muslim.uz

muslim.uz

Субота, 18 май 2019 00:00

Рамазон ва гўзал хулқлар

Саҳобаи киромлар айтадилар: Биз муборак Рамазон ойи келганида,  Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амаллари ичида уч нарсани янада зиёда бўлишини сезар эдик.

Биринчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодатга жуда кўп машғул бўлар эдилар. Ваҳоланки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг оддий кунлардаги ибодатлари ҳам шундай эдики “кўп ибодат қилганларидан муборак оёқлари ишиб кетар эди”. Шундай бўлсада, муборак Рамазон ойида Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдингидан ҳам кўпроқ ибодат қилар эдилар.

Иккинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам  Рамазон ойида Аллоҳнинг йўлида жуда кўп хайр-садақа қилар эдилар. Рамазон ойида саховатлари янада ошиб кетар эди.

Учинчи нарса: Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам  Рамазон ойида Аллоҳга кўп дуо қилиб йиғлар эдилар.

Ушбу уч амалда Рамазон ойи ичи янада зиёдалик кўзга ташланар эди. 1.Ибодатга жуда кўп ғайрат қилишлик.

2.Аллоҳ таъолонинг йўлида кўп хайр-садақа қилишлик.

3.Аллоҳ таъолога ихлос билан дуо қилиб кўз ёш тўкишлик.

Биз ҳам муборак Рамазон ойида мана шу уч амалга хос эътибор қаратайлик. Ибодат орқали жисмимизга таскин берайлик. Бизнинг жисмимиз дунё ишлари учун ҳар куни толиқади. Ҳаётда бирор шундай вақт ҳам келсинки, у Аллоҳнинг ибодати учун ҳам толиқиб турсин. Бирор шундай вақт ҳам келсинки, бизнинг кўзларимиз уйқуга муштоқ бўлсин ва биз: “Агар сен Аллоҳнинг розилиги учун уйғоқ турсанг, у ҳолда қиёмат куни Аллоҳ таъолонинг дийдори насиб бўлади. Бу кўзлар бугун уйғоқ бўлса, у ҳолда эртага қабр ичида ширин уйқуда бўлади” деб  ўзимизга тушунтирайлик. Дарҳақиқат, ибодатда уйғоқ туриш ойи келяпти. Биз оромимизни камайтириб олайлик. Бу ибодат машаққатини кўтариш ойидир деб ўзимизга тушунтирайлик.

Шу ўринда Ифтор вақтидаги мукофот ҳақида ҳам эслатиб ўтсак:

Шариъат буюрадики, агар бирор мардикор бировнинг уйида ишласа ва иш вақти тугаса, унинг пешона териси қуримасдан туриб, унга иш хаққини бериб юбориш керак. У ҳолда нима деб ўйлайсиз? Қачонки, шариат биз ожиз бандаларга мардикорнинг пешона териси қуримасдан иш хаққини бериб юборишга буюриб турганда, қайси банда Аллоҳ таъоло учун бутун кун  бўйи Унинг буюрган ишини қилса, рўза тутса, очқолса, чанқаса ва машаққатларга чидаса, энди, унинг ифтор вақти бўлганда, (гўёки, иш вақти тугаганда) Аллоҳ таъоло унга ўша заҳоти меҳнатининг мукофотини бермайдими?  Шундай бир фарқ борки, биз бирор мардикорни ишлатиш учун уйга олиб келсак, эй, биродар! Сенга шунча ҳақ бераман, сен эса бизга мана бу ишни килиб бер, деб у билан иш ҳаққини келишиб оламиз. Ўша ишни қилиб бўлгандан кейин биз унга келишилган иш ҳаққини бериб юборамиз. Лекин кимнинг ҳиммати баланд бўлса, у мардикор билан иш ҳаққини келишиб ўтирмайди, қанча десанг бераман, сен эса бизга мана бу ишни қилиб бер дейди. Худди шунингдек,  Аллоҳ таъоло ҳам: “Эй, Менинг суюкли маҳбубимнинг рўзадор умматлари! Сиз холис Мен учун рўза тутинг ва ифтор вақти бўлганда, нима сўрасангиз бераман. Сизлар нимани сўрасангиз, Мен Роббингиз сўраганингизга кўра ато қиламан. Сўрашлик сизнинг ишингиздир. Сизларни сўраган нарсаларингизга тўлдириб ташлашлик Менинг ишимдирдеб шундай муомала қилади. Шунинг учун, рўзадорнинг дуоси қабул бўлади.

Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

إن للصائم عند فطره دعوة لا ترد

Албатта, рўзадорнинг ифтор вақтида рад қилинмайдиган дуоси бор деганлар.

Шу ўринда инсон фикридан кичик бир мулоҳаза ўтади: Ҳар куни ифторликларга борамиз, афсуски, шундай ҳолатларга гувоҳ бўламиз, кун бўйи Роббимизнинг буюрган ишини қилиб, рўза тутамиз, очқаймиз, чанқаймиз, машаққатларга чидаймиз, ифтор вақтида Роббимиз меҳнатимиз мукофотини бераман, дуоларингизни қабул қиламан деб турганда эса, беҳуда гаплар билан оворамиз. Қудрати чексиз бўлган Роббимиз Рамазонни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдек фойдаланишимизни ва ифторликда унумли дуо қиладиган ва дуолари ижобат бўладиган бандаларидан қилсин. Валҳамдулиллаҳи Роббил аламин.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти

катта  ўқитувчиси Фахриддин Маманосиров

Мана, бир ойгина меҳмон бўлган ғанимат ойнинг Раҳмат даҳаси ҳам тугаб, мағфират даҳаси ҳам ўтиб бормоқда.

Бу даҳанинг ўзига хослиги шундаки, унда гуноҳлар кечирилиб, банданинг Яратган ҳузуридаги мақоми ошади. Шу билан бирга, ушбу ўн кунликда дастлабки хатми Қуръонлар ўз якунига ета бошлайди.

Дастлабки хатмона бугун, 17 май куни пойтахтимизнинг марказий масжиди бўлган “Ҳазрати Имом” жомеида бўлади. Қуръони каримнинг хатмонаси “Намозгоҳ” майдонида, очиқ ҳавода ўқилади. Бу кечани янада файзли ўтказишга алоҳида тайёргарлик ишлари кўрилмоқда, муфтий ҳазратлари, юртимизнинг таниқли уламолари таклиф қилинган. 

Қорилар: Алимов Аҳмадхон, Қурбонов Исмоилжон, Камолов Абдулбасир.

Масжид манзили: Олмазор тумани, Қорасарой кўча, 49-уй. Телефон: +998 97 769-72-97

Илоҳий раҳмат ёғилувчи, дуолар мустажоб бўлгувчи кечага марҳабо!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Ифторни тезлатиш дейилганда ифтор вақти киргандан сўнг бир неча дона хурмо ва сув билан бўлса ҳам оғиз очиб олиш тушунилади. Саҳарликни кечиктириш деган эса, саҳарликни туннинг охирги вақтига, тонг отишига яқин вақтгача кечиктириш назарда тутилган.

Ифторни тезлатиш ва саҳарликни кечиктириш тўғрисида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир қанча ҳадислар нақл қилинган. Бу ҳадисларнинг баъзиларида ушбу амалга буюрилган бўлса, бошқаларида унинг фазилати, савоби улуғлиги, баъзиларида ундаги ҳикматлар баён этилган. Жумладан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар:

“Агар тун бу ёқдан яқинлашса, кундузи у ёққа қайта бошласа, рўзадор оғзини очади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти);

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ўқишларидан олдин бир неча дона ҳўл хурмо билан, агар ҳўл хурмо бўлмаса, бир неча қуруқ хурмо билан, агар қуруқ хурмо ҳам бўлмаса, бир неча ҳўплам сув билан оғиз очар эдилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

“У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қултум сув билан бўлса ҳам оғизларини очмагунларича шом намозини ўқимас эдилар” (Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган).

“Умматим модомики, ифторни тезлатар эканлар, яхшиликда бардавом бўладилар” (Имом Аҳмад ривояти);

“Ифторни тезлатинглар ва саҳарликни кечиктиринг” (Табароний ривояти);

“Уч нарса пайғамбарлар ахлоқидандир: ифторни тезлатиш, саҳарликни кечиктириш ва намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш” (Табароний ривояти).

Ушбу ҳадислар кўпчилик эътиборидан четда қолган ифторни тезлатиш, саҳарликни имкон борича кечиктириш амалининг аҳамиятига очиқ-ойдин далолат қилади. Бу ишда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш, у зотнинг буйруқларига итоат бордир. Шу каби ишлар билан мусулмон Аллоҳнинг муҳаббатига эришади. Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади” (Оли Имрон, 31).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳ таоло айтди: “Менга бандаларимнинг энг суюклиси ифторни тез қиладиганларидир” (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳарликнинг муборак экани, унда барака борлигини айтганлар. Бу барака кенг қамровлидир: таомдаги барака, амалнинг ўзидаги барака, вақтдаги баракани ўз ичига олади. Шу боис, рўзадор бу амални канда қилмаслиги, ғанимат билиши лозим.

Бундан ташқари, саҳар вақти фазилатли, баракали вақтлардандир. Аллоҳ таоло бу вақтда истиғфор айтувчиларни мақтаган, бу вақтда дуо қилувчиларни ижобат этишини, сўровчиларга сўраганларини беришини ваъда қилган.

Ифторни тезлатиш ва саҳарликни кечиктириш одамлар орасида яхшиликнинг бардавом бўлиши омилларидандир. Шунингдек, бунда танани бақувват қилиш, заифликни, дангасаликни кетказиш бордир. 

Жамшид ШОДИЕВ

Ҳар лаҳзаси раҳмат, баракот ва мағфират нурларига чўмган муборак кунлардамиз. Рамазон — ҳақиқий мўмин-мусулмон учун ўттиз кунлик байрам. Ёши катта биродарларимиз ҳол-аҳвол сўрашаётиб “Улуғ айёмларингиз муборак бўлсин!” деб қутлайдилар. Шу қутловдан ҳам Рамазон ойининг қадр-қиймати ва масъулиятини англаш қийин эмас. Шукрки, йилдан йилга рўзадорлар, ибодатга киришаётганлар карвони ортиб бормоқда. Айниқса, рўза ибодатининг тобора ёшариб бораётгани, рўзадорлар сафида ёшлар, ҳатто ёш болаларнинг кўплигидан кўнгилу кўз қувнайди. Шу ўринда ҳақли мулоҳаза ўртага чиқади: рўза ибодатига киришаётган ҳар бир мўмин бу ибодатнинг мазмун-моҳияти ва масъулиятини англаб етаётирми? Рўза холис Аллоҳ учун, руҳ ва бадан тарбияси, гуноҳлардан тийилиш ва покланиш учун фарз қилинган ибодат эканлигини биламизми?

Неъматлар шукрини англатгувчи ибодат

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз”. (“Бақара” сураси, 183-оят). Шунингдек: “Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”, ояти ҳам Рамазон рўзасининг фарзлигига далилдир.

Абу Имома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ҳажжатул Вадоъдаги хутбада шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳга тақво қилинг, беш вақт намозингизни ўқинг, бир ой рўзангизни тутинг, молларингизни закотини беринг, амирларингизга итоат қилинг, Раббингизнинг жаннатига дохил бўласизлар” (Термизий ривояти).

Демак, рўза неъматга шукр келтириш учун василадир. Чунки, рўза неъматларнинг ичида энг қадрлиси ва зарури бўлмиш ейиш, ичиш ва жимоъ қилишдан нафсни тийиш бўлиб, маълум вақт ўзини бу неъматлардан тийган киши унинг қадрига ета бошлайди. Зеро, неъматнинг қадри ундан бебаҳра бўлгандагина билинади. Бу эса, кишини неъматга шукр қилишига сабаб бўлади. Неъматга шукр қилиш ҳам ақлан ва ҳам шаръан фарздир.

Руҳий ва жисмоний покланиш

Рўза банда ва Раббининг ўртасидаги хос ибодатдир. Аллоҳ таоло рўзага ажр бериш ёлғиз Ўзига тааллуқли эканини айтди, яъни: “Рўза Менинг учундир. Мукофотини ўзим бераман”. Чунки рўза бошқа ибодатлар каби инсон кўзи тушадиган, барча хабардор бўладиган амал эмас. Уни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким кўра олмайди. Шу сабаб Аллоҳ таоло бу амалнинг мукофоти ёлғиз ўзига тааллуқли эканининг хабарини берди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳар бир нарсанинг закоти бор, жасаднинг закоти рўзадир”. Маълумки, закотнинг маъноси тозалаш демакдир. Демак, рўза туфайли киши жасадини ундаги ортиқча ва зарарли моддалардан тозаласа, ахлоқини зарарли одат ва хулқлардан тозалаб олади. Чунки, аъзоларни гуноҳ ишларни қилишдан тийиш рўзанинг мақбул бўлишининг асосий шартларидандир.

Ким рўзадор?

– Рўзадор, тана аъзоларини гуноҳдан тийган киши.

– Тилини ёлғон, фаҳш ва сохта нарсалардан сақлаган киши.

– Қорнини овқат ва ичимликлардан, фаржи (жинсий аъзоси)ни жинсий қовушишдан сақлаган киши.

– Агар гапирса, рўзасига жароҳат етказадиган сўзни сўзламайди.

– Агар бирор ишни бажарса, рўзасини бузадиган ишни бажармайди.

– Сўзларининг барчаси манфаатли ва яроқли бўлади.

– Шунингдек, бажарган барча ишидан шундай бир ҳид таралсинки, суҳбатдоши унинг ҳидидан баҳраманд бўлсин.

– Рўзадор билан ким бирга ўтирса, унинг суҳбатидан манфаат олсин.

– Ўтирган киши сохта, ёлғон, бузуқлик ва зулмдан омонда бўлсин.

– Мана шу фақат овқат ва ичимликни ўзидангина тийилинмаган ҳақиқий рўзадир.

– Рўза аъзоларни гуноҳдан тийилишидир.

– Қорин овқат ва ичимликдан тийилишидир.

– Овқат ва ичимлик рўзани очиб, бузгани каби гуноҳлар ҳам унинг савобидан маҳрум қилиб, мевасини айнитади. Оқибатда рўза тутмаганлар қаторига қўшиб қўяди.

Саломатлик учун фойдалари

Тиббий-илмий изланишлар натижасида рўзанинг турли жисмий ва руҳий касалликлардан ҳимоя қилиш, уларнинг олдини олишда фойдаси борлиги маълум бўлди. Масалан;

- рўза инсондаги касалликларга қарши иммунитетни кучайтиради;

- рўза тутган одамда семизликка қарши монелик пайдо бўлади;

- рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди;

- рўза инсон жисмини ва уни тўқималарида тўпланиб қоладиган турли заҳарли моддаларни тозалашга ёрдам беради. Озиқ-овқат, дори-дармон ва ҳаво орқали инсон жисмига кўплаб заҳарли моддалар кириб қолади. Ана шу моддалар фақат рўза орқали чиқиб кетади.

Шунингдек;

- семизликдан келиб чиқадиган қон томирларнинг торайиши, қон босимининг ортиши ва юрак касалликларини даволашда;

- қон айланишига оид касалликларни даволашда;

- бўғинларнинг сурункали шишини даволашда фойдалилиги аниқланган.

***

Шаҳарда ижарада яшайдиган синглиси ойлик маошининг ярмидан кўпини ижара ҳақига тўлаб, болаларига тансиқ егулик едиролмайди. Ака отасининг хотирасига ифторлик қилиб, дастурхонни ноз-неъматлар билан тўлдирди. Йўл кирага пул тополмай отасининг хотираси учун қилинган эҳсонга бора олмагани учун синглисидан ёзғириб, ранжиди...

***

“Фалончининг ўғиллари ҳар ёзда онасини санаторияда даволанишга жўнатар экан. Менга ўхшаб оёқлари оғрирди, “Болаларим барака топишсин, санаторияга кетма- кет уч йил даволангандим, кўрмагандай бўлиб кетдим” деди. Қанийди, мен ҳам шу дарддан халос бўлсам-а...” дейди она бояқиш ўғлининг оғзига умидвор термулиб. Ўғилнинг қулоқларига гап кирмайди; ифторлик дастурхони ёзиб, унга номдор аҳли илмларни даъват қилиш ҳаракатида юрибди...

***

Қўшниси жўжабирдек жон. Тўрт бола, эр-хотин кафтдеккина томорқадан оладиган даромаду, уч-тўрт қўй-қўзи, сигир-бузоқ боқиб тирикчилик қилади. Аёл саратон хасталиги билан оғриган. Дори-дармони, кимёвий муолажаси фалон пул. Бояқиш болаларини ўйлаб ҳар доим ҳам даволанишга пул ажратолмайди. Бадавлат қўшни рўзадор. Бир неча марта ифторликлар уюштирди. Савоб излади. Аслида унга муштоқ савоб бир девор нарида эди...

Луқма

  • Писмадончибой, эртага ифторлик қиляпмиз, ўтинг-а?
  • Хўп, ака, соат неччида?!...

Биз қандай рўзадормиз?

Имкон қадар рўзанинг маънавий-моддий фойдалари ҳақида маълумотлар беришга ҳаракат қилдик. Энди ўзимизни бир тафтиш қилсак, замондош. Биз қандай рўзадормиз? Ниятимиз ва амалимиз билан ибодатимизга футур етказиб қўймаяпмизми? Рўзани холис Аллоҳ учун, Унинг мукофотидан умид қилиб тутяпмизми? Ўрганиб қолган тилимиз ғийбатга кетиб очу ташналик билан кунни ўтказмаяпмизми? Уйқусизлик, очлик ва чанқоқлик машаққати сабабли қош-қовоғимизни ўйиб, баджаҳл, ҳорғин ҳолатда юриб рўзага иддао қилмаяпмизми? Муборак Рамазон ойида таниш-билишлар билан учрашиб қолганда, ижтимоий тармоқларда мулоқотда бўлганимизда бир-биримиздан “Рўзалар билан чарчамаяпсизми?” деб ҳол сўраймиз. Рамазонга, рўзага маломат қилинаётгандек эмасмикан бу меҳрибончилигимиз? Ифторлик қилиш иддаоси билан болаларимизнинг ризқидан қиймаяпмизми? Савобни узоқдан излаб, шундоқ ёнгинамизда турган икки дунёимизни обод қилишга етгулик савобдан бебаҳра қолмаяпмизми? Ҳар куни саҳарликда “Холис Аллоҳ учун Рамазон ойи рўзасини субҳдан то кун ботгунгача тутмоқни ният қилдим. Аллоҳ Буюкдир!” дея тилда ният қилиб, амалимиз билан уни инкор қилмаяпмизми? Рўза ибодатини урф, парҳез ва яна аллақандай “авторитет”лар учун тутишга ўзимизни мажбурламаяпмизми? Мулоҳаза қилинг, замондош, рўзадан мақсад — тақво. Очу яланғочлар, муҳтожу мискинлар ҳолини ҳис этиш билан неъматларга шукрона айтиш ва иймон лаззати, ибодат ҳаловатидан баҳрамандлик билан Аллоҳга яқин бўлишдир рўзанинг асл моҳияти. Биз уни қандай тушуняпмиз ва нечоғли адо эта оляпмиз?

Қалби ва Раббининг ҳузурида юзи ёруғларга Рамазон ҳаловати бардавом бўлсин! Рўзанинг иймоний лаззати икки дунёда сизни тарк этмасин!

 

Умида АДИЗОВА

Top