Мақолалар

Энди билдим, онани қаритадиган…

Oнам менинг касалманд-сўлғин чеҳрамга йигирма йил термилиб умидвор яшади. Уйқум қочса, у ҳам бедор, овқат емасам, унинг ҳам иштаҳаси йўқоларди. Мен чарчасам, тинка-мадори қуриган тўқсон ёшли кампирдай, оёқларини судраб босарди. Мен сабаб онам эрта қариди. Бир томони олтмишинчи йилларнинг заҳар-заққумли оғир меҳнати, иккинчиси менинг оғир касалим онамни бир чангалгина қилиб ташлади. Мен қоқилсам, у йиқиларди. “Оҳ, болам-а, қанийди сен ҳам одамлардай ўз нонингни ўзинг олиб, синдириб есанг. Худодан тилаганим, одамлардай соғлом, серфарзанд бўлгин. Ризқинг бутун, умринг узун бўлсин”, деб дуо қиларди. Шунда ҳам онам мен учун қайғуриб, куйиб, кул бўлиб бораётганини билмабман. Энди билдим, оналарни қаритадиган ҳам, яшартирадиган ҳам, яшнатадиган ҳам боласи экан. Мен инжиқ, елимдек ёпишқоқ касалликка мубтало бўлган эдим. Онамнинг бошимда ҳайкалдек қотиб турганлари ҳеч эсимдан чиқмайди. Ҳар-ҳар замон пешонамни силаб, юмшоқ, иссиқ панжаларини юзимга-кўзимга ишқаларди. Бу қўллар нақадар меҳрли, нақадар ёқимли эди, ундан аъзои баданим роҳатланиб, меҳр булоғидан сув ичгандек, юрак-бағрим қониб яйрарди.

“Она, болалар билан бир ўйнаб келсам, майлими?” дердим. Юзимга термилиб: “Кўп ўйнамагин, чопма, толиқиб қоласан”, дердилар раҳматлик. Энди ўйласам, онам зукко экан. “Йўқ, ўйнамайсан” десалар борми, менда яшашга ишонч йўқоларди. Болалар билан ўйнаб юришга ҳавасим кетиб, бир кун ўйнасам, ҳафта-ўн кунлаб тинка-мадорим қуриб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолардим. Ота-онамнинг кўрсатмаган дўхтири ҳам, ичмаган дорим ҳам қолмади. Бу дорилардан бир пиёла иссиқ сувчалик наф кўрмадим. “Касал бўлсанг ҳам, шукр қил”, дердилар онажоним. Шу биргина нурли сўз қалбимни қуёшдек ёритиб турарди. Менинг касалим асаб тизими толиқиши экан. Шифокорлар уни руҳий ҳамда жисмоний таъсир орқали даволашаркан, толиққан асаб тугунларини қўзғатиб, тиклаб соғломлаштириш илмий асосланган экан. Олтмишинчи йилларда мени силаб-сийпаб, қулоқларимдан, оёқларимдан, панжаларимдан тортқилаб  муолажа қилган нуроний отахон сабаб онадан соғлом ва бақувват туғилгандек ҳаётга қайтиб, катта-катта қадам ташлаб юришга илк бор ишонч ҳосил қилдим. Онам Аллоҳдан сўраганидек, нонимни ўзим синдириб ейдиган даражага ҳам етдим.

Кейин оила деб аталмиш боғ ҳам барпо этдим. Унда фарзанд, невара, чевара, эвара деган кўчатлар униб-ўсиб бўстонга айланди. Онамнинг дуоларини ижобат қилган Аллоҳга шукроналар айтаман. Онам болалар билан ўйнаб-кулиб юрганимни кўрса, севиниб чеҳраси қуёшдай порларди. “Менинг болам ҳам элнинг боласи бўлиб, элга қўшилди-я, Аллоҳим, элдан айирма,  эл бўлиб яшасин”, деб дуо қиларди. Шунинг учун ҳам оналар ҳадиси шарифларда улуғланган-да.

Онамдан бошланган ҳаёт мен учун бахт эшигини очди. “Нон-тузинг шу Ватан туфайли. Уни оқлаш учун умр охиригача Ватан деб меҳнат қилмоғинг, уни оилангдек асрамоғинг зарур. Шунда барака топасан. Ватан она тимсоли бўлиб, бошингни силайди. Меҳнатингга муносиб олқиш ва эъзоз беради”, дерди онам раҳматлик.

Худди шундай бўлди. Қирқ йил ўқитувчилик қилдим. Эл-юрт мени эъзозлади. Кўксимга нишонлар тақди. Онамдан бошланган ҳаёт ­– Ҳисор тоғидан эниб келаётган азим дарёдай ташна қалбимни суғориб, озиқлантириб турди. Оналар бор экан, иншааллоҳ, бундай дарёлар қуримайди.

 

Саодатли ОСТОНА,

Қашқадарё вилояти

Read 4459 times

Мақолалар

Top