muslim.uz

muslim.uz

 بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Аллоҳ таоло инсон зотини азизу мукаррам қилиб яратган. Унинг шаънини улуғлаб, Ер юзидаги барча нарсаларни унинг манфаати учун пайдо қилган. Инсоннинг шаънига, молига, жонига ноҳақ тажовуз қилишни ҳаром қилган. Қуръони каримда бундай дейилади:

 وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا    

яъни: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”. (Исро сураси, 70-оят).

Муҳаммад (с.а.в.) сиз билан биз умматларига доимий равишда панду насиҳат ва ваъзу иршод қилишга буюрилганлар. Шунинг учун Пайғамбар (с.а.в.) умрларининг охиригача ўз умматларини илоҳий таълимот асосида рушду ҳидоятга бошлаб, нафс ва шайтон йўлларидан қайтариб ўтдилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.) “Ҳажжатул-вадоъ”даги хутбаларида бундай деганлар:

عن النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «فَإِنَّ دِمَاءَكُمْ وَأَمْوَالَكُمْ وَأَعْرَاضَكُمْ، عَلَيْكُمْ حَرَامٌ، كَحُرْمَةِ يَوْمِكُمْ هَذَا، فِي شَهْرِكُمْ هَذَا، أَلاَ لِيُبَلِّغِ الشَّاهِدُ مِنْكُمُ الغَائِبَ .أَلاَ هَلْ بَلَّغْتُ"

 (رواه البخاري).

яъни: “Эй одамлар, албатта бир-бирингизни қонларингизни тўкишлик, молларингизни ноҳақ ўзлаштиришлик ва обрўларингизни тўкишлик сизларга ҳаромдир. Худди ушбу арафа кунингиз ва бу зулҳижжа ойингиз ҳурматли бўлгани каби. Огоҳ бўлингиз, сизлардан ҳозир бўлганлар ушбуларни ғоибларингизга етказсин. Эй одамлар, (сизларга) етказдимми”. (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадиси шарифда Расули акрам (с.а.в.) ҳар бир инсоннинг яшаш ҳуқуқи муқаддас эканини баён қилдилар. Демак, Аллоҳ азиз қилган инсоннинг жонига қасд қилиб, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳ саналади. Қуръони каримда айтиладики:

مَنْ قَتَلَ نَفْسًا بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الْأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعًا وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا

 أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعًا

яъни: “Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларини қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир” (Моида, 32-оят). Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло айтади:

وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

яъни: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир” (Анъом сураси, 151-оят).

         Муҳтарам жамоат! Жаҳондаги нуфузли ислом муассасалари, чунончи Миср Араб Республикаси Фатво Бошқармаси ва Саудия Арабистони уламолари ҳам турли йўллар билан бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлишни шаръан ҳаром амал эканлигини эълон қилган. Бу ишни Исломга ҳеч бир алоқаси йўқ. Бу гуноҳ ишни амалга оширганлар Аллоҳ таолонинг азобига учрайди, деб алоҳида таъкидлаган.

Бунга қуйидаги ҳадислар далил бўлади. Абу Дардодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

وعن أبي الدَّرْدَاءِ رضي الله عنه قالَ :سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "كُلُّ ذَنْبٍ عَسَى اللَّهُ أَنْ يَغْفِرَهُ ، إِلَّا مَنْ مَاتَ مُشْرِكًا ، أَوْ مُؤْمِنٌ قَتَلَ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا"

(رواه أبو داود و النسائي).

яъни: “Барча гуноҳларни Аллоҳ таоло кечириши мумкин, бироқ Аллоҳга ширк келтирган ҳолда ўлган кишини ва бир мўминни қасдан ўлдирган мўминнинг гуноҳини кечирмайди”. (Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар).

Бошқа бир ҳадисда Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:    

وعن أبي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ وَأَبَي هُرَيْرَةَ رضي الله عنهما عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "لَوْ أَنَّ أَهْلَ السَّمَاءِ وَأَهْلَ الْأَرْضِ اشْتَرَكُوا فِي دَمِ مُؤْمِنٍ لَأَكَبَّهُمْ اللَّهُ فِي النَّارِ"

رواه الترمذي

яъни: “Агар осмон ва ер аҳлларининг барчалари бир мўминнинг қонини (тўкиш)да иштирок этсалар, батаҳқиқ Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини дўзах оловига юзлари билан улоқтиради”. (Имом Термизий ривояти).

  Муҳтарам жамоат! Сўнги вақтларда юртимизнинг айрим минтақаларида баъзи кишилар билиб-билмай, ўз жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато этган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек оғир гуноҳга қўл урмоқдалар. Бунинг сабаблари ўрганиб чиқилганда маълум бўлмоқдаки, оилавий ишларда, хусусан қайнона келин муносабатларидаги зиддиятлар туфайли, ёш келинларимиз сабрсизлик оқибатида, тушкунликка тушиб ушбу оғир гуноҳга қўл ўришгача бормоқдалар. Эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан хиёнатлари оқибатида ҳам аёллар томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Сўнгги вақтларда интернет тармоғида ёш болаларни ўз жонига қасд қилишга тарғиб қилувчи “Кўк кит” номли ўйин ҳам пайдо бўлдики, хорижий мамлакатларда бу ўйинга кирган болалар ўртасида ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилган. Бундай гуноҳга қўл уришдан биз ўзларимизни, фарзандларимизни сақлашимиз лозим. Аллоҳ таоло айтади:

…"وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ وَأَحْسِنُوا إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ"  

 سورة البقرة/195

яъни: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради”, (Бақара сураси, 195-оят).

 Ўз жонига қасд қилишнинг нақадар оғир гуноҳ эканлиги, унга тайинланган жазодан ҳам маълумдир. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”  китобларида ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дейдилар: “Ким тоғ тепасидан ташлаб, ўзини-ўзи ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини-ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчаси қорнига суқилган ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилиб, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ушбу ҳадиси шарифларини келтирадилар:

قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: "الَّذِي يَخْنُقُ نَفْسَهُ يَخْنُقُها فيِ النَّارِ وَالَّذِي يَطْعَنُ نَفْسَهُ يَطْعَنُها فيِ النَّارِ"

(رواه البخاري)

яъни: “Ўзини-ўзи бўғиб ўлдирган киши дўзахда ҳам шу хилдаги азобга қолади ва ким ўзини олов билан ўлдирса дўзах оловида ҳам ўзини худди шундай азобга солади”. Яна Имом Бухорий ривоят қиладилар, Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло номидан марҳамат қиладилар:

"بادَرَني ابْنُ آدَمَ بنَفْسِهِ فَقَتَلَها، فَقَد حَرَّمْتُ عَلَيْهِ الجَنَّةَ"

(حديث قدسي).

яъни: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, мен унга берган умрига шукр қилмай, менга шошилди. Шунинг учун жаннатни унга абадий ҳаром қилдим”.

Ушбу ҳадиси қудсий мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинар экан. Ислом шариатида ўзини-ўзи ўлдирувчилар ҳақида махсус фатволар берилган.

Ўзингиз ҳам яхши хабардорсиз, ўзини-ўзи ўлдирган кишининг жанозасини ўқиш пайтида ҳар хил гап-сўзлар чиқа бошлайди. Бу бежизга эмас, сабаби фиқҳ китобларида ўз жонига қасд қилиб ўзини-ўзи ўлдирган шахсларга айрим уламо ва фуқаҳолар жаноза намози ўқимаслик тўғрисида фатво ҳам берганлар. Бу жиноятни амалга ошираётган шахс ва иродаси сустларга кескин огоҳлантиришдир.

Мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган ҳолда юртимизда яшаётган барча мусулмонларга тавсия қиламизки, Аллоҳнинг тақдирига имон келтирган ҳолда турмушда учрайдиган айрим синов кунларини сабр-тоқат билан ўтказиб, Аллоҳ ато этган ҳаёт неъматини зое қилмаслик керак. Ҳар бир етган азият ва мусибатга яраша Аллоҳ таоло гуноҳларимизни каффорат ила кечириб, сабр-бардошимиз эвазига ажру савоблар ато этишини унутмайлик.

Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Бундай улкан гуноҳлардан сақланишга ва доимо Ўзининг итоатида бўлишга, айни пайтда ҳаётдан мазмунли фойдаланишимизга муваффақ айласин. Омин!

 

  2017 йил 30 июнь Тезисга илова (Аёллар жиноятига оид)  

 

Ислом динида аёлларнинг шаъни ҳеч бир динда учрамайдиган даражада улуғланган, уларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматлари ниҳоят даражада юқори баҳоланган. Аёл аввало, бу она демакдир. Она эса, буюк зот. Пайғамбаримиз с.а.в. ўз ҳадисларида: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилганлар. Бундан бошқа бир қанча ҳадисларида Расулуллоҳ с.а.в. аёлларга нисбатан яхши муносабатда бўлишга чақирганлар. Жумладан: “Мўминларнинг иймон жиҳатидан комилроғи хулқи яхши бўлганларидир. Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳли аёлига яхши бўлганларингиздир”, деганлар (Термизий ривояти). Бизнинг жамиятимизда ҳам аёлларга нисбатан алоҳида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилади. Аёлга мунис, мўътабар, муқаддас бир зот сифатида қаралади.

Пайғамбаримиз с.а.в.нинг: “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар” деган ҳадисларига биноан аёллар жамиятимизнинг бир бўлагидирлар. Шунга кўра бугунги куннинг аёли унга берилган барча ҳақ-ҳуқуқ ва яратилган шароитлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффатини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилиши лозим.

Минг афсуски, кейинги вақтларда баъзи бир аёллар ўткинчи ҳавасга берилиб, аёллик шаънига доғ туширадиган турли хилдаги жиноятларга қўл уриб қўймоқдалар. Аёллар орасида фирибгарлик, товламачилик, ўғрилик, наркотик моддалар савдоси билан шуғулланиш каби жиноятлар сони ортиб бораётганлиги кишини ташвишга солмай қўймайди.

Хўш, уларни бундай жиноятларга қўл уришларига нима мажбур қилди? Ёки аёлларни жиноят йўлига юришларининг қандай сабаблари бор? Мана бу саволларни ечиш ҳозирги кунда энг долзарб масала бўлиб турибди.

Маълумки, динимизда эркаклар аёлларнинг устида раҳбар эканликлари ҳақида таълимотлар мавжуд. Эҳтимол, аёлларнинг бебош бўлиб, жиноят кўчасига кириб кетишида эркакларнинг ўз вазифаларини рисоладагидек адо этмаётганликлари сабаб бўлаётгандир. Ёки бўлмаса, кейинги вақтларда тез-тез содир бўлаётган оилавий ажралишлар оқибатида она ёш болаларини ёлғиз боши билан боқишга мажбур бўлаётганлиги уни ўзганинг мулкига қўл чўзишига сабаб бўлаётгандир. Не бўлганда ҳам аёл кишини жиноят кўчасига кириши нафақат унинг ўзига балки, бутун жамиятга исноддир.

Аёллар орасидаги жиноятчиликнинг олди олинмас экан, бунга сабаб бўлаётган омилларга барҳам берилмас экан миллатимизнинг келажаги, фарзандларимизнинг камолоти таҳликада қолади. Абу Абдуллоҳ Рудакий айтадилар: “Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини - бўлажак оналарини тарбиядан чиқаринг. Қайси бир миллатни юксалтирмоқчи бўлсангиз, унинг қизларини - бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал аҳлоққа ўргатинг”.

Шундай экан, хонадонларимиз файзу фариштаси бўлмиш аёл-қизларимизни асрайлик. Аллоҳ таоло келажак авлодларимизнинг салоҳияти қўлида бўлган аёлларимизга рушду ҳидоят ато этсин. Омин!

 

Вівторок, 27 июнь 2017 00:00

Гиёҳвандлик келажак қотили

Ҳар замон ва маконда ўзига яраша тараққиёт ва имкониятлар эшиги очилгани ҳеч кимга сир эмас.

Юртимиз истиқлолга эришгач бир қанча ривожланиш ва тамаддунларга эркин ва олға қадамлар ташланди. Ўзбекистон бошқа мамлакатларга нисбатан сиёсий-иқтисодий соҳаларда, айниқса, таълим соҳасида силжишларга эришди. Албатта, бунинг дастлабки сабабчиси, қонун устуворлиги натижасида экани ойдек равшан. Шу билан бирга юртимиз бўйлаб ёш авлодни соғ-саломат вояга етиб, диний-дунёвий билимларни пухта ўзлаштириши учун бир қанча қонун ва қарорлар қабул қилиниб, уларни амалда қўллаб келинмоқда. Хусусан, юртбошимиз ўзларининг бир неча чиқишларида ҳам келажак ёш авлод ҳақида қайғуришлари бунинг яққол далилидир.

Ҳозирда бутун дунё бўйлаб ташвишга солаётган гиёҳвандлик ва унга боғлиқ бўлган зарарли кушандалар юртимизнинг айрим ёшларини ҳам ўз домига тортқилаётгани матбуот ва зангори экранларда огоҳлантириб ўтилмоқда. Хўш, бу ҳақда қабул қилинган қонунлар қатори Ислом динида қандай кўрсатма ва ҳукмлар мавжуд экани ҳақида атрофлича тўхталиб ўтамиз.

Авваломбор, динимиз ўз номи билан “тинчлик ва саломатлик” дини бўлиб, ҳар бир тоат-ибодатини поклик ила бошлашга буюрган. Масалан: намозга чорланган киши таҳоратли бўлиши ва ҳаж ибодатини бажарадиган киши эса ғусл ила эҳром кийиши лозимдир. Жума ва икки ҳайит байрамида ҳам шу каби покланиб инсонлар билан юзланишга чорланган. Ислом дини тоат-ибодатлардан ташқари ҳам киши жамият ичида мулоқот ва муомала қилганда озода ва пок бўлишига катта эътибор қаратган. Киши шу зайлда ҳаёт кечиришининг ўзи улкан савоб ва мукофотга сабаб бўлади. Инсон томонидан содир бўлган азият ва шу каби нохушликлар теварак атрофимиздаги кишилардан ташқари бошқа мавжудотларга ҳам таъсири борлиги таъкидлаб ўтилган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “.........Инсон боласи азият топган нарсадан фаришталар ҳам азият чекади”.

Ушбу ҳадиси шариф масжидга пиёз ва саримсоқ истеъмол қилиб кирган киши ҳақида келтирилгани барча ҳадисга доир  китобларда тафсилоти келган. Кишининг ҳаётига салбий таъсир қиладиган нарсани истеъмол қилиш ёмонроқ бўлиши билан бирга, оила, хонадон ва юртнинг файз-баракасини кетишига сабаб бўлмайди деб ҳеч ким айта олмайди.

Қаранки, баъзи кишиларнинг озгина ўткинчи роҳатини деб теварак атрофдаги инсонлардан ташқари сизу-бизга барака тилаб турган фаришталар ҳам азият чекар экан.

Ислом дини ҳар бир шахснинг моли, жони, ақли, дини ва наслини ҳар қандай зарарлардан тўла қонли ҳимоя қилган ва уларга қарши амал қўллаш ёки истеъмол қилишни мутлақ ҲАРОМ санаган.     

Ҳозирда аср вабоси қаторида биринчилардан бўлган ичиш ёки чекиш орқали заҳри қотил бўлиб турган зарарли кушандалар биргина истеъмол қилаётган киши ўз оиласига эмас, балки, бир авлод ёҳуд бир халққа зарарли эканини ёддан чиқармаслик даркор. Гиёҳвандлик ва шу каби маст қилувчи омилларни биргина ҳадиси шарифда: “Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир”, деб қайдлаб ўтилган.

Бу каби нарсаларни истеъмол қилаётган кишиларнинг ўзидан ҳам фойда ва зарари ҳақида сўралса, улар зарарини саноқсиз эканини санаб ўтишади. Шундай экан бу каби ҳолат гирдобидагиларни тўғри йўлга йўллаш ва уларга панд-насиҳат ила маслаҳатлар бериш биз умматнинг зиммамиздаги бурч ҳисобланади. Шу аснода бир нарсани айтиб ўтиш даркорки, бу каби ҳар қандай зарар ва азиятдан чиқиш йўллари ва уларнинг олдини олиш бир неча омиллар билан қўлга киритилади:

Фойдали ишлар билан машғул бўлиш;

Салоҳиятли тенгдош билан доим бирга бўлиш;

Истеъмол қилаётган нарсасини қай даражада зарарли эканини тўлиқ тушуниш;

Ҳаёт ва турмуш тарзини буткул ўзгартириш ва шунингдек олдинги ҳолни ёдга соладиган бирор нарсани қолдирмаслик. Хусусан, спорт ва шу каби соҳаларга алоҳида вақт ажратиш.

Аслида бу каби мавзуларга соатлаб тўхталиш ва маслаҳатлар бериш мумкин. Ушбу мақолада бунинг зарарларидан денгиздан томчисини билдирдик холос. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, айрим ёмон амаллардан тийилиш учун киши ўзининг курашиши кифоя қилади. Бу каби иллатлардан халос бўлиш учун эса бутун оила ёҳуд бир мамлакат қарши чиқишига тўғри келади. Шунинг учун ёшларимизни бу каби разил одатлардан сақлаб қолиш ҳаммамизнинг бурчимиз ва қарзимиз ҳисобланади.

 Жалолиддин ҳожи домла Ҳамроқулов

 "Новза" жомеъ масжиди имом-хатиби

  Тошкент ислом институти кафедра мудири

Вівторок, 27 июнь 2017 00:00

Байрам байрамга улашди

Бугун юртимизда қўшалоқ байрам: муборак Рамазон ҳайитининг иккинчи куни ҳамда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари байрами.

Оммавий ахборот воситалари, аёнки, давлат тараққиёти ва жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бинобарин, тобора жадаллашаётган глобаллашув шароитида ҳаётимизнинг беҳад тезлашиб бораётгани давлат ва фуқаролар олдига  бир-биридан долзарб масалаларни кўндаланг қўяётган мураккаб даврда яшаяпмиз. Дунё миқёсида кечаётган рақобатларнинг йил сайин кескинлашиб бораётгани, манфаатлар тўқнашуви оқибатида келиб чиқаётган зиддиятлар, ахборот хуружларининг турлари ортиб  бормоқда. Бундай муракккаб вазиятда халқимизни доимо огоҳ бўлиб, ён-атрофда содир бўлаётган ҳар қандай воқеликка дахлдорлик туйғуси билан яшашга даъват этишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва масъулияти каттадир.

“Журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, керак бўлса, мураккаблиги билан очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси ва принципи бўлиб қолиши даркор”, деган эди Биринчи Президентимиз Ислом Каримов.

Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам бу касб ҳақида очиқ ифодалар учрамаса-да, лекин хабар тарқатиш, инсонларга қарата сўз айтиш одоблари баён этилган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўзларни айтсин ёки жим турсин...” (Имом Муслим ривояти), дея ахборот тарқатувчиларни яхши сўзли бўлишга даъват этганлар.

Шунингдек, яна ўша зотдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда: «Кишининг ҳар бир эшитган нарсасини гапирмоғи ёлғончи эканига кифоя қилади» (Имом Муслим ривояти), дея эшитган ёки тасодифан кўзи тушган нарсасини яхшилиб сўраб-суриштириб ўрганмасдан ёзиб эълон қилиб юборавериш қаламкашни ёлғончига айлантириб қўйишидан огоҳ этганлар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида журналистларнинг машаққатли меҳнатларига ҳам тўхталиб, бу касб эгаларидан умумий гаплардан қочишни ҳам тавсия қилиб ўтди. Шунинг билан бирга, ўша нутқида юртбошимиз Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” ҳамда диний нашрларга имтиёзлар бериш зарурлигини таъкидлади. Бу эътибордан барча қалам аҳилларининг боши кўкка етди. 

Оммавий ахборот воситалари – жамият кўзгуси. Журналистлар эса ана шу кўзгуни тутиб турувчилардир. Бу кўп бора таъкидланган ибора. Ҳатто жадид боболаримиз нашр этган газеталаридан бирини “Ойина” деб ҳам атаган эди. Демак, кўзгуга қараган жамият ўзининг аксини яхши кўриши учун кўзгу тиниқ бўлиши керак. Кўзгунинг тиниқлиги не демак, бу, аввало, журналист қалбининг софлиги, имонининг мустаҳкамлиги, Ватанга, юртга садоқати; халққа, миллатга муҳаббатидир.

Эрталаб ишга келсак, ҳамкасбимиз Муҳтарама Улуғова: “Хонамга кирсам, телефон жиринглади, гўшакни олдим. Бир киши ҳаммамизни касб байрамимиз билан табриклади”, дейди.

Камтарона меҳнатимизга бўлган бу эътибордан ҳаммамиз севиндик. Байрам барча касбдошларимизга муборак бўлсин, азизлар!

Дамин ЖУМАҚУЛ

Шариатимизда Рамазон ойи рўзасидан бошқа вақтда ҳам рўза тутишга тарғиб қилинган. Зотан, Рамазон ойида рўза тутишлик фарз бўлса-да, ундан бошқа вақтда тутилган рўзалар нафл ҳисобланиб, соҳибига улкан ажр-мукофотларни кашф қилади. Лекин йилнинг беш кунида рўзадор бўлишликдан қайтарилганмиз. Улар: Рамазон ҳайити куни, қурбон ҳайити куни ва ташриқ кунлари(зулҳижжа ойининг 11-12 ва 13- кунлари)дир.

Йил давомида рўзадор бўлишга қизиқтирилган кунлар:

А. Ҳафта кунларининг душанба ва пайшанба кунидаги рўза;

Оиша розиялллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари душанба ва пайшанба кунилари рўза тутар эдилар” (Имом Термизий ривояти). Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Албатта бандаларнинг амаллари душанба ва пайшанба куни арз қилинади, менинг амалим арз қилинганда рўзадор ҳолда бўлишни яхши кўраман” деганлар (Имом Термизий ривояти).

Б. Арафа куни яъни Зулҳижжа ойининг 9- куни;

Абу Қатода розиялллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан умид қиламанки, Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги сананинг ва ундан кейинги сананинг каффорати бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

В. Оқ кунлар яъни ҳар ойнинг 13-14-ва 15-кунида рўза тутиш;

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари сафарда ҳам ҳазарда ҳам оқ кунларида рўза тутар эдилар”(Имом Насаий ривояти).

Булардан ташқари яна кўплаб тарғиб қилинган нафл рўзалар бор. Қизиқтирилган нафл рўзалар фазл ва ажрда бир-биридан фарқлидир.

Қуйида ана шундай рўзалардан бири Шаввол ойидан олти кунида рўза тутиш ва унинг фазли ҳақида баён қиламиз:

عَنْ أَبي أَيُّوبَ الأَنصَاريِّ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله  - صلى الله عليه وسلم -  قال: مَنْ صَامَ رَمَضَانَ ثُمَّ أَتبَعَهُ سِتًّا مِنْ شَوَّالَ كَانَ كَصِيَامِ الدَّهرِ؛ رواه مسلم.

Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазон рўзасини тутиб, сўнг унга Шаввол ойидан олти кун рўза қўшса, гўё бир йил рўза тутгандек бўлур”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

وعَنْ ثوبانَ - رضي الله عنه - أَنَّ رَسُولَ الله  - صلى الله عليه وسلم -  قَالَ: صِيامُ رَمَضَانَ بِعَشرَةِ أَشْهُر، وصِيَامُ السِّتَّةِ أيَّامٍ بِشَهرَينِ فذَلك صِيَامُ السَّنَة.

وفي رِوايةٍ: مَنْ صَامَ سِتَّةَ أيَّامٍ بَعْدَ الفِطْرِ كَانَ تَمامَ السَّنة ﴿ مَنْ جَاءَ بِالحَسَنَةِ فَلَهُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا ﴾ رواهُ أحمدُ وابنُ ماجه.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамозон рўзаси ўн ой рўзага тўғри келса, Шавволнинг олти куни икки ойга тўғри келади, натижада бу бир йил рўза бўлади”, дедилар. Бошқа ривоятда: “Ким фитрдан кейин олти кун рўза тутса, бир йил тўла рўза бўлади”, ояти каримада (Ким бир яхшиликни амалга оширса, унга ўша яхшиликнинг ўн баробари бўлур), деб зикр қилинган (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).

Мазкур муборак баёнотдан куйидаги фойда ва ҳукмларни хулоса қилиш мумкин:

  1. Шаввол ойидан олти кун рўза тутишнинг фазилати албатта, ким Рамозон рўзасига қўшимча қилиб, Шаввол рўзасини ҳам узлуксиз тутиб юрса, бир умр рўза тутгандек бўлади. Бу эса улкан фазл ва буюк амал ҳисобланади.
  2. Буюк Аллоҳнинг бандаларига раҳмати бўлиб, бу Аллоҳ таоло томонидан бандаларининг озгина амалига кўп савоб ва улкан ажрлар ато этишидир.
  3. Шаввол ойидан олти кун рўзасини тезлатиб тутиш мустаҳабдир. Яхшиликларда мусобақа қилишга амр бўлгани, бу рўза қолиб кетмаслиги ва кишини бошқа иш машғул қилиб қўймаслиги учун бу кундаги рўзани шошилиб тутиш муҳимдир.
  4. Ушбу рўзани Шаввол ойининг аввали, ўртаси ёки охирида узлуксиз  ёки кун оралатиб тутиш дуруст бўлаверади. Мукаллаф ушбу рўзани хоҳлаган ҳолатда тутса ҳам Аллоҳ таоло ушбу амални қабул қилса, ваъда қилинган ажрга ҳақли бўлади.
  5. Рамозондан қазоси бўлган киши биринчи қазосини кейин Шавволдан олти кун рўза тутади. Чунки ҳадисда Набий алайҳиссалом: “Ким рамазон рўзасини (тўла) тутиб,....”, деганлар. Зеро, зиммасида Рамазоннинг қазоси бўлган кишига нисбатан то у ўша қазосини тутгунига қадар рўза тутди, дейиш тўғри бўлмайди. Чунки инсон ўз зиммасини вожибдан холос қилиб олиши, мустаҳаб ишни қилишидан авло ҳисобланади.
  6. Зеро, Ҳаким сифатли Аллоҳ таоло фарзларни нафл ибодатлардан олдин қилиб шариатга киритган. Шунингдек, уларнинг ортидан нафлларни келтирган. Буни намозлардаги тартибли суннатлар, Шаъбон ва Шаввол ойлари орасида Рамазон рўзасини шариатга киритиши мисолида ҳам кўриш мумкин.
  7. Ушбу нафллар фарзларда кузатилган камчиликни тўлдиради. Чунки мукаллаф томонидан рўзасининг ажрини камайтириб қўядиган баъзи камчиликларга йўл қўйиши табий. Масалан, кўп гапириш, кўп қараш, кўп ейиш ва бошқа шу каби бирор камчилик содир этилган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу нафл ибодатлар инсонга зийнат ва ибодатларини мукаммаллигига сабаб бўлади. Рамазон ойидан кейин келадиган Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилишда бундан бошқа яна бир қанча ҳикматлари ҳам бор. Муҳими инсон бу нафл ибодатларга ўзини одатлантиришидир.

Жалолиддин Ҳамроқулов

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,

 “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top