга эътиборли бўлинг унинг келажаги порлоқ экан. Кунлар ўтиб юзага чиқади. У бўйнингиздаги омонат” дейди.

Шайх Муҳаммад дарсларда давом этиб, орада баъзан масжидлар ва турли маросимларда тиловат қилиб, кишилар қалбини Каломуллоҳ билан хушнуд этарди. 1964-йили Миср Қорилари уюшмаси томонидан радиода тиловат қилиш учун қорилар ўртасида танлов бўлиб ўтди. Икки босқичли бу танловда Шайх Муҳаммад имтиҳонларда мувофаққиятли ўтиб, радиода тиловат қила бошлади. У Миср радио ва телевиденияларида кунлик тонгги эшиттиришларда ва Жума куни тиловат қиладиган ягона қори бўлди. У белгиланган вақтлардан кеч қолмай Қоҳирага етиб келар ва яна масжидга Қуръон хизмати учун қайтиб, кетарди. Агар бирор маросим ёки тадбирга боришга рози бўлса, асло ваъдасига хилоф қилмасди.

Бир куни Кафр аз-Зайёт вилоятидаги мадрасалардан бирида фаррошлик қилувчи Шайх Муҳаммад қироатига ихлосманд киши Ҳожи Халил вафот этади. У вафотидан аввал фарзандларига: “Менинг вафотимдан кейин Шайх Муҳаммадни чақиринглар. У келиб аза маросимида уйимизда тиловат қилиб беради” деб васият қилади. Фарзандлари Шайх Муҳаммад машҳур киши бўлгани, уни узоқдан уйга олиб келиш учун имконлари йўқлигини ўйлаб тараддудланадилар. Улардан бири бу ҳақда Шайх Муҳаммадга хабар қилганда, шайх йўл ва маросимнинг барча харажатларини ўз зиммасига олади ва боришга ваъда беради. Аза маросимидан аввал Миср давлат бошқарув тизими раҳбарларидан бири  шайхга телефон қилиб, президент Анвар Саадатнинг онаси вафот этгани ва унинг уйига бориши зарурлигини таъкидлайди. Шайх Муҳаммад унга бир камбағал киши вафот этганини ва уни васиятини бажаришга ваъда берганини айтиб, узрини билдириб, раҳбарга рад жавобини беради. Орадан бир неча кун ўтиб, Президент онаси вафоти билан маросим ўтказганда, Шайх Муҳаммад ҳам боради ва у билан кўришганда президент Саадат унинг ваъдасига вафо қилганини эътироф этиб: “Аллоҳга қасамки, мавлоно, сиз эҳтиромга сазовор кишисиз, мени наздимда янада буюк бўлиб кетдингиз. Онам вафот этганда сиз Халил амакининг фарзандларига берган ваъдангизни бажариш учун узр айтдингиз” дейди.

1980-йили Миср Республикаси Президенти Анвар Саадатнинг қарори билан Танто шаҳридаги Аҳмадия масжидига имом қилиб тайинланди. Шайх Муҳаммад бу масжидда тиловат қилиш билан бирга Қироат ва тажвид илмларидан дарс беради. Уни кўплаб чет эл мамлакатларига Рамазонда хатмга ўтиш ва турли маросимларга тиловат қилиб бериш учун таклиф этилади. Лекин у аксарият таклифларга рад жавобини беради. Фақат айрим Араб давлатларига борди ва Мисрдан чет элга Қуръон тиловати учун расмий сафар қилган биринчи кўзи ожиз қори бўлди.

Миср телевидениеси расмийлари 1980-йилларда кўзи ожиз қориларни маросимларда телевиденияга олишни тақиқлаб қўйишганди. Чунки улар қироат пайтида соатни кўра олмай, белгиланган вақтдан ўтиб кетардилар. Ўта зарурат бўлса, бу каби қориларни ёнида бир киши туриб, вақт якунланганини билдириш учун икки дақиқа аввал икки бармоқларини ушлаб қўярди. Шайх Муҳаммад бу каби тақиқлардан истисно қилинганди.

Шайх Муҳаммад Абдураҳмон Бек Рамазоннинг сўзлари юзага чиқиб, устоз қорилар шайх Маҳмуд Халил Хусорий, Мустафо Исмоил каби етук қори бўлди. Атрофдагилар унга “Фақиҳ қори”, “Ранг-баранг оҳанг билан ўқувчи, вақф, ибтидо (қироатда тўхташ ва бошлаш) устози” каби номлар беришди. У араб тили қоидаларини ва Қуръон маъноларини яхши тушунгани учун тиловатда қайси жойда тўхташ ва қаердан давом эттиришни жуда яхши биларди. У Қуръонни гўё тафсир қилаётгандек ўқир, эди. Ҳатто унинг бу борадаги илми, моҳирлиги, овоз оҳангларини ўрганиб, 1990-йили Саудия Арабистонидаги ал-Малик Абдулазиз Оли Сауд университетида доктор Муҳаммад Исавий докторлик диссертациясини йўқлаган.

Оиласи

Шайх Муҳаммаднинг олти ўғил, уч қизи бўлган. Унинг энг хурсандчилик кунлари оиласи даврасида, набиралари қуршовида ўтган кунлари эди. Болалар келиб, атрофида ўйнасалар у ҳам бирга қувнаб кетарди.

Вафоти: Шайх Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи фарзандларига “Мен вафот қилсам жанозамни жума намозидан кейин Тантодаги Аҳмадия масжидида ўқинглар” деб васият қилган эди. У 2003-йил 2-май Жума куни вафот этган ва васиятига кўра ушбу масжидда жанозани адо қилинган. Худди шу куни унинг аёли ҳам аср намозидан кейин оламдан ўтган.

Муҳаммадзариф Муҳаммад Олим ўғли тайёрлади

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги муносабати билан бугун Ургут туманида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда вакиллик ҳуқуқшуноси Х.Маматов сўзга чиқиб, Конституциямиз жорий йилда тубдан янгиланган Асосий қонун умумхалқ референдуми натижасида қабул қилинганлигини ва миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор барча устувор қоидалари тўғридан-тўғри қўлланадиган мукаммал Конституцияга эга бўлганлигимизни алоҳида таъкидлаб ўтди. Қолаверса, Конституцияни ва унинг биронта қоидасини замон ва маконнинг хусусияти талабларига зид равишда ўзгартириб бўлмаслигини айтиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг эътибор ва ташаббуслари самараси ўлароқ, ҳар жиҳатдан такомиллашиб бораётган тизимимиз бу давр олдимизга қўяётган устувор вазифаларни шараф билан адо этиш учун барча имкониятларга эга эканлигини таъкидлаб, қонун барчамиз учун баробар ва биз унга бирдек бўйсунишимиз зарурлигини барча диний соҳа ходимларига айтиб ўтди ҳамда яқинлашиб келаётган бу улуғ кун билан барча имом-хатиб ва имом-ноибларни муборакбод этди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

 

Сторінка 12 з 305
Top