muslim.uz

muslim.uz

Франциянинг Лион шаҳрида Мусулмон тамаддуни француз институти тантанали очилиш маросими ўтди. Ушбу институтни очиш ишлари бундан 38 йил аввал бошлаб юборилган. 1981 йилнинг 28 апрелида Валери Жискар д’Эстен Франция президентлигига номзодини иккинчи марта қўйган ва сайлов компанияси пайтида француз мусулмонлар учун маданий марказ қуриш ҳақида маълум қилган.

Лиондаги катта масжид 1994 йилда қурилган, бироқ институт лойиҳаси эсдан чиқарилган. 2012 йилда лойиҳа яна кун тартибига чиқарилди. Француз масжидлари учун мамлакатнинг ўзида имомлар тайёрлаш масаласи муҳим экани таъкидланди. Институт биносини қуриш учун маблағ йиғиш бошланди.

Қурилиш ишлари ишлари учун 7 млн. евро маблағ тўпланди.

Институтнинг очилиш маросимида Франция ички ишлар вазири, Лион шаҳри мэри, француз сиёсатчилари ва мусулмонлар жамоаси вакиллари иштирок этди.

Лион масжиди ва институт президенти Камол Кабтане сўзларига кўра, институт эшиклари барча учун очиқ. Ушбу институтнинг асосий вазифаси илм-фанни ривожлантириш, инсонлар онгидаги Ислом дини ҳақидаги янглиш тушунчаларга барҳам бериш экани айтилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Бангладеш ҳукумати роҳинжа мусулмонларини мунтазам тошқинларга учровчи Бхасан Чар оролига кўчириб ўтказмоқда.

Орол Бенгал кўрфазида жойлашган бўлиб, ҳукуматда таъкидланишича, бир неча минг роҳинжа у ерга кўчиб ўтишга розилик берган. Ҳаммаси бўлиб оролга 100 минг мусулмон кўчирилади. Ҳозир улар Кокс-Базар шаҳрида жойлаштирилган.

“Биз кўчиришни кейинги ойдан бошламоқчимиз. Қочқинлар босқичма-босқич кўчирилади. Мутасадди идораларимиз у ерга кўчишни истаётганлар рўйхатини тузмоқда”, деб айтган амалдорлардан бири.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Бангладешнинг бу қароридан ташвиш билдирган. Орол бир неча маротаба тошқинлар остида қолган. Бундан ташқари, у узоқда жойлашган.

2017 йилда Мьянмада роҳинжалар ва ҳукумат қўшинлари ўртасида ихтилоф бошлангандан кейин 700 минг роҳинжа Бангладешга қочганди. Ҳарбийлар бир йил ичида 20 минг мусулмонни ўлдирган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Середа, 23 октябрь 2019 00:00

Рашкнинг меъёридан ортиғи ҳақида

«Рашк» аслида форсча сўз бўлиб, ўзига тегишли бўлган, ўз ҳаққи деб билган нарсани қизғаниш, унда бошқа бировнинг шериклик қилишидан қалбнинг норози бўлиши ва изтиробга келишидир. Рашк кўпроқ эр ва аёл ўртасида намоён бўлади ва кучлироқ кечади. Бу туйғуда аёл ва эркак муштаракдир. Баъзан аёлларда рашк қаттиқроқ бўлади.

Рашк араб тилида «ғойротун» сўзи билан ифодаланади. Бу ўзак бизда «ғайрат» ­«шижоат», «ғайри», «ғайрлик» сўзларида ифода топган. Ҳақиқатан, бу сўзнинг туб мазмунида мазкур маъноларнинг барчаси мужассам.

Рашк инсоннинг фитратида бор табиий хислат, соғлом ғариза (инстинкт) ҳисобланади. Рашк меъёрида бўлиши керак. Агар рашк умуман бўлмаса, бу даюслик, қизғонмаслик бўлиб, Ислом динида даюслик қаттиқ қораланган ва охиратда ундай кимсаларга оғир азоб эълон қилинган. Агар рашк меъёридан ортиб кетса, ўзаро ишончсизликка, муносабатлар дарз кетишига, оилада жанжал бўлиши, кишини турли гап-сўзларни айтиб юборишига сабаб бўлиши мумкин. Кўп оилаларнинг бузилишига, эр-хотин жанжалларига рашкнинг ортиқчаси ҳам катта таъсир қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳафса розияллоҳу анҳонинг “София розияллоҳу анҳо яҳудийнинг қизи”, деган гапи етиб борганида София розияллоҳу анҳо йиғладилар. Шу ҳолда турганларида олдиларига Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар ва: “Сени нима йиғлатди?” деб сўрадилар. София розияллоҳу анҳо: “Ҳафса менга “Яҳудийнинг қизисан”, деб айтди!” дедилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен набийнинг қизисан. Сенинг амакинг ҳам набий ва сенинг эринг ҳам набий. У сенга нимада фахр қилар экан?!”, деб, “Аллоҳдан қўрқ, эй Ҳафса!” дедилар. Имом Термизий ривояти.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Софийя розияллоҳу анҳо онамизга «Сен Набийнинг қизисан» деганлари «Сен Ҳорун алайҳиссаломнинг авлодисан», деганларидир. Онамиз Ҳорун алайҳиссаломнинг авлоди, зурриёди эдилар.

«Сенинг амакинг ҳам Набий» деганлари эса «Амакинг Мусо алайҳиссалом ҳам Набий» деганларидир. Чунки, Мусо алайҳиссалом Ҳорун алайҳиссаломнинг укаларидирлар.

«Сенинг эринг ҳам Набий» деганлари «Эринг менман. Мен эса Набий ва Расулларнинг улуғиман» деганларидир.

Бу ҳадисда бир инсонни камситиш гуноҳ экани таъкидланяпти. Онамиз рашк туфайли кундошларига нисбатан баъзи гапларни айтган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳафса розияллоҳу анҳо онамизни камситувчи гапларни айтишдан қайтаряптилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳдан қўрқ, эй Ҳафса!» дейишлари шунга далолат қилади.

Шу билан бирга бу ҳадисда Софийя розияллоҳу анҳо онамизнинг фазилатлари баён қилиняпти.

 

Islom.uz портали ва бошқа сайт маълумотлари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

15-16 октябрь кунлари Қоҳира шаҳрида “Фиқҳий ихтилофларни маданий бошқариш” мавзусида бўлиб ўтган анжуманда сўзга чиққан олимлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, Миср Араб Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси, доктор Мустафо Мадбулийнинг нутқида шундай жумлалар алоҳида қайд этилган:
– Мамлакат учта асосга эга бўлганда давлат ҳисобланади. Улар: ер, халқ ва ҳокимият. Бизлар қадимги давлат билан замонавий давлат ўртасидаги фарқни яхши англаб олишимиз жуда ҳам зарур. Озчилик ва кўпчилик деган истилоҳлардан воз кечиш орқали барчани тенг кўриш лозим. Шунингдек, биз мамлакатимиз аҳолисини дини, ранги, ирқи ва бошқа сабабларга кўра, ажратмаган ҳолда фиқҳ фанидаги баъзи тушунчаларни янгича қараш билан ўқишга жуда муҳтожмиз.
Қадимги давлатлар даврига хос фиқҳдан замонавий давлатлар давридаги фиқҳига ўтиш керак. Зеро, бу ватандаги ва халқаро миқёсдаги шартнома ва қонунларга тўлақонли риоя қилиниши, пировард натижада баъзи фатволар давлат қонунлари билан қарама-қарши келиб қолмаслигига эришилади.


Диний идора Фатво ҳайъати

Вівторок, 22 октябрь 2019 00:00

Бағрикенглик – жамиятнинг ривожи

Бағрикенглик тушунчасини ифодалашда адолат ва бардош, эътиқодлилик каби муҳим ва асосий сифатларга тўхталиб ўтиш зарур. Шу билан бирга баъзи кишилар томонидан қўлланиб келаётган бағрикенглик ҳақидаги бир ёқлама тушунчани ҳам муолажа қилиш лозим. Чунки бағрикенглик фақат бардош яъни бошқа дин вакиллари томонидан  амалга оширилаётган ҳар қандай ишга сабр қилиб тоқатни маҳкам этиш деб, баҳолаб ҳам, таърифлаб ҳам бўлмайди. Бағрикенгликнинг асоси адолат. Шу маънода бағрикенглик тушунчасига қўйидагича таъриф бериш мумкин: Бағрикенглик деб, жамиятдаги қонун – қоидалар ва ҳуқуқий нормаларни жамият аъзолари орасидаги турли дин,  миллат ҳамда ирқ вакиллари орасида ҳам бирдек адолат билан қўллаш, бағрикенглик ва бардош жиҳатдан ушбуни қўшиш мумкин: уларнинг диний ёки маълум ўзларига хос, қонунга хилоф бўлмаган ҳаракат ва тадбирларига чиройли муносабатда бўлиб, ғазаб ёки нафратни “изҳор” қилмаслик деганидир.

Ана энди ўзимиз келтирган таъриф асосида бағрикенглик аввало шахсга кейин эса жамиятга ва бутун давлатга келтирадиган фойдалари ва мамлакат тараққиёти йўлидаги манфаатларида ўзига хос алоқалари ҳақида тўхталиб ўтамиз. Адолат деган тушунчани ривожлантириш ва жамият  орасида уни татбиқ қилиш борасида Аллоҳ Қуръони Каримда кўп оятлар нозил қилган. Улардан бири:

 “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида хукм қилсангиз, адолат или хукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир”. (Нисо сўраси 58-ояти карима.)

Кўриб турганингиздек Аллоҳ одамлар орасида қандай дин ёки миллат соҳиби бўлса ҳам адолат билан ҳукм килишни  ва уни бош мезон этиб олишни буюрмоқда.

Адолатли жамиятларда ривожланиш энг юқори чўққига чиқиб олишига тарихдан ҳам кўплаб гувоҳлар келтиришимиз мумкин. Келинг, “Тарих китоби”ни варақлашда биринчи бўлиб ҳурмат ва одоб юзасидан Аллоҳнинг ҳабиби, инсоният муаллими Муҳаммад алайҳиссаломнинг  ибрат ва ҳикмат чироқлари билан ёритилган ҳаётларига назар ташлаймиз. Чунки Ислом-бу адолат дини. Исломга эргашганлар хам адолат ва ҳақиқат умматларидир. Бунинг барига эса расулуллоҳнинг мана бу  биргина ишлари улкан намуна бўла олади.

“У зот Бадр куни саҳобаларининг сафларини қўлларидаги кичик таёқ билан тўғирлаб борардилар, шунда Адий ибн Нажжор жамоасининг шериги Савод ибн Узайянинг ёнларидан ўтаётиб, у сафдан чиқиб турганини кўргач, тўғри тургин эй Савод!, дея қўлларидаги таёқча билан тегиб қўйдилар. Шунда у: “Расуллуллоҳ, оғритдингиз, Аллоҳ сизни адолат ила юборган, мен ҳам энди сиздан ўч олайин”, деди.  Расуллуллоҳ: “Майли, олақол!”, дедилар. Савод бўлса: “Менга таёқни теккизганингизда куйлагим йўқ эди, деганди, Аллоҳнинг пайғамбари қоринларини очиб бердилар-да, мана ўчингни олгин!, дедилар. У бўлса у зотнинг қоринларини маҳкам қучиб, ўпиб олди ...

Мана сизга Исломнинг ўрнатган адолати-ю, унинг чексиз фойдаларидан бир кўриниш. Бошқа подшоҳлик ва амирликлар тарихида адолатни кўрмоқчи бўлсангиз Жаҳонгирмирзо, Амир Темур ҳазратларининг тузган салтанатларига бир назар ташаб қўйинг!

Бағрикенгликнинг таърифимиздаги иккинчи асоси бардошлилик ҳақида ҳам кўплаб гапириш мумкин. Аммо... Бардошлилик – яхши хислат ва фазилатлардан саналади. Шундай экан бардошли киши барча жамият аъзолари томонидан севилади. Чунки бундай инсон жиззаки бўлмайди. Ичи бировнинг сирлари билан тўлиб кетса ҳам, уни ошкор қилмайди. Қалбида ғазаб ёки нафратни кўтариб юрмайди. Шундай бўлганидан кейин у жамият манфаатлари ва тараққиёти йўлида муҳаббат билан ҳаракат қилади. Натижада ташқи таъсирларга ҳам ўзига хос муносабат билдира олади. Ҳозирги  кунда авж олган “Халифалик тузиш”, “Ислом давлати”ни барпо қилиш ғоясининг вакилларида айни шу жамият ва давлатга нисбатан нафрат ва ғазаб бор. Демак, бағрикенгликнинг бир қисми бўлган “бардошлилик” жамият аъзоларини бундай ғояларга ўралашиб қолиб, давлат ривожланишига улкан зарар келтиришдан сақлайди.

Бағрикенглик орқали турли миллат ва дин вакилларининг орасида муҳаббат уйғонади. Бу эса “давлат цивилизация” си учун муҳим ўрин тутади.

Чунки ривожланиш учун ҳамма бирдек ҳаракат килиши лозим. Агар жамиятдаги кишилар бир – бирини дини, миллати сабабли ажратиб бир ёқадан бош чиқармаса, кутилган ривожланишни “ТУШ” да кўриш мумкин,  холос.

Бағрикенглик орқали жамият аъзолари содда тил билан айтганда халқ орасида психологик барқарорлик ҳамда хавфсизликни пайдо бўлишида “Подшоҳнинг тожи” (чунки тожсиз подшоҳни тасаввур қилиш қийин)каби вазифани ўтайди.

“Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бағрикенглик орқали инсоннинг иммунетити мустаҳкам бўлади. Шу билан бирга депрессион ҳолатлар содир бўлиши кузатилмайди”, дейилади АҚШда чоп этилган журналларнинг бирида.

Хулоса шуки, бугунги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар халқимизнинг тарихий-маданий тажрибаси маҳсули сифатида Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналишидан келиб чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган стратегияси халқаро ҳамжамият томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганининг яққол далилидир.

Тухтаев Илҳомжон

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти 3  курс талабаси

 

Top