muslim.uz.umi
Абул Баракот насафий ва унинг “Канзуд дақоиқ” асари
Маънавий мерос
Ҳофизуддин Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Насафий Насафдан етишиб чиққан забадаст олимлардан бўлиб, 1232 йилда қадимий Насаф шаҳрида таваллуд топган. У беназир фақиҳ, ҳадис ва Қуръон илмларида комил бўлгани манбаларда келтирилган.
Олим яшаган даврда Насафдаги маданий ва иқтисодий ҳолат таназзулга юз тутган эди. Чунки бу даврда Мовароуннаҳрни муғуллар Чиғатой улуси таркибида бошқарган эди. Айнан шу даврни тарихчилар “Шарқ таназзули” деб ҳам атайди.
Насафийнинг умумий ҳисобда 13 та илмий асари бор. Уларнинг барчаси бизгача етиб келган. 5 таси фиқҳ, 4 таси калом, 3 таси усулул-фиқҳ, 1 таси тафсир илмига бағишланган. Бу асарларнинг 6 таси нашр этилган.
Муаллифнинг асарлари ичида “Канзуд-дақоиқ” асари ҳанафий фиқҳи бўйича машҳур муҳим манба ҳисобланади. Мазкур асар алломанинг “ал-Вофий фил-фуруъ” асарининг қисқартирилган шакли. Уламолар бу асарни ҳанафий мазҳабида Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя”сидан кейинги ўринга қўйишади.
Насафий “Канзуд дақоиқ” муқаддимасида асарнинг ёзилиш сабабини бундай изоҳлайди: “Кишиларнинг ҳиммати пасайиб, мухтасарга мойил, узундан узоқ асарларни табиатлари кўтармайдиган бўлиб қолганини кўрганимдан кейин “ал-Вофий” учун умумий ва келиб чиқиши бир бўлган масалаларни танлаб олдим. Зеро, бу ҳолатда фойдаланиш учун қулай ва мурожаат қилиш осон бўлади. Фозилларнинг улуғларидан бир жамоа илтимос қилганидан кейин, имкониятим чекланган бўлса ҳам, уни ёзиб тугатдим ва “Канзуд дақоиқ” деб атадим”.
“Канзуд дақоиқ” асари мадрасаларда дарслик сифатида ўқитиб келинган. Шунинг учун унга ўнлаб шарҳлар битилган. Бундай шарҳларнинг кўплиги ушбу асарнинг нақадар машҳурлиги ва ҳанафий мазҳабида мўътабар манба эканлиги ҳамда ҳанафий фиқҳи илми ривожида беқиёс эканлигидан далолат беради.
Олимлар асарни “Мухтасарул Қудурий”дан кейинги мўътабар манба дейишади. Афсус, мўғуллар тазйиқи остида Насафий умриниг охирларида ватанидан узоқда бўлиши сабабли унинг асари “Мухтасарул виқоя” асари сингари Мовароуннаҳрда оммалашмади. Шундай бўлса-да, ҳанафий мазҳаби тарқалган ҳамда мазҳабларни қиёсий ўрганадиган илм масканларида асар ҳозирги кунгача дарслик сифатида фойдаланиб келинмоқда.
Шунга кўра, алломанинг мазкур асарини таржима ва тадқиқ қилиш ҳамда бой меросини халқимизга етказиш бугунги кунда муҳим аҳамият касб этади.
Нуриллахон АБДУЛЛАХОН ўғли
Каъбатуллоҳ ювилиб, хушбўйликлар сепилди
Макка мукаррама шаҳридаги Масжидул ҳаромда муқаддас Каъбани ювиш анъанавий маросими бўлиб ўтди.
Arab news хабарига кўра, шарафли маросимни Макка амири ўринбосари, шаҳзода Бандар бин Султон бин Aбдулазиз амалга оширди.
Каъба йилига икки марта ювилади, одатда бу тадбир муқаддас Рамазон ойи бошланишидан бироз олдин ва Ҳаждан олдин бўлиб ўтади. Биноларни ювиш учун Каъбанинг ўзидан унчалик узоқ бўлмаган ва муқаддас ҳисобланган Замзам булоғидан сув ишлатилади.
Сувга Тоиф шаҳрида етиштирилган гуллардан олинган атиргул мойи, шунингдек, ноёб ажар дарахтидан олинган қимматбаҳо тутатқи – Камбоджа уд қўшилади.
Каъбанинг деворлари атиргул суви билан намланган юмшоқ мато билан ичкаридан тозаланди, поллари эса қўл ва хурмо барглари билан ювилади. Каъбани ювиш тадбири иштирокчилари Каъба атрофида тавоф қилди, сўнгра намоз ўқиди.
Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ишлари бўйича бошқармага қарашли Aтирлар ва тутатқилар бўлими вакили Масжидул Ҳаромни энг яхши парфюмерия воситалари билан хушбўй ҳолатга келтирилди, бу Каъбани ювиш ишлари тугаганидан кейин амалга оширилди, – дея таъкидлади.
Байтуллоҳни атирлар ва тутатқилар билан хушбўй қилиш бўлими кечаю-кундуз Масжидул Ҳаром ва унинг барча томонларини хушбўй қилиш бўйича саъй-ҳаракат қилиб, Масжидул Ҳаром (60) дан ортиқ тутатқи билан тутатилиши ва Каъбага ҳар бир фарз намозида Қора тошдан бошлаб, Яман бурчаги, кейин Мултазам ва Каъба эшигига икки бўлак яхши уд ёғи сепилишини маълум қилди.
Ушбу хизмат Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавий ишлари бошқармаси ижрочи директори шайх доктор Aбдул Раҳмон бин Aбдулазиз Aл-Судайс томонидан Байтуллоҳни зиёрат қилганлар учун барча хизматлардан фойдаланиш учун йўналтирилган хизматлар доирасида амалга оширилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими
Илёсхон Аҳмедов тайёрлади
Ҳар ерни қилма орзу...
Бугун минглаб юртдошларимиз оиласини боқиш ва яхши яшаш учун Россия, Корея, Америкаю Европада меҳнат қилмоқда. Омади келиб тўкин-сочин яшаётганлар, иш тополмай саргордон юрганлар ё ўзи ялло қилиб, оиласидан хабар олмаётганлар ҳам топилади.
Айниқса, охирги пайтда Америка қўшма штатларига кетиш “тренд”га чиқди. Бу йўлда кимдир “Гренд кард” ёки шу каби қонуний виза олиб кетаётган бўлса, айланма йўллар орқали ноқонуний боришга уринаётганлар ҳам бор. “Сеҳрли диёрга” айланма йўлдан олиб бориш хизмати 20-60 минг доллар. Бу пулни топиш учун уйини ёки борини сотиб кетаётганлар анча. Бунинг ортидан чув тушаётганлар, манзилга етолмай ярим йўлдан ортга қайтаётганлар ёки бошқа юртларда сарсон бўлаётганлар ҳам кам эмас.
АҚШга минг азобда етиб борганларни ҳам ҳеч ким қучоқ очиб кутиб олмайди. Нари борса, ҳайдовчилигу, бирор оддий хизматчи бўлар. Буларнинг барчаси минг машаққатларга, ҳаётини хавфга қўйишга арзийдими?!
Мўмин киши бирор иш қилишидан олдин ақл тарозисига тортиб, динимиз кўрсатмаларига тўғри келиш-келмаслиги, ишининг паст баландини таҳлил қилиб, шунга кўра иш тутади. Керакли ўринда таваккал қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарса учун қурол-аслаҳа бор, ақл мўминнинг қуролидир. Ҳар бир нарса учун улов бор, ақл кишининг уловидир. Ҳар бир нарса учун асос бор, диннинг асоси ақлдир. Ҳар бир қавмнинг шиори бор, бандаларнинг шиори ақлдир. Ҳар бир савдогарнинг сармояси бор, ғайратли савдогарнинг сармояси ақлдир. Ҳар бир уй аҳли учун қўриқловчи бор, сиддиқлар хонадонининг қўриқчиси ақлдир. Ҳар бир харобани обод қилгувчиси бор, охиратни обод қилгувчиси ақлдир. Ҳар бир кишининг унга нисбат бериладиган зурриёди бўлади ва ўша зурриёди билан эсланади. Сиддиқларга нисбат бериладиган ва улар эсланадиган зурриёд ақлдир. Ҳар бир мусофир учун бошпана бор, ақл мўминнинг бошпанасидир”, деганлар.
Аллоҳ таоло инсон зотини мана шу ақл туфайли мукаррам этиб, уни барча жонзотлардан афзал қилди. Уни ишлатиш, ҳар бир ишда тадаббур, мулоҳаза қилиш мўминга хос ҳислат.
Юқоридаги каби охирини ўйламай иш қилаётган, ўзини ҳам яқинларини ҳам қийин аҳволга солиб, хорижга отланаётганлар ҳақида бу гапни айтиш қийин. Айниқса, неча йиллаб хорижда юриб, оиласидан хабар олмайдиган, аросатга солиб қўйганларни нима дейиш мумкин?!
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “…ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..” (Бақара сураси 195-оят), дея марҳамат қилган. Аммо орамизда бу амрнинг тескарисини қилаётган, тақдирига енгил қараётганлар кўпгандек.
Ҳар бир эр-йигит учун оиласини боқиш, меҳнат қилиш фарздир. Бу йўлда четда ишлаши ҳам мумкин. Бунга Қуръони каримнинг: “У сизларга ерни бўйсундириб қўйган зотдир. Бас, унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг!” (Мулк сураси, 15-оят) далил.
Аммо уламоларимиз хорижда ишлашнинг ҳукми ҳақида, ўз мамлакатида энг зарурий тирикчилик воситаларига эга бўлолмаса, муҳтожликка кириб қолса, бошқа жойга ишлаш учун бориши жоиз деганлар. Бу узрли деб қаралади. Бунинг учун оиласи азият чекмаслиги зарур. Уларнинг таъминотини бир дам тўхтатмаслиги ёки ўзга муҳтож қилмаслиги керак. Чунки эркакларнинг зиммасига аҳли аёл нафақаси фарздир. Бу хусусда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва ссаллам: “Киши ўз қарамоғидагиларини нафақасиз ташлаб қўйиши унинг қаттиқ гуноҳкорлигига кифоя қилади” (Имом Абу Довуд ривояти), дея марҳамат қилганлар.
Аммо ўз юртида тирикчилиги бўла туриб, ўзга юртларга мол дунёни кўпайтираман деб, роҳат-фароғат мақсадида кетса, бу ишда кароҳият бор дейилган. Афсуски, бугун молу дунё умидида кетаётганлар кўп. Чунки иши юришмаган ёки топиш-тутиши бироз камроқ киши борки, қаноат қилиш ўрнига четга кетиш пайида. Хорижда гўё ҳамма нарса муҳайёдек.
Бир танишимизнинг ўғли тайёр ишини ташлаб Россияга кетди. Ҳар йили бир ишлаб келиб камини ямайди. Уй қуради, тўй қилади шу билан эрта баҳорда яна Россияга отланади. Ҳеч ками битмайди. Буёғига болалари катта бўляпти...
Шуниси аниқки, ҳар бир йигит ёшлигидан касб-ҳунар ўрганса, илм олса, ҳеч бўлмаса чет тилини ўрганса, ҳеч қаерда хор бўлмайди. Хоҳ четда, хоҳ ўзимизда бўлсин ишини топиб кетаверади.
Асосийси, ризқ Аллоҳдан эканига имон келтириб, ҳалол ризқ пайида бўлса, буни Аллоҳдан астойдил сўраб, ҳаракат қилса, Аллоҳ мўл ризқ беради, иншоаллоҳ. Қуръони каримда: “...Бас (шундай экан), сизлар ризқни Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар ва Унга шукр қилинглар!” (Анкабут сураси 17-оят), дея марҳамат қилинган.
Бобур МУҲАММАДИЕВ