muslim.uz

muslim.uz

Рамазон – таровеҳ ойи. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мағфиратга ноил бўлиш, ажру савобларни кўпайтириб олиш учун бу ойда тунлари ибодатга қоим бўлишга тарғиб қилиб: “Ким Рамазон кечалари имон билан, савоб умидида қоим бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Олимлар Рамазон кечалари қоим бўлишдан мурод таровеҳ намозини адо этишдир, деганлар. Таровеҳни масжидда жамоат бўлиб ўқиш Саодат асридан бошланган амал. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намози банданинг гуноҳлари мағфират бўлишига сабаб эканини таъкидламоқдалар. Олимлар бу ерда гуноҳлар дейилганда кичик кичик гуноҳлар назарда тутилганини таъкидлашган.

Тунги намоз мўминлар шарафи, солиҳлар одати, обидлар яқинлигидир. У бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи энг афзал амалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Тунги намозни канда қилманг. У сизлардан олдин ўтган солиҳлар одати, Раббинггизга яқинлик, гуноҳларга каффорат, маъсиятлардан қайтарувчидир” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).

Рамазон кечаларида қоим бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннат қилган улуғ ибодат. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда масжидда намоз ўқидилар. У зотнинг бир қанча саҳобалари у зотга эргашиб уч кеча намоз ўқишди. Тўртинчи кеча масжидга одам сиғмай кетди. Ўша кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга чиқмадилар. Тонг отганда у зот: “Сизларнинг йиғилганларингизни кўрдим. Сизларнинг олдингизга чиқишдан мени тўсган нарса шуки, бу намоз сизларга фарз бўлиб қолишидан қўрққаним”, дедилар. Бу Рамазонда бўлган эди” (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига шафқатлари ва саҳобаларнинг суннатга, Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказишга қанчалик эътиборли бўлганларини кўриш мумкин.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким имом кетгунича у билан бирга намоз ўқиса, унга кечани ибодат билан ўтказганлик савоби ёзилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти). Яъни ким хуфтон, таровеҳ ва витр намозларини имом билан бирга ўқиса, ўша кечани ибодатда ўтказганлик савобига эга бўлар экан. Шундай экан, бу ибодатга эътиборли бўлиш, унда давомли бўлиш кўп ажру савоб келтиради.

Рамазоннинг ҳар они муборак, шарафлидир. Шундай экан, мусулмон киши бу ойни ғанимат билиб  рўза, тиловат, таровеҳ, дуолар билан ўтказиши матлубдир.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.

Четвер, 16 май 2019 00:00

Шукрона...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, юртимизга ойларнинг султони, Қуръон ойи бўлмиш муборак Рамазони шариф ўзининг таровати, саховати ва баракоти билан ташриф буюрди.

Рамазони шарифнинг шукуҳи яқинда қалбларимизни яна бир қувонч, шодликка тўлдирди.

2019 йилнинг 10 май куни Чилонзор туманида фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ номида янги масжид очилди.

Қарийб бир йилдан ортиқ вақт мобайнида мажмуа ҳудудида қурилиш ишлари бир лаҳза бўлсин-да, тўхтагани йўқ. Ва, ниҳоят мажмуада қурилиш ишлари ўз якунига етиб юртдошларимиз учун фойдаланишга топширилди.

Ушбу масжид ҳудуди узоқ йиллар қаровсиз ҳолда ётган эди...

Давлатимиз раҳбари ўтган йили февраль ойида Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида Сўгалли ота зиёратгоҳига келиб, масжид майдонини кенг ва кўркам қилиб қуриш бўйича топшириқлар берганди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масжид лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлаган эди. Шу ташриф асносида Давлатимиз раҳбари барпо этиладиган янги масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи берилишини таклиф қилдилар.  

Бу, элимиз учун қувончли хабар эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида тан олинган олим эдилар. Ҳаётларини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлаган муҳаққиқ олимлардан эдилар.

У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб – 90-йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшганлар.

У зотнинг муфтий лавозимида ишлаган пайтларида ҳам диний соҳада кенг фаолият юритилиб, кўплаб халқаро исломий ташкилотлар ва ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришилган. Бу инсоннинг мураккаб синовларга тўла ҳаёт йўллари барча мўмин-мусулмонларга ибрат ҳисобланади.

Яна қувончга тўла дамларга қайтсак...

Бугун 2 гектардан зиёд майдонда улкан мажмуа бунёд этилди.

Жорий йилнинг 10 май куни мазкур ҳудудга ташриф буюрган давлатимиз раҳбари бу масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номига муносиб бўлганини алоҳида таъкидлади. Шайх ҳазратларининг илмий меросини ўрганиш, кўпроқ маърифат ва одоб-ахлоққа оид китоблар чоп этиш, жамиятимиздаги маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар берди.

Мажмуа ҳудудида катта масжид, 200 кишига мўлжалланган мажлислар саройи, кутубхона, музей, қироатхона, аёллар учун алоҳида намозхона, таҳоратхона жой олган.

Масжидга кираверишда муҳташам ички ва ташқи пештоқ қад ростлаб турибди. Мажмуани безаб турган иккита минора устига кичик гумбазлар ўрнатилган, қуббаларидаги ҳилол масжид кўркига ўзгача чирой бериб турибди.

Масжид деворларини безашда анъанавий ва замонавий усуллардан мўътадиллик билан фойдаланилган. Масжидга чирой бериб турган безаклар у ерга ташриф буюрувчи ҳар бир инсон руҳиятида олам-олам илиқ тасаввур пайдо қилади.

Мажмуага 3 та кириш пештоқи орқали кирилади, ташқи ва ички фавворалар ишлаб турибди, автоуловлар тўхташи учун мажмуанинг икки томонидан махсус жойлар ажратилган.

Мажмуа ҳовлиси тўлиқ кўкаламзорлаштирилиб, ташриф буюрувчи зиёратчиларга қулайликлар яратиш мақсадида замонавий русумдаги ўриндиқлар, чиқинди қутилари ўрнатилди.

Йўл бўйида жойлашган Сўгалли ота мақбараси ҳам тўлиқ таъмирланиб, зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани "Убай ибн Каъб" жоме масжиди имом-хатиби, Алихонов Мирзатилло Абдуллажон ўғли:

– Аллоҳ таолога беҳад шукрлар бўлсин, шаҳримизда яна бир муҳташам, кўркам масжид пайдо бўлди. Узоқ йиллар давомида қаровсиз, хароба бир ҳолда ётган ҳудуд обод бўлди, энг муҳими, бу ерда Аллоҳнинг байти қад ростлади. Ўтган йили давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу ҳудудга ташрифи чоғида бу ерда масжид барпо этиш, майдонини кенг ва кўркам қилиб қуриш бўйича топшириқлар берган эдилар. Мажмуа лойиҳаси бўйича зарур тавсиялар, таклифлар ўртага ташлангандилар.

Орадан бир йилдан ортиқроқ вақт ўтиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган иш ўз ниҳоясига етди. Мажмуа ва унинг ҳудудида масжид қурилиб, халқимизга тақдим этилди. Масжидга фазилатли шайхимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ номларининг берилиши нур устига нур бўлди. Масжид ўзининг қурилиш архитектураси жиҳатидан ҳам бошқа масжидлардан ажралиб туради. Замонавий алоқа воситалари, жумладан, Wi-Fi билан таъминланган. Яна бир хайрли иш, масжидга шайхимизнинг фарзандлари Исмоил Муҳаммад Содиқнинг имом-хатиб этиб тайинлангани ҳам барча юрдошларимиз қалбини қувончга тўлдирди. Аллоҳ таоло Президентимизнинг хайрли ишларида Ўзи мададкор бўлсин! Умуман олганда бу Рамазони шарифда мўмин-мусулмон учун улкан туҳфа бўлди. Бошимиз узра ҳилол бўлиб турган мажмуа барчамизга муборак бўлсин, азизлар!

 Ўзбекистон халқаро ислом академияси «Ислом тарихи ва манбашунослиги» мутахассислиги 2-курс магистранти Мирҳамидов Акмал Абдуғофур ўғли:

– Бу масжид барчамизга давлатимиз раҳбари томонидан Рамазон туҳфаси бўлди, десам, асло муболаға бўлмайди. Масжиднинг кенглиги, кўркамлиги, шинамлиги, айниқса, ортиқча зебу зар ва нақшинкорликлардан ҳоли эканлиги одамнинг кўнглига ўзгача хотиржамлик бахш этади.

Мажмуадан мажлислар зали ва кутубхонанинг ўрин олиши, айни муддао бўлди. Айниқса, ўқувчи-талабаларнинг бундан кўпдан-кўп манфаат топишлари, шубҳасиз. Қолаверса, Президентимизнинг асосий мақсадлари ҳам устозимиз Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросларини ўрганиб, бу йўлдаги фаолиятларни давом эттириб келажак авлодга ектазишдан иборатдир. Бу ерда талабалар китоб мутолаа қилиш кўникмасини шакллантирадилар. Умуман, мажлислар зали, кутубхона ва қиратхона бир-бири билан уйғунлик касб этган. Келажакда, ҳали бу ерда халқаро йиғилишлар, форумлар, илмий анжуманлар ўтказилади ва ўйлайманки, бу жой ўзига яраша ислом дини тадқиқотлари марказига айланади. Зеро, ибодат ва илм бир-бири ила чамбарчас боғлиқдир. Ушбу мажмуада ана шу уйғунлик нафаси уфуриб турибди. Фазилатли шайхимиз номидаги ушбу масжид дунё тургунча халқимизнинг диний, илмий-маърифий билимини оширишга хизмат қилади, деган умиддаман.

Аллоҳ таоло янги мажмуани барча юрдошларимизга муборак қилсин. Барча рўзадорларнинг тутаётган рўзаларини Ўз даргоҳида ҳусни мақбул айласин!

 

Анвар Абдуллоҳ

Манба: https://islom.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 15 майда Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат чоғида ҳар икки давлат раҳбарлари кириб келган муборак ва қутлуғ Рамазони шариф муносабати билан бир-бирларига ўзларининг қизғин табрикларини чин дилдан изҳор этиб, энг эзгу ва самимий тилакларини билдирдилар.

Президентлар анъанавий дўстлик, қардошлик ҳамда стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлик алоқалари барча соҳаларда, жумладан савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамда маданий-гуманитар йўналишларда тобора жадаллашиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этдилар.

Томонлар Олий даражадаги ўзбек-турк стратегик ҳамкорлик кенгашининг илк йиғилишига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, бўлажак олий даражадаги учрашувлар жадвали кўриб чиқилди.

Дўстона руҳда кечган мулоқот чоғида давлатлар раҳбарлари ҳар икки халққа фаровонлик, тинчлик-осойишталик ва бардавом юксалиш тиладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ҳомиладор аёлнинг қош териши туғилажак боланинг марказий асаб тизимига ниҳоятда катта зиён етказар экан. Қайд этилишича, инсоннинг қош ва кўз ораси асаб толалари энг кўп жойлашган “худуд” экан. Қошнинг ҳар бир туки юлинганда, она асаб тизими орқали эндигина ривожланаётган ҳомиланинг бош миясида биттадан асаб томири узилишининг тиббиёт олимлари аниқлашибди. Аёл ҳомиладорлик даврида ҳар қанақанги хавотирли ҳолатдан ўзини асрайди. Бироқ нафақат қошини, балки юзидаги тукларини ҳам тердирар экан, эндигина дунё юзини кўраётган болалар нега мия қон босими хасталиги билан туғилаётганини ўйлаб кўрмайди. Ҳолбуки юлиб олинган тукларнинг ўрни очилиб, илдизлари жароҳатланади. Очиқ жароҳатга эса, ўз ўзидан микроб тушади.

Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анаҳу ривоят қилган хадисда Расулулоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам мўйчиноқ ила теривучи аёлларни ва мўйчиноқ билан тердирувчи аёлларни, Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчиларни лаънатлаганлар. Ҳозирги замон  аёллари қил, деган ишни қилмайдиган, қилма деган ишни қиладиган одат чиқаришади, олишга буюрилган бўлсада тирноқ ўстиришади. Илмда аниқланишича тирноқлар орасидаги бир мисқол кирда минглаб микроб мавжуд бўлар экан. Ҳолбуки аёл овқат тайёрлайди, дастурхон ёзади, нон ёпади ва хакозо тирноқ эса халигидай.

Агар тирноқ ўсса, киши тез совқотадиган бўлиб қолар экан, эҳтимол одамнинг совиқлиги ошиб кетар. Балки вужудимиздаги ўлик хужайралар, яъни совуқлик тирноқ орқали чиқиб кетар, қачондир тиббиёт буни ҳам исбот этар. Ҳар ҳолда Аллоҳ ва унинг Расули бандаларини бежизга бир нарсага буюриб, бир нарсадан қайтармаган-ку.

 

Х.Холбоев

Тошкент вилояти  “Улуғбек” жомъе масжиди имом-хатиби

Top