muslim.uz

muslim.uz

Мана бир йил интиқиб кутганимиз Рамазон ойининг ҳам биринчи ўн кунлиги ўз ниҳоясига етди. Шарофатидан руҳлар ором оладиган, қалблар таскин топадиган, гуноҳу маъсиятлар камайиб, шайтонлар занжирбанд қилинадиган бу муқаддас ойни бутун мусулмон олами завқу шавқ билан кутиб олиши сир эмас. Қуйида айрим Араб мамлакатларида бу муборак ой қандай кутиб олинишини келтириб ўтамиз:

Мадинаи Мунавварада Рамазони шариф

 

 

Мадинаи Мунаввара аҳлининг ёшу қариси бу муборак ойни қалблари муштоқ бўлиб кутиб олишади. Рамазон ҳақида мадиналик бир киши бундай дейди: “Рамазон ҳам руҳий, ҳам диний байрам ҳисобланади. Яъни бу фарз ибодат олдинлари қандай бўлган бўлса, ҳозирда ҳам ўшандай кутиб олинади. Илгари оилаларимиз шаъбон ойида бир неча кунга Мадина атрофидаги боғ ва далаларга кетишар эди. Бароат кечасида эса болалар маҳаллаларни тўлдириб, нашидлар айтиб, аҳолига бу кечанинг кириб келганинг хабарини етказар ва турли совға-саломлар олишарди. Бу совғалар асосан ҳолва, қанд, пул ва ҳоказо нарсалар бўлар эди. Шу тарзда яна Рамазоннинг биринчи ва ўн бешинчи кечалари ҳам Мадина кўчаларида рамазонга аталган, анъана бўлиб келаётган қўшиқларни айтиб юришарди. Бу ойнинг биринчи ифтори ёки саҳарлиги, аввало оиланинг катталари – ота-она хонадонида қилинарди. Рамазон ойида қариндош-уруғлар бир-бирларини уйларига таклиф қилишар, бу гўзал анъана қўшнилар орасида ҳам кузатиларди.  Дастурхонларда турли нозу-неъматлардан биринчи бўлиб хурмо, шўрва, сабзавотли овқатлар ва мева-чевалар тортилар эди. Шунингдек, аёллар ўзлари пиширган таомлардан  фарзандлари орқали қўшниларига тарқатишарди”. 

Қоҳира шаҳрида  Рамазони шариф

 

 

Қоҳирада Рамазонга алоқадор бўлган воқеа ва ҳодисалардан бири “Рамазон фонуси”  ҳодисасидир.  Бу ҳодиса Фотимийлар халифаси Муъиз Лидиниллаҳ даврида юз берган.  Муъиз Милодий 973  йил рамазони шарифнинг 15-кечасида  Қоҳирага кириб борар экан, Қоҳира аҳли уни узун саф тортиб кутиб олишга чиқишади. Ўша пайтда улар уни қўлларида машъалалар ва маёқлар кўтариб, шеърлар айтиб кутиб олишгани қоҳираликларнинг бугунгача эсларидан чиқмайдиган воқеадир.  Асрлар оша Қоҳира аҳли бу маёқлардан масжидга бориш учун, қариндош-уруғларини зиёрат қилишда фойдаланишар эди. Бу маёқлар жуда ҳам қулай эди, буни ёш болалар кўтариб шаҳар кўчаларини ёритиб юришар эди. Бунинг эвазига инсонлар у болаларга ҳадя улашарди.

Шу йўсинда “Рамазон фонуси” ҳодисаси такрорланиб-такрорланиб одат тусига кириб қолди. Ёш болалар кўтарган бу ёритгич маёқлардан масжидга боришда, рўзадорларга ишорат беришда фойдаланила бошланди. Бу маёқлар саҳарда ёнса, саҳарлик вақтини, кечқурун ўчирилса эса хуфтон намозига ишорат берар эди. Бу маёқнинг Мисрда қўлланилиши, “Ал-Азҳар” университети бино қилинишидан 6 ой олдин бошланган экан. Бу милодий 973 йил (ҳижрий 362) яъни бундан 1041 йил олдинги вақтга тўғри келади.

Бирлашган Араб Амирликларида Рамазони шариф

 

 

Бирлашган Араб Амирликларида турли миллат вакиллари яшайди. Дунё бозори аталмиш Дубай шаҳрида Рамазон ҳам диний, ҳам маданий воқеадир. Айнан шу кунларда хорижликларнинг БААнинг маҳаллий маданиятига бўлган қизиқиши янада ортади. Рўза шукуҳи ҳамма маиший масканларда сезилиб туради. Бадиий галереяларда диний мавзуга бағишланган кўргазмалар намойиш этилади. Марказларда Ислом маданияти ва урф-одатлари ҳақида маърузалар эшиттирилади. Болалар учун кўнгилочди тадбирлар ўтказилади. Барча кўчалар ва бинолар турли рангга бўялади. Рўзада ҳар куни шом кириши билан мушаклар отилади. Йирик гипермаркетларда барча маҳсулотлар нархи  арзонлаштирилади.

 

Жазоирдаги Рамазони шариф

 

 

Жазоирда ҳам мусулмонлар рамазонга атайлаб, ўзгача тарзда ҳозирлик кўрадилар. Жумладан, уй соҳиби оиласига рамазон ойи охирига қадар етгулик эҳтиёжларни рамазондан олдин таъминлаб қўяди. Аҳоли шаъбон ойининг 29-куни биргалашиб, “Рўъятул Ҳилал” - “Янги Рамазон ойи” ни кўришга чиқишади. Ҳукумат ҳам рамазоннинг кириб келганини эълон қилиб, аҳолини бу муқаддас ой билан табриклайди. Одамлар бир-бирларини муборакбод этиб қутлашади. Жазоирликлар рамазонни келиб кетадиган азиз меҳмондек ҳурмат қилишади. Уй бекалари келиннинг хонасини тайёрлагандек уйларини ораста қилиб қўйишади. Болалар ҳам моҳи рамазоннинг келишини интизорлик билан кутишади. Болалар ҳар бир халқда бўлгани шеърлар, қўшиқларни айтишни бошлаб юборишади. Жазоирликлар асосан сут ва ҳурмо билан оғизларини очгач, масжидларга бориб шом намозини ўқиб бўлишгач уйларига қайтиб овқатланишади.  Бу ойда бой бадавлат инсонларнинг бечораҳол кишиларга ёрдам кўрсатиши ортади.

 

Марокашдаги Рамазони шариф

 

 

Марокаш халқи ҳам бу муборак ойни чиройли бир кўринишда қаршилаб, уни чиройли қилиб кузатиб қўйишади. Бу ойда рўза ва намоз ибодатларига ўзгача риоя қилишар, халқ бир-бирига  ҳурмат ва иззатда бўлиб дўстлик алоқаларни мустаҳкамлайдилар. Бундан ташқари, уй-жойлар сарамжонлиги-ю озодалиги, кўча ва хиёбонлардаги дарахтларни оқлаш ва бошқа бўёқ ишлари, янги либослар сотиб олиш – булар барчаси рамазонга ҳурматнинг, унга тайёргарликнинг ёрқин белгисидир.

Рамазон ҳилоли кўриниши билан бу муқаддас ойни 21 та замбаракдан ўқ отишиб қаршилаб олишади. Аҳолидан, асосан ёш болалар уйларининг томларига чиқишиб рамазонга атаб қўйишган, рамазон ишқида айтиладиган турли хил шеърлар, нашидлар, мисраларни овозларининг борича айтишади. Рамазон овқатларидан асосан ҳарира шўрваси, ҳарис, кус-кус ва бошқа турдаги шириндан шакар овқатлар тортиқ қилинади. Ичимликлардан эса кўпинча чой ичилади.

 

Тунисдаги Рамазони шариф

 

Тунисда Рамазонга тайёргарлик шаъбон ойининг охиридан бошланади. Аҳоли ёнғоқ, магиз, туршак ва бошқа ширинликлар ғамлаб қўйишади. Рўзада тун бўйи дўконлар ва ошхоналар ишлаб, кундуз куни дам олгани боис, бозорликни кечаси қилишади. Тунисда ифторлик сув ва енгил овқатланиш билан кифояланади. Асосий зиёфат эркаклар таровиҳ намозидан қайтишларига барча нози-неъматлар тайёрланади. Ифторни оила аъзолари даврасида ўтказиш урф бўлиб қолган. Ифтор шириндан-шакар каркаде ичимлигисиз ва машҳур фаттуш егулигисиз ўтмас. Фаттуш – кўкат, помидор, бодринг, редиска, лимон, зайтун ёғи ва қотган нон аралашмасидан иборат салатдир. Шунингдек, буғдойдан тайёрланадиган табулл ва кўк сомса ҳам кенг истеъмол қилинади. Канафа, қатаиф ва бошқа ширинликлар таровиҳ намозидан сўнг тортилади. 

 

                                                                                       

Интернет материаллари асосида

 Илёсхон АҲМЕДОВ

тайёрлади.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, муборак Рамазон ойи­ни барчамиз тинчлик-хотиржамликда ўтказиб келаётирмиз.

“Рамазон” сўзи беш ҳарфдан иборат. Унинг ҳар бир ҳарфига уламолар шундай маъно берганлар: “ро” – “раҳмат”, “мим” – “мағфират”, “зод” – “зимонун лилжаннат” (жаннатга кириш учун кафолат), “алиф” – “аманун минаннар” (дўзахдан омонлик), “нун” – “нурун миналлоҳ” (Аллоҳдан нур) маъноларини англатади. Ушбу фикрни Имом Термизий ривоят қилинган: “Рамазоннинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озодлик кунларидир”, ҳадиси шарифи ҳам қувватлайди. Яъни: “ро” ҳарфи рамазоннинг аввали бўлган раҳмат кунларига, “мим” ўртадаги мағфират кунларига, “зод” ва “алиф” ҳарфлари охиридаги “дўзахдан озод бўлиш” кунларига, “нун” ҳарфи эса бутун рамазоннинг натижасида ҳосил бўладиган нурга далолат қилади.

Бу ойнинг дастлабки ўн куни – “раҳмат” даҳасида рўйи заминга Аллоҳнинг раҳмати ёғилади. Яратганнинг ўзи қодир қилганича рўза тутиб, таровеҳ намозларини адо этамиз.

Иккинчи ўн кунлиги – “мағфират” даҳасида холис ният билан рўза тутган бандаларнинг олдинги қилган гуноҳлари кечирилади, дейилган.

Охирги ўн кунлиги эса “Итқун минан-нийрон”, яна “Қадр даҳаси” ҳам дейилади. Ким Рамазон ойининг рўзасини пок ният билан тутган бўлса, у бандага Аллоҳ ваъда қилган ажр­ларини ато этгай. Рамазон ҳайити куни эса Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутган, таровеҳ намозларини ўқиган, Қадр кечасини бедор ўтказган бандаларига Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотларни кўпайтириб берадиган кундир.

Бу ойда имон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки муборак ойда Аллоҳ таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуосини қабул қилади.

Нафс тарбиясида рўза асосий ўрин тутадиган ибодатдир. Рўза нафсни ўз ҳолига қўймай, уни маҳкам жиловлаш деганидир. Унда имон ва эътиқод бир тараф, хоҳиш-истак ва шайтон иккинчи бир тараф бўлиб кураш олиб боради. Жаннатдан қувилганидан бери шайтон инсон зотига қарши аёвсиз курашиши ҳақида Аллоҳ таоло айтади: “У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).

Аллоҳ таоло шайтон иғвосини рад этади: “Менинг бандаларим устидан сен учун ҳеч қандай салтанат (ҳукмронлик) йўқдир, илло сенга эргашган гумроҳларнигина (йўлдан оздира олурсан) (Ҳижр, 42).

Шайтон билан инсон ўртасидаги бу курашда рўза муҳим аҳамият касб этади. Зеро, инсон ҳаёти учун зарур бўлган таом ва сув ҳамда шаҳват – кураш майдонларидир. Буларнинг ҳар бирида ўзига яраша куч-қувват бор. Агар инсон у майл қаршисида собит тура олса ва нафсининг иғволарига учмаса, албатта, имтиҳондан ўтади ва Парвардигори ҳузурида улуғ даражага эришади.

Манбалар асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза тўсувчидир, сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, у:  “Мен рўзадорман”, десин. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра  хушбўйроқдир. Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун, унинг мукофотини Ўзим бераман.  Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилди”, деб марҳамат қилган. Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”, дедилар” (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Доримий,  Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривояти).

Шарҳ: “Рўза тўсувчидир”.  Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ўринда “الصيام جنة” “ас сиёму жуннатун” дейилган. Бу ерда араб тилидагижуннатун” сўзи  тўсувчи деган маънони англатади. Ушбу сўз ҳар қандай тўсадиган нарсага  нисбатан ишлатилади. Рўза ҳам тўсувчидир, у инсонни ёмон ишлардан ва турли  гуноҳлардан сақлаб дўзахдан тўсади. Чунки рўза шаҳватлардан тийилишдир, дўзах эса шаҳватлар билан ўралган. 

Ибн Асир розияллоҳу анҳу: “жуннатун” сўзининг маъноси – рўза  рўзадорни шаҳват ва шунга ўхшаш азият берадиган нарсалардан ҳимоя қилиб туради деган маънони билдиради”, дейди.

Имом Иёз розияллоҳу анҳу айтади: “Рўза инсонни гуноҳдан, дўзахдан сақлайди”. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннат инсонга  ёқмайдиган амаллар билан ўралган. Дўзах эса шаҳватлар билан ўралган” дедилар (Имом Доримий, Имом Термизий ривояти).

Яъни, жаннатга кириш осон эмас, ёқмайдиган нарсалардан мурод бу –мусибат ва ибодатлардаги қийинчиликларга сабру бардошли бўлиш ва гуноҳлардан тийилишдир.

Усмон ибн Абул Ос айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сизнинг жангдаги қалқонингиз каби, рўза сизнинг қалқонингиздир” деганларини эшитдим (Имом Ибн Можа, Имом Насоий ривояти).

“Сизлардан кимдир рўзадор бўлса – сўкмасин, шовқин-сурон, бақир-чақир қилмасин. Агар кимдир у билан сўкишмоқчи ёқи уришмоқчи бўлса, у: “Мен рўзадорман”, десин”.    Бу жумлаларда ғоят юксак одоб-ахлоқ ҳақида сўз бормоқда. Рўзадор одам турли хилдаги беҳуда, фаҳш,  уятсиз ва номақбул сўзлардан ўзини тийиши лозим. Ғазабланмаслиги, шовқин-сурон қилмаслиги, ҳалим, ширин сўзли бўлиши керак.   Агар у билан бошқалар жанжаллашмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, у вазминлик ила рўзадорлигини маълум қилади. Жанжалталаб кишига рўзанинг ҳурматидан беодобликни тарк қилишини эслатсин ва ўзи ҳам бундай ишлардан тийилсин.    

“Жоним измида бўлган Зотга қасамки, албатта рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан кўра  хушбўйроқдир”.  Ҳадиснинг араб тилидаги матнида ушбу ёқимсиз ҳидни “خلوف”, “халуф” деб аталган. Маълумки, рўзадор инсоннинг оғзида кўп вақт таом емаганидан нохуш ҳид пайдо бўлади. Рўза туфайли пайдо бўлган ўша ёқимсиз ҳид Аллоҳ таоло наздида мушку анбарнинг ҳидидан-да, ёқимли эканини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидладилар.   

“Аллоҳ таоло: “Рўза мен учун. Ўзим унинг мукофотини бераман,  Банда таомини, ичимлигини ва шаҳватини мен учун тарк қилади”, деб марҳамат қилган”.

Бу жумлада қудсий ҳадис  ривоят қилинмоқда.  Бошқа бир ривоятда: “Аллоҳ таоло: “Одам  боласининг барча амали ўзи учун, фақат рўза мен учун ва уни мукофотини бераман”, деди”.

Рўзадор банда рўза кунларида сабру қаноатда бардавом бўлиб,   Парвардигорининг амрига бўйсиниш учун барча неъматлар: таом ва ичимликларни истеъмол қилишдан ва ўз жуфти ҳалолига (аёли) яқинлиқ қилишдан  шаҳватини тияди.

Рўзадан бошқа амалларга озгина бўлса-да, риё аралашади, яъни банда бажараётган ибодатларини бошқалар ҳам кўради. Фақат рўза бундан мустаснодир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Рўзада риё йўқдир. Аллоҳ : фақат рўза мен учун … деган”.

Бир инсонни рўза эканини бошқалар билиши қийиндир. Шу боис Аллоҳ таоло рўзанинг мукофотини Ўзи беришини билдирди.

Имом Зуҳрий розияллоҳу анҳу айтади: “Рўзадан бошқа барча амаллар инсон  ташқи ҳаракатисиз бўлмайди, фақат рўза қалбдаги ният билан бошқалар кўзига кўринмайдиган амалдир”.

Рўза улуғ ибодат. Рўзадор куни бўйи еб-ичишдан ўзини  тияди. Айниқса, ёз фасли келган Рамазон ойида кунлар узун ва ҳаво ҳарорати иссиқ бўлиши сабабли машаққатлироқ кечади. Шунда ҳам рўзанинг ҳурматидан рўзадор ўзини назорат қилади, ҳеч ким кўрмайдиган жойларда ҳам манъ қилинган нарсалардан сақланади. Бу билан рўзадорнинг сабру бардоши синалади.

“Битта яхшиликка ўн баробар оширилади”  бошқа ривоятда бундай дейилган: “...Бир яхшиликка унинг ўн баробаридан то етти юз баробаригача кўпайтириб берилур”. Охиратда барча ибодатлар ва яхшиликларга бериладиган ажру мукофотлар ва савоблар миқдорининг қанча берилиши айтилган. Аммо фақат рўзанинг охиратдаги мукофотининг миқдори  қанчалигини ҳеч ким билмайди, буни Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

Демак, Рамазон биз учун катта имконият ойидир. Билиб-билмай қилган хатою камчиликларимизни кечиришини  Аллоҳ таолодан сўрашимиз учун ғанимат фурсатдир. Шундай улуғ кунларда Аллоҳ таоло барчамизни улкан мукофотларга сазовор қилсин! 

“Умдатул Қори шарҳи Саҳиҳил Бухорий” асари асосида Ургут шаҳар бош имом-хатиби Шоди  ҲАҚБЕРДИЕВ ва “Ислом нури” газетаси махсус мухбири Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

 

Рамазон ойида жуда катта тарихий воқеалар содир бўлган.  Бу воқеалар Ислом динининг нималарга қодир эканлигини кўрсатади. Бу ўринда ўша муҳим воқеаларнинг баъзиларини санаб ўтмоқчимиз:

  • Милодий 610 йили, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қирқ ёшларида Рамазоннинг Қадр кечасида Макка яқинидаги Ҳиро ғорида илк ваҳий – Қуръони каримнинг Алақ сурасидан дастлабки беш оят нозил бўлди.
  • Рамазон шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мабъус (пайғамбарлик) мақоми берилди.
  • Буюк Бадр ғазоти. Бу ғазот Исломда “фурқон”, яъни, “Ҳақ билан ботилни айиргувчи” деб номланади. Бу уруш мусулмонларнинг устунлиги билан ҳижратнинг иккинчи йили 17-рамазон, жума кунида содир бўлган. Исломнинг ашаддий душмани бўлган Абу Жаҳл шу урушда ҳалок бўлган.
  • Ҳижрий 2 йили Рамазон рўзасини тутиш ва закот бериш фарз қилинди.
  • Макка фатҳи. Ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойининг 10-куни Макка озод этилди. Бутпарастликка чек қўйилди. Каъбадаги бутларнинг барчаси ер билан яксон этилди.
  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то Рамазон ойи тугагунигача кечалари ҳазрати Жаброил алайҳиссалом билан учрашиб, Қуръони каримни тиловат қилиб берар, шу тарзда ўзларини имтиҳон қилдирар эдилар.
  • Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Табук ғазотининг бир қисми бўлиб ўтди.
  • Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Тоифдаги Соқиф қабиласи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб Исломга кирганини эълон қилди.
  • Ҳижратнинг ўнинчи йили Рамазон ойида Яманга Ислом кенг кўламда кириб келди.
  • Испаниянинг фатҳи. Ҳижратнинг тўқсон иккинчи йили Рамазон ойининг 28-куни (милодий 711 йили июль ойининг 19 куни) Ториқ ибн Зиёд раҳбарлигидаги шиддатли урушда кофирлар раҳбари бўлган Рузрик устидан ғалаба қозонилди. Сўнгра Куртаба, Ғурната ва Испаниянинг пойтахти бўлган Тулайтилия фатҳ этилди.

Манбалар асосида

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Четвер, 16 май 2019 00:00

Болалик Рамазонлари

Рамазон – ўзи билан боғлиқ ширин-ширин хотираларни ҳар дамгидан ҳам ёрқинроқ ёдга соладиган ажиб фурсат.

Қўлчаларидан бирида пул, биттасида идишни маҳкам ушлаб, кўча бошига нишолда олишга кетаётган бола қалбидаги қувончдир Рамазон.

Нимагадир қоқиниб, қўлидаги нишолда ер билан битта бўлган гўдакни турғизиб, уст-бошини қоқиб, яна бошқа косага нишолда тўлдиртириб берган бобо ҳақидаги хотиралардир.

“Бирпасда тугаб қолди-я рўза”, деб кўзёш тўкаётган бувисини кўриб: “Эртага ҳайит бўладиган кунда ҳам йиғлайдими?” дея ўйланаётган кичкинтой кўзидаги ҳайратдир Рамазон.

Катталарнинг мурғак кўнгил иштиёқини сўндирмаслик учун “Ёш болалар рўзани иккига бўлиб тутади”, деган гаплари сабаб тушда қорнини тўйғазиб, ифтор пайтида ҳамма билан бирга оғиз очаётган кичкинтой қалбида кўз очган ибодатга муҳаббатдир.

Ифторлик дастурхонига тайёрланган таомларнинг ёқимли иси димоғини қитиқласа ҳам, бобоси гапига кириб одоб сақлаб ўтирган болакайда шаклланаётган сабр кўникмасидир Рамазон.

Бир ой давомида ифторликка тансиқроқ нарса пишириш учун эринмай супра очадиган онаси, опалари қаватида кичкина жўвасида жиддият билан сомсага хамир ёяётган қизчанинг уринишларидир.

Қадр кечаси ухламай чиқиш яхшилигини ўзича тушуниб, эрталабгача ўтиришга қарор қилган, бироқ ифтордан кейиноқ ухлаб қолган, тонг отганида уйғониб ўксинаётган сабийни қучиб тасалли бераётган онанинг жонга малҳам сўзларидир Рамазон.

Бобоси, дадаси, амаки-тоғаси, акалари берган ҳайитлик пулларига орзу қилган қўғирчоғини олиш учун шошаётган, эгнидаги янги атлас кўйлагининг шитирлашига қувониб чопаётган қизалоқнинг шодликларидир...

Аслида шулар эмасми ҳали жуда кичкиналигимиздан мурғак кўнгилларимизда Рамазонга муҳаббат уйғотган? Ана шу хотиралар эмасми бизга Рамазонни янада азиз, янада севимли қилган? Боболаримиз, бувиларимиз, ота-оналаримиз, ёши улуғларимизнинг энг катта хизматларидан биттаси шу экани рост-ку!

Энди ўзимиз ҳам катталар қаторидамиз. Фарзандларимиз қалбида Рамазонга, рўзага иштиёқ, муҳаббат, шавқни шакллантириш, улар ёдида энг гўзал хотираларни қолдириш бизнинг зиммамизда. “Бунинг учун ундай қилишимиз керак, бундай қилмоғимиз лозим”, дейишга эса ҳожат йўқ. Болалигимиз Рамазонлари билан боғлиқ хотираларни, катталарнинг хатти-ҳаракатларини эсласак, кифоя.

Рамазонни ҳурматига муносиб ўтказиш, жажжи кўнгилларда бу ой билан боғлиқ энг гўзал таассуротларни қолдириш барчамизга насиб қилсин!

Зумрад Фозилжон қизи

Top