muslim.uz.umi
Мавритания – асл араб тили сақланиб қолган ўлка
Минтақа
Мавритания Ислом Республикаси Африканинг шимоли-ғарбидаги давлат. Пойтахти – Нуакшот. Ҳудуди – 1031 минг квадрат километр. Маъмурий-ҳудудий бўлиниши – 12 вилоят ва Нуакшот автоном вилоятидан иборат. Аҳолиси – 3,30 млн. киши. Давлат тили арабча.
Мавритания – ривожланаётган камбағал давлат. Унинг Мавритания деб аталиши тасодифий эмас. Аҳоли ўзларини ўрта асрларда Испания мусулмонлари бўлган маврларга алоқадор деб билади. Уларнинг аждодлари геноцидни бошдан кечириб, Испаниядан Африкага қочишга мажбур бўлган. Афсуски, Пиреней ярим оролидаги мусулмон давлатининг юксак маданиятини қочқин бўлиб Африкага борган аҳоли сақлаб қола олмади, аммо мавританияликлар орасида "Андалус" ва "Кордоба" номларига бўлган муҳаббат ўзгача. Кўплаб қаҳвахоналар, сартарошхоналар ва бошқа муассасалар ана шу қадимий номлар билан аталади.
Аҳолиси
Мавританияликлар Исломга эътиқод қилади ва икки гуруҳга бўлинади. Мамлакат жанубидаги Сенегал дарёси қирғоғи аҳолиси (волоф, тукулер ва сонинклар) деҳқончилик билан шуғулланади. Улар мамлакат аҳолисининг бешдан бир фоизини ташкил қилади. Қолган аҳоли – чорвадор ва кўчманчилар – чўл ва чала чўлларнинг кенгликларига тарқалиб кетган. Этник келиб чиқишига кўра, улар араб, бербер ва ғарбий африкалик аралаш бўлган маврлар ва туарегларга оид. Берберлар шимолий ва шимоли-ғарбий Африкада милоддан авваллари ҳам яшаган. VII-VIII юзйилликларда араблар кириб келганидан сўнг берберларнинг баъзи қабилалари араблар билан чатишиб кетган. Уларнинг ҳаммаси Исломга кирган ва араб тилида гаплашишни одат қилган.
Соф араб тили
Мавританияликларнинг лингвистик хусусияти шундаки, улар соф адабий араб тилида, муқаддас Қуръон тилида гаплашади. Уларнинг тилини араб нутқи намунаси дейиш мумкин. Кўплаб араб давлатлари аҳолиси турли шеваларда гаплашадилар. Арабларнинг оғзаки нутқи адабий тил нормаларидан жуда узоқлашиб кетган, лекин бундан мавританлар мустасно. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидан ўзларигача етиб келган нутқ услубини сақлаб қолишган ва соф адабий араб тилида мулоқот қилишади.
Дунёдаги энг қадим миноранинг иккинчиси
Мавританиядаги хорижлик сайёҳларни табиий ландшафтларнинг гўзаллиги, қадимий тарих ва меъморчилик ёдгорликлари, маҳаллий халқларнинг бой маданий анъаналари ўзига жалб қилади. Жумладан, Шингетти жоме масжиди XIII-XIV асрларда Мавританиянинг Адрар минтақасидаги Шингетти воҳаси шаҳри асосчилари томонидан барпо этилган қадимий ибодат марказидир. Ушбу қадимий масжиднинг минораси мусулмон оламида доимий фойдаланиладиган иккинчи энг қадимги минора ҳисобланади. 1970 йилларда масжид ЮНЕСКО саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланган, аммо шаҳар ва масжидга кучли чўлланиш жараёни ҳамон хавф солиб турибди.
Дини
Мамлакат аҳолисининг 99,6 фоизи – мусулмон. Бу ерда аҳли суннат вал жамоатнинг моликия мазҳаби кенг тарқалган. Исломнинг кириб келиши VIII асрда бошланган. Аҳолининг 0,1 фоизи африкаликларнинг анъанавий эътиқодларига (анимализм, фетишизм, тотемизм, табиат кучлари ва бошқаларга) амал қилади. Насронийлик XVI-XVII асрларда тарқала бошлади. Насронийларнинг кичик жамоасининг аксари католиклардир.
Мавритания айни кунларда камбағал давлатлар сирасига кирса-да, жадаллик билан ривожланиб бораётган ўлка. Бунда, албатта, мамлакат аҳолисининг ўз динига мустаҳкам эътиқоди, меҳнатсеварлиги, энг муҳими, илмга ташналиги муҳим роль ўйнамоқда.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
Таркидунёчилик йўқ
Таянч нуқта
Исломда инсонни хўрлайдиган, мажбурлайдиган, ҳаётини азобга айлантирадиган буйруқ, қоидалар йўқ. Аллоҳга ибодат ниятида таркидунё қилиш, ўз жисмига азият бериш, уйланмаслик, таом ва уйқудан воз кечиш кабиларни Пайғамбар алайҳиссалом ман этганлар. Зеро, ибодатлар машаққат, ташвиш эмас; ҳузур, ҳаловат бахш этиб, Аллоҳга яқинлаштиргувчи амал бўлганида маъно касб этади. Шунинг учун “Динда зўрлаш йўқ” (Бақара сураси, 256-оят). Ташқаридан қанчалик мукаммал кўринмасин, самимий ихлос билан қилинмаган амал Аллоҳ ҳузурида ҳеч қандай қийматга эга эмас.
Ислом одамни азобламайди, шу билан бирга, ўзини ўзи азоблашига ҳам изн бермайди. Ояти каримада айтилади: «Айтинг: “Бандалари учун чиқарган Аллоҳнинг зийнатини ва пок ризқларни ким ҳаромга чиқарди?» (Аъроф сураси, 32-оят). Бундан биламизки, соғлом руҳиятдаги инсон истифода этиши мумкин бўлган барча моддий ва маънавий завқлар энг мукаммал кўринишда динимиз кўрсатган ҳалоллар доирасида мавжуддир. Энди, ҳаддидан ошиб, ҳаром йўллар ва нарсалардан завқ ахтарадиганлар руҳияти бузуқ, йўлдан озган кимсалардир. Улар диний кўрсатмалар бўйича яшашни имконсиз деб ҳисоблайди. Ваҳоланки, Ислом фитрат динидир, у инсоннинг табиий эҳтиёжларини ҳалоллик билан қондириш йўлларини кўрсатиб берган.
Ибодатларнинг миқдори Аллоҳ таоло томонидан белгиланди ва Расули томонидан амалиётга татбиқ этилди. Аллоҳ таоло белгилаган ўлчовлар дахлсиз. Уларга аралашиш, орттириш ёки камайтириш айни ҳалокатдир.
Пайғамбар алайҳиссалом рўзадорнинг ифтор қилмасдан шом намози ўқишини маъқул кўрмаганлар. Зеро, Аллоҳнинг бир буйруғини адо этиш учун бутун кун нафсини тийган одамни оғиз очадиган пайтида иккинчи қийинчиликка солиш ўринсиздир. Имом Ғаззолий ибодатлар миқдорини дорилар қоришмасига ўхшатади. Шифо топиш учун бу миқдорга амал қилиш зарурлигини айтади. Баъзи уламолар бундай дейди: “Билиш керакки, Аллоҳ таолонинг розилиги ва муҳаббати ўзига ўзи бефойда азоб бериш, жонини машаққатга қўйишда эмас”. Шунга кўра, қиш кунларида иссиқ сув туриб, савоби кўп бўлсин, дея совуқ сувда таҳорат қилиш, ёнида масжид туриб узоқдаги жомега бориш ярамайди.
Ислом енгиллик устига барпо қилинган. Лекин бу ҳамма нарса мумкин ва ўзбошимчаликка рухсат, деганимас. Енгилликнинг ҳам чегараси бор. Қуръони каримнинг қуйидаги огоҳлантиришга дуч келамиз: “Бу Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳ чегараларидан тажовуз қилиб ўтса, демак, у ўзига зулм қилибди” (Талоқ сураси, 1-оят).
Киши ифротга ёки тафритга йўл қўйиши билан ўзига зулм қилади. Расулуллоҳ алайҳиссалом ибодатда ҳам мўътадилликка чақирганлар. Хасталик ёки сафар асноси намоз, рўза каби ибодатларда берилган енгилликдан фойдаланмасликни, ўзини қийнаб нафл намоз ўқишни маъқул кўрмаганлар. Намозни чўзган имомни танқид қилганлар. Ҳузурларига бир бадавий келиб, Ислом шартларини сўради. У зот алайҳиссалом шаҳодат калимаси, беш вақт намоз, рамазон рўзаси, нисобга етган молдан закот бериш ва қодир бўлса умрда бир марта ҳаж қилишни санаб ўтдилар. Бадавий: “Сизга икром этган Аллоҳга қасам, шу санаганларингиздан оширмайман ҳам, камайтирмайман ҳам”, деди ва кетди. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Агар айтганини қилса, нажот топади” (Муттафақун алайҳ).
Абдулвоҳид ИСАҚОВ,
Наманган шаҳридаги Мирёқуббой Мирҳакимбой
жомеъ масжиди имом-хатиби
3 та тижорат банкида Ислом молияси мезон тартиблари жорий этилади
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра келгуси етти йилда:
-камида 3 та тижорат банкида Ислом молияси мезон ва тартиблари жорий этилади.
-банкларни хусусийлаштириш кенгайтирилади ва давлат ихтиёрида 3-4 та банкни сақлаб қолинади.
-банк бозорига камида 4 та йирик нуфузли чет эл банкини жалб қилинади.