muslim.uz

muslim.uz

 Ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларида анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган халқаро Қуръони карим мусобақаларида  диёримиздан  етишиб чиқаётган иқтидорли қориларимиз юртимиз вакили сифатида қатнашиб келмоқда.   Яқинда шу йилнинг 7-11 октябрь кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Маккаи мукаррама шаҳрида ўтказилган 39-Халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.  Унда икки нафар вакилимиз – Тошкент ислом институти битирувчиси  Сайдулло қори Тоҳиров ва  “Кўкалдош” ислом билим юрти талабаси Абдулбасир қори Камолов иштирок этиб қайтишди.

Мазкур мусобақада дунёдаги 70 дан ортиқ давлатдан етук Қуръон ҳофизлари иштирок этиб, улар орасида вакилларимиз Қуръони  каримнинг тўлиқ 30 порасини ва 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш йўналишида қатнашди.

Мусобақа қуйидаги 4 йўналишда ўтказилди:

  1. Қуръон каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериши билан бирга Қуръони каримдаги ояти карималарнинг тафсирини билиш.
  2. Қуръон каримнинг 30 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
  3. Қуръон каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
  4. Қуръон каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.

Ушбу йўналишлардаги юқори уч ўринни қўлга киритган қориларга совринли мукофотлар топширилди. Қориларимиз ўз йўналишида ғолиб ўринлардан кейинги кучли ўнталикдан ўрин эгаллашди.

Вакилларимизга мусобақадаги иштироки тўғрисида ташаккурнома ёрлиғи тақдим этилди.  Улар Саудия Арабистони сафари давомида Маккаи мукаррамада умра ибодатини адо этишди. Мусобақа ташкилий ҳайъати  томонидан Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларидаги муқаддас қадамжоларга иштирокчилар учун зиёрат уюштирилди.

Халқаро алоқалар бўлими

18.10.2017 йил

Саудия Арабистонининг Қирол Абдуллоҳ университети илмий тадқиқотчилари уч турдаги ўт ўсимликлари саратон касаллигига қарши даво бўлишини аниқладилар. Улар жами 52 турдаги турли ўсимликларнинг биологик хусусиятлари борасида илмий изланишлар олиб бориб, шундан учтаси саратон касаллигини даволашда таъсири кучли эканини исботладилар. Мазкур ўсимликлардаги цитотоксик моддаси турли касалликларни даволашда фойдали ҳисобланади. Шунингдек, бу моддалар ҳужайраларнинг бўлиниш жараёнида муҳим рол ўйнайди.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

2017 йил 17 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Самарқанд шаҳридан  Бухоро вилоятига етиб келди. Меҳмонлар Бухоро халқаро аэропортида тантанали кутиб олинди.  Мартабали меҳмон Бухорога ташрифини   Когон туманидаги Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси билан танишишдан бошлади.

Рамзан Қодиров мажмуа ҳудудида Президентимиз Шавкат Мирзиёев  ташаббуси  билан  ташкил этилган  “Мир Араб”  Олий мадрасасини кўздан кечирди. У мазкур диний таълим муассасида таҳсил олаётган талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, ўқув хоналари билан яқиндан танишди. Талабалар бир партада ўтириб, дилдан суҳбатлашди. Рамзан  Қодиров  Мир Араб   Олий  мадрасасининг  фахрий  талабаси  сифатида  ўқишга  қабул  қилингани Олий  мадраса  ректори  Ҳайдархон  Йўлдошхўжаев  томонидан эълон қилинди.

Рамзан Қодиров отаси таҳсил олган хонага кириб ҳайратга тушди

Бухоро вилоятига ташриф буюрган Рамзан Қодиров марҳум Чеченистон Республикасининг биринчи Президенти Аҳмад хожи Қодировнинг ушбу мадрасада яшаб таҳсил олган «Мир араб» мадрасидаги хонасини кириб кўрди. Хонада Аҳмад хожи Қодировнинг бирга таълим олган тенгдошлари ҳақидаги лавҳалар меҳмонларнинг хайратига сабаб бўлди. Рамзан Қодиров ташрифи асносида ушбу билим даргоҳи кўплаб мамлакатларда соф ислом эътиқодини шаклланишида хизмат қилганини мамнуният билан эътироф этди. Сўнгра, меҳмонлар билим юртининг тарихи ва унда таҳсил олган талабалар ҳақидаги маълумотлар билан танишди. Мир Араб мадрасаси зиёрати Чеченистон раҳбарида катта таассурот қолдирди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Бухоро вилояти вакиллиги

Вівторок, 17 октябрь 2017 00:00

Анжуман иштирокчилари кутиб олинди

Бугун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аерапортида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” мавзуида бўлиб ўтадиган халқаро илмий-амалий конференция иштирокчиларини  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари кутиб олишди. Анжуман эртага ўз ишини давом эттиради. Бизни кузатиб боринг!

Вівторок, 17 октябрь 2017 00:00

Яхши дўст керакми? китоб ўқинг!

Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида дўстларга эҳтиёж сезамиз. Ким биландир суҳбатлашиш, фикр алмашиш, уларнинг сўзларидан кўп маънолар олиш билан ҳаётимизга мазмун берамиз. Бироқ, ҳаётда шундай дўст борки, у Амир Темурнинг таъбири билан айтганда: “Барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”. Бу садоқатли, ишончли ҳамроҳ – Китобдир.

Бугунги ахборот асрининг илғор технологияларисиз кунларимизни тасаввур қилолмамасак-да, тенгдошларимиз орасида китобга ошно бўлган ёшларнинг борлиги қувонарли ҳолдир. Кўча кўйда, транспортларда қўлларида китоб тутган инсонларни кўриб қувонамиз.

Афсуски, баъзи ёшлар қимматли вақтини беҳуда ишларга, хусусан, ҳаддан ташқари кўп компьютер ва қўл телефони ўйинларини ўйнаш, мазмунсиз фильмларни кўришга сарфлашлари тўғри эмас. Бунинг ўрнига, ўқишдан ташқари ўтадиган вақтини самарали ишлар учун режалаштириши мақсадга мувофиқдир. Айниқса, куннинг маълум қисмларини фойдали китоб мутолааси учун ажратиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки, “ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш” янглиғ ўқиган китоби йиллар ўтса-да ҳаётда албатта асқотади.

Юртимизда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам бежизга эмас, бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган” фармойиш эълон қилди. Бу эса ўз навбатида, юртимизда китобхонлик савияси ошишига, янгидан-янги сермазмун китоблар чоп этилишига омил бўлувчи муҳим одимдир. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янгидан-янги нашрдан чиқаётган сермазмун асарларни ўқиб бориш ёшларнинг онги ўсиши, тафаккури теранлашиб, ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига имкон беради.

Динимизда илмли бўлишга чорланади. Бу биз «Илм» сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маънолари билан келганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Қуръон ва ҳадисларда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Шунингдек, нодир манбаларда илм энг кўп ёритилган масалалардандир. Маърифат эгаллашнинг энг муҳим шарти эса китоб ўқиш билан бўлиши барчамизга маълумдир. Бу борада Мужодала” сураси, 11-оятида: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”, дея марҳамат қилинади.

Алишер Навоий: “Китобни муқовасига қараб оладилар, ичига қараб баҳо берадилар”, деган эканлар. Дарҳақиқат, китобларнинг асл маъноси моҳиятини уни ўқигандагина англаш, уқиш мумкин.

Дилшоди Барно китоб ўқиш жараёнида эътибор бериш муҳим бўлган жиҳатларни ўз мисраларида келтириб ўтади:

Бу замонда ҳамдами роз ўлмага ўқуш керак,

Ҳар китобни ўқигонда маънисин уқиш керак.

Андин ўрганиб адаб илмин ғазал тўқиш керак,

Норасоликнинг жаҳонда томирини қирқиш керак,

Илмсиз афсунчиларга тири паррондур китоб.

Замондош ёзувчиларимиздан бири Озод Шарофиддинов эса китобни мўъжиза дейди: “Китоб деган нарса инсоннинг табиати, моҳияти билан боғлиқ бўлган буюк мўъжизадир. Инсон бор экан, китоб ҳам қай бир шаклда яшайверади”.

Азалдан халқимиз китобни азиз санаган, кечалари китобхонлик давралари уюштирилган, оила аъзолари йиғилиб китоблар ўқилган. Асарлар ҳақида муҳокама ва мулоҳазалар билдирилган. Шундай оиладаги фарзандлар ҳам китобга меҳрли бўлиб вояга етганлар. Биз ана шундай аждодларнинг авлодларимиз, қалбимиздан, онгимиздан китоб ўқишни севувчи миллатмиз. Буни ҳамиша унутмаслигимиз лозим.

Бугунги кунда ҳам қайси хонадонга кирманг, уйнинг тўрида, жавонини безаб турган китобларга кўзингиз тушади, оила катталарининг ёшларни китоб ўқишга чорловчи сўзлари улғайиб келаётган болалар онгига сингади, китобга бўлган меҳри ортади. Аждодларимиздан қолган бебаҳо фазилатимиз – китобсеварлигимизни бой бермайлик, келажак авлодларга ҳам бус бутунлигича етказайлик.

Биз сизга “ҳамиша ва фақат китоб ўқинг”, деб панд насиҳат қилмоқчи эмасмиз. Бироқ, ҳаётингиз китоб билан сермазмун ўтади, яхши китоб сизга тўғри йўл кўрсатади, мутолаа сизни нафақат илмли қилади, балки сиз ҳеч қачон ҳис этмаган завқни ҳам бахш этади ва албатта ажру-савобларга нойил этади, дея эслатмоқчимиз.

Шарифа ҒАНИЕВА,

«Зиё медиа маркази» бош муҳаррири

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top