muslim.uz

muslim.uz

24 октябрь куни Россия Федерациясида хизмат сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси Халқаро алоқалар бўлими мудири Муҳаммад-Акмалхон Шакиров халқаро анжуман доирасида Россия мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Талъат Тожуддин жаноблари билан учрашди.
Мулоқотда Муҳаммад-Акмалхон Шакиров бош муфтий Талъат Тожуддинга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг саломларини етказди. Ўз навбатида, Талъат Тожуддин Ўзбекистон делегациясининг халқаро анжумандаги иштирокини юқори баҳолади.
Ўзаро суҳбатда бош муфтий жаноблари Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасида таҳсил олган даврларни хотирлаб, табаррук устозлардан сабоқ олгани, хусусан, Юсуфхон тўра Шокирхон ҳазратларидан дарс олганларини алоҳида қайд этди.
Шунингдек, у Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси ўртасидаги дўстона муносабатлардан бағоят мамнун эканини билдирган. Келгусида ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда ривожлантириш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишини билдирди. Келгусида таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали Ўзбекистондаги диний таълим муассасаларида россиялик ёшларни ўқитиш ва диний соҳа ходимларининг малакасини оширишнинг йўлга қўйилиши жуда катта самара беришини қўшимча қилди.
Бундан ташқари учрашувда икки халқ ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашда диний-маърифий соҳадаги ҳамкорликнинг ўзига хос ўрни борлиги, ўтган йиллар мобайнида Россиядаги дин пешволарининг юртимизга ташрифи ва ўзбекистонлик уламоларнинг Россия Федерациясига сафарлари ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққанини алоҳида қайд этилди.
Анжуман тафсилотларини сайтимизда кузатинг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

П'ятниця, 25 октябрь 2019 00:00

Қуръонни қалбга жо айлаб!

Жорий йилнинг октябрь ойи Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида "Қуръон ва тажвид ойлиги" деб эълон қилинган. Шу муносабат билан бугун 24 октябрь куни институтнинг талаба қизлари ўртасида "Қуръонни қалбга жо айлаб!" номли Қуръон мусобақаси уюштирилди. Мусобақани институт ректори У.Ғофуров кириш сўзи билан очиб берди.
Мусобақа қуйидаги 5 та шарт асосида бўлиб ўтди:
1. Ҳифз;
2. Тиловат;
3. Жамзурийнинг "Туҳфатул атфол" ва Жазарийниг "Манзуматул муқаддима" номли тажвидга оид асарларини ёддан ўқиш;
4. Шотибийда зикри келган етти қироат имомларининг хаётларини сўзлаб бериш;
5. Қуръонга оид саволларга жавоб бериш.
"Таҳфизул Қуръон" кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, кафедра устозлари - Аҳмадхон қори Рашидов, Валихон қори Азимбоев, Зафар қори Маҳмудов ва Жаҳонгир қори Рўзиев ҳакамлар ҳайъати аъзолари сифатида иштирокчиларнинг чиқишларини баҳолаб бордилар.
Беллашув якунига кўра, қуйидаги натижалар қайд этилди:
1-ўрин: 3-курс "Сабиқот" жамоаси;
2-ўрин: 2-курс "Бушро" жамоаси;
3-ўрин: 1-курс "Убай ибн Каъб" жамоаси.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига қимматбаҳо совға ҳамда дипломлар топширилди.

 


Манба: https://islaminstitut.uz

П'ятниця, 25 октябрь 2019 00:00

Таомнинг таъми ва лаззати шундадир

Бу дунё ажиб бир дунёдир. Унда баъзилар еганини ҳазм қилиш учун бир неча мил пиёда юрса, бошқалари эса қорнини тўйдириш учун бир неча миллаб таом излайди. Бири берилган неъматни исроф қилса, бошқа бири берилган неъматни паст санаб ношкурлик қилади.

Доимо чанқаганимизда сув ёки бирор бир шарбатларни ичамиз. Оч қолганимизда эса бир неча хил таомларни тановул қиламиз. Бироқ, кўпчилигимиз аксар ҳолларда бу неъматларни ким яратганлиги ва қандай қилиб бизга насиб қилганини эслашни унитиб қўямиз.

Таомланишдан олдин “Бисмиллаҳ”ни ва еб бўлгач “Алҳамдулиллаҳ”ни унутиб, ўзимизни гўёки бу неъматлар ота-боболаримиздан бизга мерос қолгандай тутамиз.

Агар таомда таъм ва лаззатни ҳис қилишни истасак, аввало “Бисмиллаҳ” билан бошлашимиз ва “Алҳамдулиллаҳ” билан тугатишга одатланишимиз керак бўлади. Бу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлиб, шу билан бир қаторда ушбу кичик бир сўзда жуда кўплаб ҳикматллар ва фойдалар бор.

Инсон таом ер экан ҳар замон “Алҳамдулиллаҳ” деса, еяётган таоми ҳақида тафаккур қилади. Натижада фақирларни, етим-есирларни ва ночорларни эслаб, Аллоҳ таолога шукр қилади. Бу иши билан еяётган нарсасининг таъмини ва лаззатини ҳис этади.

Аммо ҳайвон каби шоша-пиша, кам нафас олиб ва пала-партиш ейдиган кимсалар эса, на ҳамд айтади ва на шукр қилади. Натижада одобсиз таомланиб, таомнинг таъмини ҳам, лаззатини ҳам ҳис қилмайди. Бу эса энг хунук ҳолатдир.

Демак, кимда ким сув ичар экан уни ким яратганини, таом ер экан уни ким ато қилганини тафаккур қилса, ўзга ҳаёт ва ўзга оламни ҳис қилади ҳамда руҳан таскин топади.

Хулоса шуки, агар тоамимизни таъми ва лаззатини топишни истасак, уларни яратган ва берган Зотни эслашимиз лозим бўлади.

Эй Роббимиз, бизни бу неъматга сазовор қилгин.

 

ТИИ ўқитувчиси, “Шайх Зайниддин” масжиди имом хатиби Абдурахманов Яҳё              

П'ятниця, 25 октябрь 2019 00:00

Уккоша ким эди?

 Уккоша ибн Миҳсан улуғ саҳобалардан бўлиб, Бани Абдушшамс ибн Абдуманофнинг иттифоқдоши эдилар. У киши Исломга аввал кирган пешқадамлардан бўлиб, Мадинага ҳижрат қилганлар. Уккоша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан барча жангларда қатнашдилар.

Бадр кунида жанг қилаётганларида қиличлари синиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига йўғон таёқ бериб: «Мана бу билан жанг қил, эй Уккоша!» – дедилар. Таёқни олиб силкитган эдилар, қўлларида узун ялтироқ қиличга айланди. Уккоша розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани ато қилгунича ўша қилич билан жанг қилдилар. Бу қилич “Ал-авн” (ёрдам) деб номланарди. Ўша қиличлари доим унинг ёнида бўларди. У Ридда жангида ҳалок бўлганида ҳам қиличи ёнида эди. Ўшанда уни Тулайҳа ибн Хувайлид ал-Асадий ўлдирган эди. Бу воқеани Ибн Асир “Усдул ғоба” китобида келтирганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар” дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ўшалардан қилсин” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳим! Уни ўшалардан қилгин!»  – дедилар. Кейин яна бир киши ўрнидан туриб: “Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам ўшалардан қилсин” деди. Шунда у зот соллалоҳу алайҳи васаллам: “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” деб марҳамат қилдилар. Имом Муслим ривоятлари.

Ушбу ҳадисдан мана буларни оламиз:

  1. Яхшиликка шошилиш, мусобақа қилиш, кеч қолмаслик зарурлиги. Яхшилик борасида секинлашиш эса фойдадан маҳрум бўлишга, орзуга етолмасликка, мақсадга етишиш кечикишига, фурсат қўлдан бой берилишига сабаб бўлади.
  2. Яхшиликка уринган, шошилган кишини мукофотлаш.
  3. Солиҳ амалларга шошилувчиларни алоҳида зикр қилиш.
  4. Мукофот амалдан кейин бўлади. Уккоша розияллоҳу анҳу унгача кўп амал қилган, барча жангларда қатнашган эдилар. Аллоҳ таоло Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларига мазкур ҳадисни Уккоша розияллоҳу анҳу борликларида жорий қилди, Уккошага эса тезкорлик билан фурсатни ғанимат билишни насиб этиб, сўнггида мукофотни ато этди.
  5. Жавоб беришдаги лутф, мулойимлик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам иккинчи сўраган кишига “Сен лойиқ эмассан”, “Сен муносиб эмассан” демадилар. Балки унинг кўнглига ботмайдиган қилиб, “Уккоша бу борада сендан ўзиб кетди” дедилар ва бу билан қайта сўраш эшигини беркитдилар.
  6. “Ўзиб кетди” деган сўз билан яхшилик масаласида мусобақалашиш кераклигини баён этдилар.
  7. Мусобақада ютган кишининг исмини эслатиб, бошқаларга намуна қилиш. Уккоша деб эълон қилдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кириши берилдим. Уларнинг юзлари бадр (ой тўлган) кечадаги ойдек ва қалблари бир одамнинг қалбидек бўлади. Мен Раббим азза ва жалладан яна қўшишини сўрадим. У менга ҳар бирлари билан етмиш мингта қўшиб берди.

Бу ҳадиси шарифни имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. Устозларимиздан Мубашшир Аҳмад ҳафизаҳуллоҳ ушбу ҳадисни таржима қилиб, остига қуйидагича изоҳ ёзганлар: “Мен ҳисоблагични олиб етмиш мингни етмиш мингга кўпайтирдим. 4900000000 (тўрт миллиард тўққиз юз миллион) чиқди. Эй карами кенг Зот, Расулинг соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир сўровларига етмиш минг баробар қўшиб бердинг. Биз ҳам ўзимизнинг ҳолимиздан келиб чиқиб ўтинамиз, бизни ўша тўрт миллард тўққиз юз миллиондан биттаси қилгин! Ё Робб, бизни ҳисоб беришга мажолимиз йўқ.

Аллоҳ таоло бизни ҳам ана шу ҳисобсиз жаннатга кирувчилар сафида қилсин!

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

Четвер, 24 октябрь 2019 00:00

Тунда бажариладиган 4 амал

  1. Кечаси у ён-бу ёнга ўгирилганда Аллоҳни зикр қилиш.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда у ён-бу ёнга ўгирилсалар бундай дер эдилар:

لاَ إله إِلا الله الْوَاحِدُ الْقَهَّارُ رَبُّ السَّمَوَاتِ وَالأَرْضِ وَمَا بَيْنَهُمَا الْعَزِيزُ الْغَفَّارُ.

“Лаа илаҳа иллаллоҳу Ал-Вааҳидул Қаҳҳаару Роббус самавати вал арзи ва маа байнаҳума Ал-Азийз Ал-Ғаффор”

“Ягона ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У осмонлару ер ва уларнинг орасидаги нарсаларнинг Робби Азиз ва Ғаффордир.

 

  1. Тунда уйғонганда дуо қилиш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки кечқурун уйғонса:

لا إلَهَ إلاَّ الله وحْدَهُ لا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ المُلْكُ ولَهُ الحَمْدُ، وهُوَ على كلِّ شيءٍ قَدير، الحَمْدُ لله وسُبْحانَ الله ولا إله إلا الله والله أكبر، ولا حَولَ ولا قُوةَ إلا بالله.

“Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодийр. Алҳамдулиллаҳ, Субҳаналлоҳ ва Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар ва Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У ёлғиздир. Унинг шериги йўқдир. Моликлик Унга хос. Барча ҳамду сано Унга хос. У ҳар бир нарсага қодирдир. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Аллоҳни поклаб ёд этаман. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Аллоҳ буюкдир. Ҳеч қандай ўзгартириш ва куч-қудрат йўқдир, магар Аллоҳ(нинг ёрдами) ила бўлур, деб айтса, сўнг "Аллоҳим, мени кечиргин" деса, (ёки дуо қилса, дедилар) албатта, ижобат қилинади. Агар таҳорат қилиб, намоз ўқиса, намози қабул қилинади» (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ривояти). 

  1. Қўрқиб уйғонганда ушбу дуони ўқиш:

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: إِذَا فَزِعَ أَحَدُكُمْ فِي النَّوْمِ، فَلْيَقُلْ: أَعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللَّهِ التَّامَّاتِ مِنْ غَضَبِهِ وَعِقَابِهِ، وَشَرِّ عِبَادِهِ، وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ، وَأَنْ يَحْضُرُونِ. فَإِنَّهَا لَنْ تَضُرَّهُ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бирортангиз уйқуда қўрқса: “Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин ғазабиҳи ва иқобиҳи ва шарри ибадиҳи ва мин ҳамазатиш шайатийн ва ай яҳзурун”

“Аллоҳнинг мукаммал калималари ила Унинг ғазаби ва жазоси, бандаларининг ёмонликлари, шайтонларнинг васвасалари ва уларни менинг олдимга келишларидан паноҳ тилайман”, десин (Имом Термизий ривояти). 

  1. Ёмон туш кўрганда Аллоҳдан паноҳ сўраш:

وعَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ ، أَنَّهُ سَمِعَ النَّبِيَّ يَقُولُ: إِذَا رَأَى أَحَدُكُمْ رُؤْيَا يُحِبُّهَا فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ اللَّهِ، فَلْيَحْمَدِ اللَّهَ عَلَيْهَا وَلْيُحَدِّثْ بِهَا، وَإِذَا رَأَى غَيْرَ ذَلِكَ مِمَّا يَكْرَهُ، فَإِنَّمَا هِيَ مِنَ الشَّيْطَانِ، فَلْيَسْتَعِذْ مِنْ شَرِّهَا وَلاَ يَذْكُرْهَا ِلأَحَدٍ، فَإِنَّهَا لاَ تَضُرُّهُ. صحيح البخاري،

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзига ёқадиган туш кўрса, уни Аллоҳ таоло сизга марҳамат қилган бўлиб, бунинг учун дарҳол Раббингизга ҳамду сано айтсин ва кўрган тушини (солиҳларга) айтсин. Агар кўнгли хушламайдиган тушни кўрса, демак, у шайтон тарафидан бўлиб, унинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм” ва уни ҳеч кимга айтмасин. Шунда кўрган ёмон туши унга зарар келтира олмайди!” дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривояти қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзи ёқтирмайдиган туш кўрса, чап тарафига уч марта туфласин ва шайтондан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин ҳамда бошқа тарафга ўгирилиб олсин”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Top