Мақолалар

Имо-ишора билан ғийбат қилиш

Жорий йилнинг 30 июнь куни эшитиш ва нутқида имконияти чекланганлар учун “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Яҳё Абдураҳманов “Ғийбат ҳақида” маъруза қилиб берди.

Ғийбат ҳар бир жамият учун ёмон иллатлардан бўлиб, гуноҳи кабиралар қаторига киради. Инсон бошқаларни тили билан ғийбат қиладими, қўли билан кўрсатибми ёки имо-ишора биланми барибир гуноҳ қилган бўлади.

Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди. «Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда: «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди. «Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, аммо айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб қилдилар.

Ғийбатнинг ҳаром, гуноҳи кабиралардан эканини ҳамма уламолар бир овоздан таъкидлаганлар. Ғийбат ҳақида “Ҳужурот” сурасида баён қилинади:

«Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир» (12-оят).

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган. Охиратда ҳам ғийбатчилар жазосиз қолмайдилар.

Тадбир сўнггида имконияти чекланганлар томонидан берилган саволларга имом-хатиб томонидан жавоблар берилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3075 times

Мақолалар

Top