muslim.uz
Масжидлар бўлими мудири Сирдарё вилоятида масжидлар қурилиши жараёни билан танишди
Жорий йилнинг 2 июль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов Сирдарё вилоятида қайта қурилаётган масжидлар билан танишди.
Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида “Бахт”, “Исмоил Бухорий”, “Муҳаммад Бобур” жоме масжидлари тўлиқ янгидан қурилаётган бўлса, “Акбарали ота”, “Янги ҳаёт”, “Аҳмадхўжа” масжидлари ҳам шу йили қайтадан қурилиши режалаштирилган.
М.Қаюмов қурилиш жараёни билан танишар экан, ҳар бир ишни маҳалла фаоллари билан бамаслаҳат, ҳамфикр бўлиб олиб боришни, масжид меъморий услубларида миллий ва замонавий анъаналардан уйғун ҳолда фойдаланиш лозимлиги, таҳоратхоналарда кексалар ҳолатини алоҳида ҳисобга олиш ҳамда ногиронлиги бор фуқаролар учун ҳам махсус шароитлар қилиш юзасидан тавсиялар берди.
Эътиборлиси, “Бахт” жоме масжиди аввалги жойлашган ўрнидан бироз марказда, яъни М-34 магистрал йўли бўйида қурилмоқда. Бу эса нафақат ҳудуд аҳолиси балки, маҳаллий йўловчиларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун қулайлик туғдиради. Масжид 800 намозхонни сиғдириши режалаштирилган. Бундан ташқари Оқ олтин туманида катта йўл бўйида жойлашган “Ҳазрати Али” масжидининг таҳоратхонаси ҳам янгидан кенгайтирилиб қурилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Ўзбекистон делегацияси Ал-Азҳарнинг “Экстремизмга қарши курашиш халқаро маркази” фаолияти билан танишди
Айни вақтда Ўзбекистон делегацияси ишчи ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлиб турибди.
Ўзбекистон делегацияси мазкур Марказ фаолиятининг халқаро ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида Ал-Азҳарнинг “Экстремизмга қарши курашиш обсерваторияси ва электрон фатволар бўйича халқаро марказ” фаолияти билан яқиндан танишди.
Маълумот учун, Мисрдаги мазкур марказ террористик гуруҳлар томонидан оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган экстремистик ғоя ва мафкуралар билан боғлиқ жараёнларни мониторинг қилиш, уларга ал-Азҳар халқаро фатво маркази орқали илмий раддиялар бериш, шунингдек, соф исломий тушунчаларни ёйиш ва унинг инсоний қадр-қийматини қўллаб-қувватлашдаги ролини кўрсатиш ҳамда ёшларни ёлғон тасаввурлар орқали турли оқимларга қўшилиб қолиш сабабларини ўрганиб чиққан ҳолда бунинг олдини олиш чораларини ишлаб чиқади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ҳаж” ва “Умра” зиёратига борувчилар учун тиббий кўрик янада енгиллаштирилди
“Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларига борадиган фуқаролар туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмаларида, мураккаб ва зиддиятли ҳолатларда марказий поликлиникалардан бирида бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.
Илгари тиббий кўрикнинг барча босқичлари фақат Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, шунингдек Тошкент шаҳрида марказлаштирилган ҳолда битта тиббиёт муассасасида бепул ўтказилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Беморнинг ҳузурида айтилган гапларга фаришталар “Омин” дейдилар
Беморни зиёрат қилиш мусулмоннинг мусулмон биродари зиммасидаги ҳақларидан биридир. Бу ҳақни адо этиш билан банда кўплаб яхшиликлар, ажру савобларга эришади. Биринчидан, бемордан ҳол-аҳвол сўраб, яхши ниятлар билдириш билан дардманнинг кўнгли кўтарилиб, хурсанд бўлади. Дарди енгиллашади. Иккинчидан, беморнинг ҳузурида дуолар қабул бўлиши ҳақида саҳиҳ ҳадисларга кўра беморнинг ҳаққига ва бемор зиёратчиларининг ҳаққига дуода бўлади. Энг муҳими бу билан Аллоҳ ризолигига эришилади.
Динимизнинг ана шундай мўтабар, инсонпарвар одобларини жамоасига ўргатиб келаётган Самарқанд вилояти Нарпай тумани “Қориравот” жоме масжиди имом-хатиби Сайдулло Рўзиев маҳалла аҳли билан биргаликда “Ўзбеккент” маҳалласида яшовчи, кўпдан бериб дардманд бўлиб ётиб қолган А.Файзиев зиёратида бўлдилар. Бемор ҳузурида Қуръони карим тиловат қилинди. Онахондан кўнгил сўраб, шифо дуолари айтилди. Дори даармон ва бошқа харажатлари учун бир миллионга яқин моддий ёрдам кўрсатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Имо-ишора билан ғийбат қилиш
Жорий йилнинг 30 июнь куни эшитиш ва нутқида имконияти чекланганлар учун “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳманов “Ғийбат ҳақида” маъруза қилиб берди.
Ғийбат ҳар бир жамият учун ёмон иллатлардан бўлиб, гуноҳи кабиралар қаторига киради. Инсон бошқаларни тили билан ғийбат қиладими, қўли билан кўрсатибми ёки имо-ишора биланми барибир гуноҳ қилган бўлади.
Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. «Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда: «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди. «Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб қилдилар.
Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Ғийбат ҳақида “Ҳужурот” сурасида баён қилинади:
«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (12-оят).
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар.
Тадбир сўнггида имконияти чекланганлар томонидан берилган саволларга имом-хатиб томонидан жавоблар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати