muslim.uz

muslim.uz

Ҳақиқий мўъмин-мусулмон шариатимизнинг ҳар бир ҳукмига сабабини суриштирмасдан итоат қилган киши бўлса керак деб ўйлайман. Негаки, Хадича онамиз розияллоҳу анҳо, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва уларнинг ортидан бошқа саҳобийлар шундай қилганини тарихий манбалардан ўқиганман.  Тўғрисини Аллоҳ таоло, тўғрироғини ҳурматли олимларимиз билади, албатта.

Аммо инсон бандалигига бориб, Мусо алайҳиссалом айтганидек, қалбининг хотиржам тортиши учун уларнинг сабабларини, фойдали жиҳатларини қидиради. Аслида бунинг ҳеч ёмон жойи йўқ. Чунки бандасига ота-онасидан ҳам меҳрибон бўлган Парвардигоримиз унга зарар етказадиган амални буюриши мумкинми? Асло ундай эмас. Раббимиз бизга нимани буюрган бўлса, ўша амрнинг замирида бизнинг жисмимиз, руҳиятимиз, дунёмиз, охиратимиз учун ҳисобсиз фойдалар бор. Бироқ буни ҳамма ҳам билавермайди. Атайлик, баъзилар соғлиги билан боғлиқ арзимаган нарсаларни баҳона қилиб ҳам рўза тутмасликнинг пайида бўлади...  

Рўзанинг асл моҳияти сўз бошлашдан олдин  кўзимиз ўнгида бўлган бир неча нозик нуқталарга  тўхталиб ўтишини жоиз топдик.

Рўзада кундузлари ейиш-ичишга эҳтиёжи бўла туриб улардан тийилишнинг нима ҳикмати бор? Ушбу кезларда совуқ бўлган шимол ўлкаларида инсонларнинг етарлича калория ва озуқа олишларига тўсиқ бўлувчи рўза ибодатининг соғликка зарари йўқми?

Биологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, қор қалин ёққан чоқларда ваҳший ҳайвонлар, ҳатто ўтхўр ҳайвонлар ҳам  ейишга бирор нарса топа олмайдилар. Наиложликдан  қиш уйқусига кирадилар ёки вақтларини “рўза” тутиш билан ўтказиш мажбуриятида қоладилар. Бу ҳолат уларни баҳор яқинлашган паллада яшарган бир қиёфада ҳаракатга келтиради.

Дарахтлар ҳам худди шундай ҳолатни бошдан ўтказади. Дарахтлар қишда баргларидан айрилади ва уйқуга кетади. Бир неча ойлик “рўза”дан сўнгра кўкламда яшариб, бурунгисидан ҳам қувватланиб олиб, гулга киради ва япроқ ёзади.

Ҳатто маъданларнинг ҳам “рўза”га эҳтиёжи бор. Моторлар ва машиналар... уларнинг ҳаракатланувчи қисмлари ҳам орада тўхтаб оладилар. Бу тин олиш уларга янги куч бағишлайди.  

Жами аъзоларда бўлгани каби ҳазм қилиш органларининг ҳам дам олишга эҳтиёжи бор. Рўза ана шу эҳтиёжни қондиради. Лекин рўзанинг асл мақсади бундай тиббий фойдалар эмас. Улар йўл-йўлакай кўриладиган фойдалардир.

Инсон Аллоҳ таоло яратган энг ажойиб мавжудот. Унинг жисмида зидлар бирлашган: бадан ила руҳ, модда ва маъно бир-бирига чамбарчас боғланиб кетган. Инсоннинг қанчалик бахтиёр бўлмоғи бир-бирига тамоман зид бўлган ана шу икки унсурни тенг тута билмоғига боғлиқ. Моддий тарафимиз ошкора кўриниб тургани учун  руҳий кучларимизга соя солиб ва унга босим ўтказишга мойил бўлади. Бу майл давомий ва таъсирли бўлса, инсоннинг руҳининг юксалишига тўсиқ бўлади. Шу жиҳатдан, тананинг руҳга тобе бўлиши учун тана кучини чегаралаб руҳини етилтирмоқ керак.  

Бу ғояга етишмоқ учун очлик, сувсизлик, шаҳватини чегараламоқ; тил, қалб, фикр ва бошқа аъзоларнинг  назорат остига олинмоғи энг таъсирчан йўлдир. Бу иш тажриба билан собит бўлган.

Инсоннинг мукаррам бўлишининг сабабларидан бири ҳайвоний табиатини ақлига ва руҳига буйсундирмоғидандир.  Инсон табиати саркаш. Баъзан  асовлик, баъзан ҳалимлик кўрсатади. Унинг асовлигини жиловламоқ учун рўза каби қатъий чора кўрилмоғига эҳтиёж бор. Гуноҳ ишлардан тавба этиши ва рўза билан латоиф йўлни танлаши унинг иродасини қувватлантиргани каби руҳини ҳам пишитиб тасалли беради. 

Емаслик ва ичмаслик фариштларга хусусиятларидан. Инсон бу ишга уринар экан, фаришталарга ўхшашга интилади. Энг асосийси, буни фақат Аллоҳ таоло буюргани учун қилса, Унга янада яқинлик ҳосил қилган бўлади.  Шунинг учун иймонли инсоннинг энг улуғ ғояси бўлган Аллоҳ таолонинг мамнунлиги қўлга киритилади.

Рўзадан кутилган мақсаднинг амалга ошиши учун диққат этиш лозим бўлган масалалар бор. Рўза – саҳарлик қилиш ва рўзани бузадиган ҳаракатлардан узоқ бўлмоқдир. Комил иймон-ла тутилган рўза бутун тана аъзоларининг истакларидан бир  текисда тийилмоғидир: ошқозон емак-ичмоқдан тийилгани каби тил ҳам ёлғондан, ёмон сўзлардан, беҳуда вайсашлардан тийилмоғи; кўз ҳаромга, ноўрин жойларга қарашдан, бировларнинг айбини кўришдан тийилмоғи; қулоқ ғийбат, миш-мишлар ва шармсиз сўзларни тинглашдан тийилмоғи керак.

Энг муҳими, кўнгил ва ақл ёруғ нарсаларни ўйламоғи керак. Улуғларимиз ёлғон сўзлаш ва қўполлик қилиш рўзани бузишини айтади. Танасининг барча аъзоларини рўза тутишга жалб эта олмаган киши гўёки рўза тутганга ўхшаб кўринса-да, аслида рўзадор эмасдир. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Неча рўзадорлар борки, рўзалари фақат очлик ва ташналикдан иборатдир”, дея уларнинг ҳолини маълум қилганлар. 

Жами аъзолар рўзасига диққатли бўлганлар эса ҳатто жаҳлини чиқарган кишиларга ҳам “Мен рўзадорман”, дея қаттиқ гапирмайди. Бундай қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тавсиясидир. Рамазон ойида осойишталик бўлишида ана шундай инсонларнинг роли катта бўлади. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, рамазон ойида мусулмон мамлакатларида автоҳалокатлар бошқа ойлардагига нисбатан камроқ кузатилар экан.

Аёнки, ибодатда энг муҳим ҳодиса ихлосдир. Ихлос – ҳар бир ишни фақат Аллоҳ ризоси учун бажармоқ демакдир. Рўза тутдим деган кишининг рўзадор ёки рўзадор эмаслигини ҳеч ким аниқ билмайди, буни фақат Аллоҳ таоло билади.

Аллоҳ таоло бир ҳадиси қудсийда: “Рўза Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман”, деб марҳамат қилган. Шундай экан, рўзадор киши уни қанчалик ихлос билан қилаётганини Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Агар рўзасида нуқсони бўлса, ҳадиси шарифда айтилганидек, фақат оч ва чанқаб юргани қолади.

Хосларнинг рўзаси авомнинг рўзасидан фарқ қилади. Улар “зикри доимий”дан чалғиб қолиш рўзага зарар беради деб ҳисоблайдилар. Яъни уларнинг наздида, қудсий ҳадисда айтилган “Рўза Мен учундир...” иборасининг маъноси “Самадият Менга оиддир” демакдир. Аллоҳ таоло гўёки: “Ким Менинг ахлоқим ила ахлоқланса, Мен уни ҳеч ким тасаввур эта олмайдиган шаклда мукофотлайман” демоқдадир.

Ушбу қудсий ҳадиснинг яна бир изоҳи бундай: рўзанинг зоҳир ила алоқаси бўлмаслиги ва у бошқалардан сирли ибодат бўлиши ҳамда унда бошқаларнинг улуши бўлмаслиги назарда тутилган. Чунки Аллоҳ таоло унинг давомида “Унинг мукофотини Ўзим бераман”, демоқда.

Уч хил рўза бор: руҳнинг рўзаси – эҳтирослардан узоқ бўлмоқ ва қаноат соҳиби бўлмоқ; ақлнинг рўзаси – ҳою ҳавасларга зид ҳаракат этмоқ; нафснинг рўзаси – емоқ-ичмоқ ва ҳаромга қарши парҳезкор бўлмоқдир.

Жалолиддин Румий ҳазратлари бундай дейди: “Рўза оғизни ёпиб, кўнгил кўзини очади”. Жон кўзининг очилиши тана қувватини таъсирсиз ҳолга келтириши мумкин бўлади. Кўнгил кўзи кўр бўлганларнинг ибодати ҳеч нарсага ярамайди. 

Ҳазрати Румийга кўра, рўза ибодатларнинг энг буюгидир. Инсонни меърожга кўтарадиган Буроқдир, Қуръони каримнинг сирларидир, Инсонларнинг орзулари ва нафсларига қарши курашидир. Уларни поклаб мавқеини юксалтирувчидир.

Сўзлаб ўтганларимиздан хулоса қилсак, рўзанинг уч даражаси бор экани кўзга ташланади. Авомнинг ишқи – саҳардан оқшомга қадар емоқдан, ичмоқдан ва шаҳватдан тийилмоқ; хослар ишқи – улар танасининг барча аъзоларини назорат остига олган рўзадорлар; сиддиқлар рўзаси – кўнглини Аллоҳ таолодан бошқалардан узоқ тутувчи ошиқу орифлар. Авомлар рўзадор вақтида ошқозонига ҳеч нарса туширмайди; хослар гуноҳ ва ёмон нарсаларни танасига яқинлаштирмайди; сиддиқлар, ошиқлар ва комиллар мосувони (Аллоҳдан бошқа нарсаларни) қалбига яқинлаштирмайди. Рўзадан кутилган мақсад асли шу ўзи.

Раббимиз барчамизга рамазон рўзасини ана шу зотлардек тутишни насиб айласин!

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

Профессор талабалардан сўради:

– Қани, айтинглар-чи, ҳамма нарсани Худо яратганми?!

Талабалардан бири астойдил жавоб берди:

– Ҳа, Худо яратган!

– Агар ҳамма нарсани Худо яратган бўлса, демак, ёвузлик ва зулмни ҳам У яратган, шундайми?

Талаба жавоб беролмай, жим туриб қолди. Профессор ўз далилларидан лаззатланиб, талабалар олдида фахрланди.

Шунда бошқа бир талаба савол сўрашга рухсат сўраб, қўл кўтарди. Профессор рухсат бергач, ўрнидан туриб, сўради:

– Жаноб профессор! Совуқ­лик борми?

– Бу қанақа савол?! Албатта, бор. Нима, ўзинг ҳеч совқотмаганмисан?

Талабалар кулиб юборишди. Шунда ҳалиги талаба:

– Аслида совуқлик мавжуд эмас. Физика қонунларига кўра, биз совуқлик дейдиган нарса, ­аслида иссиқликнинг йўқлигидир. Фанда нўл даража ҳарорат деб қабул қилинган ўлчам Фаренгейт ўлчовида – 460 даража ҳисобланади. Бу иссиқликнинг буткул йўқ­лигини билдиради. Агар бутун олам бу даражага тушиб қолса, борлиқ нарсалар фақат иссиқ-совуқни эмас, балки бошқа ҳолатларни ҳам сезолмайдиган бўлиб қолади. Совуқлик аслида йўқ. Биз “со­вуқ­лик” сўзини иссиқлик йўқлиги ё камлигини исботлаш учун ишлатамиз,– деди.

Профессорнинг бу гапларни тасдиқлашдан бошқа иложи йўқ эди.  Талаба сўзини давом эттирди:

– Қоронғилик тўғрисида нима дейсиз?

– Албатта, у бор!

– Сиз яна хато айтдингиз! Қоронғилик ҳам аслида йўқдир. У аслида ёруғликнинг йўқлигидир. Биз ёруғликни ўрганамиз, қоронғиликни эса ўрганолмаймиз. Шундай эмасми? Биз Нютон призмаси ёрдамида ёруғликни рангли нурларга бўлиб юборишимиз, уларнинг узунлиги ва тезлигини ўрганишимиз мумкин. Лекин қоронғилик устида бундай изланишлар ўтказолмаймиз! Ёки ёруғлик ўлчаш усулларига қарарсиз? Шундай эмасми?! Демак, қоронғилик тушунчасини инсон ёруғлик йўқлигини ёки камлигини ифодалаш учун ишлатади.

Талаба профессордан яна сўради:

– Ёвузлик ва зулм борми?

Профессор:

– Албатта, бор! Уни биз ҳар куни кўрамиз. Дунёда содир бўлаётган жиноятлар ва зўравонликлар... кишиларнинг бир-бирига зулм қилиши... Булар ёвузлик  оқибати.

– Ёвузлик ҳам йўқ нарса. Худо ёвузликни яратмаган. Ёвузлик инсон қалбида эзгулик, меҳр-муҳаббатнинг йўқлигидир. Пок эътиқод ва меҳр-муҳаббат иссиқлик ва ёруғлик каби бор нарсалардир. Ёвузлик эса совуқлик билан қоронғиликка ўхшайди. У иссиқлик бўлмаганида келган совуқликка ўхшайди, ёки қоронғилик каби ёруғлик кетганида келади.

Профессор талабанинг заковатига тан берди. Бу талаба кейинчалик дунёга машҳур олим бўлган Алберт Эйнштейн эди.

 

Интернет

материаллари асосида

тайёрланди.

 

Қўшработ туманида Хўжанов Адирбой бобо, Узоқов Толлибой бобо деган отахонлар умргузаронлик қилмоқда. Ўтган асрда рўй берган ва инсоният тарихида ўчмас қора доғ қолдирган иккинчи жаҳон уришининг қонли майдонларида ғаним билан жанг қилган ушбу нуронийлар бугун халқ эъзозида.

“Балиқчи ота” жоме масжиди имом хатиби Ё.Тўхташов ва “Жўш ота” жоме масжиди имом хатиби Н.Кубаев “Сиз бизнинг фахримизсиз, азиз бобожон!” шиори остида юқорида номлари зикр этилган отахонлар ҳолидан хабар олдилар. Совға-саломлар ила дилларини хушнуд этдилар. Умрни қадрлаш, тинчликни авайлаб-асраш тўғрисидаги насиҳатларига қулоқ тутиб, дуоларини олдилар.

Ушб хайрли тадбир вилоятнинг қолган ҳудудларида ҳам ўтказилди, деб хабар беради Самарқанд вилояти вакиллиги ахборот хизмати.

Таъкидлаш лозимки, ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”,дедилар”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти), деганлар.

 

   ЎМИ Матбуот хизмати

Oнам менинг касалманд-сўлғин чеҳрамга йигирма йил термилиб умидвор яшади. Уйқум қочса, у ҳам бедор, овқат емасам, унинг ҳам иштаҳаси йўқоларди. Мен чарчасам, тинка-мадори қуриган тўқсон ёшли кампирдай, оёқларини судраб босарди. Мен сабаб онам эрта қариди. Бир томони олтмишинчи йилларнинг заҳар-заққумли оғир меҳнати, иккинчиси менинг оғир касалим онамни бир чангалгина қилиб ташлади. Мен қоқилсам, у йиқиларди. “Оҳ, болам-а, қанийди сен ҳам одамлардай ўз нонингни ўзинг олиб, синдириб есанг. Худодан тилаганим, одамлардай соғлом, серфарзанд бўлгин. Ризқинг бутун, умринг узун бўлсин”, деб дуо қиларди. Шунда ҳам онам мен учун қайғуриб, куйиб, кул бўлиб бораётганини билмабман. Энди билдим, оналарни қаритадиган ҳам, яшартирадиган ҳам, яшнатадиган ҳам боласи экан. Мен инжиқ, елимдек ёпишқоқ касалликка мубтало бўлган эдим. Онамнинг бошимда ҳайкалдек қотиб турганлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар-ҳар замон пешонамни силаб, юмшоқ, иссиқ панжаларини юзимга-кўзимга ишқаларди. Бу қўллар нақадар меҳрли, нақадар ёқимли эди, ундан аъзои баданим роҳатланиб, меҳр булоғидан сув ичгандек, юрак-бағрим қониб яйрарди.

“Она, болалар билан бир ўйнаб келсам, майлими?” дердим. Юзимга термилиб: “Кўп ўйнамагин, чопма, толиқиб қоласан”, дердилар раҳматлик. Энди ўйласам, онам зукко экан. “Йўқ, ўйнамайсан” десалар борми, менда яшашга ишонч йўқоларди. Болалар билан ўйнаб юришга ҳавасим кетиб, бир кун ўйнасам, ҳафта-ўн кунлаб тинка-мадорим қуриб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолардим. Ота-онамнинг кўрсатмаган дўхтири ҳам, ичмаган дорим ҳам қолмади. Бу дорилардан бир пиёла иссиқ сувчалик наф кўрмадим. “Касал бўлсанг ҳам, шукр қил”, дердилар онажоним. Шу биргина нурли сўз қалбимни қуёшдек ёритиб турарди. Менинг касалим асаб тизими толиқиши экан. Шифокорлар уни руҳий ҳамда жисмоний таъсир орқали даволашаркан, толиққан асаб тугунларини қўзғатиб, тиклаб соғломлаштириш илмий асосланган экан. Олтмишинчи йилларда мени силаб-сийпаб, қулоқларимдан, оёқларимдан, панжаларимдан тортқилаб  муолажа қилган нуроний отахон сабаб онадан соғлом ва бақувват туғилгандек ҳаётга қайтиб, катта-катта қадам ташлаб юришга илк бор ишонч ҳосил қилдим. Онам Аллоҳдан сўраганидек, нонимни ўзим синдириб ейдиган даражага ҳам етдим.

Кейин оила деб аталмиш боғ ҳам барпо этдим. Унда фарзанд, невара, чевара, эвара деган кўчатлар униб-ўсиб бўстонга айланди. Онамнинг дуоларини ижобат қилган Аллоҳга шукроналар айтаман. Онам болалар билан ўйнаб-кулиб юрганимни кўрса, севиниб чеҳраси қуёшдай порларди. “Менинг болам ҳам элнинг боласи бўлиб, элга қўшилди-я, Аллоҳим, элдан айирма,  эл бўлиб яшасин”, деб дуо қиларди. Шунинг учун ҳам оналар ҳадиси шарифларда улуғланган-да.

Онамдан бошланган ҳаёт мен учун бахт эшигини очди. “Нон-тузинг шу Ватан туфайли. Уни оқлаш учун умр охиригача Ватан деб меҳнат қилмоғинг, уни оилангдек асрамоғинг зарур. Шунда барака топасан. Ватан она тимсоли бўлиб, бошингни силайди. Меҳнатингга муносиб олқиш ва эъзоз беради”, дерди онам раҳматлик.

Худди шундай бўлди. Қирқ йил ўқитувчилик қилдим. Эл-юрт мени эъзозлади. Кўксимга нишонлар тақди. Онамдан бошланган ҳаёт ­– Ҳисор тоғидан эниб келаётган азим дарёдай ташна қалбимни суғориб, озиқлантириб турди. Оналар бор экан, иншааллоҳ, бундай дарёлар қуримайди.

 

Саодатли ОСТОНА,

Қашқадарё вилояти

3 май куни Тошкент Ислом институти «Таҳфизул-Қуръон» кафедрасининг 3-босқич талабаси Фатҳуллоҳ қори Дадаев ўттиз (30) пора Қуръони каримни кафедра устозлари Жаҳонгир қори Неъматов, Исломхон қори Убайдуллаев, Аҳмадхон қори Рашидов, Зафар қори Маҳмудов, Жаҳонгир қори Рўзиев ҳамда Элёржон қори Аҳматқуловларга бир кунда, бир ўтиришда ёддан ўқиб берди.

Фатҳуллоҳ қори соат 6 дан кейин Қуръони каримни ўқиб беришни бошлаб, Аср намозигача тўлиқ ўқиб берган. Тошкент Ислом институтининг катта ўқитувчиси Саиджамол домла Масайитов ҳатми Қуръони дуосини қилиб берди.

Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони каримни ёдлашдаги машаққатларини эслар экан, ўзининг отаси Ҳамидуллоҳ Дадаев, илк таълим берган устозлари Нурмуҳаммад домла Нарзуллаев, Баҳром домла Исоқов ҳамда Қуръони каримни тўлиқ ёд олишга ўзларининг катта хизматларини қўшишган “Таҳфизул Қуръон” кафедраси устозлари Зафар қори Маҳмудов, Аҳмадхон қори Рашидовларга ўзининг чуқур миннатдорлигини билдириб ўтди.

Қайд этиш керак, аввалроқ Фатҳуллоҳ қори Дадаев Қуръони каримни 58 кун (салкам 2 ой)да ёдлай олгани ҳақида хабар берган эдик.

 

Манба: http://islaminstitut.uz

Top